Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

037. Таҳорат аҳкомлари (1)

4588 марта кўрилган

Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳ анҳу шундай дейди: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб:

- Ё Расулаллоҳ, биз денгизда юрамиз, ўзимиз билан озгина чучук сув оламиз. Агар у билан таҳорат олсак сувсиз қоламиз, денгиз суви билан таҳорат олсак бўладими? деди.

- Денгизнинг суви таҳур - яъни пок, ўлимтиги эса ҳалол», дедилар.

Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган бошқа ҳадисда Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу:

- Ё Расулаллоҳ Бузоа қудуғидан — бу қудуққа ҳайз латталари, сасиган нарсалар ва ит гўштлари тушарди — таҳорат олсак бўладими? деди.

- Сув таҳурдир, уни бирор нарса нажас қила олмайди», дедилар.

Шарҳ

Уламолар сувни икки қисмга бўлишган: таҳур ва нажас. Ер юзидаги барча сув таҳурдир, қачонки унга нажас аралашиб унинг рангини, ҳидини ёки таъмини ўзгартирса, улардан биттасини ёки аксарини ўзгартирса сув нажас бўлади. Таҳур сувни ичиш, таҳорат ва ғусл қилишда ишлатса бўлади. Нажас сувни ичиб, у билан таҳорат ва ғусл қилиб бўлмайди. Агар сувга чой, хамир юқи ёки шунга ўхшаш пок нарсалар аралашса сувни таҳурлик сифатидан чиқармайди, бу сув ичишга, таҳоратга ва ғуслга тоза сув каби яроқлидир.

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги мана бу "бу қудуққа ҳайз латталари, сасиган нарсалар ва ит гўштлари тушарди" ибораси кишини ўйлантириб қўйиши мумкин. Мазкур ҳадиснинг шарҳида шайх Муҳаммад Шамсул Ҳақ айтади: "Одамлар ҳайз латталари, итларнинг гўштлари ва сасиган нарсаларни саҳрога, уйларининг орқасига ташлашар эди. Ёмғирнинг суви ўша нарсаларни оқизиб келиб қудуққа туширарди, чунки қудуқ сувнинг оқиш йўналиши узра эди. Ҳадиснинг маъноси саҳобалар ўша нарсаларни қудуққа ташлашарди дегани эмас. Чунки бу кофирлар ҳам қилмайдиган иш, уни қандай қилиб саҳобалар ўзларига эп кўрсинлар." (Авнул Маъбуд) Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий ушбу ҳадисни шарҳлар эканлар шундай дедилар: "Манбаъларга нажосат тегиши билан — агар уни чиқариб ташланса, модомики уларнинг биронта сифати ўзгармас ва тушган нажосат ўта кўп бўлмас экан нажас бўлиб қолмайди. Бузоа қудуғида нажосатлар қолиб кетарди деб қандай ўйлаш мумкин? Ҳолбуки одамзотга бундай нарсалардан четланиш одат бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зот қандай қилиб бу қудуқдан сув ичадилар?! Балки нажосатлар бу қудуққа атайлаб одамлар томонидан ташланмас эди, ҳудди замонамиздаги қудуқларга нарсалар тушиб кетгандек, уларни дарҳол олиб ташланади. (Туҳфатул Аҳвазий)

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Сув ҳамиша покдир ҳаттоки унга нажосат тушган бўлса ҳам, фақат нажосат унинг таъми, ҳиди ёки рангини ўзгартирсагина у поклигини йўқотади.
  2. Денгиз сувида - агарчи шўр бўлса ҳам - таҳорат олса бўлади.