Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳақ дин (2)

2632 марта кўрилган

Ўлимдан сўнг қайта тирилиш, ҳисоб қилиниш, амалларнинг жазо ва мукофотини олиш, жаннат ва дўзах

Эй оқил, Аллоҳ таоло сизни Ўзининг ибодати учун яратганини билган бўлсангиз, энди шуни ҳам билишингиз лозимки, Аллоҳ пайғамбарларига туширган барча китобларида хабар бердики, ўлганингиздан сўнг сизни албатта қайта тирилтиради, дунёда қилган амалларингизнинг жазо ё мукофотини беради. Яъни, инсон ўлиш билан амал ва фано диёридан – дунё ҳаётидан – жазо ва абадият диёрига – охиратга – кўчиб ўтади. Аллоҳ инсон учун белгилаб қўйган умр муддати тамом бўлгач малакул-мавт (ўлим фариштаси) Аллоҳнинг амри билан унинг жисмидан жонини суғуриб олади, руҳи жасадидан айрилишидан олдин у ўлим аччиқлигини тотиб кўради, сўнг вафот этади.

Аллоҳга иймон келтириб, унинг тоатида ўтган кишининг руҳини Аллоҳ таоло ноз-неъматлар диёри (Жаннат)га киритади, Аллоҳни инкор қилиб, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонмаган кишининг руҳини эса азоб-уқубатлар диёри (Жаҳаннам)га ташлайди, то дунё тугаб, қиёмат қойим бўлгунича аҳвол шундай давом этади. Қиёмат соати етгач, бутун жонзот ўлади, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қолмайди. Сўнг Аллоҳ таоло барча жонзотни – ҳатто ҳайвонларни ҳам – қайта тирилтиради, ҳар кимнинг жони жасадига қайтарилади. Сўнг одамлар ҳисоб-китобга тортиладилар, эру аёл, бошлиғу тобеъ, бою камбағал, ҳамма-ҳаммаси ўзининг амалига яраша жазо ва мукофотларга эришади, Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди, мазлумларга золимлардан қасос олиб берилади, ҳатто ҳайвонлар ҳам бундан четда қолмайди, уларга ҳам ўзларига зулм қилганлардан қасос олиб берилгач, қайта тупроққа айлантирилади, чунки ҳайвонлар жаннатга ҳам, дўзахга ҳам кирмайди.

Одамзот ва жинлардан ҳар ким амалига яраша жазо ва мукофотга эришади, Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган, тоат-ибодатда ўтган, пайғамбарларига эргашган кишиларни – гарчи энг камбағал бўлиб яшаб ўтган бўлса ҳам – жаннатга киритади, кофирларни ва Уни ёлғон санаганларни – гарчи дунёда энг бадавлат ва шон-шуҳрат эгаси бўлган эсаларда – дўзахга ташлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13).

Жаннат – ноз-неъматлар ҳовлиси, ундаги неъматлар васфини келтиришга ҳеч ким қодир эмас, унда юзта даража бор, Аллоҳга бўлган иймонлари қувватига ва тоатларига қараб ҳар бир даражанинг ўз эгалари бўлади, жаннатдаги энг қуйи даража аҳлига дунё подшоҳларидан энг буюклари эга бўлган ноз-неъматлардан етмиш баробари миқдорича берилади.

Дўзах – охират диёридаги азоб-уқубат ҳовлисидир (ундан Аллоҳнинг ўзи асрасин), унда шундай азоблар борки, унинг зикридан қалблар даҳшатга тушиб, этлар жимирлаб, кўзлар ёш тўкади.

Агар охират диёрида ўлим бўлсайди, дўзахийлар дўзахни кўришлари билан ўлиб қолган бўлишарди. Лекин ўлим инсонга фақат бир марта берилади, у билан дунё ҳаётидан охират диёрига кўчиб ўтади. Қуръони Каримда ўлим, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, жазо, жаннат ва дўзахнинг тўла васфи келган, биз уларнинг баъзиларига ишора қилиб ўтдик, холос.

Ўлимдан сўнг қайта тирилиш, ҳисоб-китоб ва жазо борлигига кўпдан-кўп далиллар бор. Аллоҳ таоло айтади:

«Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа: 55).

«У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сувдан) пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни билувчидир» (Ёсин: 78,79).

«Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир» (Тағобун: 7).

Оятларнинг қисқача маъноси:

Аллоҳ таоло биринчи оятда инсонни оталари Одамни тупроқдан яратган пайтда ердан яратгани, уларни ўлимдан кейин уларга ҳурмат юзасидан яна ерга-қабрларга қайтариши, яна қайта уларни ердан чиқариши, улар қабрларидан тирик ҳолларида аввалларидан охиргиларигача чиқишлари ва Аллоҳ таоло уларни ҳисоб-китоб қилиши ва амалларига яраша тақдирлашини хабар бермоқда.

Иккинчи оятда Аллоҳ таоло чириб кетган суякларга қайта ҳаёт бахш этилишидан ажабланаётган, қайта тирилишни инкор қилаётган кофирга раддия бериб, У ўша суякларни қайта тирилтиришини хабар бермоқда, чунки уларни аввалда ҳам йўқдан бор қилган У зот эди.

Учинчи оятда эса Аллоҳ таоло ўлимдан кейин қайта тирилишни инкор қилаётган кофирларнинг ботил даъволарини рад этмоқда ва пайғамбарига Аллоҳ номига таъкидли қасам ичишга буюрмоқдаки Аллоҳ таоло тезда уларни қайта тирилтиради, қилган барча ишларининг хабарини беради ва қилмишларига яраша жазо ва мукофот беради бу эса Аллоҳ учун жуда осондир.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда қайта тирилиш ва дўзахни инкор қилган кофирларга қилинадиган хитобнинг хабарини берди: “Ўзларингиз инкор қилган ўт азобини тотинглар” (Сажда: 20)

Инсоннинг гап-сўзлари ва амаллари битиб қўйилганлиги:

Аллоҳ азза ва жалла хабар берганки, У ҳар бир инсоннинг айтадиган гап-сўзидан тортиб қиладиган яхшию ёмон, махфию ошкора амалларигача билади ва уларнинг ҳаммасини осмонлару ерни ва инсонни яратишидан олдин ўз ҳузуридаги Лавҳул-маҳфузга битиб қўйган. Шунингдек, У ҳар бир инсонга иккита фариштани вакил қилиб қўйганини, улардан бири унинг ўнг томонида туриб, яхши амалларини ёзиб туришини, иккинчиси чап томонида туриб, ёмон амалларини ёзиб туришини, бирон нарса уларнинг назаридан четда қолмаслигини хабар берган. Яна хабар берганки, ҳисоб куни ҳар бир инсонга сўзлари ва амаллари битилган китоби берилади, уларни ўқиб, ҳеч бир нарсани инкор қилолмайди. Агар бирортасини инкор қилса, Аллоҳ таоло унинг қулоғини, кўзини, қўл-оёқларини ва териларини гапиртиради, улар ўзлари билан қилинган ишларни эътироф қиладилар.

Қуръони каримда буларнинг батафсил баёни келган. Аллоҳ таоло айтади:

«У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 18).

«Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб турувчи улуғ (фаришта)лар бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор: 10-12).

Шаҳодат:

Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ. Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг Расулидир. Гувоҳлик бераманки, жаннат ҳақ, дўзах ҳақ, қиёмат соати шак-шубҳасиз келувчидир, Аллоҳ таоло қабрдагиларни ҳисоб ва жазо учун қайта тирилтириб чиқаради, Аллоҳ Ўзининг Китобида ва Расулининг тили билан хабар берган нарсаларнинг бари ҳақдир.

Эй оқил, мен сизни шу шаҳодатга иймон келтиришга, уни эълон қилишга ва унинг маъносига кўра амал қилишга даъват этаман. Нажот йўли шудир.

Иккинчи бўлим: пайғамбарни таниш

Эй оқил, сизни яратган Раббингиз Аллоҳ эканини, У яқинда сизни бу дунёда қилган амалларингизнинг мукофот ё жазосини кўришингиз учун қайта тирилтиришини билиб ўтдингиз. Билингки, Аллоҳ сизга ва барча инсонларга элчи – пайғамбар юбориб, унга итоат қилиш ва эргашишга буюрди. Унга қандай қилиб тўғри ибодат қилиш йўлини фақат шу пайғамбарга эргашиш билан билиш мумкинлигини хабар берди.

Барча одамлар унга иймон келтиришлари ва эргашишлари шарт бўлган бу улуғ пайғамбар – пайғамбарларнинг сўнггиси ва Аллоҳнинг бутун инсониятга юборган пайғамбари Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Мусо ва Исо алайҳиссаломларга Таврот ва Инжилнинг 40дан ортиқ ўрнида у зотнинг хабарлари берилган, яҳуд ва насоролар ушбу китобларни ўзгартириб юборишларидан олдин бу хабарларни ўқишарди[1].

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбари қилган ва бутун башариятга юборган бу улуғ расул – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ал-Қураший бўлиб, ер юзидаги энг шарафли қабиладан энг шарафли ва энг ростгўй инсон эдилар. Насаблари Иброҳим пайғамбарнинг ўғиллари Исмоил пайғамбарга бориб етади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада милодий 570 йилда таваллуд топдилар.

У зот туғилган кечада, оналарининг қорнидан чиқиш лаҳзаларида борлиқни улкан нур ёритиб юбориб, одамларни ҳайратда қолдирган ва бу тарих китобларида ёзиб қолдирилган, Маккада Қурайшнинг Каъба олдидаги сиғинадиган бутлари қулаб тушган, Форс подшоҳи Кисронинг қасри силкиниб, унинг айвон (балкон)ларидан ўндан ортиғи қулаб тушган, форсларнинг ибодат қиладиган, икки минг йилдан бери ўчмай келган ўти ўчиб қолган эди.

Бу – тез орада Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган бут-санамларни парчалаб ташлайдиган, Форс ва Румни ягона Аллоҳга ибодат қилишга ва Унинг ҳақ динига киришга чақирадиган, агар бош тортсалар издошлари билан бирга уларга қарши жиҳод қиладиган ва Аллоҳнинг нусрати билан Унинг нури бўлмиш динини ер юзига ёядиган сўнгги пайғамбари туғилгани ҳақида бутун ер юзи аҳлига Аллоҳ таоло томонидан қилинган эълон эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг мазкур ишлар ҳақиқатан содир бўлди.

Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа пайғамбарлар ичида бир неча имтиёзлар билан имтиёзлантирди:

Биринчи: У зот пайғамбарларнинг сўнггисидирлар, у кишидан сўнг пайғамбар келмайди.

Иккинчи: У зот бутун инсониятга пайғамбар қилиндилар. Барча инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати, улардан ким у кишига итоат қилиб, йўлларига эргашса жаннатга киради. Ким у кишига иймон келтирмаса ва эргашмаса, у Мусога, Исога ва барча пайғамбарларга кофир бўлган бўлади. Мусо, Исо ва барча пайғамбарлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган инсондан безордирлар, чунки Аллоҳ уларга ўз умматларини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида хабардор қилишга, пайғамбар қилиб юборилганларида у зотга эргашишга чақиришга буюрган эди. Зеро, Аллоҳ у зот билан юборган дин барча пайғамбарларига юборган диннинг айни ўзи эди. Аллоҳ бу диннинг камолини мана шу Расули Каримнинг даврларида қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин энди ҳеч ким у зот олиб келган Ислом динидан бошқа динни қабул қилиши мумкин эмас. Чунки у – Аллоҳ у билан барча динларни бекор қилган комил диндир, чунки у – ўзгартиришлардан сақланган ягона ҳақ диндир.

Аммо яҳудия ва насрония динларига ўзгартиришлар кириб кетган, улар Аллоҳ нозил қилганидек ҳолда сақланиб қолмаган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳар бир мусулмон Мусога, Исога ва барча пайғамбарларга эргашган бўлади. Исломда бўлмаган ҳар бир киши – агарчи ўзини Мусо ё Исога эргашган деб даъво қилса ҳам – Мусога ҳам, Исога ҳам, бошқа барча пайғамбарларга ҳам кофир бўлган ҳисобланади.

Шунинг учун яҳудий ва насронийларнинг руҳонийларидан инсофлилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришга ва Ислом динига киришга шошилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари:

Уламолар сийрат китобларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларининг ҳақлигига далолат қилувчи мингдан ортиқ мўъжизаларини санаганлар. Жумладан:

1) Аллоҳ таоло у зотнинг икки елкалари орасида ўстирган каптар тухумича келадиган, ортиқсимон шаклдаги хотамун-нубувват (пайғамбарлик белгиси).

2) Қуёш тиғида юрганларида у зотга булутнинг соя ташлаши.

3)Қўлларидаги тошчаларнинг тасбеҳ айтиши, дарахтнинг у зотга салом бериши.

4) Охир замонда бўладиган ҳодисалар ҳақида хабар беришлари. У зот хабар берган нарсалар ҳаммаси бирма-бир бўлиб ўтмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин то дунё тамом бўлгунича юз беражак ва Аллоҳ у зотга билдирган бу ғайбий ишлар ҳадис китобларида ва қиёмат аломатлари ҳақидаги китобларда, масалан, Ибн Касирнинг «Ниҳоя»сида, ҳадис китобларининг «Фитналар ва урушлар ҳақидаги боблар»ида мавжуд. Ушбу мўъжизалар ўтган пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшашдир. Бироқ, у зотни Аллоҳ таоло дунё тургунча замон саҳифаларида боқий турувчи ва бошқа пайғамбарларига ато этмаган ақлий бир мўъжиза билан хосладики, у – Қуръони Азим (Каломуллоҳ)дир, уни асрашни Аллоҳ Ўз зиммасига олган, ҳеч ким уни ўзгартиришга қодир эмас, бирон кимса унинг битта ҳарфини ўзгартиришга уринса-да у албатта билиниб қолади, мусулмонлар қўлида тарқалган Қуръоннинг миллионлаб нусхаларидан бири иккинчисидан биронта ҳарфга ҳам фарқ қилмайди. Аммо Таврот ва инжилнинг турли нусхалари мавжудки, бири иккинчисидан фарқ қилади, чунки яҳуд ва насоролар уларни ўзгартириб юборишган. Қуръонни асрашни эса Аллоҳ таоло ҳеч кимга топширмади, уни асрашга Ўзи кафолат берди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр: 9).

Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расули эканига ақлий ва нақлий (Қуръондан) далиллар

Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расули эканига далолат қилувчи ақлий ва мантиқий далиллардан бири шуки, Қурайш кофирлари худди ўтмиш умматлар ўз пайғамбарларини ёлғончи дейишгани каби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи санаб: «Қуръон Аллоҳнинг каломи эмас» деб даъво қилишгач, Аллоҳ таоло уларни худди Қуръонга ўхшаш бир китоб олиб келишга чақирди, улар фасоҳату балоғатнинг чўққисида бўлганликларига, ораларида зўр нотиқлар ва етук шоирлар бўлишига қарамай бунга қодир бўлмадилар. Сўнг Аллоҳ таоло уларни Қуръон сураларидан ўнта сура миқдорича тўқима «суралар» олиб келишга чақирди, бунга ҳам ожиз бўлдилар. Сўнг битта «сура» келтиришга чақирди, бунга ҳам ожиз бўлдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларнинг ожизликларини, нафақат уларнинг, балки жамиики инсу жиннинг – бир-бирларига ёрдам бериб бўлса ҳам – бундан ожиз бўлишларини эълон қилди: «Айтинг: Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар» (Исро: 88).

Агар Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёки бошқа бирон инсоннинг каломи бўлса эди, ўша тил аҳлидан бўлган биронта фасиҳ киши унга ўхшашини келтира олган бўлар эди. Лекин у Аллоҳнинг Каломи, Каломуллоҳнинг фазли ва одамларнинг каломидан олийлиги бамисоли Аллоҳнинг одамзотдан олийлиги кабидир. Аллоҳнинг тенги бўлмагани каби Унинг Каломининг ҳам тенги йўқдир. Шу билан маълум бўладики, Қуръон Аллоҳнинг Каломи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расулидирлар. Чунки Аллоҳнинг Каломини Унинг ҳузуридан бўлган расул – элчигина олиб келиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади:

«Муҳаммад сизлардан бирон (эр) кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи бўлган зотдир» (Аҳзоб: 40).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Сабаъ: 28).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107).

Аллоҳга ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришга чорлов:

Эй оқил, шу боис сизни Аллоҳ таолони Парвардигор деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Унинг Расули деб иймон келтиришга чорлаймиз. У зотга эргашишга, Аллоҳ таоло у зот билан юборган шариатга амал қилишга чақирамиз. У – манбаи Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари бўлган Ислом динидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ буюрган нарсани буюрадилар, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтарадилар. Шундай экан, чин дилдан: «Аллоҳнинг Ўзигина менинг Раббим ва Илоҳим, деб иймон келтирдим, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига иймон келтирдим» деб айтинг. Зеро, нажот фақат шундадир. Аллоҳ мени ҳам, сизни ҳам саодат ва нажотга муваффақ қилсин. Омиин.

Учинчи бўлим: ҳақ дин – исломни таниш

Эй оқил, билингки, сизнинг Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига бўлган иймонингиз то Ислом динини таниб, унга иймон келтириб, унга амал қилмагунингизча ҳақиқий ҳисобланмайди. Чунки, у Аллоҳ таоло ихтиёр этган, пайғамбарларини унга буюрган ва сўнгги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун инсониятга у билан юборган ва унга амал қилишни вожиб қилган диндир.

Исломнинг таърифи

Хотамул мурсалийн ва Аллоҳниннг бутун инсониятга юборган элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом – Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закот беришинг, Рамазон ойининг рўзасини тутишинг ва йўлига қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишинг» (Муттафақун алайҳ).

Ислом – Аллоҳ уни барча инсонларга буюрган, Аллоҳнинг пайғамбарлари унга иймон келтирган ва Аллоҳга бўйсунишларини эълон қилган, Аллоҳ таоло уни ҳақ дин деб, ундан ўзга ҳеч бир динни ҳеч кимдан қабул қилмаслигини эълон қилган оламшумул диндир. Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).

«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85).

Шунинг учун барча пайғамбарлар Аллоҳга исломларини – яъни бўйсунишларини – эълон қилдилар ва Исломни қабул қилмаган кишилардан безорлик эълон қилдилар, барчалари Исломга даъват қилдилар, чунки Аллоҳ барчаларини шу дин билан юборган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан кейин энди то қиёматгача яшаб ўтадиган ҳар бир инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг Расули деб иймон келтирмагунича ва Аллоҳ у зотга туширган Қуръонга амал қилмагунича ўзини Аллоҳга бўйсинувчи – муслим – деб аташи тўғри бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир» (Оли Имрон: 31).

Аллоҳ таоло Ўзининг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун инсониятга у билан юборган комил ва шомил дин – Ислом шудир. Аллоҳ бандаларига уни дин деб танлади, ундан ўзга бирон дин Унинг ҳузурида мақбул бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

[1] Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида Таврот ва Инжилда келган башоратлар шайхулислом Ибн Таймиянинг «Ал-жавабус-саҳиҳ лиман баддала дийнал-Масиҳ» китобида, шунингдек аллома Ибнул Қоййимнинг «Ҳидоятул-ҳаёро», Ибн Ҳишомнинг «Сийратун-набавия», Ибн Касирнинг «Тарих» китобларида келтирилган.