Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

142. Солиҳ-яхши тушнинг фазилати ва ёлғондан туш кўрдим дейишнинг ёмон оқибатлари

3760 марта кўрилган

عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «لَمْ يَبْقَ مِنْ النُّبُوَّةِ إِلا المُبَشِّرَاتُ قَالُوا وَمَا المُبَشِّرَاتُ قَالَ الرُّؤْيَا الصَّالِحَةُ (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдимки: «Пайғамбарликдан (сўнг) фақат хушхабар берувчи нарсаларгина қолади», дедилар. Саҳобалар: «Хушхабар берувчи нарсалар нималар?», деб сўрашди. «Тўғри-содиқ тушлар», дедилар.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «الرُّؤْيَا مِنْ اللَّهِ وَالحُلُمُ مِنْ الشَّيْطَانِ فَإِذَا حَلَمَ أَحَدُكُمْ حُلْمًا يَكْرَهُهُ فَليَنْفُثْ عَنْ يَسَارِهِ ثَلاثًا وَليَتَعَوَّذْ بِاللَّهِ مِنْ شَرِّهَا فَإِنَّهَا لَنْ تَضُرَّهُ» (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ ҳадисда Абу Қатода розияллоҳу анҳу шундай дейди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Яхши туш Аллоҳдан, ёмон туш эса шайтондандир. Биронтангиз ёмон туш кўрса, чап томонига уч марта туфласин ва Аллоҳдан тушининг ёмонлигидан паноҳ сўрасин, шунда унга асло зарар қилмайди» деганларини эшитдим.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «مَنْ تَحَلَّمَ بِحُلمٍ لَمْ يَرَهُ كُلِّفَ أَنْ يَعْقِدَ بَيْنَ شَعِيرَتَيْنِ وَلَنْ يَفْعَلَ» (رواه البخاري).

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алаҳи ва саллам: «Ким кўрмаган тушини кўрдим деса, (қиёмат куни) унга иккита арпа донасини бир-бирига боғлаш юклатилади, ҳеч қачон буни қилолмайди», дедилар.

(Яъни: қўлидан келмайдиган ишни юклатиш ҳам азобнинг бир тури.)

Шарҳ:

Тушнинг ўзига хос хислатлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан тушлари ҳақида сўрар ва уларнинг таъбирини айтиб берар эдилар. Содиқ-яхши тушлар Аллоҳдан, ёмон тушлар эса шайтондан бўлади. Ёмон туш кўрган одам тушини бошқаларга айтмай, чап томонига уч марта туфлаб, Аллоҳдан тушининг ёмонлигидан паноҳ сўраса, тушида кўрган ёмонлик таъсир қилмайди. Инсон кўрмаган тушини кўрдим дейишдан эҳтиёт бўлмоғи керак, чунки бу билан Аллоҳга бўҳтон қилган бўлиб, охиратда қаттиқ жазоланади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Содиқ-яхши туш пайғамбарликдан бир бўлак ва хушхабар берувчидир.
  2. Содиқ-яхши туш Аллоҳдан, ёмон-дахшатли тушлар шайтондан.
  3. Ёлғондан туш кўрдим деб айтишнинг қаттиқ азоби бор.