Душанба 30 Декабрь 2024 | 28 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

108. Бомдод суннатининг фазилати ва агар фарздан аввал ўқилмаган бўлса, кейин ўқиб олишнинг жоизлиги

4309 марта кўрилган

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «رَكْعَتَا الفَجْرِ خَيْرٌ مِنْ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا» (رواه مسلم).

Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бомдоднинг икки ракъат суннати дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир», дедилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ لَمْ يَكُنِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى شَيْءٍ مِنْ النَّوَافِلِ أَشَدَّ مِنْهُ تَعَاهُدًا عَلَى رَكْعَتَيْ الفَجْرِ (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоднинг икки ракъат суннатига бошқа нафл намозларга нисбатан қаттиқроқ эътибор берар эдилар.

عَنْ حَفْصَةَ أُمَّ المُؤْمِنِينَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قَالَتْ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا سَكَتَ المُؤَذِّنُ مِنْ الأَذَانِ لِصَلاةِ الصُّبْحِ وَبَدَا الصُّبْحُ رَكَعَ رَكْعَتَيْنِ خَفِيفَتَيْنِ قَبْلَ أَنْ تُقَامَ الصَّلاةُ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда уммул мўъминийн Ҳафса розияллоҳу анҳо шундай дейди: Тонг отиб, муаззин бомдод намозининг азонини айтганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқилишидан аввал икки ракъат енгил намоз ўқирдилар.

عَنْ قَيْسِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ رَأَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلاً يُصَلِّي بَعْدَ صَلاةِ الصُّبْحِ رَكْعَتَيْنِ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «صَلاةُ الصُّبْحِ رَكْعَتَانِ» فَقَالَ الرَّجُلُ إِنِّي لَمْ أَكُنْ صَلَّيْتُ الرَّكْعَتَيْنِ اللَّتَيْنِ قَبْلَهُمَا فَصَلَّيْتُهُمَا الآنَ، فَسَكَتَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ (رواه أبو داود).

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Қайс ибн Амр розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан кейин икки ракъат намоз ўқиган бир кишини кўриб, унга: «Бомдод намози икки ракъат холос-ку!», дедилар. У киши: «Мен фарздан аввалги икки ракъат суннатини ўқимаган эдим. Ҳозир ўқиб олдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар.

Шарҳ:

Бомдод намозининг суннати фазилатли, ажри кўп бўлган ибодатдир, шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга алоҳида эътибор берганлар ва бу икки ракъатни доим ўқиб юришга тарғиб қилганлар, чунки бу намознинг ажри дунё ва ундаги нарсалардан афзал. Бомдод суннатини фарзидан аввал ўқишга имкон топилмаса, фарздан кейин тезда ўқиб олса бўлади, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоднинг фарзидан кейин намоз ўқиган кишини кўриб, буни инкор қилдилар, у киши бомдод суннатининг қазосини ўқиганини баён қилгач, унга индамаганликлари бунинг жоизлигига далолат қилмоқда.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Бомдод намозининг суннатини доим ўқиб юриш суннат.
  2. Бомдоднинг суннати фазли жуда улуғ ибодатлардан.
  3. Бомдоднинг суннатини фарзидан аввал ўқий олмаса, кейин ўқиб олса бўлади.