Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

026. Салом бериш

4482 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Нур сурасининг 27- оятида шундай дейди: «Эй мўъминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз».

61- оятида эса «Қачон уйларга кирсангизлар бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар, (яъни “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳ денг)».

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр разиллоҳу анҳума шундай дейди: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан

- Ислом амалларининг қайсиниси яхши? деди.

- «Мискинларга таом беришингиз ва таниган ва танимаган одамга салом беришингиз», дедилар.

Муттафақун алайҳ бўлган бошқа бир ҳадисда Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу шундай деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни етти нарсага буюрдилар: беморни зиёрат қилиш, жанозаларга эргашиш, - агар биров аксирса ва “алхамдулилллаҳ” деса унга – “ярҳамукаллоҳ” дейиш, заифларга ёрдам бериш, мазлумларга кўмаклашиш, саломни ошкор қилиш ва қасамни оқлаш (яъни агар қасам ичса қасамини бажариш)», дедилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча мўъмин бўлмайсизлар. Агар уни қилсангиз бир-бирингизни яхши кўриб қоладиган амалга сизларни йўллаб қўяйми?! Орангизда саломни фош яъни, ошкор қилинглар».

Шарҳ

Саломлашиш Ислом умматининг шиорларидан бири. Аллоҳ таоло саломлашишни мусулмонлар орасидаги кўришиш ва мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги хақларнинг биттаси қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саломни одамлар орасида баланд овоз билан ошкор қилиш жаннатга олиб бориши ва мусулмонлар орасидаги муҳаббатга сабаб бўлишидан хабар бердилар. Бугунги кунда саломни ошкор қилишни қўйинг, салом беришнинг ўзи йўқолиб кетмоқда, берилса ҳам фақат танишларга берилади, бу ҳам суннатга хилоф бўлиб, қиёматнинг аломатларидан бири. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таниган ва танимаганларга баробар салом беришга буюрганлар. Сахобалар одамларга салом бериб, ажр олиш учун атай бозорларга чиқишар эди.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни бир-биримизга саломни ошкор қиладиган муҳаббатли мўминлардан қилсин.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Саломнинг фазли улуғдир, саломнинг асли Аллоҳнинг ҳузуридан бўлган муборак олқишдир.
  2. Салом мўъминларни жаннатга киришларига сабаб бўладиган муҳаббатга сабаб бўлади.
  3. Салом таниган ва танимаган ҳамма мусулмонларга берилади.