Душанба 25 Ноябрь 2024 | 23 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қазои ҳожат одоблари ҳақидаги боб

4567 марта кўрилган

Аллоҳ мени, сизни ва барча мусулмонларни билишга муваффақ қилсин, билингки, бизнинг динимиз комил ва мукаммал диндир. Унда одамлар диний ва дунёвий ҳаётларида муҳтож бўладиган нарсалардан биронтаси ҳам қолмай баён қилиб берилган. Шу жумладан, Аллоҳ мукаррам қилиб қўйган инсон ҳайвонлардан ажралиб туриши учун унда қазои ҳожат одоблари ҳам баён қилинган. Динимиз тозалик ва поклик динидир, унда ҳожатхонага киришдан тортиб, ундан қайтиб чиқишгача риоя этиш лозим бўлган шаръий одоблар мавжуд.

Мусулмон киши ҳожатхонага кириш олдидан: (بِسْمِ اللَّهِ اَللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْخُبُْثِ وَالْخَبَائِثِ) яъни: «Бисмиллаҳ, Эй Аллоҳ! Мен Сендан эркак ва аёл жинлардан паноҳ беришингни сўрайман» демоғи мустаҳабдир. Ҳожатхонага киришда аввал чап оёғини қўяди, чиқишда ўнг оёғи билан чиқади ва: (غُفْرانَكَ، اَلْحَمْدُ لِلهِ الَّذي أَذْهَبَ عَنِّي الأَذَى وَعَافَاني) яъни: «Мени мағфират этгин, мендан озорни кетказган ва менга офият (саломатлик) ато этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дейди. Сабаби, ўнг (қўл ва оёқ) ҳурматлаш ва зийнатлашга оид амалларда ишлатилади, чап (қўл ва оёқ) эса нопокликни кетказиш каби амалларда ишлатилади.

Ҳожатхона бўлмаган ҳолда, очиқликда қазои ҳожат қилмоқчи бўлса, одамлардан узоқлашиши, холи жой топиб, бирон девор ёки дарахт панасига ўтиб, кўзлардан тўсилиши мустаҳаб саналади. Ҳожатхонадан ташқарида қазои ҳожат пайтида қиблага қараб ўтирмайди, унга орқасини ҳам ўгирмайди, бундай қилиш ҳаром. Балки, қибладан бурилиб ўтиради. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожат пайтида қиблага юзланишдан ва унга орқа ўгиришдан қайтарганлар. Баданига ёки кийимига бавл томчилари сачрашидан эҳтиёт бўлиши, бавлидан сақланиш учун юмшоқ тупроқли жой танлаши лозим.

Олатини ўнг қўли билан ушлаши жоиз эмас. Одамларнинг йўллари устига ёки уларнинг сояланиб ўтирадиган жойларига ёки сув оладиган жойларига қазои ҳожат қилиш мумкин эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга озор ва азият борлиги учун бундай қилишдан қайтарганлар.

Ҳожатхонага Қуръон ёки Аллоҳ азза ва жалланинг зикри ёзилган нарсани олиб кирмайди. Агар ёнида Аллоҳнинг зикри бўлган бирон нарсаси бўлса-ю, уни йўқотишидан хавф қилса, у билан ҳожатга кириши мумкин, фақат уни ўраб қўяди.

Қазои ҳожат пайтида гапириш ярамайди, бундай қилиш Аллоҳнинг азобига дучор қилиши ҳақида ҳадисда келган. Шунингдек, Қуръон ўқиш ҳам ҳаромдир.

Қазои ҳожатдан фориғ бўлгач, сув билан истинжо қилиб ёки тош-кесак ё унинг ўрнини босадиган нарса билан истижмор қилиб, тозаланади. Ҳар иккисини жамласа, нур устига нур, биттасига чекланса ҳам кифоя қилади.

Истижмор тош-кесак, қоғоз, латта каби тозалаш хусусиятига эга нарсалар билан қилинади. Уч марта, керак бўлса ундан ҳам кўпроқ марта артиб тозаланиш лозим.

Суяк ва ҳайвонлар тезаги билан истижмор (тозаланиш) жоиз эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар.

Баъзи фуқаҳолар айтадилар: «Истинжо ёки истижмор қилиш таҳоратнинг яроқлилик шартларидан биридир, (агар қазои ҳожат қилган бўлсаю истинжо қилмаган бўлса,) таҳоратдан олдин албатта қилиниши зарур, агар ундан аввал таҳорат қилса, таҳорати дуруст бўлмайди. Чунки, Миқдод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда: «...олатини ювади, сўнг таҳорат қилади», дейилган».

Имом Нававий айтади: «Суннат шуки, истинжони таҳоратдан олдин қилади, бу билан ихтилофдан хориж бўлади ва (авратига қўли тегиб) таҳоратининг бузилишидан омонликда бўлади».

Мусулмон биродар! Бавлдан покланишга қаттиқ аҳамият беринг. Чунки, бавлдан сақланмаслик қабр азобига сабаб бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бавлдан покланинглар! Зеро, қабр азоби аксарият шундан бўлади», деганлар (Дорақутний ривоят қилган, Ҳофиз: «Исноди саҳиҳ, бошқа шоҳидлари ҳам бор, асли «Саҳиҳайн»да мавжуд», деган).

Мусулмон биродар! Таҳоратнинг комил бўлиши ибодатни барпо қилишни қулайлаштиради, уни тўла-тўкис, мукаммал адо этишга ёрдам беради.

Имом Аҳмад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бир кишидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга имом бўлиб бомдод намозини ўқидилар ва унда «Рум» сурасини ўқиб, адашиб қолдилар. Намоздан сўнг: «Бизга Қуръон чигаллашиб қолди, ичларингизда баъзи бир кишилар борки, таҳоратларини мукаммал қилмасдан биз билан намоз ўқишади. Ким биз билан намозга ҳозир бўлса, таҳоратини мукаммал қилсин!», дедилар.

Аллоҳ таоло Қубо аҳлини мақтаб: «Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутувчи зотларни севар», деди (Тавба: 108). Улардан покланишларининг сифати ҳақида сўралганда: «Биз тош ортидан сув ишлатамиз», деб жавоб беришган (Баззор ривояти).

Шу ерда яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, айрим одамлар истинжони ҳам таҳоратдан деб билишади ва аввалроқ қазои ҳожатдан сўнг истинжо қилган бўлсалар ҳам, таҳорат қилиш олдидан яна истинжо қилишади. Бу хатодир. Чунки, истинжо таҳоратнинг бир қисми эмас, балки, юқорида айтиб ўтганимиздек, таҳоратнинг шартларидан бўлиб, унинг ўрни қазои ҳожатдан фориғ бўлиш вақтидир. Қазои ҳожатдан бошқа сабаблар билан таҳорат қилганда яна қайта истинжо қилишга ҳожат йўқ.

Мусулмон биродар! Бизнинг динимиз поклик, тозалик ва озодалик динидир. У мусулмон киши учун зарур бўлган ва уни ислоҳ этадиган энг гўзал одоблар ва энг улуғ ахлоқларни келтирган, биз учун манфаатли бўлган бирон нарсадан ғофил қолмаган. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Биз Ундан динда собитқадам қилишини, унинг аҳкомларини англаш ва шариатига амал қилишга муваффақ этишини, амалимиз тўғри ва мақбул бўлиши учун Унинг Ўзига ихлосли қилишини сўраймиз.