Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

209. Овқатланиш одоблари: Қўлни ва идишни ялаб қўйиш

3329 марта кўрилган

عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ بِثَلاثِ أَصَابِعَ وَيَلْعَقُ يَدَهُ قَبْلَ أَنْ يَمْسَحَهَا (رواه مسلم).

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта бармоқлари билан ердилар, қўлларини артишдан олдин ялардилар (Имом Муслим ривояти).

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِلَعْقِ الأَصَابِعِ وَالصَّحْفَةِ وَقَالَ: «إِنَّكُمْ لا تَدْرُونَ فِي أَيِّهِ الْبَرَكَةُ» (رواه مسلم).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқларни ва товоқни (лаганни) ялашни буюрдилар ва: «Барака қайсисида эканини сизлар билмайсизлар», дедилар (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا أَكَلَ طَعَامًا لَعِقَ أَصَابِعَهُ الثَّلاثَ قَالَ وَقَالَ: «إِذَا سَقَطَتْ لُقْمَةُ أَحَدِكُمْ فَلْيُمِطْ عَنْهَا الأَذَى وَلْيَأْكُلْهَا وَلا يَدَعْهَا لِلشَّيْطَانِ» وَأَمَرَنَا أَنْ نَسْلُتَ الْقَصْعَةَ قَالَ: «فَإِنَّكُمْ لا تَدْرُونَ فِي أَيِّ طَعَامِكُمْ الْبَرَكَةُ» (رواه مسلم).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом есалар, учта бармоқларини ялардилар. «Қай бирингизнинг луқмаси тушиб кетса, ундан озорни (яъни чанг-чунгни) тозалаб ташласин ва есин, уни шайтонга қолдирмасин!», деганлар ва бизни товоқни сидириб-тозалаб қўйишга буюрганлар, «Сизлар барака таомингизнинг қаерида эканини билмайсизлар», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

Бармоқлардаги таом юқини ялаб қўйиш ва идишда қолган юқларни сидириб-тозалаб қўйиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган таомланиш одобларидан саналади. Учта бармоқ билан ейиш у зотнинг овқатланишдаги суннатлари эди. Таомдан бирон луқма ерга тушиб кетса, уни олиб, тозалаб еб қўйишга, уни шайтонга қолдирмасликка буюрганлар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Учта бармоқ билан ейиш мустаҳаб;
  2. Таомдан фориғ бўлгач, бармоқларни ялаб қўйиш суннат;
  3. Идишдаги таом юқини тозалаб қўйиш суннат;
  4. Тушиб кетган таом луқмасини олиб, тозалаб еб қўйиш керак.