Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ражъа ҳақидаги боб

3610 марта кўрилган

Ражъа – боин бўлмаган талоқ қилинган аёлни янги никоҳ ақдисиз қайтариб олиш демакдир.

Унинг далили Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъидир.

- Қуръондан далил – Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларидир:

«Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар» (Бақара: 228).

«(Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) та­лоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229).

«Энди қачон (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинглар (яъни қайта никоҳларингизга олинглар) ёки яхшилик билан (яъни, ҳаққи маҳрларини бериб) ажрашинглар» (Талоқ: 2).

- Суннатдан далил – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ибн Умар ҳақида: «Унга айтинг, хотинини қайтариб олсин», деган сўзларидир (Бухорий (5251) ва Муслим (1471) ривоятлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари Ҳафса розияллоҳу анҳони талоқ қилиб, сўнг қайтариб олганлар (Абу Довуд (2283), Насоий (3560), Ибн Можа (2016) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

- Ижмоъдан далил – Ибнул-Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳи илмлар агар озод одам учдан кам талоқ қилса, қул иккитадан кам талоқ қилса, идда ичида (никоҳсиз) қайтариб олишлари мумкинлигига ижмоъ қилганлар» (Ал-ижмоъ: 126-б).

Бундаги ҳикмат – эр агар талоқ қилганига пушаймон бўлса ва хотини билан турмушини давом эттиришни истаса, унга ишнинг олдини олишига фурсат беришдир. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган меҳрибонлигидандир.

Ражъа тўғри бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши керак:

  1. Талоқлар сони тўлмаган, яъни озод одам учун учтага етмаган, қул учун иккитага етмаган бўлиши. Агар талоқлар сони тўлиб қолган бўлса, энди у аёл то бошқа эрга тегмагунича аввалги эрга никоҳи ҳалол бўлмайди.
  2. алоқ қилинган аёлга эри қўшилган бўлиши. Агар умуман қўшилмасдан туриб талоқ қилган бўлса, энди ражъа қилолмайди, чунки у аёл учун идда йўқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга яқинлашишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас сизлар уларни (озми-кўпми ҳадя билан) баҳраманд қилиб, чиройли кузатиш билан кузатинглар!» (Аҳзоб: 49).
  3. Талоқ эвазсиз (тўловсиз) бўлиши. Агар талоқ тўлов эвазига бўлган бўлса, у ҳолда аёл фақат унинг розилиги билан янги ақд билангина у эрга ҳалол бўлади. Чунки, аёл тўловни эрдан ўзини қутқариб олиш учун тўлаган эди, ражъа билан унинг мақсуди ҳосил бўлмай қолади.
  4. Никоҳ саҳиҳ бўлган бўлиши. Аммо, агар фосид никоҳда талоқ қилган бўлса, ражъа йўқ. Чунки, аёл талоқ билан боин бўлади.
  5. Ражъа идда ичида бўлиши. Чунки Аллоҳ таоло: «Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар» (Бақара: 228), деди. Яъни, уларни иддалари ичида қайтариб олишга ҳақлидирлар.
  6. Ражъа нақд (ўрнида қилинган) бўлиши керак, таълиқ қилинган бўлса, саҳиҳ бўлмайди. Яъни, масалан: «Агар фалон иш ҳосил бўлса, мен сени ражъа қилдим» деса, дуруст бўлмайди.

- Эр-хотин ражъа билан ислоҳни қасд қилишлари шарт қилинадими?

Баъзи уламолар сўзларига кўра, шарт қилинади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар» (Бақара: 228), деди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражъа қилишга фақат ислоҳни ва хотинини яхшилик билан сақлаб туришни истаган киши учунгина имкон берилади» (Ал-фатавал-кубро: 5/504).

Баъзи уламолар эса унинг шарт эмаслигини айтганлар. Чунки, оят ислоҳни шарт қилишга эмас, фақат уни хослаш ва зарар етказишдан ман қилишга далолат қилади, дейдилар. Биринчи сўз қувватлироқ, валлоҳу аълам.

Ражъа «хотинимни қайтариб олдим» ва шу маънодаги сўз билан ҳосил бўлади.

Шунингдек, саҳиҳ сўзга кўра, агар ражъани ният қилган бўлса, у билан қўшилиши билан ҳам ражъа ҳосил бўлади.

- Хотинини қайтариб олса, бунга гувоҳ ҳозир қилиши суннатдир. Айримлар гувоҳ ҳозир қилиш вожиблигини ҳам айтганлар. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар» (Талоқ: 2). Бу Имом Аҳмаддан бир ривоятдир. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Яширинча ражъа қилиш асло ярамайди» (Ал-фатавал-кубро: 5/503).

- Ражъий талоқ қилинган хотин иддаси ичида ўша эр учун хотин ҳукмида бўлиб, бошқа хотинлари эга бўлган нафақа, кийим-кечак ва уй-жойга ҳақли бўлади, хотин сифатида уйни лозим тутиши ва эри қайтариб олиши эҳтимоли борлигидан эри учун зийнатланиши лозим бўлади. Идда муддати ичида эр-хотиндан бири вафот қилса, иккинчиси унга ворис бўлади. Эр у билан бирга сафар қилиши, у билан ёлғиз қолиши, у билан қўшилиши мумкин.

- Идда муддати якунига етиши билан ражъа вақти ҳам тугайди. Ражъий талоқ бўлган аёл учинчи ҳайзидан пок бўлгач, энди эрига фақат валий, икки адолатли гувоҳ ва янги никоҳ билангина ҳалол бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни (никоҳсиз) қайтариб олишга ҳақлидирлар» (Бақара: 228), деди. Яъни, уларни иддалари ичида (никоҳсиз) қайтариб олишга ҳақлидирлар. Оят мазмунидан тушунилидики, иддадан фориғ бўлгач, эрига фақат янги никоҳ билан, янги шартлар билан ҳалол бўлади. Агар иддаси ичида шартлари тўла бўлган саҳиҳ ражъа билан қайтариб олса, энди неча талоқ ҳақи қолган бўлса, фақат ўшанча талоққа эга бўлади.

Агар эр ўз қўлида бўлган талоқларни тўла қилган бўлса, аёли энди унга ҳаром бўлади ва то саҳиҳ никоҳ билан бошқа эрга тегиб, у билан қўшилмагунича (ва ундан ҳам табиий суратда ажрашмагунича) уни қайта никоҳига олиши ҳалол бўлмайди. Биринчи эрига ҳалол бўлиши учун учта шарт топилиши керак бўлади: бошқа эрга тегиши, никоҳ саҳиҳ бўлиши, иккинчи эр у билан жинсий алоқада бўлиши. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди. Сўнг агар (кейинги эр ҳам) талоқ қилса, бу ҳолда Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қилишларига ишонсалар, (у хотин аввалги эри билан) бир-бирларига қайтишларининг, яъни қайта турмуш қуришларининг гуноҳи йўқдир. Булар Аллоҳнинг чегараларидирки, буларни биладиган қавм учун баён қилади» (Бақара: 230).

Аллома Ибнул Қайим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бошқа эрга тегиб чиққанидан сўнг аввалги эрга ҳалол бўлиши катта неъматлардандир. Таврот шариати аёл киши талоқ бўлганидан сўнг бошқа эрга тегмаган бўлса, аввалги эрга ҳалол бўлиши ҳукмини келтирган. Инжил шариати эса эрга теккандан сўнг умуман талоқни ман қилиб келди... Бизнинг шариатимиз энг комил ва бандаларнинг манфаатларига энг тўғри келувчи шариатдир. Зеро, у тўрттагача аёлга уйланишга ва истаганича чўри ушлашга рухсат берди. Сўнг аёлидан ажралиш имкониятини берди. Сўнг яна кўнгли ўша аёлини тиласа, уни қайтариб олиш имкониятини яратиб берди. Учинчи бор талоқ қилса, энди уни қайтариб олишга йўл қолдирмади, магар аёл ўзи истаб иккинчи турмуш қурганидан кейингина (аввалги эрга яна қайта никоҳланиши мумкин бўлди)» (Иъламул-муваққиъийн: 2/92).

Яъни, аёлнинг иккинчи никоҳи ўзи унга рағбат қилиб қурилган никоҳ бўлиши лозим, аввалги эрга ҳалол қилиб бериш қасди билан қилинган ҳийла бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда, (ҳалол қилиб берувчи) қуйидаги ҳадисда айтилган ориятга олинган қўчқорга айланиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга ориятга (яъни, вақтинчаликка сўраб) олинган қўчқор ҳақида хабар берайми?», дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дейишди. «У муҳаллил (ҳалол қилиб берувчи)дир. Аллоҳ таоло ҳалол қилиб берувчини ҳам, унга ҳалол қили берилган кишини ҳам лаънатласин», дедилар (Ибн Можа (1936), Ҳоким (2/217) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бундай никоҳ ботилдир ва бу билан аввалги эрга ҳалол бўлмайди. Валлоҳу аълам.