асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Кечир, Рамазон! (2)3197 марта кўрилган Саид ибн Жобир айтади: «Ибн Умарга ўлим соати яқинлашганида дедилар: «Дунёдан уч нарсадан бошқасига қайғурмайман (ачинмайман?): жазирама иссиқлардаги ташналик, кечаларда чекилган машаққат ва тажовузкор тоифага – яъни, Ҳажжожга – қарши жанг қилмаганимга..» Ражо ибн Ҳайва ривоят қилади, Абу Умома розияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангга лашкар ҳозирлар эканлар, ҳузурларига бориб: «Ё Расулаллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ менга шаҳидликни насиб этсин» дедим. Шунда у зот: «Парвардигоро, буларни Ўзинг саломат сақлаб, ўлжалар билан қайтаргин» деб дуо қилдилар. Биз жангдан ғалаба ва ўлжалар билан қайтдик... Шу ҳол уч бор такрорланди.. Тўртинчи маротаба у зот ҳузурларига бориб шундай дедим: «Ё Расулаллоҳ, мен уч бор ҳузурингизга шаҳидлик орзусида дуо сўраб келдим, сиз: «Парвардигоро, буларни Ўзинг саломат сақлаб, ўлжалар билан қайтаргин» деб дуо қилдингиз. Биз жангдан ғалаба ва ўлжалар билан қайтдик. Ё Расулаллоҳ, энди мени шундай бир амалга буюрингки, мен шу сабабли жаннатга киришга мушарраф бўлай», дедим. «Рўзага маҳкам бўл, зеро унга тенг келадиган амал йўқ», дедилар... Ражо ибн Ҳайва айтади: ана шундан бошлаб Абу Умоманинг уйларидан кундуз куни умуман тутун чиқмас, меҳмон келган кунларигина тутун кўриниб қоларди. Агар Абу Умоманинг уйидан кундузи тутун чиқиб қолса одамлар уларникига меҳмон келганини билар эдилар. (Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти.) Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қаттиқ иссиқ кунда сафарга чиқдик. Иссиқнинг зўридан киши қўлини бошига қўйиб олар эди. Ичимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ибн Равоҳадан бошқа рўзадор йўқ эди.. Масруқ ибн Абдурраҳмон.. Чуқур илм соҳиби, ибодат ошиғи.. Бу киши ҳақида Шаъбий шундай дейди: «Жазирама иссиқ кунларнинг бирида Масруқникига бордим.. У Оишанинг қўлларида ўсган бўлиб, Ибн Оиша ҳам дейиларди.. Қизининг гапини ҳеч қайтармас эди.. Қизи унинг ҳузурига кириб: «Эй отажон, рўзангизни очинг, мана бу сувни ичинг», деди. «Бу нима деганинг, эй қизим?!», деди. «Жонингизга бироз раҳм қилинг, дейман, отажон», деди. Шунда у: «Эй қизалоғим, мен миқдори эллик минг йилга тенг бўлган Кунда жонимга раҳм қилиш истагидаман», деди... Аллоҳ у зотлар учун нималар ҳозирлаб қўйган, уларни нима мукофотлар кутиб турибди?!! Аллоҳ таоло айтади: { فَوَقَاهُمُ اللَّهُ شَرَّ ذَلِكَ الْيَوْمِ وَلَقَّاهُمْ نَضْرَةً وَسُرُوراً ، وَجَزَاهُم بِمَا صَبَرُوا جَنَّةً وَحَرِيراً ، مُتَّكِئِينَ فِيهَا عَلَى الْأَرَائِكِ لَا يَرَوْنَ فِيهَا شَمْساً وَلَا زَمْهَرِيراً ، وَدَانِيَةً عَلَيْهِمْ ظِلَالُهَا وَذُلِّلَتْ قُطُوفُهَا تَذْلِيلاً } إلى أن قال لهم { إِنَّ هَذَا كَانَ لَكُمْ جَزَاء وَكَانَ سَعْيُكُم مَّشْكُوراً } «11. Бас, Оллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва-нур, (дилларига) сурур бахш этди. 12. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади. 13. Улар у жойда тахтларга суянган ҳолларида ўтиадилар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар. 14. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур. 15-16. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва кумушдан (ясалган) шиша қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (Соқийлар улардаги шаробларни бир андозада) ўлчаб-белгилаб қўйгандир. 17-18. (Жаннат аҳли) у жойда аралашмаси занжабил бўлган косалар — (жаннатлардаги) салсабил деб аталадиган чашма билан суғорилурлар. 19. Уларнинг устида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйлайсиз. 20. У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни кўрурсиз. 21. Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билагузуклар билан безангандирлар ва Роббилари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир. 22. (Уларга айтилурки:) Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди.» (Инсон:11-22.) Охирги хабарим камтар ва шикаста инсон, дунёдан воз кечиб, ўзини жиҳодга бағишлаган, охирати учун пухта тайёргарлик кўрган зот – Ало ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ ҳақида.. Раббоний, тақводор, ибодатга маҳкам, Аллоҳдан қўрқиб кўз ёш тўкувчи зот эди.. Ҳишом ибн Ҳассон айтади: «Ало ибн Зиёднинг бир кунлик таоми бир дона кулча эди.. Кўкариб кетгунча рўза тутар ёки йиқилиб қолгунча намоз ўқир эди.. Бир куни унинг олдига Анас ибн Молик билан Ҳасан кириб: «Аллоҳ сизни бу қадар ибодатга буюрган эмас», деганларида: «Мен бир эгадор қулман, хожам учун қулликнинг не кўриниши бўлса барчасини адо этаман», деди.. Бир куни биров унга: «Тушимда сизни жаннатда кўрдим», деганида: «Қуриб кетгур, шайтон масхаралаш учун мен билан сендан бошқасини топмадими?!», деди. Салама ибн Саид айтади: Ало ибн Зиёд (тушда) жаннат аҳлидан экани кўрилганда уч кун кўзига уйқу қўнмай, туз тотмай, тинмай йиғлади. Ҳасан (ал-Басрий)га бунинг хабари берилгач, унинг олдига келиб: «Эй биродар, жаннат хабарини эшитиб, ўзингизни ўзингиз ўлдирасизми?!» деди, бундан Алонинг йиғиси яна зиёда бўлди. Рўзадор эди, Ҳасан кечгача унинг олдида бўлди, шом бўлгач бир оз таом едирди. Аллоҳ таоло бу зотлар ҳақида шундай марҳамат қилади: { إِنَّ الَّذِينَ سَبَقَتْ لَهُم مِّنَّا الْحُسْنَى أُوْلَئِكَ عَنْهَا مُبْعَدُونَ لَا يَسْمَعُونَ حَسِيسَهَا وَهُمْ فِي مَا اشْتَهَتْ أَنفُسُهُمْ خَالِدُونَ ، لَا يَحْزُنُهُمُ الْفَزَعُ الْأَكْبَرُ وَتَتَلَقَّاهُمُ الْمَلَائِكَةُ هَذَا يَوْمُكُمُ الَّذِي كُنتُمْ تُوعَدُونَ ، يَوْمَ نَطْوِي السَّمَاء كَطَيِّ السِّجِلِّ لِلْكُتُبِ كَمَا بَدَأْنَا أَوَّلَ خَلْقٍ نُّعِيدُهُ وَعْداً عَلَيْنَا إِنَّا كُنَّا فَاعِلِينَ ، وَلَقَدْ كَتَبْنَا فِي الزَّبُورِ مِن بَعْدِ الذِّكْرِ أَنَّ الْأَرْضَ يَرِثُهَا عِبَادِيَ الصَّالِحُونَ، إِنَّ فِي هَذَا لَبَلَاغاً لِّقَوْمٍ عَابِدِينَ ، وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ }. «101. Албатта Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар - ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинадилар. 102. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда абадий қолувчидирлар. 103. Уларни Буюк даҳшат (яъни қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган кундир», деб кутиб олурлар. 104. У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарамиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз. 105. Дарҳақиқат Биз (Лавҳул-маҳфузда) зикр қилгандан сўнг Забур (пайғамбарларга туширилган барча китоблар) да: «Албатта (жаннатнинг) ерига менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар», деб ёзиб қўйгандирмиз. 106. Албатта мана шу (Қуръон)да ибодат қилувчи қавм учун етарли нарса бордир. 107. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик.» (Анбиё:101-107.) Яна шундай марҳамат қилади: { تِلْكَ الْجَنَّةُ الَّتِي نُورِثُ مِنْ عِبَادِنَا مَن كَانَ تَقِيّاً }. «У – Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир.» (Марям:63.) Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин, нақадар олийҳиммат эдилар!! Уларнинг васфини тўла ифода этишдан тиллар ожиз қолаверади!! Опа-сингилларга рўзадор салаф аёллари хабарлариданСиддиқа бинти Сиддиқ, Атиқа (дўзахдан озод қилинган) бинти Атиқ, Ҳабибатул Ҳабиб (пайғамбарнинг суюклиси), айблардан пок зот – Оиша розияллоҳу анҳо ва арзоҳо... Абдурраҳмон ибн Қосим айтади: «Оиша розияллоҳу анҳо узлуксиз рўза тутар эдилар».. Урва айтади: «Оиша розияллоҳу анҳо давомий рўзадор эдилар».. Қосим айтади: «Тинимсиз рўза тутар, фақат Қурбон ва Фитр ийди кунлари тутмас эдилар.».. Бир марта Муовия розияллоҳу анҳу юз минг дирҳам ҳадя юборганларида Оиша розияллоҳу анҳо бир дирҳам ҳам қолдирмай, ҳаммасини садақа қилиб юбордилар. Барира: «Ўзингиз рўзадорсиз, шунча пулдан атиги бир дирҳамига ифторлик учун гўшт сотиб олсангиз бўларди-ку?» деганида: «Танбеҳ бермай қўяқол, агар эслатганингда шундай қилган бўлардим», дедилар... Қаввома (тунлари кўп намоз ўқувчи) ва Саввома (кўп рўза тутувчи) Ҳафса бинти Умар.. Аллоҳ ундан, отасидан, ака-укаларидан ва Умарнинг барча оила аъзоларидан рози бўлсин!!.. Ҳоким ва Табароний Қайс ибн Зайддан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафсани талоқ қилганларида, тоғалари Қудома ва Усмон ибн Мазъунлар унинг олдига кирдилар. Шунда Ҳафса розияллоҳу анҳо йиғладилар ва: «Аллоҳга қасамки, мендан тўйиб кетганларидан талоқ қилмадилар», дедилар. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келдилар, Ҳафса дарҳол ҳижобларини кийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Ҳузуримга Жибрил келиб: “Ҳафсани қайтариб олинг, зеро у Саввома ва Қаввома ҳамда сизнинг жаннатдаги жуфтингиздир”, деб айтди», дедилар. Аллоҳнинг ва Жибрил алайҳиссаломнинг Ҳафса розияллоҳу анҳога берган бу гувоҳликларидан ортиқ яна қандай гувоҳлик бўлиши мумкин?!! Уммул мўъминийн Ҳафсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жаннатдаги жуфтлари бўлиш мақоми билан қайтишларига сабаб бўлган ибодатга шарафлар бўлсин!! Нофеъ айтади: «Ҳафса розияллоҳу анҳо ўлгунларича рўзадор бўлиб ўтдилар.» Яна бир хабар... Ўқиб кўринг, ичингиздан: «Кечир, Рамазон!» деган ҳайқириқ келса ажаб эмас!! Саид ибн Абдулазиз айтади: На Шомда, на Ироқда Муовиянинг мавлоси (озод қилган чўриси) обида Раҳматдан афзалроқ ҳеч ким бўлмади.. Уламолардан бир неча нафари унинг ҳузурига кириб, ўзига раҳм-шафқат қилишга чорлаганларида уларга шундай жавоб берди: «Дам олишга вақт қаёқда?!! Кунлар шошқин ва саноқли бўлса!! Бугунини қўлдан берган одам эртага уни асло қайтариб ололмайди!! Эй оғалар, Аллоҳга қасамки, аъзоларим яраб тураркан, Аллоҳ учун намоз ўқийвераман.. — То тирик эканман, У зот учун рўза тутавераман.. — Кўзларимда ёш бор экан, У учун йиғлайвераман.. — Қай бирингиз қулини ишга буюрганида, қули унинг ҳаққида қосирлик қилишини истайди?!!..» Намоз ўқийверганидан кучсизланиб, ўтқизиб қўйиладиган бўлди.. Рўза тутавериб қорайиб кетди.. Йиғлайвериб кўзларидан айрилди.. Айтар эди: «Нафсимнинг қандайлигини билишим, дилимни яралади, қалбимни тилка-пора қилди. Аллоҳга қасамки, қанийди Аллоҳ мени яратмаган бўлса-ю, мен тилга олгудек бирон нарса бўлмаган бўлсам!!». Соҳилга бориб, Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилувчи мужоҳидларнинг кийимларини ювар эди.. Аллоҳ Ўз раҳматига олсин!... Аллоҳ таоло бу зотларни қуйидаги мақтовли сўзлар билан тилга олган: { إِنَّهُمْ كَانُوا يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَيَدْعُونَنَا رَغَباً وَرَهَباً وَكَانُوا لَنَا خَاشِعِينَ } «Дарҳақиқат улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар.» (Анбиё:90.) Уларнинг жаннатга киргандаги ҳолатлари Қуръони Каримда мана бундай таърифланади: { وَأَقْبَلَ بَعْضُهُمْ عَلَى بَعْضٍ يَتَسَاءلُونَ ، قَالُوا إِنَّا كُنَّا قَبْلُ فِي أَهْلِنَا مُشْفِقِينَ ، فَمَنَّ اللَّهُ عَلَيْنَا وَوَقَانَا عَذَابَ السَّمُومِ ، إِنَّا كُنَّا مِن قَبْلُ نَدْعُوهُ إِنَّهُ هُوَ الْبَرُّ الرَّحِيمُ . } «25-26. Улар бир-бирларига боқиб, савол-жавоб қилишиб, дейдилар: «Ҳақиқатан бизлар илгари (ҳаёти дунёда) аҳли-оиламиз орасида (бўлган чоғимизда охиратда Оллоҳнинг азобига дучор бўлишдан) қўрқар эдик. 27. Мана, Оллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни самумдан (яъни баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади. 28. Дарҳақиқат бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик. Албатта Унинг Ўзигина марҳаматли, меҳрибондир». (Ват-Тур:25-28.) Кечир бизни, Рамазон! Рўзадорларнинг турлариҚуйида рўзадорларнинг турлари зикр этиладики, шояд ўз нафсимизни танисак ва узримизни баён қилиб: «Кечир, Рамазон!» десак... Ким емоқ-ичмоқдан рўза тутса, унинг рўзаси одатдир. Ким судхўрлик ва ҳаромдан рўза тутса (тийилса) ва ҳалол-пок нарсаларга оғзи очиқ бўлса, унинг рўзаси охиратга тайёргарлик ва ибодатдир. Ким гуноҳ ва исёндан рўза тутса, Раҳмон таолонинг тоатига оғзи очиқ бўлса, у ризолик рўзадоридир. Ким қабоҳатлардан рўза тутса ва ғайбларни билувчи Зотга тавба қилишга оғзи очиқ бўлса, у тақволи рўзадордир. Ким ғийбат, чақимчилик ва бўҳтондан рўза тутса, Қуръон тиловатига оғзи очиқ бўлса, у ҳаққа йўлланган рўзадордир. Ким бузуқ-мункар ишлардан рўза тутса, тафаккур ва ибратланишга оғзи очиқ бўлса, у бахтли рўзадордир. Ким риё ва нуқсонлардан рўза тутса, тавозе ва ихлосга оғзи очиқ бўлса, у ақлирасо рўзадордир. Ким бузуқ нафс ва ҳою-ҳавасдан рўза тутса, шукр ва ризога оғзи очиқ бўлса, у фурсатни ғанимат билган рўзадордир. Ким ёмон феъллардан рўза тутса, орзу-ҳавасларни камайтиришга оғзи очиқ бўлса, у мушоҳадали рўзадордир. Ким хомхаёллардан рўза тутса ва ажалини яқин билишга оғзи очиқ бўлса, у зоҳид рўзадордир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Рўза тақводорларнинг жилови, жангчиларнинг қалқони, оламлар Роббисига яқин бўлган аброрларнинг риёзатидир.» Аллоҳнинг: «Рўза Мен учун ва унинг мукофотини Ўзим бераман» деган сўзлари кифоя!! Донолар рўза ҳақида дедилар: Рўза – маҳрумлик лаззати. Рўза – ошкора жасорат ва олий ирода. Рамазон – Аллоҳдан бошқасидан озод бўлиш ойи, озодликда убудият (қуллик, бандалик) нинг тўла кўриниши мужассам, мукаммал озодлик – убудиятни рўёбга чиқаришдадир. Рамазон - куч-қувват ойи (Ҳақиқий полвон – курашда енгган киши эмас, балки ғазаби келганда ўзини боса олган кишидир). Рамазон - сабр-бардош, итоат ва интизомдир. Ушбу сифатларга эга бўлган бирон бир халқни таназзулга юз тутганини кўрганмисиз?! Сабр-бардош, итоат ва интизом! Ушбу кучли ахлоқлар соҳиби бўлган ҳеч бир лашкар мағлубият остонасига қадам босади, деб тасаввур қиласизми?! Рўза тутаркансиз, ҳеч қачон унутмангки, Аллоҳ таоло бизни рўза воситасида куч-қудрат ва омонат соҳиби қилиб тарбиялашни истайди!! Ҳушёр бўлинг, Рамазон бизларни заиф ва хоинлар бўлган ҳолимизда тарк этмасин!! Азизлар! Биз юқорида ғарибларнинг рўза хусусидаги ҳолатларидан баъзи намуналар келтирдик. Ғарибларнинг тунги намоз, Қуръон тиловати борасидаги ҳолларини зикр этишга, уларнинг тавба-тазаррулари, дуо-илтижолари, саховату эҳсонкорликларини бирма-бир айтишга ва уларнинг Рамазон ойида жиҳод майдонларидаги ботирликларини, жасорату қаҳрамонликларини айтиб ўтишга мақом торлик қилади. Бироқ, уларнинг хабарларидан айтиб ўтганларимиз ибратланишга кифоя қилар. Зеро, оқилга ишора кифоя! Кечир, Рамазон!Рамазон – ибодат ва ижтиҳод ойи эди.. Салафларимизнинг ҳолатлари Рамазондан олдин ҳам, кейин ҳам шундай эди, аслида.. Аммо, бизнинг аҳволимиз-чи?! Бизнинг аҳволимиз ҳақида қуйида айтилажак сўзларга бир кўз югуртириб чиқинг, шояд сизнинг бўғзингиздан ҳам биз айтаётгандек: «Кечир, Рамазон!» нидоси отилиб чиқса! Жамиятнинг эркак ва аёл, хизматчи ва талаба каби қатламларидан иборат бир гуруҳ кишиларга Рамазонда вақтларини қандай ўтказишлари ҳақида берилган сўровларга келган жавоблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ислом ғариб бўлиб бошланган ва ғарибликка қайтади» деган сўзларининг нақадар ҳақ эканини, шунингдек бизнинг ҳам ушбу маърузага ном танлашда янглишмаганимизни яна бир бор тасдиқлади. Кимдир: Тунни улфатларим билан то саҳарлик вақтигача ойнаижаҳон қаршисида фазовий каналларни томоша қилиш билан ўтказаман, деб жавоб берибди.. «Кечир, Рамазон!» Кимдир: Рамазон кечаларида уюштириладиган мусобақаларни томоша қилиб, вақтимни ўйингоҳ прожекторлари остида ўтказаман, деган.. Яна бир бор: «Кечир, Рамазон!» дейман.. Кимдир: Вақтимни кўча айланиб ёки кўчада дўстларим билан ўтириб ўтказаман, деган. «Кечир бизни, Рамазон!» Кимдир: Вақтимни баъзан паркларда, баъзан бозорларда ўтказаман, деган.. «Кечир бизни, кечир Рамазон!» Ишчи хизматчилар тунларни бедор ўтказишади-да, кейин кун бўйи мудраб юришади.. Натижа – раҳбардан гап эшитиш, танбеҳ ва ҳайфсан эълон қилиниши... Айримлар эса: Бошқалардан кўра менинг аҳволим яхши, чунки идорада ухлаб олиш имконим бор, дейди. Иш жойида ухлаш – омонатга хиёнатнинг бир тури! Кимдир биров: Рамазонда кўпинча ишга боролмайман, (маошимдан) чегирмалар ҳам кўпайиб кетади, дейди. Имомлар билан учрашганимизда баъзилари Рамазонда намозхонлар сонининг ортиши ва одамларнинг тоат-ибодатга юз буришлари ҳақида айтади.. Баъзилари эса ҳатто Рамазонда ҳам ибодатга бепарво қарайдиган одамларнинг ҳолига ачиниш изҳор қилиб гапиришади. Улардан бирининг айтишича, одамлар бомдод намозида кўпайиб, ҳатто масжид одамга тўлиб кетаркан. Лекин, пешин билан аср намозларида уларнинг қорасини ҳам кўрмайсиз, дейди у афсус билан.. Гўёки, ҳаёт уларнинг наздида алмашиб қолган, кеча кундузга, кундуз кечага айланиб қолган.. Бозорлардаги аҳволни айтиб ўтирмасам ҳам бўлади.. Чойхона ва кафелардаги аҳвол... Кафелардан бирида ишловчи бир хизматчидан уларга нисбатан Рамазондаги ва бошқа ойлардаги ишларнинг фарқи ҳақида сўралганда: «Рамазонда иш анча оғир ва тинкани қуритадиган даражада кўп бўлади. Чунки, бошқа ойларга қараганда Рамазонда мижозлар сони кескин ортиб кетади», деб жавоб берди. «Кечир, Рамазон!» демасдан бошқа илож йўқ!! Фарзандлар йўлларда, йўлаклар устида... Шовқин-сурон.. Беҳуда ўйин-кулгилар... Аёллар тунлари бедор, ошхонада куймаланиб ҳар хил пишириқлар, емак-ичмаклар ҳозирлаш билан банд.. Рамазон шунинг учун фарз қилинганмиди?! Оналар саҳарлик пайтига тиғиз кириб келадиган фарзандларини кутиб тонггача бедор.. Бозор ва дўконларда иш қизғин, қўл қўлга тегмайди.. Ибодатлар қаерда қолди?! Тоатга берилишлар қаерда қолди?! Умрлар чекланган эмасми, ахир?! Биров: Бомдоддан кейин ухлаб, шу бўйи асрдан кейин тураман, дейди.. Уйқу ҳам ибодат-да.., деб қўшиб қўяди. Астағфируллоҳ.. Яна биров эса: Отам мени ифтор пайтида уйғотади, гоҳида хуфтон маҳали туриб ифтор қиламан, дейди.. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуун.. Қаҳвахоналардан бирининг бир мижози билан қуйидаги савол-жавоб бўлиб ўтди: - Қачондан бери шу ердасиз? - Соат ўн иккидан бери. - Қачонгача ўтирасиз? - Саҳарлик вақтигача. - Бирон жойда ишлайсизми? - Ҳа, давлат идорасида хизматчиман. - Ухлаб қолиб, ишингиздан кечикмайсизми? - Оз-моз кечикаман, кейин уйқуни идорада давом эттираман. Жуда кўпчилик одамларда бугун Рамазондаги аҳвол шу! Кечир бизни, Рамазон! Сенинг қадрингга етмадик. Сўнгги нидоҲолимизга вой бўлсин.. Бунчалар алданган бўлмасак!! Ҳолимизга вой бўлсин.. Бунчалар ғофил бўлмасак!! Ҳолимизга вой бўлсин.. Бунчалар жоҳил бўлмасак!! Ҳолимизга вой бўлсин.. Нима учун яратилдик? Жаннат учунми, дўзах учунми??!!! Эй ғафлат булути, қалблардан сурил.. Эй иймон ва тақво қуёши, нурларингни соч.. Эй яхшиларнинг амал саҳифалари, осмону фалакка кўтарил.. Эй рўзадорларнинг қалблари, хушуъ ва тазарру қил.. Эй тунги намозда турганларнинг оёқлари, Роббингга рукуъ ва саждалар қил.. Эй бедорларнинг кўзлари, ухлаб қолма.. Эй тавба қилувчиларнинг гуноҳлари, қайтиб келмас бўлиб кет.. Эй ҳою-ҳавас ери, сувингни ютгил.. Эй нафс-ҳаволар осмони, ўзингни тутгил.. Эй орифлар кўнглидан кечган фикрлар, ҳаётга кўчгил.. Эй Аллоҳдан ўзгага кўнгил қўйганларнинг мақсади, ҳаргиз ушалма.. Шу кунларда рўзадорлар учун инъом дастурхонлари ёзилган, ҳар бирингиз унга таклиф этилгансиз.. Рамазон сизларга қараб нидо қилмоқда: { يَا قَوْمَنَا أَجِيبُوا دَاعِيَ اللَّهِ وَآمِنُوا بِهِ يَغْفِرْ لَكُم مِّن ذُنُوبِكُمْ وَيُجِرْكُم مِّنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ ، وَمَن لَّا يُجِبْ دَاعِيَ اللَّهِ فَلَيْسَ بِمُعْجِزٍ فِي الْأَرْضِ وَلَيْسَ لَهُ مِن دُونِهِ أَولِيَاء أُوْلَئِكَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ } «Эй қавмимиз, Оллоҳга даъват қилувчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Оллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур. Ким Оллоҳга даъват қилувчи (даъвати)ни қабул қилмаса, бас, у Ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулувчи эмасдир ва унинг учун (Оллоҳдан) ўзга (Унинг азобидан қутқарувчи) «дўстлар» ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар». (Аҳқоф:31,32.) Бу чорловга ижобат қилиб, саодатга эришганларга жаннат, эшик олдидан қувилганлар ҳолига эса вой бўлсин! Эй Роббимиз! Сени таниб туриб, Сендан бошқага кўнгил қўйган одамларга хайронман! Сенга чорлаётган жарчингни эшитиб туриб, Сенга интилмаган кимсаларга хайронман! Кечир бизни, Рамазон! Кечир, сенинг қадрингга етмадик.. Аллоҳим, ёмонликларимиз сабабли бизни Ўз ҳузурингдаги яхшиликлардан маҳрум қилма.. Аллоҳим, бизни Рамазонга етказ.. Аллоҳим, бизни Рамазонга етказ.. Аллоҳим, бизни Рамазонга етказ.. Бизга унинг рўзасини ва таровеҳ намозларини иймон билан, савоб умидида адо этишни насиб айла, ё зал-жалоли вал-икром.. Аллоҳим, унда бизни тоат-ибодатлар қилишга муваффақ айла.. Унда бизни гуноҳ ва маъсиятларни тарк қилишга муваффақ айла.. Унда бизнинг ўрталаримизни жамла.. Унда сафларимизни бирлаштир.. Унда пешволаримиз ҳолини ислоҳ айла.. Унда мужоҳидларга нусрат бер.. Унда даъват соҳибларини ва раббоний уламоларни тўғриликка йўлла.. Унда ёшу қарини, эркагу аёлни, барча-барчани холис тавба қилишга, ҳақ устида то ўлгунча барқарор ва собитқадам бўлишга муваффақ айла.. Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга зулм қилдик. Агар Сен бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм этмасанг, шубҳасиз, зиёнкорлардан бўламиз. Улуғ парвардигоримиз Аллоҳ таолога истиғфорлар айтаман.. Ва соллаллоҳу ала Муҳаммад ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаийн. |