Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

144. Аллоҳ учун яхши кўришнинг фазли

3689 марта кўрилган

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللَّهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لا ظِلَّ إِلا ظِلُّهُ الإِمَامُ العَادِلُ وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ وَرَجُلٌ قَلبُهُ مُعَلَّقٌ فِي المَسَاجِدِ وَرَجُلانِ تَحَابَّا فِي اللَّهِ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ وَرَجُلٌ طَلَبَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ إِنِّي أَخَافُ اللَّهَ وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ فَأَخْفَاهَا حَتَّى لا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللَّهَ خَالِيًا فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Етти тоифа одам борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда уларни Ўз соясида соялантиради: адолатли имом-раҳбар; парвардигорининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган киши; Аллоҳни танҳоликда зикр қилиб, кўзёши тўккан киши», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللَّهَ يَقُولُ يَوْمَ القِيَامَةِ أَيْنَ المُتَحَابُّونَ بِجَلالِي اليَوْمَ أُظِلُّهُمْ فِي ظِلِّي يَوْمَ لا ظِلَّ إِلا ظِلِّي» (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни (халойиққа қараб): Мен учун бир-бирлари билан муҳаббатлашганлар қани? Мен бугун, Ўзимнинг соямдан бошқа соя бўлмаган кунда уларни соялантираман, дейди».

عَنْ مُعَاذ بْن جَبَلٍ قَالَ إِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «قَالَ اللَّهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى وَجَبَتْ مَحَبَّتِي لِلمُتَحَابِّينَ فِيَّ وَالمُتَجَالِسِينَ فِيَّ وَالمُتَزَاوِرِينَ فِيَّ وَالمُتَبَاذِلِينَ فِيَّ» (رواه مالك)

Имом Молик ривоят қилган ҳадисда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Аллоҳ таоло деди: «Мен учун бир-бирларини яхши кўрганларга, Мен учун бир-бирлари билан суҳбат қуриб ўтирганларга, Мен учун бир-бирларини зиёрат этганларга, Мен учун бир-бирларига инфоқ-эҳсон қилганларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлур.»

Шарҳ:

Аллоҳ учун яхши кўриш ёки муҳаббатлашиш маъноси шуки, Сиз бир кишини Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатида бўлгани учун яхши кўрасиз ва унинг Аллоҳга тоати қанча зиёдалашса унга нисбатан сизнинг муҳаббатингиз ҳам шунча зиёдалашади. Бундай тарзда муҳаббатлашиш энг афзал амаллардан ҳисобланади, чунки сиз у одамни бирор дунёвий мақсад учун эмас, балки фақат Аллоҳ учунгина яхши кўрасиз. Муҳаббатлари холис Аллоҳ учун бўлган кишиларни Аллоҳнинг Ўзи ҳеч қандай соя йўқ кунда ўз арши сояси билан соялантириб туради.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Аллоҳ учун муҳаббатлашишнинг фазли буюк, охиратдаги ажри ҳам улкан.
  2. Аллоҳ учун муҳаббатлашиш Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришишга сабаб бўлади.