Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Зиҳорга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3253 марта кўрилган

Зиҳордан мурод – бир киши хотинига ундан жинсий тарафдан фойдаланишдан воз кечиш қасдида: «Сен менга онамнинг – ёки опа-синглимнинг – бадани каби (ҳаром)сан» дейиши ёки хотинини ўзига насаб ёки эмизиш ёки қудачилик орқали маҳрам бўлган аёллар баданидек қилиб олишидир. Кимда-ким хотинини (яъни баданини) ўз маҳрамларидан бирортаси (бадани)га ўхшатса (яъни, ўшаларга ўхшаган ҳаром қилиб олса), зиҳор қилган бўлади.

Зиҳорнинг ҳукми – ҳаромдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнинг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар» (Мужодала: 2). Яъни, улар шариатда эътироф этилмайдиган ботил сўзни айтган бўладилар, уларнинг бу сўзлари ғирт ёлғон, очиқ ҳаром ва мункар сўздир. Чунки, зиҳор қилувчи ўзига Аллоҳ ҳаром қилмаган нарсани ҳаром қилиб олган бўлади ва хотинини онаси қаторига қўйган бўлади, аслида эса ундай эмасдир.

Жоҳилият даврида зиҳор қилинган аёл гўёки онага айланиб қолар ва бу билан унга талоқ тушар эди. Ислом келгач, бу ишни рад қилди ва уни каффорат тўлайдиган қасам деб эътибор қилди. Зиҳор қилган эр ва зиҳор қилинган хотин то эр зиҳорига каффорат бермагунича бир-биридан жимоъ ва унга олиб борувчи воситаларда фойдаланиши ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир...» (Мужодала: 3). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиҳор қилган кишига: «То Аллоҳ сенга буюрган ишни қилмагунча унга яқинлашма», деганлар (Термизий (1199), Абу Довуд (2221), Насоий (3457), Ибн Можа 92065) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган).

Зиҳор қилган эр зиҳор қилинган аёлига қўшилишга қарор қилса, аввал каффорат чиқариши лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зимма­сида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдарпай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бор­дир» (Мужодала: 3, 4), деди. Ушбу икки ояти карима зиҳор қилинган аёл билан қўшилишга каффорат лозим бўлишига далолат қилади, каффоратни қўшилишдан олдин, шунга азм қилган пайтда чиқариш лозим бўлади. То каффорат чиқармагунича хотини унга ҳаром бўлиб қолаверади. Бу аксарият аҳли илмлар сўзидир.

Зиҳорнинг каффорати қуйидаги тартибда фарз бўлади: қул озод қилиш, агар қул тополмаса ёки қул озод қилиш учун етарли пул тополмаса, икки ой давомий рўза тутиш, агар касаллик ё бошқа бирон узр сабабли рўза тутолмаса, олтмишта мискинга таом бериш. Аллоҳ таоло айтади: «Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зимма­сида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдарпай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бор­дир» (Мужодала: 3, 4).

Қул озод қилиш шарти – озод қилинадиган қул мўмин бўлиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло беқасд одам ўлдириш каффорати ҳақида: «Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши... вожибдир», деди (Нисо: 92). Зиҳорнинг каффорати ҳам шунга қиёс қилинади ва мутлақни муқайядга ҳамл қилинади.

Озод қилинадиган қул ишлай олишига очиқдан-очиқ тўсқинлик қиладиган айб-нуқсондан холи бўлиши шарт қилинади. Чунки, озод қилишдан мақсад қулни ўз манфаатларига эга қилдириш ва ўзи учун тасарруф қилишига имкон яратиб бериш бўлиб, очиқ айбу нуқсони бўлган, яъни кўзи ожиз, қўл ё оёғи шол бўлган ҳолда бу нарса ҳосил бўлмайди.

Рўза билан каффорат тўлаш учун қуйидагилар шарт қилинади:

  1. Қул озод қилишга қодир бўлмаслиги.
  2. Икки ой давомий (узлуксиз) рўза тутиши, яъни шу икки ой рўзасини бўлмаслиги. Илло, ўртада Рамазон рўзаси каби фарз рўза билан ёки рўза тутмаслик фарз бўлган, ийд ва ташриқ кунларидаги оғиз очиқлик билан ёки сафар ё беморлик каби узрли оғиз очиш билан каффорат рўзаси орасини бўлиши мумкин. Бундай ҳоллардаги оғиз очиқлик узлуксизликни бузиш саналмайди.
  3. Каффорат рўзасини тунда (тонг отмасдан) ният қилиши.

Таом бериш билан каффорат тўласа, қуйидагилар шарт қилинади:

  1. Рўза тутишга қодир бўлмаслиги.
  2. Таом берилаётган мискин закот берилиши жоиз бўлган озод мусулмон киши бўлиши.
  3. Ҳар бир мискинга бериладиган таом миқдори бир муд буғдой ёки бошқа нарсанинг ярим соъидан кам бўлмаслиги.

Умуман каффорат бериш учун ният шарт қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар ният билан (эътибор қилинади) ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади», деганлар.

Зиҳорнинг каффорати ва мазкур тартибда бўлишига Қуръон далилидан ташқари Суннатдан ҳам далил бор. Хавла бинт Молик ибн Саълаба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эрим Авс ибн Сомит мендан зиҳор қилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига шикоят қилиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрим ҳақида мен билан баҳсга киришиб: «Аллоҳдан қўрққин, у амакиваччанг бўлади», дердилар. Ҳали ўрнимдан жилмасимдан Қуръон нозил бўлди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди» (Мужодала: 1). Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У қул озод қилади», дедилар. Мен: «(Бунга имкон) тополмайди», дедим. «Унда икки ой узлуксиз рўза тутади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, у кекса мўйсафид, рўза тутолмайди», дедим. «Унда олтмишта мискинга таом берсин», дедилар. «Унинг садақа қилишга нарсаси йўқ», дедим. «Унда мен унга бир арқ (яъни, олтмиш соъ) хурмо билан кўмак бераман», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳам унга бир арқ хурмо билан ёрдамлашаман», дедим. «Яхши қиласан. Бор, уни олтмишта мискинга таом қилиб улаш ва амакиваччанг (яъни, эринг)га қайт», дедилар (Абу Довуд (2214) ривояти).

Динимиз ана шундай улуғ диндир. Унда ҳар бир муаммо учун, шу жумладан эр-хотин ўртасидаги муаммоларга ҳам ечим мавжуд. Мана, жоҳилият даврида ечимсиз саналган ва эр-хотин ўртасини ажратиб юборишдан ўзга чора кўрилмаган зиҳор муаммосини динимиз қандай ҳал қилиб берди!

Қолаверса, каффоратни вожиб қилишда ҳам динимиз эрнинг шароитларига риоя қилишини ва эрнинг ҳолатига қараб, каффоратнинг қул озод қилиш, рўза тутиш ва мискинларга таом беришдан у қодир бўладиган турини машруъ қилганини кўрамиз. Бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.