асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Таяммум ҳукмлари ҳақидаги боб4143 марта кўрилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло намоз учун катта ва кичик нопокликдан Ўзи бизларга туширган покиза сув воситасида покланишни машруъ қилди. Демак, имкони бор бўлган ҳолда сув билан ювиниб, покланиш вожиб ишлардандир. Лекин, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, унда сув топиш имкони бўлмайди ёки у йўқлик ҳукмида бўлади. Ёки сув бўлса ҳам киши қандайдир шаръий узр сабабли уни истеъмол қилишдан маъзур бўлади. Ана шундай ҳолларда Аллоҳ таоло бандаларга енгиллик қилиш ва улардан қийинчиликни кўтариш мақсадида сув билан покланиш ўрнини босувчи, тупроқ билан таяммум қилишни кўрсатиб берган. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз! Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёҳуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни юзингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз). Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди» (Моида: 6). Таяммум луғатда қасд қилиш маъносини, шаръий истилоҳда эса юз ва қўлларни тупроқ билан махсус кўринишда силашни англатади. Таяммум Қуръони Каримда собит бўлгани каби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва умматнинг ижмоъи билан ҳам собитдир. У Аллоҳ таоло томонидан ушбу умматга хослаб берилган фазилат ва эҳсондир, биздан бошқа умматларга Аллоҳ уни покловчи қилмади. «Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида келади: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менга ўзимдан илгари ҳеч бир (пайғамбар)га берилмаган беш хусусият берилди: Бир ойлик масофа ичида (душманларим қалбида) қўрқув билан нусратландим, ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда) таҳоратга яроқли қилинди, умматимдан қай бир кишига намоз қай ўринда етса ўша ерда ўқийверсин...», дедилар. Бир лафзда: «Намозгоҳи ва таҳорати унинг олдида», дедилар. Таяммум – сувдан ожиз бўлган ҳолатда шаръан сув билан қилинган таҳорат ўрнини босади ва уни қилган одам одатда сув билан таҳорат қилган киши қиладиган, намоз, тавоф, Қуръон тиловати каби ишларни қилаверади. Чунки, Аллоҳ таоло таяммумни худди таҳоратдек покловчи қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг (яъни, ернинг) тупроғи биз учун пок қилинди», дедилар (Имом Муслим ривояти). Таяммум қуйидаги ҳолларда таҳорат ўрнини босади: Биринчи: Сув бўлмаса. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз». Сув топилмаслиги муқимликда бўлсин, сафарда бўлсин, фарқсиз. Иккинчи: Ёнида ичиши ё таом тайёрлаши учун зарур миқдорда сув бўлса ва агар уни таҳоратга ишлатса, эҳтиёжи қонмай қоладиган бўлса, яъни ўзига ё бошқаларга ташналик етишидан хавф қилса. Учинчи: Сув ишлатиш билан баданига бирон касаллик етиши ёки мавжуд касаллик тузалишининг кечикиши хавфи бўлса. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёҳуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз», деди (Моида: 6). Тўртинчи: Беморлик туфайли қимирлай олмаса ва сув ишлатишдан ожиз бўлса, таҳорат қилдириб қўядиган одами бўлмаса ва намоз вақти чиқиб кетишидан қўрқса. Бешинчи: Совуқ сув ишлатиш зарар қилишидан қўрқса ва сув илитиш иложи бўлмаса, таяммум килиб, намоз ўқийверади. Таҳоратининг бир қисмига етгулик сув топилса, етганича таҳоратига ишлатади, етмай қолган жойига таяммум қилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар», дейди (Тағобун: 16). Агар сув тегиши ёки сувли қўл билан масҳ тортиши зарар қиладиган бирон жароҳати бўлса, ўша ерига таяммум қилиб, қолган жойини ювади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ўзингизни ўлдирмангиз», дейди (Нисо: 29). Агар жароҳати масҳ тортиш билан зарарланмаса, унга боғланган боғлов устидан масҳ тортади ва мана шундай қилиши таяммум ўрнига кифоя қилади. Тупроқ, шўрҳок, қум ва шу каби ер жинслари таяммум учун яроқлидир. Уламолар билдирган фикрлар ичида тўғрироғи шудир. Чунки, Аллоҳ таоло: «покиза тупроқ билан таяммум қилингиз», дейди (Моида: 6). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари қаерда намоз ўқишларига тўғри келса, ўша жойдаги ер тупроқли бўладими, бошқача бўладими, таяммум қилиб ўқийверардилар, ўзлари билан махсус тупроқ олиб юрмасдилар. Таяммумнинг сифати:Қўлларининг бармоқларини очган ҳолда тупроққа уради, сўнг бармоқларининг ички тарафини юзига суртади ва кафтлари билан қўлларини силайди, шу бир масҳ юз ва қўлларига кифоя қилади. Агар қўлларини икки марта ерга урса ва бири билан юзини, иккинчиси билан қўлларини силаса, бу ҳам жоиз. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлгани аввалги сифатдагисидир. Кичик таҳоратсизликдан қилинган таяммум таҳоратни синдирувчи нарсалар билан бузилади, катта таҳоратсизликдан қилинган таяммум эса ғуслни вожиб қилувчи жунублик, ҳайз, нифос каби нарсалар билан бузилади. Чунки, ниманинг ўрнига ўринбосар бўлса, ўшанинг ҳукмини олади[1]. Шунингдек, сув тополмай таяммум қилган бўлса, сув топилиши билан таяммуми бекор бўлади, касаллик ёки бошқа шаръий узр билан таяммум қилган бўлса, ўша узр кетиши билан таяммуми бекор бўлади. Ким сув ҳам, тупроқ ҳам тополмаса ёки сув ишлатишга ҳам, тупроқ билан силашга ҳам ҳоли келмайдиган даражада бўлса, ҳоли кўтаришига қараб, таҳоратсиз ва таяммумсиз намоз ўқийверади. Чунки, Аллоҳ таоло ҳеч бир жонга тоқатидан ортиқ нарсани юкламайди. Шу ҳолда ўқиган намозини кейин қайтариб ҳам ўқимайди. Чунки, у ўзига буюрилган ишни адо қилди. Аллоҳ таоло: «Кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар», дейди (Тағобун: 16). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Агар сизларни бир ишга буюрсам, қодир бўлганингизча қилинг», деганлар (Муттафақун алайҳ). Таяммумга тегишли ҳукмлар мана шулардир. Улардан қай бирини яхши тушунмасангиз ёки билмасангиз, аҳли илмлардан сўраб ўрганиб олишдан асло тортинманг, динингиз ишига, айниқса, Исломнинг устуни бўлган намозга енгил қараманг. Чунки, бу жуда муҳим ишдир. Аллоҳ таоло барчамизни сўзда ҳам, амалда ҳам тўғриликка ҳамда амалимиз холис Унинг учун бўлишига муваффақ этсин. Зотан, У эшитувчи ва дуоларни қабул этувчи Зотдир. [1] Бунинг маъноси, жунублик сабабли таяммум қилган бўлса то яна жунуб бўлгунига қадар жунубдан пок киши каби юради. Ёддан Қуръон ўқиш, масжидда ўтириш каби ишларни қилаверади. Чунки жунуб одам ёддан бўлсада Қуръон ўқиши, масжидда қолиши мумкин эмас. Жунуб туфайли таяммум қилган одам ана шу таяммум билан намоз ўқиши мумкин. Қачонки таҳоратни бузадиган бирон иш ундан содир бўлса унинг катта бетаҳоратликка нисбатан таяммуми сақланиб қолсада, таҳорат билан қилинадиган ишларга яроқсиз бўлади ва бунинг учун алоҳида таҳорат ёки таяммум қилиши керак. |