асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Талоққа доир аҳкомлар ҳақидаги боб5128 марта кўрилган Талоқ луғатда «бўшатиб қўйиш» маъносида бўлиб, шаръий маъноси никоҳ қайдини (боғловини) бутунлай ёки қисман ечиб юборишдир. Талоқнинг ҳукми вазият ва ҳолатлардан келиб чиқиб, турлича бўлади. У баъзан мубоҳ бўлади, баъзан макруҳ бўлади, баъзан мустаҳаб бўлади, баъзан фарз бўлади, баъзан ҳаром бўлади. Яъни, талоқнинг беш хил ҳукми бор. - Эр хотинининг ёмон хулқи туфайли ва ундан зарар кўрганидан талоққа эҳтиёж сезса, у билан турмушини сақлаб қолса никоҳдан бўлган мақсад ҳосил бўлмайдиган бўлса, талоқ мубоҳ бўлади. - Заруратсиз бўлса, яъни, эр-хотиннинг ҳолати тўғри-барқарор бўлса, талоқ макруҳ бўлади. Айрим уламолар наздида бундай ҳолда талоқ ҳаром бўлади. Кучлироқ сўз шуки, бундай ҳолатдаги талоқ кароҳати бўлган мубоҳдир. Чунки, ҳадис борки: «Аллоҳга энг ёқимсиз бўлган ҳалол нарса талоқдир» (Абу Довуд (2178), Ибн Можа (2018) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисларида талоқни Аллоҳга ёқимсиз бўлгани ҳолда ҳалол деб атадилар. Бу эса унинг бу ҳолатда мубоҳлиги билан бирга кароҳати борлигига далолат қилади. Кароҳати шуки, унда шаръан матлуб бўлган манфаатларни ўз ичига олган никоҳни йўқ қилиш бор. - Талоққа эҳтиёж бўлган ҳолатда, яъни масалан, эр-хотин ўртасида келишмовчилик чиққан ва хотин эрни ёмон кўриб қолган ҳолда турмушни сақлаб қолишда аёлга зарар етса, талоқ мустаҳаб бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «(Зарар бермаганга) зарар етказиш ҳам, (зарар берганга ножоиз) зарар бериш ҳам йўқдир» (Ибн Можа (2340), Аҳмад (5/326, №22778) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). - Агар хотин динида тўғри-барқарор бўлмаса, яъни масалан, намозни тарк қиладиган ёки вақтидан кечиктирадиган бўлса, эр уни тўғрилашга қодир бўлмаса, ёки аёл номуси жиҳатидан пок бўлмаса, бу ҳолатда – саҳиҳроқ сўзга кўра – эр уни талоқ қилиши фарз бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар аёл зино қиладиган бўлса, бу ҳолда уни ушлаб турмаслиги, балки ажралиб кетиши лозим, акс ҳолда даюс бўлиб қолади» (Мажмуъул-фатава: 32/141). Шунингдек, агар эр динида барқарор бўлмаса, аёл ундан талоқ қилиши ёки хулъ йўли билан ажралиб кетиши лозим, динини зое қилгани ҳолда у билан яшаши мумкин эмас. Шунингдек, агар эр ийло қилган, яъни аёлига қўшилмасликка қасам ичган бўлса, тўрт ой ўтганидан сўнг қасамига каффорат бериб, аёлига қўшилиши лозим бўлади. Агар бундай қилишдан бош тортса ва қўшилмасликда давом этса, у ҳолда талоқ қилиши фарз бўлади ва уни бунга мажбурланади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар (жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир. Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Бақара: 226, 227). - Эр хотинини ҳайзли ва нифосли ҳолида талоқ қилиши, шунингдек, у билан жинсий алоқада бўлган ва ҳомиласи маълум бўлмаган поклик ҳолида ҳам талоқ қилиши, шунингдек, уч талоқ қўйиши ҳаромдир, бунинг баёни қуйироқда келади, иншооллоҳ. Талоқнинг машруълигига Қуръон, Суннат ва ижмоъдан далил бор. - Аллоҳ таоло айтади: «(Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир» (Бақара: 229), «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1). - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Талоқ фақат (аёлнинг) болдиридан ушлаган кишининг (яъни, эрнинг) ҳаққидир» (Ибн Можа (2081) ва Дорақутний 94/24, №3946) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Бундан бошқа ҳадислар ҳам бор. - Талоқнинг машруълигига бўлган ижмоъни бир қанча уламолар айтганлар. Ундаги ҳикмат зоҳирдир. У бу улуғ ислом динининг энг ажойиб хислатларидан. Зеро, унда эр-хотинлик муаммосига зарурат ҳолатидаги ечим бордир. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229), «Бордию эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенг карами билан беҳожат қилиб қўйгай (яъни ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр ёки хотин насиб этиши мумкин). Аллоҳ фазлу карами кенг ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 130). Агар никоҳни сақлаб қолишда манфаат кўринмаса ёки эр билан қолишда аёл учун зарар ҳосил бўлса, ёки улардан бири ахлоқан бузуқ ва динида барқарор бўлмаса, бунинг энг яхши ечими талоқдир. Талоқни ман қиладиган жамиятлар қанчадан-қанча кулфатлар, ҳисобсиз фасодлар, ўзини ўлдиришлар, оилаларнинг вайрон бўлиши каби оғир ҳолатларни бошидан кечиришмоқда. Ислом эса талоққа рухсат берди, унинг ўз ортидан манфаатлар олиб келувчи ва зарарларни даф қилувчи қонун-қоидаларини белгилаб берди. Исломнинг бу борадаги қонунлари ҳам бошқа барча шариат қонун-қоидалари каби нақд ва келажакда кўринувчи манфаатларни ўз ичига олган юксак ва олийжаноб қоидалардир. Бундай улуғ фазлу марҳамати учун Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Энди талоқ ким томонидан содир бўлади, деган масалага келсак, ақли-ҳуши жойида, танлаш ихтиёри ўз қўлида бўлган, (яхши-ёмонни) ажрата оладиган эр киши тарафидан содир бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Талоқ фақат (аёлнинг) болдиридан ушлаган кишининг (яъни, эрнинг) ҳаққидир», деганлар (Ибн Можа (2081) ва Дорақутний 94/24, №3946) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). - Аммо, ақлидан бегона бўлган киши, яъни, мажнун, беҳуш, уйқудаги одам, бирор касаллик сабабли ҳиссидан (хотирасидан) айрилган киши, шунингдек, маст қилувчи ичимликни мажбурлаб ичирилган ёки даво мақсадида бангивор модда қабул қилган киши бунда маъзурдир, бундай кишиларнинг айни сабаблар билан ақлдан бегона бўлиб турган пайтларида тилга олган талоқ лафзлари билан талоқ тушмайди. Чунки, Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ақли паст (тентак) одамнинг талоғидан бошқа ҳар қандай талоқ ўтувчидир» (Бухорий (9/481), Термизий (1191) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). - Аммо, ихтиёрий равишда маст қилувчи ичимлик ичиши сабабли ақлидан бегона бўлган, сўнг шу ҳолида талоқ қилган кишининг талоғи тушиши хусусида аҳли илмлар ўртасида ихтилоф бор. Тўрт имом ва бир жамоат аҳли илмлар наздида бунда талоқ тушади. - Агар зулм билан талоқ қилишга мажбур қилинса, зулмдан қутулиш учун талоқ лафзини айтса, бу талоқ тушмайди. Ҳадис борки: «Иғлоқ (яъни, мажбурлаш) ҳолида талоқ ҳам, атоқ (қул озод қилиш) ҳам йўқдир» (Абу Довуд (2193), Ибн Можа (2049), Аҳмад (6/276, №26360) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас)» (Наҳл: 106). Куфр талоқдан кўра каттароқ иш бўлгани ҳолда мажбурлик ҳолидаги одамдан афв қилинди, шундай экан, бундай ҳолдаги талоқ ҳам албатта афв қилинади. Агар талоққа мажбурлаш ҳақ билан бўлса, масалан, ийло қилган (аёлига қўшилмасликка қасам ичган) одам агар қайтишни истамаса, унинг талоғи тушади. - Айтаётган гапини тасаввур қила оладиган ғазабнок ҳолдаги одамнинг талоғи ҳам тушади. Аммо, ғазабнинг зўридан нима деяётганини англамаган одамнинг айтган талоқ лафзи билан талоқ тушмайди. - Ҳазиллашиб талоқ қилган одамнинг ҳам талоғи тушади, чунки у гарчи талоқ тушишини қасд қилмаган бўлса ҳам, қасд билан талоқ лафзини айтди, валлоҳу аълам. |