Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

173. Яхшиларга озор беришдан огоҳлантириш

3346 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Ҳаж сураси 38-оятида шундай дейди:

إِنَّ اللَّهَ يُدَافِعُ عَنِ الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ كُلَّ خَوَّانٍ كَفُورٍ

«Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа қилур. Албатта Аллоҳ барча хоин ва куфрони неъмат қилувчиларни суймас».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللَّهَ قَالَ مَنْ عَادَى لِي وَلِيًّا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُ عَلَيْهِ وَمَا يَزَالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى أُحِبَّهُ فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا وَإِنْ سَأَلَنِي لأعْطِيَنَّهُ وَلَئِنْ اسْتَعَاذَنِي لأعِيذَنَّهُ (رواه البخاري)

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло деди: «Ким Менинг (тоат-ибодатимда мустаҳкам бўлган) дўстимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам мен унга фарз қилган амалларимдан кўра Менга суюмлироқ бўлган бошқа бирор нарса билан Менга яқинлаша олмайди. Бандам Менга нафл амалларини қилиш билан яқинлашаверади, ваниҳоят Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, Мен унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига, ушлайдиган қўлига ва юрадиган оёғига айланаман. (Яъни, у фақат мен хоҳлаган ва мени рози қиладиган нарсаларни эшитади, кўради ва ҳоказо.) Агар мендан сўраса, албатта бераман, паноҳ тиласа, албатта паноҳимга оламан».

عَنْ جُنْدُب بنِ عبدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ صَلَّى صَلاةَ الصُّبْحِ فَهُوَ فِي ذِمَّةِ اللَّهِ فَلا يَطْلُبَنَّكُمْ اللَّهُ مِنْ ذِمَّتِهِ بِشَيْءٍ فَإِنَّهُ مَنْ يَطْلُبْهُ مِنْ ذِمَّتِهِ بِشَيْءٍ يُدْرِكْهُ ثُمَّ يَكُبَّهُ عَلَى وَجْهِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ» (أخرجه مسلم).

Имом Муслим Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бомдод намозини (жамоат билан) ўқиса, у Аллоҳнинг кафолатида бўлади. (Бомдод намозини ўқиган одамга зулм ё озор етказиш билан) Аллоҳнинг кафолатини бузишдан эҳтиёт бўлинглар. Кафолатини бузган одамни Аллоҳ жаҳаннам оловига юзтубан улоқтиради».

Шарҳ:

Аллоҳнинг дўстлари – Унга буйруқларини қилиш ва қайтариқларидан тийилиш билан итоат қилувчи ва комил тавҳидни рўёбга чиқарувчи солиҳ бандаларидир. Аллоҳ уларни тавҳидлари боис мукаррам қилди, уларга душманлик ва ҳақларига тажовуз қилишдан огоҳлантирди, уларни Ўзи мудофаа қилишини, ҳимоя ва мададларига Ўзи кафил эканини хабар берди.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилишдан эҳтиёт бўлиш керак.
  2. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи уларни ҳимоя қилади ва кафолатига олади.
  3. Бомдод намозини жамоатда бўлсин уйида бўлсин ўқиган одам Аллоҳнинг кафолатидадир.