асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
08.2 Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилган ва бу зиёратидан фақатгина Аллоҳ розилигини истаган кишининг фазли ҳақида4130 марта кўрилган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса бир нидо қилувчи (фаришта) унга: «Хушбахт бўлдинг, қадамингга ҳасанотлар бўлди ва жаннатдан ўзингга бир ўринни ҳозирладинг», деб нидо қилади (Термизий, Ибн Можа ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 6387). Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмон киши бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кечгача унга етмиш минг фаришта салавот айтиб туради, агар оқшом пайти кўргани борса, то тонггача унга етмиш минг фаришта салавот айтиб туради ва жаннатдаги бир хурмозор боғ унга бўлади» (Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5767). Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким касал кўргани борса, раҳматга шўнғийди, қачонки (унинг олдига кириб) ўтирса, раҳмат ичра ўрнашади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 407). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши бошқа шаҳарда яшайдиган бир биродарининг зиёратига отланди. Аллоҳ таоло унинг йўлига бир фариштани жўнатди. Ҳалиги одам фариштанинг ёнига етиб келгач, фаришта ундан: «Қаерга кетяпсиз?», деб сўради. «Шу шаҳарда бир биродарим бор, уни зиёрат қилгани кетяпман», деди. «Унда сизнинг бирон ундириб оладиган ҳаққингиз борми?», деди фаришта. «Йўқ, мен уни фақат Аллоҳ учун яхши кўраман», деди. Шунда у: «Мен сизга Аллоҳ жўнатган элчиман, сиз биродарингизни Аллоҳ учун яхши кўрганингиз учун сизни хам Аллоҳ яхши кўрди», деди (Муслим ривояти). Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон киши мусулмон биродарини кўргани борса, то қайтиб келгунига қадар жаннатнинг хурфаси ичида бўлади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, жаннатнинг хурфаси нима?», деб сўралди. «Пишган мевалари», деб жавоб бердилар (Муслим ривояти). Мусулмон киши мусулмон биродарини яхши кўрсаМиқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар сизлардан бирингиз биродарини яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин» (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-адабил-муфрад: 421). Бир ривоятда: «Бир киши биродарини яхши кўрса, яхши кўришидан уни бохабар қилсин» (Термизий, Абу Довуд ривояти, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4273). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан бир киши ўтиб қолди. Шунда у зот ҳузурида бўлган кишилардан бирлари: «Мен шу одамни Аллоҳ учун яхши кўраман», деди. «Ўзига буни айтганмисиз?», деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У: «Йўқ», деди. «Боринг, айтиб қўйинг», дедилар. У киши ҳалиги одамга бориб айтган эди, у: «Мени ким учун яхши кўрсангиз, Ўша зот сизни яхши кўрсин», деди. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига қайтиб, унинг сўзларини айтиб берди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз яхши кўрганингиз билан бирга бўласиз ва сизга ўзингиз талаб қилган ажр бўлади», дедилар (Абдурраззоқ ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3253). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки киши бир-бирини яхши кўрса, уларнинг афзалроғи дўстига муҳаббати кучлироғидир» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 423). Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: «Икки киши бир-бирини Аллоҳ учун ғойибона яхши кўрса, уларнинг Аллоҳга суюмлироғи дўстига муҳаббати кучлироғидир» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3273). Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Банда бир бандани Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ азза ва жалла уни албатта азиз-мукаррам қилади (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1256). Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтади: «Агар бир биродарни яхши кўрсанг, у билан талашиб-тортишма, унга кўп хиралик қилма[1], у ҳақда кўп сўраб-суриштирмаки, душманига тўғри келиб қолсанг, сенга у ҳақда бўлмағур гапларни гапириб, ўртангизни ажратиб юбориши мумкин» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 424). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Сизлардан бирингиз биродарининг кўзидаги қилни кўради, бироқ ўзининг кўзидаги ходани ҳам кўрмайди!» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 460). Мусулмонларнинг бир-бирларига нисбатан муҳаббатларини зиёда қиладиган ва
кучайтирадиган ишларСаломни ёйиш:Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, то мусулмон бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча мусулмон бўла олмайсизлар. Саломни ёйинглар, бир-бирингизга муҳаббатли бўласизлар. Нафрат-адоватдан сақланинглар, чунки у қирувчидир. Сочни қиради, демайман, балки динни қиради» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 197). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Иймон эгаси бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Сизларни бир-бирингизга муҳаббатли бўлишингизга сабаб бўладиган ишга йўллаб қўяйинми? Ўрталарингизда саломни ёйинглар (Муслим ривояти). Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларнинг Аллоҳга яқинроғи биринчи бўлиб салом берувчиларидир» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2703). Термизий ривоятида: «Ё Расулуллоҳ, икки киши учрашганда қайси бири биринчи бўлиб салом беради?», деб сўралди. «Аллоҳга яқинроғи», деб жавоб бердилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз бир биродари билан кўришганда унга салом берсин. Агар ўрталарини бирор дарахт ё девор ё харсанг тўсиб қолиб, сўнг рўпара келсалар, яна салом берсин» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4332). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эканимизда ўртамизни бирор дарахт ажратса, учрашганимизда бир-биримизга салом берар эдик (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2706). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ислом амалларидан энг яхшиси қайси?», деб сўради. «Таом едирасан, таниган ва танимаган кишиларингга салом берасан», дедилар (Муслим ривояти). Ағар – Музайналик Ағар – розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлардан бир кишида бўлган хурмодан менга бир жариб (150 килога яқин) беришга буюрдилар. У беришни пайсалга солган эди, мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдим. Шунда у зот: «Эй Абу Бакр, сиз бориб, унга хурмосини олиб беринг», дедилар. Абу Бакр билан бомдод намозидан сўнг масжидда кўришишга ваъдалашдик. Мен уни ваъдалашган жойда топдим. Сўнг бирга кетдик. Абу Бакрни узоқдан кўрган одам унга салом берарди. Шунда Абу Бакр: «Кўрдингизми, қавм (сизга биринчи бўлиб салом бериш билан қанчалик) сиздан афзалликка эришаяпти. Бирон киши салом беришда сиздан ўзиб кетмасин», деди. Шундан сўнг узоқдан бирон киши кўринса, биз ундан аввалроқ салом беришга шошилардик (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2702). Бушайр ибн Ясордан ривоят қилинади: «Ҳеч ким Ибн Умарга биринчи бўлиб салом беришга улгурмас эди» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 753). Туфайл ибн Убай ибн Каъб айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдига келар ва иккаламиз бозорга борар эдик. Бозорга етиб келгач, Абдуллоҳ ибн Умар қорин, калла-поча сотадиган камбағал борми, савдолашаётган одам борми, мискин борми, кимнинг олдидан ўтса, албатта салом берар эди. Бир куни Абдуллоҳ ибн Умарникига келсам, у мени яна бозорга етаклади. Шунда мен унга: «Бозорда нима қиласиз, сиз ўзингиз бирон савдо устида турмасангиз, нарх-навони сўрамасангиз, савдолашмасангиз, бозорчилар билан ўтирмасангиз? Ундан кўра шу ерда гаплашиб ўтирайлик», деган эдим, Абдуллоҳ: «Эй қоринбой, – Туфайл қориндор одам эди – биз фақат салом учун борамиз, учраган одамга салом берамиз», деди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 770). Қўл бериб кўришиш:Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Иккита мусулмон бир-бири билан учрашиб, қўл бериб кўришишар экан, ажралмасларидан туриб гуноҳлари мағфират қилинади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4343). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон киши мусулмон биродари билан учашганида унинг қўлини олиб кўришса, икковининг ҳам гуноҳлари бармоқлари орасидан худди қиш (куз)да дарахт барглари тўкилгани каби тўкилади» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2004). Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: «Саломлашув биродаринг билан қўл бериб кўришишинг билан мукаммал бўлади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 745). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биров билан кўришсалар, то у ўзи қўлини олмагунича қўлларини тортиб олмас эдилар (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2485). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бир-бирлари билан учрашганда қўл бериб кўришишар, сафардан келганларида қучоқлашиб кўришар эдилар (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2647). Ўзаро ҳадялар бериш:Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир-бирингизга ҳадя берингиз, ўзаро муҳаббатингиз ортади», дедилар (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 462). Анас розияллоҳу анҳу дедилар: «Эй болаларим, бир-бирингизга саховат қилинг, ўрталарингизда муҳаббат ҳосил бўлади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 463). Ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар: «Бизга шундай замонлар келган эдики, бир киши ўзининг динори ва дирҳамига мусулмон биродаридан кўра ҳақлироқ саналмасди. Эндиликда бизлардан биримизга динор ва дирҳам мусулмон биродаридан кўра суюмлироқ бўлиб қолди»[2] (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 81). Мусулмон биродарига ғойибона дуо қилиш:Уммуд-Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтардилар: «Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси ижобат қилинувчидир, унинг боши устида бир фаришта туради, қачон биродарига яхшилик тилаб дуо қилса, фаришта: «Омийн, сенга ҳам ўшанча бўлсин», дейди (Муслим ривояти). Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ йўлидаги биродарнинг дуоси ижобат қилинади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 486). Мусулмон биродар юзига табассум билан боқиш ва унга очиқ юз билан юзланиш:Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биродаринг юзига табассум билан боқишинг садақа, амри маъруф ва наҳий мункар қилишинг садақа, адашиб қолган кишини йўлга солиб қўйишинг сен учун садақа, йўлдан ахлат, тикан ва суякни олиб ташлашинг сен учун садақа, челагингдан биродаринг челагига сув қуйиб беришинг сен учун садақа» (Термизий ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2685). Абу Журай Ҳужаймий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Раcулуллоҳ биз cаҳро аҳлиданмиз, бизга шундай нарcани ўргатингки, Аллоҳ бизни у билан фойдалантирcин!», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Яхшиликдан бирор нарcани ҳам арзимаc cанамагин, ҳатто (қудуққа) cув олгани келган одамнинг идишига челагингдаги cувни қуйиб беришинг ҳам, биродарингга очиқ юз билан боқиб сўзлашинг ҳам (яхшиликдир)...» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2687). Насоий ва Аҳмад ривоятида: «Яхшиликдан бирон нарсани қилишни арзимас санама, ҳатто бировга (бир бўлак) арқон совға қилиш бўлса ҳам, (қудуққа) cув олгани келган одамнинг идишига челагингдан cув қуйиб бериш бўлса ҳам, мусулмон биродарингга очиқ юз билан учрашиш бўлса ҳам, ҳафа одамни кўнглини ёзиш бўлса ҳам, оёқ кийимнинг ипини ҳадя қилиш бўлса ҳам». Биродарлар зиёратида ўртача бўлиш, малоллантириш даражасида кўп бормаслик ва узилиб кетиш даражасида кам бормаслик:Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ора-сира зиёрат қилиб тур, муҳаббатинг ортади» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2583). Биродарини Аллоҳ учун яхши кўришини билдириб қўйиши:Алий ибн Ҳусайндан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Сизлардан бирингиз биродарини Аллоҳ учун яхши кўрса, унга буни билдирсин. Зеро, бу дўстликнинг яхшиланишига ва муҳаббатнинг сақланиб қолишига сабабдир» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1199). Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўрганларга Аллоҳ таоло ҳузуридаги мукофотларАбу Муслимдан ривоят қилинади: Мен Муозга: «Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман, бироқ бу сиздан мол-дунё умид қилганимдан ё ўртамизда қариндошлик борлиги учун эмас», дедим. «Унда нима учун?», деб сўради. «Аллоҳ учун», дедим. У белбоғимдан тортиб туриб деди: «Агар рост айтаётган бўлсанг, хурсанд бўлавер. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўрган кишилар Унинг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда аршнинг соясида бўладилар, уларнинг мартабасига пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳавас қиладилар», деганларини эшитганман». Убода ибн Сомит билан кўришиб, унга Муоз айтган ҳадисни айтган эдим, у деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббиларидан ривоят қилиб шундай деганларини эшитганман: «Мен учун бир-бирларини яхши кўрганларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди. Мен учун бир-бирларига насиҳат қилувчиларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди. Мен учун бир-бирларига инфоқ-эҳсон қилганларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди. Улар нурдан бўлган минбарларда бўладилар, пайғамбарлар, шаҳидлар ва сиддиқлар уларга ҳавас қиладилар» (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 3019). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг аршнинг ўнг томонида ўтирувчи хос кишилари бўлади – Аллоҳнинг ҳар икки қўли ўнгдир-баракотлидир – улар нурдан бўлган минбарларда ўтирадилар, чеҳралари нуроний бўлади, улар на пайғамбарлар, на шаҳидлар ва на сиддиқлардир». «Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?», деб сўралди. «Улар Аллоҳ таборака ва таоло учун бир-бирини яхши кўрган кишилардир», деб жавоб бердилар (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 9022). Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни юзларида нур бўлган кишиларни чиқаради, улар гавҳардан бўлган минбарларда бўладилар, ҳамма уларга ҳавас қилади, улар на пайғамбарлар ва на шаҳидлардир». Шунда бир аъробий тиззалаб туриб: «Ё Расулуллоҳ, уларни бизга баён қилиб беринг, таниб олайлик», деди. «Улар турли қабилалардан, турли диёрлардандир, Аллоҳнинг зикри устида жамланадилар», дедилар (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 3025). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг шундай бандалари борки, улар на пайғамбарлар ва на шаҳидлардир, қиёмат куни пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам уларга Аллоҳ таолога яқинликлари ва У зотга яқин ўринлари туфайли ҳавас қиладилар», дедилар. Шунда бир аъробий тиззалаб турган ҳолда: «Ё Расулуллоҳ, уларни бизга сифатлаб, очиқлаб беринг», деди. «Улар таниқли бўлмаган одамлар, ўзлари турли-туман қабилалардан, Аллоҳ йўлида дўстлашишган ва бир-бирига муҳаббат қўйишган. Аллоҳ таоло қиёмат куни уларга нурдан бўлган минбарлар ўрнатади, ҳамма одамлар қўрқувда бўлганда улар қўрқишмайди, улар Аллоҳ азза ва жалланинг дўстларидир, «уларга хавфу-хатар йўқдир ва ғамгин ҳам бўлмайдилар»», дедилар (Ҳоким «Мустадрак»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3464). |