Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

18.3 Молнинг мулкдор зиммасидаги ҳақлари

2783 марта кўрилган

Пул-мол шаръий ва ҳалол йўл билан топилган бўлиши, эгаси ҳаром-ҳариш ва шубҳа ўринларидан узоқ бўлиши ҳам молнинг ўз эгаси зиммасидаги ҳақларидан

Аллоҳ таоло айтади:

«Ким Аллоҳдан тақво қилса (қўрқса) У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2,3).

«Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Кимга Парвардигоридан мавъиза насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни Ўзи хоҳласа афв қилар). Ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар (Бақара: 275).

«Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди» (Бақара: 276).

«Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» (Моида: 90).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ҳалол аниқдир, ҳаром ҳам аниқдир. Уларнинг орасида одамларнинг кўплари билмайдиган шубҳали нарсалар бордир[1]. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, динини ва обрўсини сақлабди. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушиб қолади. У гўё қўриқланган ер атрофида чорвасини ўтлатаётган чўпонга ўхшайдики, унинг қўйлари ўша (қўриқ ер) ичига кириб ўтлаб қолиши мумкин. Огоҳ бўлинглар, ҳар бир подшоҳнинг қўриқлари бор. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг ердаги қўриқлари Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхши бўлади, агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларга бир замон келадики, киши молни ҳалолданми, ҳаромданми, қаердан топганига парво қилмай қўяди» (Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Киши билиб туриб ейдиган бир дирҳам рибо Аллоҳ наздида ўттиз олтита зинодан қаттиқроқдир» (Табароний ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1033).

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Судхўрликнинг етмиш икки даражаси бор бўлиб, энг пасти Исломда бўла туриб ўз онасининг номусига тажовуз қилган кабидир» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 153).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бизга хиёнат қилса, у биздан эмас. Макр ва алдов дўзахдадир»[2] (Ибн Ҳиббон, Табароний, Абу Нуъайм ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1058).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ароқфурушликдан, фоҳишалик қилиб пул топишдан ва итфурушликдан қайтардилар, «Агар итнинг (эгаси) пулини сўраб келса, унинг ҳовучини тупроқ билан тўлдир», дедилар (Абу Довуд, Байҳақий, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1303).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч нарса борки, ҳаммаси ҳаром: ҳижома қилиб (қон олиш билан шуғулланиб) пул топиш, фоҳишалик қилиб пул топиш ва ит сотиб пул топиш, ов ити (нинг пули) бундан мустасно» (Дорақутний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2990).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимликни ва унинг пулини ҳаром қилди, ўлимтикни ва унинг пулини ҳаром қилди, тўнғизни ва унинг пулини ҳаром қилди» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2976).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг найчилик (ёки сурнайчилик) касбидан қайтарганларини эшитганман»[3] (Абу Бакр ал-Халлол «Ал-амру бил-маъруф»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3275).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яллачи (чўри)ларни сотманглар ва сотиб олманглар, уларга таълим берманглар, уларни олди-сотди қилишда яхшилик йўқ, уларни сотиб пул қилиш ҳаром, қуйидаги: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир» (Луқмон: 6) ояти шунга ўхшаганлар ҳақида нозил бўлган»[4] (Термизий, Ибн Жарир ат-Табарий тафсирда ва Аҳмад ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2922).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу уммат ичида ер ютиш, тош ёғилиш, (исёнкорларни) тўнғиз ва маймунларга айлантириб қўйилиши (ҳолатлари) содир бўлади, бу эса маст қилувчи ичимликлар ичишган, ўзларига яллачилар олишган ва мусиқа асбоблари чалишган пайтда бўлади» (Ибн Абид-Дунё «Заммул-малоҳий»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2203).

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Менинг умматимдан бўлган одамлар маст қилувчи ичимлик ичадилар, уларнинг бошларида мусиқа асбоблари чалинади, яллачилар (куйлашади), Аллоҳ уларни ерга юттиради, Аллоҳ уларни маймун ва тўнғизларга айлантириб қўяди» (Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2378).

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу умматда ер ютиш, тўнғиз ва маймунларга айлантирилиш, тош ёғилиш бўлади». Мусулмонлардан бири: «Бу қачон бўлади, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Яллачилар, мусиқалар ёйилганда, маст қилувчи ичимликлар ичилганда», дедилар[5] (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2379).

Рофиъ ибн Худайж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қайси касб билан топилган пул-мол энг покиза саналади?» деб сўралганда: «Кишининг ўз қўли билан ишлаб топган пули ва ҳар қандай мабрур (яъни, алдов ва ҳаром аралашмаган) савдодан топилган пул», деб жавоб бердилар (Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 607).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тўрт кимса борки, Аллоҳ азза ва жалла уларни ёмон кўради: кўп қасам ичадиган сотувчи, мутакаббир камбағал, зинокор мўйсафид ва зулмкор раҳбар» (Насоий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 363).

Абдурраҳмон ибн Шибл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тожирлар-савдогарлар фожирлардир», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ савдони ҳалол қилган эмасми?!», деб сўралди. «Тўғри, лекин улар гапирганда ёлғон гапириб ва қасам ичишиб, гуноҳкор бўлишади», дедилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 366).

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ҳузуримизга, Бақиъга келдилар ва: «Эй савдогарлар жамоаси!», дедилар, бошларини кўтариб қарашгач: «Савдогарлар қиёмат куни фожир ҳолларида маҳшарга йиғилишади, фақат тақво қилганлари, ҳалол ва ростгўй бўлганлари бундан мустасно», дедилар (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1458).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий қўй етаклаб ўтиб қолди. Мен ундан: «Қўйингни уч дирҳамга сотасанми?», деб сўрадим. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ», деди, кейин эса (ўша нархга) сотди. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эдим, у зот: «Охиратини дунёси эвазига сотибди», дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 364).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Омонатли, ростгўй мусулмон савдогар қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади» (Ибн Можа, Ибн Абид-дунё «Ислаҳул-мол»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3453).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳарлик бадавий (саҳроий)га (нарса сотишидан ва) нарсасини сотиб беришидан қайтарганлар ва айтардилар: «Савдоларни (яъни, савдо молларини бозордан ташқарида) кутиб олманглар, биров бошқа бировнинг байи устига бай қилмасин»[6] (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1030).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки соъ хурмони бир соъ хурмога, икки соъ буғдойни бир соъ буғдойга, икки дирҳамни бир дирҳамга алмаштириш мумкин эмас[7]» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мусулмонларга нархни қимматлаштириш мақсадида эҳтикор (монополия) қилса, у одам хатокор-гуноҳкордир[8]» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3362).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким битта байда икки байни қилса (олди-сотти қилса), икки байнинг арзонроқ баҳога бай бўлганининг пулини олади ё эса рибо бўлади»[9] (Абу Довуд, Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2326).

Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У ва Умар ибн Хаттоб бир куни садақа ҳақида гаплашиб қолдилар. Шунда Умар: «Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам садақадан (тақсимланишидан аввал) билдирмай (ўғирлаб) олиш ҳақида айтарканлар: «Ким ундан билдирмай туями, қўйми олса, қиёмат куни уни елкасига ортган ҳолда келади» деганларини эшитмаганмисиз?», деди. Абдуллоҳ ибн Унайс: «Ҳа, (эшитганман), деди[10] (Ибн Можа ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2354).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизга омонат қўйган одамга омонатини адо этинг, сизга хиёнат қилган одамга хиёнат қилманг» (Термизий, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 423).

Абул-Хайрдан ривоят қилинади: Маслама ибн Мухаллад розияллоҳу анҳу – у Мисрга амир эди – Рувайфиъ ибн Собит розияллоҳу анҳуга ушрларни йиғиш ишига бош бўлишни таклиф қилганида у: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Солиқ йиғувчи дўзахда» деганларини эшитганман», деди[11] (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3405).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло бир қавмга бир нарсани ейишни ҳаром қилса, уларга унинг пулини ҳам ҳаром қилган»[12] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2978).

Абу Ҳумайд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунё талаб қилишда ўртача бўлинглар, чунки ҳар ким тақдирида ёзилган нарсага эришади» (Ибн Можа, Ибн Аби Осим «Сунна»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 898).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар одамзот ўз ризқидан ҳам худди ўлимдан қочгандек қочганида эди, ризқи ҳам уни худди ўлим қувиб етганидек қувиб етган бўлар эди» (Абу Нуъайм «Ҳиля»да, Ибн Асокир ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 952).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ризқни кечикмоқда деманглар[13], чунки банда ўзининг охирги ризқига етишмагунча ўлмайди. Шундай экан, ризқ талаб қилишда ҳалолни олиб, ҳаромни тарк қилиб, ўртача бўлинглар» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2607).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу динор ва дирҳам сизлардан илгари ўтганларни ҳалок қилди, сизларни ҳам шу иккиси ҳалок қилади»[14] (Абу Муҳаммад ибн Шайбон ал-Адл «Фавоид»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1703).

Исроф қилмай ва қисиб-қимтимай машруъ ва мубоҳ ўринларга сарф қилиниши ҳам молнинг ҳаққидандир

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй Одам болалари, ҳар бир намозни адо этаётганда зийнатланингиз (яъни авратларингизни беркитадиган тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилувчи кимсаларни севмас» (Аъроф: 31).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг! Чунки исроф қилувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир»[15] (Исро: 26,27).

«(Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг, (исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, маломат ва надоматда қолурсиз» (Исро: 29).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилла ва кумуш идишда еб-ичишдан қайтардилар» (Насоий, Байҳақий ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3568).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тилла ва кумуш идишда ичадиган киши қорнига жаҳаннам ўтини симираётган бўлади» (Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3417).

Амр ибн Шуъайб отасидан, у эса бобосидан (Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Исроф қилмай ва кибр аралаштирмай енглар, ичинглар, садақа қилинглар ва кийининглар» (Насоий, Ибн Можа ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2146).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг умматимдан бўлган одамлар кибр ва туғён билан, беҳуда ўйин-кулгилар билан кечани ўтказишади-да, ҳаромни ҳалол санашгани, қўшиқчи аёлларга берилишгани, маст қилувчи ичимлик ичишгани, судхўрлик қилишгани ва ипак либослар кийишгани боис маймун ва тўнғизларга айланган ҳолда тонг оттиришади» (Абдуллоҳ ибн Аҳмад «Завоид»да келтирган, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2377).

Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар «Ноз-неъматлар билан тўқ, анвои хил таомлар ва турли-туман либослар истайдиган, гапни олиб қочадиган (мақтанчоқ) кимсалар умматимнинг энг ёмон кишиларидандир» (Аҳмад «Зуҳд»да, Ибн Абид-Дунё «Ал-жуъ»да ва бошқалар ривояти, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1891).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматим орасида ҳали шундай кишилар бўладики, анвои таомлар ейишади, турли-туман ичимликлар ичишади, хилма-хил кийимлар кийишади, гапни олиб қочишади, улар умматимнинг энг ёмон кишиларидир» (Ибн Абид-Дунё ва Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2147).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оилалари билан кечки таом бўлмаганидан бир неча кечаларни оч ўтказиб юборар, аксарият нонлари арпа (унидан) бўларди»[16] (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2119).

Молни ақлсиз кимсалар[17] қўлига топшириб қўйилмаслиги ва ҳеч қандай назоратсиз, ҳисоб-китобсиз, ўзлари хоҳлагандек тасарруф қилишларига йўл қўйилмаслиги ҳам молнинг ҳаққидан саналади

Аллоҳ таоло айтади: «(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни бериб қўймангиз!» (Нисо: 5).

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши борки, Аллоҳга дуо қилсалар дуолари ижобат қилинмайди: хулқи ёмон хотини бор бўлиб, уни талоқ қилмаган киши; бошқа бир кишида моли бўлиб, унга гувоҳ ҳозир қилмаган киши; молини ақлсиз кимсага берган киши. Аллоҳ таоло айтади: «(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни бериб қўймангиз!» (Нисо: 5). (Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 3075).

Молини ноҳақ тортиб олмоқчи бўлсалар, унинг ҳимояси учун уришиш Аллоҳ йўлида жанг қилиш саналади[18]

Аллоҳ таоло айтади:

«Улар ўзларига зулм етган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир» (Шуро: 39).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, агар биров келиб, молимни тортиб олмоқчи бўлса, нима қилишим керак?», деб сўради. «Молингни унга берма», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Агар у мен билан уришса-чи?», деб сўради. «Сен ҳам уриш», дедилар. «Мени ўлдириб қўйса-чи?», деди. «Сен шаҳид бўласан», дедилар. «Мен уни ўлдирсам-чи?», деди. «У дўзахда бўлади», дедилар (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким молини деб ўлдирилса, у шаҳиддир» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг молига ноҳақ қасд қилинса, шунда уришса ва ўлдирилса, у шаҳиддир» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 1174).

Ибнул-Муборак раҳимаҳуллоҳ айтади: «Моли икки дирҳам бўлса-да уни ҳимоя қилиб жанг қилади-уришади»[19] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2:62).

Уришиш тажовузкорни қайтаришнинг охирги чорасидир

Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Биров келиб, молимни ноҳақ олмоқчи бўлса (нима қиламан?)», деб сўради. «Унга Аллоҳни эслат», дедилар. «Эсламаса-чи?», деди. «Атрофингдаги мусулмонларни ёрдамга чақир», дедилар. «Атрофимда бирорта ҳам мусулмон бўлмаса-чи?», деди. «Султондан ёрдам сўра», дедилар. «Султон мендан юз ўгирса-чи?», деди. «Молингни ҳимоя қилиб уриш, ё охиратда шаҳидлардан бўласан ё эса молингни сақлаб қоласан», дедилар (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 3803).

Аллоҳ таолодан ҳалолдан ато этиб, ҳаромдан асрашини, Ўзининг ҳалоли билан ҳаромидан, Ўзининг фазлу карами билан Ўзидан бошқалардан беҳожат қилишини сўраймиз. У Эшитувчи, Яқин ва Ижобат қилувчи Зотдир.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

* * *

[1] Шубҳали нарсалардан мурод – ҳаромлиги ҳам, ҳалоллиги ҳам очиқ нас (оят-ҳадисдан олинган далил) билан маълум бўлмаган, бир жиҳатдан ҳалол, бошқа жиҳатдан ҳаром бўлиши мумкин бўлган нарсалардир, улар ҳақида фуқаҳоларнинг раъйлари турлича бўлиб, баъзилари ҳалол, баъзилари ҳаром санаган бўлади. Шу каби ҳолатларда киши ўзи билмаган ҳолда ҳаром ва ман қилинган нарсага тушиб қолмаслиги учун тақво ва вараъ (парҳезкорлик) уни бундай шубҳа ўринларидан узоқ бўлишга чақиради.

[2] Бу – макр ва алдов ноўрин бўлган ҳамда хиёнат ва маъсиятга ишлатилган ҳолатларга хосдир. Йўқса, ҳарб-уруш ўзи макрдан иборат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигордан у кишининг фойдаларига макр-тадбир қилишни, зиёнларига қилмасликни сўраганлар.

[3] Бошқа мусиқа асбоблари ортидан тирикчилик қилиш ҳам худди шунга ўхшайди, ҳаммаси най ва сурнай билан бир хил ҳукмдадир.

[4] Ҳадисда айтилган яллачилар қўшиқ айтиб тирикчилик қиладиган, ҳозирда қўшиқчи ва хонанда деб аталадиган кимсалардир. «Уларга таълим берманглар» дегани уларга модомики мазкур сифатда бўлсалар таълим берманглар, токи ўрганган нарсалари билан ботил ва фисқу фужурларига куч-қувват олмасинлар, деганидир. Аммо агар уларга таълим бериш уларни тавбага ва ҳаққа қайтишга ундаса, у ҳолда уларга таълим беришда ёмонлик йўқ, иншо Аллоҳ. Ҳадис қўшиқчиларнинг ва қўшиқчиликнинг нақадар тубан даражада эканини, яъни бу чўриларнинг иши эканини, бу касб билан пул топиш ҳаром эканини очиқ-ойдин баён қилиб қўйган. Бироқ, минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги замонда қўшиқчиларнинг халқ ичида тутган ўрни амалли олимларнинг обрў-эътиборларидан юқори қўйиладиган бўлди, уларга олиму фозилларга кўрсатилмайдиган иззат-икромлар кўрсатиладиган, матбуот ва телевидениеларда бошқаларга берилмайдиган кенг ва асосий ўринлар бериладиган бўлган. Нега ҳам шундай бўлмасин, ахир улар золимлар эътиборида бузғунчилик, фисқу-фасод, халқларни ухлатиш, фитнага солиш ва Аллоҳнинг йўлидан тўсишнинг асосий моддалари-ку!

[5] «Яллачилар ёйилганда» дегани худди ҳозирда бўлгани каби қўшиқчилар кўпайиб, ҳамма ёқни қўшиқчи босиб кетганда, деганидир. Улар золим тоғутларнинг халқларни бузиш, чалғитиш ва ухлатиш учун асосий қуролларидир!

[6] Чунки, бадавий - саҳройи одам нарх-наволарни яхши билмайди, шу сабабли у шаҳарликка сотса ёки шаҳарликдан сотиб олса алданиб қолиши мумкин. Аммо нарх-наволарни яхши биладиган бўлса, зарари йўқ. Шунга ўхшаш, савдогарлар мол олиб келганларни бозорга кирмасидан кутиб олиб, ўша ердаёқ нарсаларини сотиб олсалар улар нархни яхши билмаганлари сабабли алданиб қолишлари ва зарар қилишлари мумкин. Шунинг учун бундай қилишдан қайтарилган, ким шу ишни қилса ҳаромни қилган бўлади.

[7] Яъни, икки соъ паст навли хурмони бир соъ яхши навли хурмога алмаштириш мумкин эмас, агар шундай қилиш зарур бўлса паст навли хурмони сотиб, пулига яхши навли хурмо сотиб олиш керак бўлади. Буғдой ва дирҳам ҳам шундай, чунки аввалда дирҳам ҳар хил бўлган унинг тозаси ва қалбакиси бўлган.

[8] Эҳтикор (монополия қилиш) – одамларнинг эҳтиёжи тушадиган молларни йиғиб олиб, талаб кучайган пайтда қимматроқ нархда сотиш мақсадида бозорга чиқармай ушлаб туришдир.

[9] Бир байда икки бай қилиш дегани – битта нарсани сотаётганда икки нарх айтади: нақдга бунча, насияга мана бунча деб, мисол учун, харидорга: «Бу матонинг нархи нақдга 100, насияга 150 дейди. Харидор ҳам нақдга ё насияга олишини айтмай мубҳам ҳолатда бор-барака қилади, бундай қилиш ҳаром ва рибонинг бир туридир. Шундай қилган ҳолатда сотувчи 100 олиши керак акс ҳолда рибо қилган бўлади.

[10] Омманинг мулкидан ўғирлаб оладиган киши ҳам хоҳ ҳоким бўлсин, хоҳ маҳкум бўлсин, худди шунга ўхшайди.

[11] Яъни, солиқ йиғувчидан мурод - одамлардан ноҳақ солиқ ундиришга ҳаракат қиладиган одамдир.

[12] Ҳадис ўзгармас бир қоидага йўллайди: Нима нарсани ейиш ҳаром қилинган бўлса, уни сотиб, пулини ейиш ҳам ҳаромдир.

[13] Яъни, ризқнинг кечикиши сизларни уни ҳаром йўллар билан талаб қилишга олиб бориб қўймасин, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса Унинг маъсияти билан талаб қилинмайди. Ҳадисда ризқ талаб қилишда ўртача бўлишнинг маъноси ҳалолни олиш ва ҳаромни тарк қилиш экани тушунтириб берилган.

[14] Мол қўлда эмас, қалбда бўлганда ва пул-мол бошқа нарсага восита бўлиш ўрнига, ўзи талаб қилинадиган асосий ғояга айланганда мана шундай бўлади. Акс ҳолда мол-дунё мазаммат қилинмайди.

[15] Исроф эҳтиёждан ортиқча кўп сарфлашдир. Табзир эса молни маъсиятларга совуришдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мубаззирлар (исрофгарлар) ҳақида сўралганда: «Ноҳақ сарф қилувчилар», деб жавоб берган.

[16] Биламан, аслида бу ҳадиснинг ўрни бу ер эмас, зеро мавзу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари ҳақида эмас. Уни бу ерда зикр қилишим сабаби - ўзларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига нисбатлайдиган ҳаддан ошувчи, исрофгар кимсаларга айтмоқчиманки: «Кўзингизни очинг, Аллоҳдан қўрқинг, улуғлик ва шарафга исроф ва табзир орқали эришилади, деб хомхаёл қилманг! Мана, қаранг, халқларнинг саййиди, пешвоси, шараф чўққиси, Аллоҳга энг маҳбуб зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам оилалари билан ейишга таомлари бўлмаганидан тунларни оч ўтказардилар, аксарият ейдиган таомлари арпа нон бўларди. Ҳолбуки, агар истасалар у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун Аллоҳнинг изни билан тоғлар тиллага айлантириб берилиши мумкин эди. Лекин у зот буни ҳам истамадилар, қўлларига тушиб турган мол-дунёни ҳам истамадилар. Балки, дунёдан охиратни устун қўйдилар, қўлларига мол тушиши биланоқ уни фақир мискинларга инфоқ қилиб юборардилар. У зотнинг бу кунларни кўрганлари йўқчиликдан эмасди, балки борини сарф қилиб юборишдан эди. Бунга далиллар тарих китобларида тўла.

[17] Ақлсиз киши – пул-молни тўғри тасарруф қила олмайдиган, тадбир билан ишлата билмайдиган, уни номуносиб ўринларга, ношаръий жойларга сарфлайдиган, оқибатлари ҳақида ўйлаб ўтирмай исроф билан совурадиган кишидир.

[18] Мусулмоннинг молига ёмонлик қасдида бўлганларга қарши курашиш Исломдаги жиҳод мақсадларидан саналади.

[19] Лекин, уришишдан олдин вазиятни яхшилаб ўрганиш, мол эгасининг кучи билан тажовузкорнинг кучини, оқибат ва натижаларни ўлчай билиш лозим бўлади. Агар мол эгасининг кучи тажовузкорнинг кучига тенг бўлиб, молини қутқариб қолиш имконияти 50%дан кам бўлмаганда, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, уришишни оқлаш мумкин, юқоридаги нас (оят-ҳадис)ларни шу каби ҳолатларга қўлланади. Аммо мол эгаси тажовузкорларга уларнинг сони, кучлари, қўлларида бўлган қурол-яроқлари туфайли кучи етмаслигини, агар уришишга киришгудек бўлса, молини қутқариб олиши у ёқда турсин, жонидан ҳам айрилиб қолишини аниқ билса, у ҳолда нақл ҳам, ақл ҳам уни уришишдан тийилишга чақиради, кичикроқ зарар эвазига катта зарардан сақланишни талаб қилади, яъни молига зиён етиши билан чекланиши, молини ҳам, жонини ҳам бирдек хатарга қўймаслиги лозим бўлади.