Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

11.2 Ҳоким раияти орасига жосуслар қўйиб, улардан нуқсон ахтариб, раиятни бузиши керак эмас

2870 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир» (Ҳужурот: 12).

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар одамларнинг ортидан айбу-нуқсонларини ахтариб юрсанг, уларни бузасан ёки бузишга яқин бўласан». Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу айтдилар: «Бу – Муовия Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ва Аллоҳ уни шу билан фойдалантирган сўзлар эди» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4088).

Жубайр ибн Нуфайр, Касир ибн Мурра, Амр ибн Асвад, Миқдод ибн Маъдий Кариб ва Абу Умома розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Амир агар одамлар ичида шубҳа-гумонлар тарқалишини истаса, уларни бузади»[1] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4089).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Гумондан сақланинглар, зеро гумон сўзларнинг энг ёлғонидир. Бировлар ортидан жосуслик қилманглар, айбларини қидирманглар, бир-бирингизга буғз-адоват қилманглар, биродар бўлинглар эй Аллоҳнинг бандалари!» (Бухорий ривояти).

Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мусулмоннинг шаъни эвазига нон топиб еса[2], Аллоҳ таоло унга ўшанча миқдорда жаҳаннам ўтидан едиради. Ким бир мусулмоннинг шаъни эвазига кийим кийса, Аллоҳ азза ва жалла унга жаҳаннам оловини кийдиради. Ким мусулмон кишига нисбатан риё ва сумъа ўрнида тур(иб унинг обрўсини тўк)са, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга нисбатан риё ва сумъа ўрнида туради (яъни, унинг қилган айбларини халойиққа кўрсатиб, эшиттиради)» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4084, Саҳиҳул-адабил-муфрад: 179).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир қавмнинг гапларига қулоқ солса, улар эса ундан қочаётган бўлсалар, унинг қулоқларига қўрғошин қуйилади»[3] (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 883).

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаган кишилар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг айбларини қидириб юрманглар! Зеро ким уларнинг айбларини текшириб юрса, Аллоҳ унинг айбини текширади. Аллоҳ кимнинг айбини текширса, уни ўз уйида турган ҳолида ҳам шармандасини чиқаради» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4083).

Залолатга бошловчи ҳокимларнинг умматга хатари

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматим хусусида мен энг қўрқадиган нарса адаштирувчи имом (бошлиқ)лардир» (Абу Нуайм «Ҳиля»да, Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1582).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматим учун дажжолдан кўра ҳам хавфлироқ кишилар адаштирувчи имомлардир» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1989).

Амирликка қизиқишнинг мазамматли иш экани, у улкан вазифа ва масъулият экани, қиёмат куни уни ноҳақ олган кишилар учун шармандалик ва надомат бўлиши баёни

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, мени ҳам омил (амир) қилсангиз-чи», дедим. Шунда у зот қўллари билан елкамга қоқиб: «Эй Абу Зар, сиз заифсиз. Амирлик омонат, қиёмат куни эса шармандалик ва надоматдир. Фақат ким уни ҳаққи билан ушласа ва зиммасидаги омонатни адо этса бундан мустасно», дедилар.

Бир ривоятда: «Эй Абу Зар, мен сизни заиф деб кўраяпман. Мен сизга ўзим учун яхши кўрган нарсани яхши кўраман. Иккита одам устига ҳам асло амир бўлманг, етимнинг молини бошқаришни асло зиммангизга олманг»[4] (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу ишга волий бўлган кишилар (қиёмат куни) Сурайё юлдузидан улоқтирилишни ва бирон ишга волий бўлмаган бўлишни албатта орзу қилишади!» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5360).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Амирларнинг ҳолига вой бўлсин! Ҳали одамлар сочлари билан Сурайёга осиб қўйилган бўлишни ва бирон ишга волий бўлмаган бўлишни роса орзу қилишади!» (Саҳиҳ маворид-из-замъон: 1295).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Амирларга вой бўлсин, қабила бошлиқларига вой бўлсин, хазиначиларга вой бўлсин! Қиёмат куни одамлар сочлари билан юлдузларга осилган бўлиб, осмон билан ер ўртасида муаллақ қолишни ва бирон амалга волий бўлмаган бўлишни қаттиқ орзу қилишади» (Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 2179).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши ўнта одамга бош бўлган бўлса, қиёмат куни қўллари боғланган ҳолда келтирилади. Уни ё қилган адолати бўшатади ё эса зулми ҳалок қилади» (Байҳақий «Сунан»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 5695).

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Истасангизлар амирлик ҳақида айтиб бераман. Унинг аввали маломат, ўртаси надомат, охири қиёмат кунидаги азобдир, фақат адолат қилган кишилар бундан мустасно» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1420).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, биз бу ишга уни сўраб келган бирон кишини ва унга ҳарис бўлган бирон кишини волий қилмаймиз» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлар амирликка ҳарис бўлаяпсизлар, у қиёмат куни ҳасрат ва надомат бўлади» (Бухорий ривояти).

Абдурраҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга айтдилар: «Эй Абдурраҳмон, амирликни сўраманг. Чунки, уни сўраб олсангиз, ташлаб қўйиласиз, сўрамаган ҳолингизда берилса унда сизга ёрдам берилади» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар ичида энг яхшилари бу ишни (амирликни) то унга тушиб қолгунича қаттиқ ёмон кўрувчилари эканини топасизлар» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу ишнинг аввали пайғамбарлик ва раҳматдир, сўнг халифалик ва раҳмат бўлади, сўнг подшоҳлик ва раҳмат бўлади, сўнг уни (яъни, амирликни) эшаклар таомни тишлаб тортишганидек талашишади. Бас, жиҳодни лозим тутингиз, жиҳодларингизнинг энг афзали рибот (ўзини Аллоҳ йўлига боғлаш), риботларингизнинг энг афзали Асқалондир»[5] (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3270).

Молик ибн Ҳорисдан, у орқали бир кишидан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини бир сарийяга (отрядга) бошлиқ қилиб юбордилар. У (жангга) бориб қайтиб келгач: «Хўш, амирлик қандай экан?», деб сўрадилар. У: «Оддий одамлар қаторида бўлдим, уловга минганимда миндилар, тушганимда тушдилар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳокимият эгаси машаққатдадир, Аллоҳ сақлаган кишиларгина бундан мустасно», дедилар. Шунда ҳалиги одам: «Аллоҳга қасамки, энди на сиз учун, на бошқа биров учун омил (амалдор) бўлмайман», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3239).

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавот ва саломлар йўлласин.

[1] Давримиздаги кўплаб туғёнкор тузумларнинг ҳолати айни шундан бошқача эмас. Улар ўзларининг туғёнкорликлари, фасодлари туфайли ҳамда ўзларига ишончлари ва халққа тақдим этаётган нарсаларга ишончлари йўқлигидан одамларнинг гап-сўзлари, иш-амалларида айбу-нуқсон қидирадиган жосуслик механизмини йўлга қўйишган, ҳар бир хонадонга биттадан жосус, ҳар битта жосус ортидан яна бир жосусни экиб ташлашган! Одамлар ичида шубҳа-гумонлар уруғини сепиб, қўрқиш керак бўлмаган нарсалардан ҳам қўрқадиган, яшириш шарт бўлмаган нарсаларни ҳам яширадиган, ҳаммани бир-биридан гумон қиладиган аҳволга келтириб қўйишган!

[2] Бу эса мусулмон кишининг ортидан жосуслик қилиб, махсус идораларга гап етказиш орқали золим тоғутлар фойдасига ишлаш билан бўлади. Табиийки, ёзиб топширган ҳар бир хабар эвазига маълум ҳақ олиб, шу билан тирикчилик қилишади.

[3] Бу айтилганлар бировларнинг сўзларига улар истамаган ҳолда, шунчаки қизиқиб қулоқ тутган кишилар ҳақида эди. Шундай экан, энди мусулмонлар ичида жосуслик қилиб, уларнинг гапларини кофир ва мушрик душманларига етказиб бориш мақсадида тинглайдиган кимсаларнинг азоби нақадар қаттиқ бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг!

[4] Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абу Зардан кўра ростгўйроқ ва вафолироқ кишини осмон сояламаган, ер кўтармаган, у Ийсо ибн Марямга ўхшайди», деганлар. Мана шундоқ улуғ сифатлар эгаси бўлган Абу Зар розияллоҳу анҳудек зотга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита одамга ҳам амир бўлмасликни насиҳат қилган эканлар, у кишидан кўра анча паст даражада бўлганлар бундай улкан ва омонатли ишга журъат қилмасликка лойиқроқдирлар. Бизнинг давримизда амирликни нақд ўлжа деб кўриб, уни қўлга киритиш йўлида ҳамма нарсани фидо қилишга тайёр одамлар кўплаб топилади!

[5] Ҳадис умуман Фаластиндаги ва хоссатан Асқалон шаҳридаги риботнинг афзал эканига далил бўлади.