Душанба 30 Декабрь 2024 | 28 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Иймон асосларининг шарҳи

11956 марта кўрилган

Аллома Мухаммад Солих Усаймин рахимахуллох
Мутаржим: Абу Абдуллох ал-Бухорий

Барча мақтовлар Аллоҳ таологагина хосдир. Биз Унга ҳамду санолар айтиб, тавба қиламиз ва Ундан ёрдам ҳамда нафсимизнинг ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоятлаган кимсани адаштирувчи ва адаштирган кимсани ҳидоятловчи зот йўқдир. Мен: «Шериксиз, ягона Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир», деб гувоҳлик бераман. Унга, унинг оиласи, саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган барча кишиларга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

Тавҳид илми – илмларнинг энг шарафлиси, энг буюги ва энг зарурийсидир. Чунки у – Аллоҳ таолони, Унинг исмлари, сифатлари ва бандалари устларидаги ҳақларини билиш, демакдир.

Тавҳид илми – Аллоҳ томон бўлган йўлнинг боши ва шариатларнинг негизидир. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар тавҳидга даъват этишда якдил бўлдилар.

Аллоҳ таоло деди:

«(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз.» (Анбиё: 25).

Аллоҳнинг ваҳдониятига Аллоҳнинг Ўзи, Унинг фаришталари ва илм аҳллари гувоҳлик бердилар.

Аллоҳ таоло деди:

«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир.» (Оли Имрон: 18).

Тавҳиднинг эътибори шу даражада бўлгани учун ҳам, ҳар бир мусулмон ўз динида яхши самара ва натижаларга эришиш учун уни ўрганишга ва бошқаларга ўргатишга катта эътибор бериши керак.


Ислом дини

Ислом – Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан юборган дин бўлиб, у билан динларни ниҳоясига етказиб, бандалари учун Исломни ва неъматларини комил қилди-да, Исломни дин деб рози бўлди. Энди бандадан Исломдан бошқа дин қабул қилинмайди.

Аллоҳ таоло деди:

«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизларнинг эр кишиларингизнинг биронтасининг отаси эмас. Балки, у, Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40);

«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим.» (Моида: 3);

«Аллоҳнинг ҳузуридаги дин – Исломдир» (Оли Имрон: 19);

«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир. » (Оли Имрон: 85).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло барча одамларга Ўзига Ислом дини билангина ибодат қилишларини фарз қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилди:

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва Ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига — Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз— шояд ҳидоят топурсиз».» (Аъроф: 158).

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ соллллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасам-ки, бу Уммат ичидаги яҳудий ва насороларнинг биронтаси мен олиб келган динни эшитса-ю, унга иймон келтирмай вафот этса, жаҳаннам аҳлидан бўлади»- дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга иймон келтириш эса, қуруқ тил билан эмас, балки уларни қабул қилиш ва уларга итоат этиш билан, тасдиқлашдир. Шунинг учун ҳам, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси) Абу Толиб мўъмин бўлмади. Зеро у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни тасдиқлаган ва: «Бу дин – барча динлар ичидаги энг яхши диндир»- деб гувоҳлик берган эди.

Ислом дини – аввалги динлар ўз ичига олган барча салоҳиятларни кафолатлаш билан бирга, ҳар бир замон, ҳар бир макон ва ҳар бир халққа салоҳиятли бўлиши билан ажралиб туради. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб шундай деди:

«Сизга эса (Эй Муҳаммад) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқловчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик.» (Моида: 48).

Исломнинг барча замон, макон ва халқларга салоҳиятли эканининг маъноси: «Уни қабул қилиш бирон замондаги халқлар манфаатига зид эмас. Балки, уларнинг салоҳиятидир», демакдир. Унинг маъноси, баъзи одамлар тушунганидек, барча замон ва халққа бўйсунади, дегани эмас.

Ислом дини – ҳақ дин бўлиб, Аллоҳ таоло уни маҳкам ушлаган кишиларга ёрдам бериш ва уни бошқа динлар устига ғолиб қилишни кафолатлади. Аллоҳ таоло деди:

«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир.» (Соф: 9);

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу хатарлардан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир» (Нур: 55).

Ислом дини - мукаммал эътиқод ва мукаммал шариатдир. У Аллоҳнинг ваҳдониятига амр этиб, ростгўйликка буюриб, ширкни, ёлғон сўзлашни таъқиқлаган.

Хуллас, Ислом барча фазилатли хулқлар ва эзгу ишларга буюриб, барча пасткашликлар ва ёмон ишларни таъқиқлаган.

Аллоҳ таоло деди:

«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтаради. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилади» (Наҳл: 90).


Ислом рукнлари

Ислом рукнлари, яъни Ислом асосланадиган пойдеворлар, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадисда баён қилинганидек, бештадир: «Ислом беш нарсага қурилган: Аллоҳни ягоналаш (бошқа бир ривоятда: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бериш), намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Рамазон ойининг рўзасини тутиш ва ҳаж қилиш» (Муттафақун алайҳ). Лафз имом Муслимникидир.

  • «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур-расулуллоҳ», деб гувоҳлик бериш, тил билан талаффуз ва қалб билан эътиқод қилиш, демакдир. Зеро, ушбу гувоҳлик гувоҳлик берилган нарсалар хилма-хил бўлса-да, ягона бир рукн қилинди. Бунинг сабаби, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ томонидан етказувчи бўлиб, Унинг банда ва пайғамбар эканига гувоҳлик бериш «ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ), деб гувоҳлик беришнинг тўлдирувчиси экани, ёки бу икки гувоҳлик амалларнинг тўғри ва қабул бўлишининг асоси эканлигидир. Чунки Аллоҳ таолога бўлган ихлос ва Унинг пайғамбарига эргашиш билангина, амаллар тўғри ва қабул бўлади. Демак, Аллоҳ таолога бўлган ихлос билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш рўёбга чиқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан «Муҳаммад – Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир», деб гувоҳлик бериш рўёбга чиқади.

Ушбу гувоҳлик самараси – қалб ва нафснинг махлуқларга қул бўлиш ва пайғамбарлардан бошқа зотларга эргашишдан озод бўлишидир.

2. Намозни тўкис адо этиш – намозни ўз вақтида узлуксиз ва мукаммал адо этиш билан Аллоҳ таолога қулликни адо этишдир.

Ушбу гувоҳлик самараси – юракнинг кенглиги, қувонч ҳамда ҳаёсизлик ва гуноҳ ишлардан тийилишдир.

3. Закотни бериш – белгиланган муайян миқдорга етган бойликдан белгиланган муайян миқдорни бериш билан Аллоҳ таолога қулликни адо этишдир.

Бунинг самараси – нафсни разил хулқ – хасисликдан поклаш ҳамда Ислом ва мусулмонлар эҳтиёжини қондириш.

4. Рамазон ойининг рўзасини тутиш – Рамазон ойининг кундузида рўзани бузадиган барча нарсалардан тийилиш билан, Аллоҳ таолога бўлган қулликни адо этишдир.

Бунинг самараси - Аллоҳнинг розилиги учун севимли бўлган нарсаларни тарк қилиш билан, нафсни чиниқтиришдир.

5. Ҳаж қилиш – ҳаж амалларини адо этиш учун Каъбатуллоҳни қасд қилиш билан, Аллоҳ таолога ибодат қилишдир.

Ҳажнинг самараси эса, Аллоҳ таолога итоат қилиш йўлида молиявий чиқимлар ва жисмоний кучларни сарфлаш учун нафсни чиниқтиришдир. Шунинг учун ҳам ҳаж, Аллоҳ таоло йўлида қилинган жиҳод турларидан бири ҳисобланади.

Ушбу асосларнинг биз эслатган ва эслатмаган барча қирралари, халқлар ичидан Аллоҳ таолонинг ҳақ динини қабул қилган ва яралмишлар билан адолат ва ростгўйлик асосида муомала қиладиган пок Ислом умматини келтириб чиқаради. Зеро, Исломнинг бундан бошқа қирралари, ушбу асосларнинг салоҳиятли бўлиши билангина салоҳиятли бўлади. Уммат аҳволининг салоҳияти йўқолиб бориши, унинг дин ишларининг салоҳияти йўқолишига қараб бўлади.

Бу сўзларнинг ҳақиқатини билмоқчи бўлган одам, Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини ўқисин:

«Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик. У қиш­лоқларнинг аҳли бало қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми? (Кутмаганмидилар?) Ёки у қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз чошгоҳ пайтида, ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдилар­ми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф: 96 – 99).

Ушбу ҳақиқатларни билмоқчи бўлган одам, мозийга, тарихга назар солсин. Тарихда ақлли ва қалбини моғор қопламаган зотлар учун ибратлар бор. Ҳақиқатни билишда Аллоҳ таолонинг ўзи ёрдамчи бўлсин!


Ислом ақидасининг асослари

Ислом муқаддам зикр қилиб ўтганимиздек, эътиқод ва шариатдир. Биз Ислом шариатининг бир қиррасига ишора қилиб, шариат асоси деб саналган рукнларинигина эслатиб ўтдик, холос.

Энди, Ислом эътиқоди ҳақида сўз юритсак, унинг асослари – Аллоҳ таолога, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришдир.

Ушбу асосларни Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари баён қилиб берди.

Аллоҳ таоло Қуръон Каримда шундай деди:

«Эзгулик – юзингизни мағриб ва машриққа буришингиз эмас. Балки, эзгулик - Аллоҳ таолога, охират кунига, фаришталарга, Қуръонга ва пайғамбарларга иймон келтиришдир...» (Бақара: 177).

Аллоҳ таоло тақдир ҳақида шундай деди:

«Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик. (Яратмоқчи бўлган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг фармонимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган сўз)дир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур)» (Қамар: 49, 50).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон ҳақида савол берган Жибрийл алайҳиссаломга жавоб бериб: «(Иймон): - Аллоҳ таолога, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишингиздир», дедилар (Имом Муслим ривояти).


Аллоҳ таолога иймон келтириш

Аллоҳ таолога бўлган иймон тўрт нарсани ўз ичига олади:

1. Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш.

Аллоҳ таолонинг борлигига фитрат, ақл, шариат ва сезги аъзолари далолат қилади.

а) Аллоҳ таолонинг борлигига фитратнинг далолати:

Ҳар бир махлуқ илгари фикр ва таълим берилмаган бўлсада, ўз яратувчисига иймон келтириш билан табиатланган. Ушбу фитратдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларида баён қилинганидек, қалбига ўрнашиб қолган баъзи нарсалар сабаблигина воз кечилиши мумкин:

«Ҳар бир чақалоқ фитрат билан туғилади. Уни ота-онасигина яҳудий, насоро ва мажусий (қилиб тарбия) қилади» (Имом Муслим ривояти).

б) Аллоҳ таолонинг борлигига ақлнинг далолати:

Махлуқотларнинг аввалию охиргиларининг яратувчиси – Холиқи бўлиши керак. Чунки улар ўзларини ўзлари яратишлари, ёки тасодифан яралган бўлишлари мумкин эмас. Улар ўзларини ўзлари ярата олмайдилар, чунки ҳеч бир нарса ўзини ўзи ярата олмайди. Бунинг сабаби, у яралишдан аввал йўқ эди. Шундай экан, у қандай қилиб Холиқ бўла олсин?!

Махлуқлар тасодифан вужудга келиши ҳам мумкин эмас. Ҳар бир мавжуд нарсанинг вужудга келтирувчиси бўлади. Махлуқларнинг ҳайратомуз, ўзаро мутаносиб сабаблар ва мусаббабблар (сабаблантирилган нарсалар) ҳамда мавжудотларнинг ўзаро бир-бирлари ўртасидаги алоқалар низомида мавжуд бўлиши, уларнинг тасодифан вужудга келганларини бутунлай инкор этади. Чунки вужудга келиш пайдо бўлиш асносида низомсиз тасодиф бўлар экан, қандай қилиб яшаш ва ривожланиш ҳолатларида интизомли бўлсин?!

Агар махлуқлар ўзларини ўзлари вужудга келтира олмас ва тасодифан вужудга келмаган эканлар, уларни вужудга келтирувчи зот бўлиши керак. У эса, Оламларнинг Рабби бўлган Аллоҳ таолодир.

Аллоҳ таоло бу ақлий далилни «Тур» сурасида зикр қилиб деди:

«Улар ҳеч нарсасиз яралдиларми? Ёки улар яратувчиларми?» (Тур: 35).

Аллоҳ таоло бу оятда уларнинг яратувчисиз яралмаганлари, ҳамда ўзларини ўзлари яратмаган эканларини баён қилди. Натижада, уларнинг яратувчиси Аллоҳ таоло экани маълум бўлди.

Шунинг учун ҳам, Ислом динини қабул қилишдан аввал, мушриклик пайтида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Тур» сурасидан «Улар ҳеч нарсасиз яралдиларми? Ёки улар ўзлари яратувчиларми? Ёки Осмонлар ва Ерни яратдиларми? Йўқ, улар ишонмаслар. Балки уларнинг ҳузурларида Раббингизнинг хазиналари бордир, ёки улар ҳукмронмилар?!» (Тур: 35 – 37) оятларини ўқиётганини эшитган Жубайр ибн Мутъим разияллоҳу анҳу: «Бу оятларни эшитар эканман, сесканиб кетдим. Чунки бу, қалбимга иймон ўрнашган илк лаҳзалар эди», деди (Имом Муслим ривояти).

Буни ойдинлаштириш учун бир мисол келтирамиз. Бир киши сизга остидан анҳорлар оқиб ўтадиган бўстонлар билан ўралган, палослар тўла тўшалган, энг чиройли безаклар билан безатилган муҳташам қаср бор, у ўзини ўзи қуриб олган, ёки ўз-ўзидан тасодифан пайдо бўлган, деб айтса, сиз зудлик билан унинг сўзларини рад этишга, ёлғон ва бемаъни гап деб ҳукм қилишга шошиласиз. Шундай экан, Ер, Осмон ва сайёраларни ўз ичига олган ҳамда ҳайратомуз аҳволлари ва низоми бўлган ушбу муаззам коинот, ўзини ўзи яратиши, ёки яратувчисиз яралиши мумкинми?!

в) Аллоҳ таолонинг борлигига шариатнинг далолат қилиши:

Барча самовий китоблар Аллоҳ таолонинг бор эканини баён қилди. Ушбу китоблар олиб келган ва бандалар манфаатини кафолатловчи ҳукмлар, ўз бандаларининг манфаатларини билувчи доно Раб тарафидан эканига, улар олиб келган ва воқеъий ҳақиқат деб гувоҳлик берган Коинот ҳақидаги хабарлар, ўзининг хабар берган нарсасини яратишга қодир бўлган Раб тарафидан эканига далолат қилади.

г) Сезги аъзоларининг Аллоҳ таолонинг бор эканига далолати:

Сезги аъзолари Аллоҳ таолонинг бор эканига икки жиҳат билан далолат қилади:

Биринчи жиҳат:

Биз дуо қилувчиларнинг дуолари, мусибатланганларнинг ёрдам сўраб қилаётган дуолари ижобат бўлаётганини кўриб, эшитмоқдамиз. Мана шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг бор эканига қатъий далилдир.

Аллоҳ таоло деди:

«Нуҳ илгари дуо қилган эди, биз ижобат қилдик» (Анбиё: 76);

«Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб:...» (Анфол: 9).

Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилди: «Жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба ўқир эканлар, бир саҳройи кириб келди-да: «Эй Расулуллоҳ, моллар ҳалок бўлди, оилалар оч қолди. Аллоҳга дуо қилинг, биздан бу мусибатларни кўтарсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб, дуо қилдилар. Осмонда бир парча ҳам булут йўқ эди, дуо қилиб қўлларини туширмадилар ҳамки осмонда тоғ мисоли булутлар қўзғалди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушганларида соқолларидан ёмғирлар оқиб тушар эди.

Келгуси жума ўша саҳройи ёки бошқа бир одам ўрнидан туриб: «Эй Расулуллоҳ, бинолар вайрон бўлиб, моллар ҳалок бўлди-ку! Аллоҳ таолога дуо қилинг, биздан бу мусибатларни кўтарсин!», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб: «Аллоҳим, бизга эмас, атрофларга ёғдир», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси тарафга (қўллари билан) ишора қилсалар, булутлар ўша тарафга парчаланиб, ёмғир тинди».

Ҳозирги кунимизга қадар Аллоҳ таолога садоқат билан илтижо қилган ҳамда ижобат бўлиш шартларини тўла адо этган кишилар учун дуоларининг қабул бўлаётгани кўриниб турибди.

Иккинчи жиҳат:

Пайғамбарларга берилган ва одамлар кўриб, эшитган ҳамда «мўъжиза» деб аталган нарсалар ҳам, пайғамбарларни юборган зот – Аллоҳ таолонинг бор эканига қатъий далилдир. Чунки мўъжизалар башар тоқатидан четда бўлган ҳамда Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига мадад ва ёрдам бўлсин учун жорий қилган ҳодисалардир.

Бунинг мисоли Мусо алайҳис-солату вассаломнинг асо (ҳасса)сидир.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-солату вассаломни асоси билан денгизни уришга амр этди. Мусо алайҳис-солату вассалом асолари билан денгизни урдилар. Денгиз қуп-қуруқ ер бўлиб, ўн иккига айри бўлинди. Йўлнинг икки четидаги сувлар тоғлар каби савлат тўкиб турар эди.

Аллоҳ таоло деди:

«Биз Мусога: «Асонгиз билан денгизни уринг!», деб ваҳий қилдик. (У урган эди), денгиз бўлинди. Ҳар бир тараф улкан тоғлардек эди» (Шуаро: 63).

Иккинчи мисол: Ийсо алайҳис-солату вассаломнинг Аллоҳ таолонинг изни билан ўликларни тирилтириб, қабрлардан чиқарган пайтидаги мўъжизаси:

Аллоҳ таоло деди:

«... ва Аллоҳ таолонинг изни билан ўликларни тирилтираман» (Бақара: 258);

«... ва менинг изним билан ўликларни қабрларидан тирилтириб чиқарасан» (Моида: 110).

Учинчи мисол: Қурайш қабиласи талаб қилганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойга ишора қилганларида Ой иккига бўлинган ва одамлар кўриб гувоҳ бўлган мўъжиза.

Аллоҳ таоло деди:

«Қиёмат яқинлашди ва Ой ёрилди. Агар улар мўъжизани кўрсалар, юз ўгирадилар ва: «Бу доимий жоду», деб айтадилар» (Қамар: 1, 2).

Аллоҳ таоло пайғамбарларига мадад ва ёрдам қилиб содир этган ҳиссий мўъжизалар Аллоҳ таолонинг бор эканига қатъий далолат қилади.

2.Аллоҳ таолонинг рубубиятига иймон келтириш. (Яъни, Аллоҳ таолони шериксиз ва ёрдамчиси бўлмаган Раб, деб ишониш).

«Раб» яратиш, эгадорлик ва буюриш соҳиби бўлган зотдир. Яратувчи ва эгадор зот – Аллоҳ таоло бўлиб, буюриш унгагина хосдир.

Аллоҳ таоло деди:

«Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир.» (Аъроф:54);

«Ана шу Аллоҳ сизларнинг Роббингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса (ҳурмо данагига ёпишиб турадиган юпқа) пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар.» (Фотир: 13).

Аллоҳ таолонинг рубубиятини нима деяётганини билмайдиган мутакаббир кимсаларгина инкор этишлари мумкин. Бу ўз қавмига: «Мен сизларнинг Раббингизман!» (Назиат: 24) ва: «Эй халойиқ, мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳ бор эканини билмайман!» (Қасас: 38) деб айтган Фиръавдан содир бўлди. У бу сўзларни эътиқод нуқтаи назаридан айтмаган эди.

Аллоҳ таоло деди:

«Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжиза)ларни инкор этдилар». (Намл: 14)

Аллоҳ таоло Фиръавн ҳақида ҳикоя қилган оятда Мусо алайҳис-солату вассалом дедилар:

«(Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина нозил қилганини аниқ биласан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман»» (Исро: 102).

Шунинг учун ҳам, мушриклар Аллоҳ таолога улуҳият бобида шерик қилсалар-да, Унинг рубубиятига иқрор эдилар.

Аллоҳ таоло деди:

«(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Агар билувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?» 85. Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!» 86. Айтинг: «Етти осмоннинг хожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» 87. Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» 88. Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), "Барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) Ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» 89. Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!»» (Мўъминун: 84 – 89);

«Сиз мушриклардан: «Осмон ва Ерларни ким яратган?», деб сўрасангиз, улар: «Азиз ва Алийм (билгувчи) бўлган зот», деб айтадилар» (Зухруф: 9);

«Агар Сиз улардан: «Уларни ким яратган?», деб сўрасангиз, улар: «Аллоҳ», деб айтадилар. Шундай экан, улар қаён бурилиб кетаяптилар» (Зухруф: 87).

Аллоҳ таолонинг фармони Коинот ва шариатдаги барча нарсани ўз ичига олади. Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати тақозо этганидек, Коинотда Ўзи хоҳлаганидек ҳукм ва тартиб қилувчидир, ибодат ва муомалаларда ҳукмларини Ўз ҳикматига мувофиқ шаръий жорий қилишда ҳукм қилувчидир. Шунинг учун ҳам, ибодатлар ва муомалаларда Аллоҳ таоло билан бирга бошқа бирон қонун чиқарувчи ва ҳокимни ушлаган банда, иймонининг ҳақиқатини рўёбга чиқармаган мушрик бўлади.

3. Аллоҳ таолонинг улуҳиятига иймон келтириш.

(Яъни, Аллоҳ таолонинг шериксиз ягона илоҳ эканига иймон келтириш).

«Илоҳ» «маълуҳ», яъни, муҳаббат ва улуғлаш билан сиғиниладиган маъбуд, демакдир.

Аллоҳ таоло деди:

«Сизларнинг илоҳингиз ягонадир. Раҳмон, Раҳийм зотдан ўзга илоҳ йўқдир» (Бақара: 163);

«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борли-гига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир.» (Оли Имрон: 18).

Аллоҳ таоло билан бирга сиғинилаётган маъбудларнинг илоҳлиги ботилдир.

Аллоҳ таоло деди:

«Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир.» (Ҳаж: 62).

У маъбудаларни олиҳа деб аташ уларга ибодат қилиш ҳуқуқини бермайди. Аллоҳ таоло Лот, Манот ва Уззо ҳақида шундай деди:

«У (ном)лар фақат сизлар ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ таоло улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон бир ҳужжат туширган эмас» (Нажм: 23).

Аллоҳ таоло Юсуф алайҳис-солату вассаломнинг зиндондаги икки маҳбусга айтган сўзларини келтирди:

«Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ — турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?» «Сизлар эса, У зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку?» (Юсуф: 39, 40).

Шунинг учун ҳам, барча пайғамбарлар ўз қавмларига: «Аллоҳ таологагина ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан бошқа илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59), деб даъват қилганлар. Бу даъватдан мушриклар юз ўгириб, Аллоҳ таолони қўйиб, махлуқларни олиҳа қилиб сиғиндилар ва улардан ёрдам сўрадилар.

Аллоҳ таоло мушрикларнинг олиҳа қилиб олишларини икки ақлий далил билан пучга чиқарди.

Биринчи далил:

Мушрикларнинг олиҳаларида улуҳият-илоҳликнинг асари ҳам йўқ. Зотан, ўзлари яралмиш бўлганидан ўзгани ярата олмайдилар. Улар ўзларига ибодат қилаётган кимсаларга бирон фойда келтиришга ёки улардан зарарни кетказишга қодир эмаслар. Уларга ҳаёт ёки ўлим беришга ҳам, самовотдаги бирон нарсага ҳам эга эмаслар, ҳатто, эгадорликда шерик ҳам эмаслар.

Аллоҳ таоло деди:

«(Мушриклар) эса У зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар у ёқда турсин, ҳатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойдага эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган «худолар» ни ушладилар (яъни ўшаларга сиғиндилар)» (Фурқон: 3);

«(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов наф беради» (Сабаъ: 22, 23);

«Мушриклар ҳеч нарсани яратмайдиган, ўзлари яраладиган, уларга ёрдам беришга қодир бўлмаган, ҳатто, ўзларига ҳам ёрдам бера олмайдиган зотларни (Аллоҳ таолога) шерик қилаяптиларми?» (Аъроф: 191, 192).

Агар олиҳаларнинг ҳоли шу бўлса, уларни олиҳа қилиб олиш энг пасткашлик ва ботил ишдир.

Иккинчи далил:

Мушриклар Аллоҳ таолонинг Ўзигина барча нарсаларнинг эгадорлиги қўлида бўлган, барчага Ҳомийлик киладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган – Раб ва Холиқ эканига иқрор эдилар. Бу улардан Аллоҳ таолонинг илоҳликдаги ваҳдониятига, рубубиятдаги ваҳдониятига иқрор бўлгандек, иқрор бўлишни талаб қилар эди.

Аллоҳ таоло деди:

«Эй одамлар, сизларни ва сизлардан аввалгиларни яратган, сизларга Ерни бисот ва Осмонни бино қилган, Осмондан сувни тушириб, у билан меваларни чиқарган Раббингизга ибодат қилинглар! Шояд, тақволи бўлсангизлар! Бас, била туриб ўзгаларни Аллоҳ таолога тенг қилманглар!» (Бақара: 21, 22);

«Агар улардан ўзларини ким яратган эканини сўрасангиз, улар: «Шубҳасиз, Аллоҳ», деб айтадилар» (Зухруф: 87);

«(Эй Муҳаммад) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!» Бас, мана шу Аллоҳ — ҳақиқий Роббингиздир. Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос (яъни, ҳақиқий Роббингиз бўлмиш Аллоҳдан ўзгага сиғинар экансиз, албатта йўлдан озган бўлурсиз). Бас, қай тарафга бурилиб кетмоқдасизлар?!» (Юнус: 31, 32).

4. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларига иймон келтириш.

Яъни, Аллоҳ таоло Қуръон Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида исбот этган исм ва сифатларни Аллоҳ таолога лойиқ бўлган суратда, ҳеч бир ўзгартиришсиз, кайфиятсиз ва ўхшатишсиз исбот этиш.

Аллоҳ таоло деди:

«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (унга дуо қилинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланадилар.» (Аъроф: 180);

«Осмонлар ва ердаги энг юксак хислат (яъни Яккаю Ягоналик) Уникидир. У – Азиз ва Ҳаким зотдир» (Рум: 27);

«Унинг ўхшаши йўқдир. У – эшитувчи ва кўрувчи зотдир» (Нахл: 60).

Икки тоифа бу иймонда адашди:

Биринчи тоифа: муъаттилалар.

Улар Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг барчасини ёки баъзисини инкор этдилар ва: «Исм ва сифатларни Аллоҳ таоло учун исбот этиш, Аллоҳ таолони ўз махлуқларига ўхшатишни тақозо қилади», деб даъво қилдилар. Бу бир неча сабабларга кўра асоссиздир:

Биринчидан: бу гумон ботил сабабларни тақозо қилади. Масалан: Аллоҳ таолонинг каломида зиддиятлар мавжудлигини тақозо қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўзи учун исм ва сифатларни исбот этиб, Ўзининг ўхшаши бўлишини рад этди. Агар уларни исбот этиш ташбеҳни тақозо қилса эди, Аллоҳ таолонинг каломида бир-бирига зиддиятлар вужудга келар эди.

Иккинчидан: икки нарсанинг бир исм ёки сифатда бир хил келиши, уларнинг бир-бирига ўхшаш эканини тақозо қилмайди. Масалан: икки шахснинг эшитувчи, кўрувчи ва гапирувчи инсон эканини кўрасиз. Бироқ бу уларнинг одамгарчилик, эшитиш, кўриш ва гапиришда бир хил эканликларини тақозо этмайди. Бундан ташқари, сиз қўллари, оёқлари ва кўзлари бўлган кўплаб ҳайвонларни кўрасиз. Лекин, бу уларнинг бир хил бўлишлари керак эканини тақозо этмайди. Махлуқларда исм ва сифатларда ўзаро тафовут бўлар экан, демак, Холиқ билан махлуқ ўртасида фарқнинг бўлиши очиқ-равшандир.

Иккинчи тоифа: мушаббиҳалар.

Бу тоифа исм ва сифатларни Аллоҳ таолонинг махлуқларига ташбеҳ қилиб (ўхшатиб) исбот этдилар ва: «Бу, ваҳий тақозосидир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларга улар тушунадиган нарсалар билан хитоб қилди», деб гумон қиладилар. Бу гумон ҳам, бир неча сабабларга кўра асоссиздир.

Биринчидан: Аллоҳ таолонинг ўз махлуқига ўхшаши ақл ва шариат инкор этадиган нарса бўлиб, Қуръон ва Суннатдаги таълимотлар ботил нарсаларни тақозо этиши мумкин эмас.

Иккинчидан: Аллоҳ таоло бандаларига маъно нуқтаи назаридангина тушуна олишадиган нарсалар билан хитоб қилди. Аммо улар асосланган ҳақиқат ва моҳиятни (хусусан, зот ва сифатларга таъаллуқли бўлса,) Ўзигина билишни афзал кўрди.

Агар Аллоҳ таоло Ўзининг «Самийъ» (эшитувчи) эканини исбот этса, эшитиш маъно нуқтаи назаридан маълум (яъни, товушларни идрок этиш). Лекин, бунинг Аллоҳ таолонинг эшитишига нисбатан ҳақиқати номаълумдир. Чунки эшитиш ҳақиқати махлуқларда ҳам фарқли бўлади. Холиқ билан махлуқ ўртасидаги тафовут эса, ундан кўра каттароқ ва равшанроқдир.

Агар Аллоҳ таоло ўзининг Аршга кўтарилганидан хабар берган бўлса, кўтарилишнинг маъноси маълум. Бироқ, Аллоҳ таолонинг Аршга кўтарилишининг ҳақиқати бандаларга номаълум. Зотан, кўтарилиш ҳақиқати махлуқларда ҳам ўзаро фарқли бўлади. Қимирламай турган курсига кўтарилиш билан, асов туя устига кўтарилиш ўртасида катта фарқ бор. Шундай экан, Холиқ билан махлуқ ўртасидаги фарқ катта ва равшан бўлиши муқаррардир.

Биз баён қилгандек, Аллоҳ таолога иймон келтиришнинг мўминлар учун улкан самаралари бор.

Улардан:

Биринчиси: бошқалардан хавф ва умид қилинмайдиган даражада Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини рўёбга чиқариш.

Иккинчиси: Аллоҳ таолони гўзал исмлари ва олий сифатлари тақозоси билан яхши кўриш ва улуғлашнинг камолоти.

Учинчиси: буюрилган нарсаларни қилиш ва таъқиқланган нарсалардан сақланиш билан Аллоҳ таолога ибодат қилишни рўёбга чиқариш.


Фаришталарга иймон келтириш

Фаришталар ғайб олами бўлиб, Аллоҳ таолога ибодат қилувчи махлуқлардир. Уларда улуҳият ва рубубият сифатлари йўқ бўлиб, Аллоҳ таоло уларни нурдан яратган ҳамда уларга Ўз амрига итоат ва амрини ижро этиш учун қувват берган.

Аллоҳ таоло деди:

«Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни поклаб) тасбеҳ айтадилар.» (Анбиё: 19, 20).

Уларнинг сони шу даражада кўпки, ҳисобини Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожга олиб чиқилганларида «Байтул-маъмур»га олиб борилгани ва у ерда бир кунда етмиш минг фаришта намоз ўқиши, у ердан чиққанларидан сўнг, фаришталарнинг кўплигидан, қайта кира олмасликлари баён қилинган.

Фаришталарга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади:

Биринчиси: фаришталарнинг борлигига ишониш.

Иккинчиси: бизларга исмлари баён қилинган фаришталарга муфассал, исми баён қилинмаган фаришталарга умумий суратда иймон келтириш.

Учинчиси: фаришталарнинг бизга хабар берилган сифатларига иймон келтириш.

Масалан: Жибрийл алайҳиссаломнинг сифатлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни яралган сифатлари билан, яъни, олти юзта қаноти билан уфқни тўсиб турганини кўрган эдилар.

Фаришта гоҳо Аллоҳ таолонинг амри билан инсон шаклини олади. Шунинг учун ҳам, Жибрийл алайҳис-солату вассалом, Марям алайҳас-салом ҳузурига киришга Аллоҳ таоло амр қилганида, комил инсон шаклини олган эди. Бундан ташқари, У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар ҳузурида ўтирганларида тим қора сочли, оппоқ кийимда, сафар аломати кўринмаган ва саҳобаларга нотаниш киши суратида келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига ўтирди. Тиззаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига теккизди ва қўлларини сонларига кўйди-да, Ислом, иймон, эҳсон ва Қиёмат куни ва унинг белгилари ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб берганларидан сўнг, кетди. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У – Жибрийл эди. У сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди»- дедилар (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таолонинг Иброҳим ва Лут алайҳимас-саломларга юборган фаришталари ҳам, инсон шаклида эдилар.

Тўртинчиси: фаришталарнинг бизга хабар берилган ва Аллоҳ таолонинг амри билан адо этишадиган амалларига иймон келтириш.

Масалан: кечаю кундуз малол олмай, тинимсиз ибодат қилиш.

Баъзи фаришталарнинг ўзига хос амаллари бор. Масалан: ваҳийга омонатдор Жибрийл алайҳиссолату вассаломни Аллоҳ таоло пайғамбарларга элчи қилиб юборди. Мийкоил алайҳис-солату вассалом ёмғир ёғдириш ва ўсимликларни ўстиришга вакил қилинган. Исрофил алайҳис-солату вассалом Қиёматнинг қоим бўлиши ва бандаларнинг қайта тирилишлари пайтида сурга дам уришга вакил қилинган. Малакул-мавт – ўлим фариштаси эса, ўлим пайтида руҳларни олишга вакил қилинган.

Она қорнидаги хомилага вакил қилинган фаришта. Ҳомила тўрт ойлик бўлганида, Аллоҳ таоло бир фариштани юбориб, ҳомиланинг ризқи, ажали, амали, бахтли ёки бахтиқаролигини ёзишга буюради.

Одамларнинг амалларини ёзиш ва сақлаш учун вакил қилинган фаришталар. Ҳар бир шахс учун тайинланган икки фаришта бўлиб, уларнинг бири одамнинг ўнг, иккинчиси эса чап томонида бўлади.

Қабрга кўйилганидан сўнг маййит-ўликни сўроқ қилишга вакил қилинган фаришталар. Маййитнинг олдига икки фаришта келиб, унинг дини, Рабби ва пайғамбари ҳақида сўрайдилар.

Фаришталарга иймон келтиришнинг улкан самаралари бор. Улардан:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг буюклиги ва салтанатини билиш. Чунки махлуқнинг улканлиги Холиқнинг буюклигидан даракдир.

Иккинчиси: Аллоҳ таолога одам фарзанди учун қилган иноятига шукроналар айтиш. Чунки Аллоҳ таоло уларни ҳимоя қиладиган, амалларини ёзадиган ва бундан ташқари бошқа манфаатлари учун фаришталарни тайин қилган.

Учинчиси: Аллоҳ таолога қилаётган ибодатлари эвазига фаришталарни яхши кўриш. Баъзи калтафаҳм кишилар фаришталарнинг жисм эканини инкор этиб, улар: «Махлуқлар ичида яширинган хайрли кучлардан иборат»- дедилар. Бу – Аллоҳ таолонинг Қуръони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва мусулмонларнинг ижмоъларини рад этишдан бошқа нарса эмас.

Аллоҳ таоло деди:

«Ҳамду сано осмонлар ва ерни илк яратувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилувчи Аллоҳ учундир. » (Фотир: 1);

«Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва кетларига уриб жонларини олаётган ва: «Дўзах азобини тотингиз! Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиздир, зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир», — деяётган пайтини кўрсангиз эди.» (Анфол: 50, 51);

«(Эй Муҳаммад), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! ...», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди.» (Анъом: 93);

«То қачон дилларидан қўрқув кетказилгач улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди», деб (савол қилишиб), «Ҳақни (айтди), У юксак ва буюк зотдир», дейишиб (жавоб қилурлар).» (Сабаъ: 23).

Жаннат аҳллари ҳақида Аллоҳ таоло деди:

«Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар): «(Аллоҳ йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу охират диёри нақадар яхши!» (Раъд: 23, 24).

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар Аллоҳ таоло бирор бандани яхши кўриб қолса, Жибрийлга нидо қилиб: «Аллоҳ фалон бандани яхши кўрди. Сен ҳам уни яхши кўр!»- деб айтади. Жибрийл у бандани яхши кўриб, само аҳлига қарата: «Аллоҳ фалон бандани яхши кўрди. Сизлар ҳам уни яхши кўринглар!»- деб нидо қилади. Само аҳли ҳам уни яхши кўради. Сўнгра, у банда учун Ерда мақбуллик берилади (яъни ҳамма уни яхши кўради)».

Шу китобда яна Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума куни фаришталар масжиднинг барча эшиклари олдида, келаётган намозхонларни тартиб билан ёзиб турадилар. Имом (минбарга) ўтиргач сахифаларни ёпиб, хутбани эшитиш учун келадилар».

Ушбу хабарлар фаришталарнинг баъзи калтафаҳмлар ўйлаганидек, маънавий кучлар эмас, балки, жисмоний махлуқлар эканини очиқ кўрсатиб турибди. Мусулмонлар шу хабарларга биноан ижмоъ қилганлар.


Китобларга иймон келтириш

Китоблар – ёзилган таълимотлар мажмуъасидир. Бу ерда «китоблар» сўзидан Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбарлари воситаси билан дунё ва охират бахт-саодатларига эришишлари учун бандаларига раҳмат ва ҳидоят қилиб туширган китоблари назарда тутилган.

Китобларга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади.

Биринчи: китобларни Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳақиқат деб ишониш.

Иккинчи: номи маълум бўлган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга туширилган Қуръон Карим, Ийсо алайҳиссаломга туширилган Инжил, Мусо алайҳиссаломга туширилган Таврот ва Довуд алайҳиссаломга туширилган Забур сингари китобларга номлари билан иймон келтириш. Номлари билдирилмаган китобларга эса, умумий тарзда иймон келтириш.

Учинчи: улардаги ишончли хабарларни тасдиқлаш. Масалан: Қуръондаги ҳамда ўтмиш китоблардаги ўзгартирилмаган ва алиштирилмаган хабарлар.

Тўртинчи: бекор қилинмаган ҳукмларга амал қилиш. У ҳукмларга ҳикматини билайлик ёки билмайлик, рози бўлиш ва итоат этиш.

Аввалги китобларнинг барчаси Қуръон Карим ҳукмлари билан бекор бўлди. Аллоҳ таоло деди:

«Сизга эса (Эй Муҳаммад) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик.» (Моида: 48).

Шунинг учун ҳам, ўтмиш китоблар ичидаги ишончли ва Қуръон таъкидлаган ҳукмлардан бошқасига амал қилиш жоиз эмас.

Китобларга иймон келтириш қуйидаги катта самараларни беради:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган эътиборини билиш. Зеро, Аллоҳ таоло барча халқларга тўғри йўлни кўрсатадиган Китобни туширди.

Иккинчиси: Аллоҳ таолонинг Ўз шариатидаги ҳикматларини билиш. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир халқнинг ўз аҳволига муносиб шариатни юборди.

Аллоҳ таоло деди:

«Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик.» (Моида: 48).

Учинчиси: Аллоҳ таолонинг бу неъматларига шукроналар келтириш.


Пайғамбарларга иймон келтириш

«Русул» (расуллар) – юборилган, яъни бир нарсани етказиш учун жўнатилган элчининг кўплик сонидир. Бу ерда зикр қилинган «русул» сўзидан мақсад, шариат ваҳий қилиниб, уни етказишга буюрилган инсон – пайғамбарлардир.

Расулларнинг энг аввалгиси Нуҳ ва охиргиси Муҳаммад алайҳимус солату вас саломдирлар.

Аллоҳ таоло деди:

«Биз сизга Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, ваҳий қилдик» (Нисо: 163).

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Анас ибн Молик разияллоҳу анху ривоят қилган шафоат ҳақидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар шафоат (ҳомийлик) сўраб Одам алайҳис-солату вассалом олдига келадилар. У улардан узр сўраб: «Сизлар Аллоҳ таоло биринчи расул (пайғамбар) қилиб юборган Нуҳнинг олдига боринглар!»- дейди».

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида шундай деди:

«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизларнинг эр кишиларингизнинг биронтасининг отаси эмас. Балки, у, Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир». (Аҳзоб: 40)

Аллоҳ таоло ҳар бир халқ ичида мустақил шариат билан ёки ўзидан аввалги пайғамбар олиб келган шариатни янгилаш учун пайғамбар юборган.

Аллоҳ таоло деди:

«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. » (Наҳл: 36);

«(Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огохлантирувчи — пайғамбар ўтгандир. » (Фотир: 24);

«Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. Аллоҳга бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар » (Моида: 44).

Пайғамбарлар – рубубият ва улуҳият сифатлари бўлмаган махлуқ – инсондирлар.

Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг саййиди ва ўзининг ҳузурида энг обрўлиси бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида шундай дейди:

«Айтинг: «Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар берувчиман, холос». (Аъроф: 188);

«(Эй Муҳаммад), айтинг: «Албатта мен сизларга на бир зиён ва на бир тўғри йўл беришга эга эмасдирман, (тўғри йўлга солувчи ҳам, зиён етказа олувчи ҳам ёлғиз Аллоҳдир)». Айтинг: «Албатта мени Аллоҳ(нинг азоби)дан (агар У зотга осийлик қилсам) бирон кимса ҳимоя қила олмас ва мен У зотдан ўзга паноҳгоҳ ҳам топа олмасман.» (Жин: 21, 22).

Пайғамбарларнинг касал бўлиш, ейиш ва ичишга муҳтож бўлиш, ўлиш ва бундан бошқа барча башарий хусусиятлари бордир. Иброҳим алайҳис-солату вас-салом ўз Раббини қандай сифатлаганини Аллоҳ таоло шундай баён қилади:

«Унинг Ўзигина мени тўйдиради ва қондиради.

Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо беради. У мени ўлдиради, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтиради.» (Шуаро: 79 – 81).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен ҳам сизлар каби инсонман. Сизлар унутганингиздек унутаман, агар унутсам, эслатиб кўйинглар!».

Аллоҳ таоло пайғамбарларни: «Бандачиликни тўла қилиб адо этадилар» - деб сифатлади. Пайғамбарларни мақташлик асносида Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳис-солату вассалом ҳақида: «У Аллоҳга шукр қилувчи банда эди» - деди (Исро: 3).

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида: «Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли - Буюкдир.»- деди (Фурқон: 1).

Аллоҳ таоло Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳимус-солату вассаломлар ҳақида: «(Эй Муҳаммад), сиз Бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг! Дарҳақиқат Биз уларни бир тоза (хислат — мудом охират) диёрини эслаш (хислати) билан холис қилдик — покладик. Ҳақиқатан улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир.» - деди (Сод: 45, 47).

Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марям алайҳимас-солату вассалом ҳақида: «У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) Бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик.»- деди (Зухруф: 59).

Пайғамбарларга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади:

Биринчи: улар ҳақиқатда Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарлар эканига иймон келтириш. Улардан биронтасининг пайғамбарлигига кофир бўлган кимса, уларнинг барчасига кофир бўлади.

Аллоҳ таоло деди:

«Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди (яъни Нуҳни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам инкор қилдилар).» (Шуаро: 105).

Аллоҳ таоло бу қавмнинг бошқа пайғамбарлар юборилмаган бир даврда Нуҳнинг пайғамбарлигини рад этишларини, барча пайғамбарликни рад этишга тенглади. Шунга биноан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини рад этиб, унга эргашмаган насоролар, Ийсо алайҳис-солату вассаломни рад этган ва унга эргашмаган каззобдирлар. Зеро, Ийсо алайҳис-солату вассалом уларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида башорат берган эди. Башоратнинг маъноси эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло насороларни залолатдан қутқариш ва тўғри йўлга ҳидоятлаши учун сабаб қилган пайғамбар эканидир.

Иккинчи: исмлари маълум бўлган пайғамбарларга номлари билан иймон келтириш. Масалан: Муҳаммад, Иброҳим, Ийсо, Мусо ва Нуҳ алайҳимус-солату вассалом. Бу беш пайғамбарга «улул-азм» (матонат эгалари) деб аталади.

Аллоҳ таоло уларни Қуръон Каримнинг икки: «Аҳзоб» ва «Шуаро» сураларида ёд қилди:

«Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан сиздан) Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо ибни Марямдан аҳду паймонларини олгандик. У ростгўйлардан (қиёмат кунида) ростгўйликлари хақида сўраш учун улардан пухта аҳду паймон қилдик» (Аҳзоб: 7);

«(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани — шариат — (қонун) қилди, — «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!»» (Шуро: 13).

Аммо исми биз учун номаълум бўлган пайғамбарларнинг барчасига, умумий тарзда иймон келтирамиз.

Аллоҳ таоло деди:

«Аниқки, Биз сиздан илгари (кўп) пайғамбарлар юборгандирмиз. Улардан Биз сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир.» (Ғофир: 78).

Учинчи: пайғамбарлардан ривоят қилинган саҳиҳ- ишончли хабарларни тасдиқлаш.

Тўртинчи: шу пайғамбарлар ичидан юборилган сўнгги пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга амал қилиш.

Аллоҳ таоло:

«Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар.» (Нисо: 65).

Пайғамбарларга иймон келтиришнинг улкан самаралари бор:

Биринчи: Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳмати ва иноятини билиш.

Чунки У, бандаларига Ўзининг йўлини кўрсатишлари ва Ўзига ибодат қилиш йўлларини баён қилишлари учун Ўз пайғамбарларини юборди. Зеро, ақл ўзидан ўзи буни ҳеч ҳам била олмайди.

Иккинчи: Аллоҳ таолонинг бу буюк неъматига шукроналар келтириш.

Учинчи: пайғамбарларни яхши кўриш ва уларни лойиқ бўлган суратда улуғлаш ва мақтов айтиш. Чунки улар Аллоҳ таолога ибодат қилдилар. Унинг ваҳийсини етказдилар ва бандаларига насиҳат қилдилар.

«Пайғамбарлар инсон наслидан эмас»- деб гумон қилган ўжар кимсалар, ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқардилар. Аллоҳ таоло бу гумонни эслатиб, унинг асоссиз эканини баён қилди:

«Одамларга ҳидоят келган пайтида, фақат: «Аллоҳ фаришталарни эмас, балки) одамзодни пайғамбар қилиб юборибдими?!» деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди. Айтинг: «Агар бу — Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта Биз, (яъни, Аллоҳ) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик» (Исро: 94, 95).

Аллоҳ таоло бу гумонни, модомики, Ер аҳли инсон экан, инсон элчи юборилишини, агар Ер аҳли фаришта бўлса, Осмондан фаришта элчи юборишини уқтириб, пучга чиқарди. Шунингдек, Аллоҳ таоло пайғамбарларни рад этган кишиларнинг қуйидаги сўзларни айтганларини ҳикоя қилди:

«Улар дедилар: «Сизлар ҳам ҳудди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (санамларга сиғинишдан) тўсмоқчисизлар, холос. Бас, (агар чин пайғамбар бўлсангизлар) бизга аниқ бир ҳужжат далил келтиринглар-чи?!» Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам ҳудди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур. Биз сиз­ларга бирон ҳужжат келтира олмаймиз, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтиришимиз мумкин).» (Иброҳим: 10, 11).