асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ислом келмоқда!4894 марта кўрилган Муаллиф: Шайх Муҳаммад Ҳассон Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. "Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!" (Оли Имрон: 102). "Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббиингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир" (Нисо: 1). "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди" (Аҳзоб: 70, 71). Сўнг ... Сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса – бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир. Аллоҳ йўлидаги дўстларим!Севимли Ислом Умматимиз бошидан ўтказаётган ушбу оғир даврларда, сизлар билан ушбу муборакли кунда учрашиб турар эканман, хутбамни "Ислом келмоқда!" деб номладим ва унда асосан қуйидаги моддалар атрофида сўз юритмоқчиман: Биринчи: "Аламли аччиқ воқелик". Иккинчи: "Бироқ, Ислом келмоқда!". Учинчи: "Ижроси вожиб бўлган амалий дастур". Аллоҳ таолодан Исломнинг ғалабаси ва муваҳҳидларнинг иззати билан бизни қувонтиришини, мўъминлар қалбига сурур бахш этишини сўрайман. У бунинг эгаси ва У барча нарсага қодирдир. Биринчи: Аламли аччиқ воқеликАзиз дўстлар! Маълумки, бу азиз Уммат ўзининг узоқ тарихи мобайнида муртадлар келтириб чиқарган, ваҳший мўғул-татарлар ҳужуми ва шафқатсиз салбчилар юриши оқибатида келган ва бундан бошқа турли муаммо ва мусибатларни бошидан кечирган бўлса-да, содиқ иймон, Аллоҳга бўлган мутлақ ишонч ва Ислом дини билан ғурурланиш каби ғалаба асосларига эга эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Унга ғалаба, иззат ва ҳукмронликни битган эди. Бироқ Умматнинг ҳозирги воқелиги аламли ва аччиқ воқеликдир. Уммат бу воқелик ичида Роббисининг дастури ва пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидан четлашгани боис ғалаба асосларини қўлдан бой берди, натижада порлоқ дастуримиз билан аламли аччиқ воқелигимиз ўртасида улкан айрилиқ вужудга келди. Мусулмонлар ҳаёти эътиқодий, тааббудий (ибодат), ахлоқий, фикрий жиҳатлардан ва ҳатто руҳий тарафдан бузилди. Шунинг учун ҳам Ислом Уммати, ўзгармас Раббоний қонунга мувофиқ, аламли аччиқ воқеликни яшамоқда. Бу қонун ҳеч кимни аяб ўтирмайди, ҳатто риоя қилинишга асоси бўлган одамларга ҳам риоя қилмайди! Бас, Уммат Раббоний қонунга мувофиқгина ўз иззати ва обрўсига эришиши мумкин. Акс ҳолда, закийларнинг заковати-ю даҳоларнинг уринишлари, ҳеч бири фойда бермайди. Аллоҳ таоло айтади: "Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас" (Раъд: 11). Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, мусулмонлар ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ўзгаришларга йўл қўйишди: ошни тошга, гулни кулга, хушбўйни бадбўйга алиштириб юборишди. Бечора уммат Аллоҳ ва Расулининг шариатини ҳаётдан узоқлаштиргач, гоҳо худосиз Шарқ, гоҳида кофир Ғарб ортидан тилини осилтирганча чопаркан: "Нажот қайиғига миндим!"- деб ўйлади. Бироқ, ғарқ бўлди, очиқроғи ғарқ қилинди ва ҳалокат сари қадам қўйди. Бу Уммат янгитдан ўз иззат ва шарафининг таянчи, боқийлиги ва борлиғининг манбаи бўлган асос – Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатларига қайтмагунича ўз етакчилиги ва ҳукмронлигини асло қўлга ололмайди. Азиз ёшлар! Йўлдан четланишлари оқибатида мусулмонлар Ер юзидаги барча халқлар кўз тиккан "ов"га айландилар. Ўз ҳоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари уларнинг бугунги ҳолатларига муносиб келади. Имом Аҳмад ва Абу Довуд раҳимаҳумаллоҳлар Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Халқлар яқин кунларда сизларга очкўз товоғига кўз тикканидек кўз тикадилар!"- дедилар. Саҳобалардан бири: "У кунларда бизнинг сонимиз оз бўладими?!"- деб савол берганида: "Аксинча, сонингиз кўп бўлади. Бироқ, (сонингиз) селлар оқизиб келган нарсалар каби (қийматсиз) бўлади. Аллоҳ таоло душманларинигиз қалбидан сиздан қўрқишни олиб ташлайди ва қалбларингизга заифликни солиб қўяди!"- дедилар. "Заифлик нима?"- деб берилган саволга эса: "Дунёга бўлган муҳаббат ва ўлимдан қўрқиш"- деб жавоб бердилар". Ҳа, Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, тўғри айтдингиз, ё Расулуллоҳ! Мусулмонлар бугунги кунда қийматсиз, хор бўлиб қолдилар. Олимликдан жоҳилликка, иззатдан хўрликка бурилдилар. Кеча халқларнинг етакчиси бўлиб, уларга йўл кўрсатган бўлсалар, бугун инсоният карвонининг ортки қаторида қолдилар. "Инсоний фикр" дастурхони устида тиланчилик қилмоқдалар! Кеча ҳалокатли олов пуркаётган жазирама саҳроларда йўл тополмай тентираган инсонларга зиё таратувчи маёқ бўлган мусулмонлар, бугун ўз йўлида ҳам юра олмай қолдилар. Балки, кеча тажрибали инсонларгина олиб чиқиши мумкин бўлган чексиз-чегарасиз, хатарларга тўла саҳроларда йўлбошчи-сарбон бўлган мусулмонлар, бугун ўз йўлларини йўқотиб қўйдилар!! Ҳолбуки, улар – Аллоҳ таоло Қуръон Каримда мақтаган энг яхши УММАТ эдилар: "Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз!" (Оли Имрон: 110). Наҳотки, бу – Аллоҳ таоло мўътадиллик билан сифатлаган ўша Уммат бўлса?! "Шунингдек, Биз сизларни мўътадил-ўрта уммат қилдик! (Бақара: 143). Наҳотки, бу – Аллоҳ таоло бирдамликка ва Аллоҳнинг арқонига маҳкам боғланишга амр этган ўша уммат бўлса?! "Ҳаммангиз Аллоҳнинг арқонига маҳкам боғланингиз ва тарқоқ бўлмангиз!" (Оли Имрон: 103); "Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир" (Оли Имрон: 105). Бир давлат эмас, балким бутун УММАТ ҳаётига назар ташлаган одам у бошидан кечираётган хорлик ва хўрликка маҳкум бўлган аламли аччиқ воқеликни очиқ-ойдин кўра олади. Муҳтарам дўстлар! Тўғри, Уммат узоқ замонлардан бери чуқур уйқуда. У касалликка чалинди ва касаллиги зўрайди. Жаҳолат ботқоғига ботиб, ўзи ҳам, раҳбарлари ҳам адашди. Анчагина ортга кетиб қолди. Бироқ, шундай бўлса-да, у Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи билан, ўлиб йўқ бўлиб кетмади. Ва иншааллоҳ, ўз ҳавойи-ҳоҳишлари билан гапирмайдиган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваъдаларига биноан, ўлмайди ҳам! Чунки, Аллоҳ тарафидан нусрат бериладиган тоифа аҳллари бу УММАТ ичида ҳар замон ва ҳар маконда мудом бордирлар. Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар "Саҳиҳ" китобларида Муовия розияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирганлар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Умматим ичида бир тоифаси Аллоҳнинг амрларини давомий ушлаб қолади. Уларни ёрдамсиз ташлаб қўйганлар ёки мухолиф бўлганлар уларга зарар етказа олмайдилар. Ҳатто, Аллоҳнинг амри (яъни ўлим) уларга одамлар устидан ғолиб бўлган ҳолларида келади". Қудратли, Буюк Аллоҳ таолодан барчаларимизни Аллоҳнинг дини учун яшайдиган ва унинг ғолиб бўлишини орзу қиладиган ҳамда Аллоҳ тарафидан мададланган тоифадан қилишини сўрайман. Иккинчи: "Бироқ, Ислом келмоқда!"Ҳа, Ислом келмоқда... Мушрик, мунофиқ ва жиноятчиларнинг хоҳламасликларига қарамай, Ислом келмоқда! Ҳа, Ислом келмоқда! Мен бу гапларимни онгли равишда айтаяпман. Юқорида айтиб ўтилган Уммат бошдан кечираётган аламли аччиқ воқеликни юракдан ҳис қилиб турибман. Шундай бўлса-да, қатъий ишонч билан Ислом келаётганини таъкидламоқчиман. Ахир Аллоҳ таоло Қуръон Каримда: "(Куфрга қарши курашда) сустлашмангиз ва (Ухуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар" демоқда-ку! (Оли Имрон: 139). Яъни, иймон билан бўларкансиз, қайғурманг ва сустлашманг! Чунки, сизлар иймон билан душманларингиздан олий-устундирсиз. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, бугун нафақат бир давлат, балки бутун Умматга нисбатан таҳдидларга гувоҳ бўлсак-да, мен аниқ ишонаманки, Ер юзи фақат ёмонликдангина иборат эмас. Балки, Аллоҳ таоло ушбу ёмонликни ҳам кўп яхшиликларга сабаб қилиб қўя олади. Зеро, Уммат бошига келган қай бир мусибатни олиб қараманг, Аллоҳ таоло уни Исломнинг кучланишига сабаб қилди. Уммат бошига келган ҳар бир синовни сафларни тозалаш, сарани пучакдан ажратишга сабаб қилди. Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айни шу маънони ифода этди: "Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билади" (Анкабут: 2, 3). Уламолар султони имом Изз ибн Абдуссалом балонинг ўн еттита фойдасини санаб ўтган ва буларнинг барчаси синов пайтида келишини таъкидлаган. Шунниг учун ҳам, сиз Уммат бошига келган бу мусибатлардан кейин Ислом йўқ бўлади, мусулмонлар тугайдилар, деб асло ўйламанг. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, ҳеч қачон бундай бўлмайди!! Қарматийлар мусулмонларга қарши ҳатто Каъба ичида ҳам ҳужум қилган ва Аллоҳнинг Байти атрофида тавоф қилаётган кишиларни бўғизлаганди. Малъун ифлос жиноятчи Абу Тоҳир Қарматий Ҳажарул-Асвадни Каъбадан чиқариб, бор овози билан: "Қани Абобил қушлари? Қани Сижжил тошлари?!"- деб бўкирганди!! (Эслатма: Машҳур "Фил" ҳодисасида ҳабаш Абраҳа лашкарлари Каъбани бузиш учун саф тортиб келганида, Маккаликлар атрофдаги тоққа чиқиб кетишган, Каъба ҳимоясини Аллоҳ таолога топширишган ва Аллоҳ таоло босқинчи душманларга қарши тумшуқларида сижжил тошлари билан учиб келган абобил қушларини юборган эди. Бу қушлар ташлаган сижжил тошлари теккан ҳар бир одамни тилка-пора қилган эди. Мутаржим изоҳи). Бу фитна одамлар қалбига қанчалар таъсир қилгани ҳақида ўйлаб кўринг. Ҳажарул-Асвад йигирма йилдан кўпроқ Каъбадан узоқда қолди. Бироқ, охир-оқибат Аллоҳ таоло Ҳажарул-Асвадни ўз ўрнига, мусулмонларни эса ўз динларига қайтарди. Сизга маълум бўлганидек, Ислом Қарматийлар гуруҳи устидан ғалаба қозонди. Энди яна бир мусибатни эсга олинг: Ваҳший мўғул-татарлар Бағдод шаҳрига ҳужум қилиб, қирқ кун давомида мусулмонларни қиличдан ўтказдилар. Бағдод кўчалари қон дарёсига айланди. Шунчалар мусибатдан сўнг Аллоҳ таоло мусулмонларни Ислом динига қайтариб, мухлис, садоқатли мусулмонлар қўлида салбчилар ва мўғул-татарларнинг кулини кўкка совурди! Ахир У: "(Куфрга қарши курашда) сустлашмангиз ва (Ухуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар" (Оли Имрон: 139)- деб айтмаганмиди?! Эй Ислом уммати, биз иймонни рўёбга чиқармоқчимиз! Сиз ҳозиргина айтилган оят ҳақида бир тафаккур қилиб кўринг: "Иймон билан сустлашманг ва иймон билан устивор бўлиб, қайғуга ботманг!". Демак, Аллоҳ таолога бўлган садоқатли ва ихлосли иймонни рўёбга чиқариш зарур! Сиз мен билан бирга Аллоҳ таолонинг: "Улар Аллоҳнинг нурини (яъни Исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни динини) тўла (яъни ҳар тарафга) ёйгувчидир. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир" (Саф сураси: 8, 9) ва "Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хохламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир" (Тавба: 32, 33) оятлари ҳақида фикр юритиб кўринг! Жиноятчи ва фожир кофирлар Аллоҳнинг динини сўндирмоқчи бўлаяптилар! Йўқ, Аллоҳ ўз нурини камолига етказишни истайди. Мен бу кураш икки тенг кучлар ўртасидаги кураш эмаслигига қатъий ишонаман. Чунки бу кураш – Қудратли ва Ғолиб Аллоҳ билан фожир кофирлар ўртасидаги курашдир! Ҳа, бу тенгсиз курашдир! Ким ғолиб бўлади деб ўйлайсиз?! |