Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

180. Аллоҳ ва Расули номидан ёлғон сўзлашнинг ҳаромлиги ва ундан огоҳлантириш

3325 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасининг 61- оятида айтади:

«قَالَ لَهُم مُّوسَى وَيْلَكُمْ لا تَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ كَذِبًا فَيُسْحِتَكُمْ بِعَذَابٍ وَقَدْ خَابَ مَنِ افْتَرَى»

«Мусо уларга (яъни сеҳргарларга) деди: «Ҳолингларга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар (яъни очиқ мўъжизани сеҳр деманглар), у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур! Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир».

Зумар сурасининг 60- оятида айтади:

«وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ تَرَى الَّذِينَ كَذَبُوا عَلَى اللَّهِ وُجُوهُهُم مُّسْوَدَّةٌ»

«Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنْ النَّارِ» (أخرجه مسلم)

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қасддан менинг номимдан ёлғонласа, дўзахдан жойини ҳозирлайверсин!» дедилар.

عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ فَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنْ النَّارِ» (أخرجه مسلم)

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Менинг номимдан ёлғон сўзлаш бошқа бировлар номидан ёлғон гапириш билан бир хил эмас. Ким қасддан менинг номимдан ёлғон сўзласа, дўзахдан жойини ҳозирлайверсин!».

Шарҳ:

Ёлғончилик – шариатимиз ҳаром қилган қабиҳ сифатлардан бўлиб, агар ёлғонлаш Аллоҳ ва Расули номидан бўлса унинг қабиҳлиги янада ортади. Аллоҳ ва Расули номидан ёлғон сўзлаш маъноси шундайки, ёлғон сўзлаётган одам бирон нарсанинг ҳалоллиги ё ҳаромлигини ёки бошқа бирон хабарни Аллоҳга ёки Расулига нисбатлаб гапиради, гапираётган сўзининг ёлғон эканини ўзи жуда яхши билган бўлади. Аллоҳ ва Расули бундай қабиҳ сифат эгасига дунёю охиратда қаттиқ азоблар борлиги билан огоҳлантирганлар. Аллоҳ ва Расулидан деб нақл қилаётган одам агар нақл қилаётган нарсасининг тўғрилигида аниқ илм ва ишончга эга бўлмаса унинг ҳоли ҳам юқоридаги ёлғончиникидан кам бўлмайди. Шунинг учун бирон оят ёки ҳадисни нақл қилмоқчи бўлган одам аниқ ишончга эга бўлса нақл қилсин акс ҳолда жим тургани унинг учун яхшироқдир.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Аллоҳ ва Расули номидан ёлғонлашнинг қаттиқ ҳаромлиги;
  2. Бундай қилиш дўзах азобига дучор қиладиган катта гуноҳлардан экани;