Сешанба 26 Ноябрь 2024 | 24 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Таҳорат ва сув аҳкомлари ҳақидаги боб

6737 марта кўрилган

Маълумки, намоз Ислом рукнлари ичида икки шаҳодат калимасидан кейинги энг катта рукн саналади. У мусулмон билан кофирнинг ўртасини ажратиб туради, у Исломнинг асосий устуни, банда қиёматда энг биринчи у ҳақда сўроққа тутилади, агар намози дуруст ва мақбул бўлса, қолган барча амали мақбул бўлади, намози рад қилинса, бошқа барча амали ҳам рад қилинади.

Намоз Қуръони каримнинг кўп ўринларида турлича сифатлар билан зикр қилинган. Гоҳо Аллоҳ таоло уни тўкис адо этишга буюради, гоҳо унинг ўзига хос хусусиятларини баён қилади, гоҳо унинг савобини баён қилади, гоҳо уни сабр билан ёнма-ён зикр қилиб, қийинчилик пайтларида бу иккиси билан ёрдамланишга буюради. Намоз бу дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзларининг қувончи қилинди. У пайғамбарларнинг зийнати, солиҳларнинг белгиси бўлди. У банда билан оламлар Робби ўртасидаги алоқа, у фаҳшу мункар ишлардан тияди.

Ана шундай улуғ ибодат бўлмиш намоз фақат таҳорат билан, яъни нопоклик ва нажосатдан покланиб ўқилгандагина дуруст саналади. Покланиш моддаси асосан сув ёхуд сув топилмаган ҳолатда тоза тупроқ билан таяммум қилиш бўлганидан фиқҳшунос олимлар ўз китобларини таҳорат ҳақидаги китоб билан бошлашни одат қилганлар. Намоз икки шаҳодат калимасидан сўнг Исломнинг бошқа барча рукнларидан муқаддам қилинган экан, энди унинг аввалида қилинадиган амалларни, шу жумладан таҳоратни бошқа амаллардан муқаддам баён қилиш муносиб бўлди. Зеро, таҳорат намознинг калитидир. Ҳадисда келганидек: «Намознинг калити таҳоратдир» (Имом Термизий ривояти). Боиси, бетаҳоратлик намоздан ман қилади, у гўёки таҳоратсиз кишига урилган қулф ўрнидадирки, таҳорат қилсагина, қулф очилади. Таҳорат намознинг энг зарурий шартларидандир, шарт эса албатта машрутдан муқаддам туради.

Таҳоратнинг луғавий маъноси – ҳиссий ва маънавий кирликдан тозаланиш, шаръий маъноси эса, таҳоратсизликнинг кетиши ва нажосатнинг йўқолиши маъносидадир. Таҳоратсизликнинг кетиши эса ният қилиб – агар катта таҳоратсизлик бўлса – бутун баданга сув етказиш билан ёки – кичик таҳоратсизлик бўлса – тўртта аъзога сув етказиш билан ҳосил бўлади. Сув топилмаган ёки сув ишлатишдан ожиз бўлинган ҳолда эса сувнинг ўрнини босувчи модда бўлмиш тупроқни махсус сифатда ишлатиш билан таҳорат ҳосил бўлади. Ҳар икки таҳоратсизликдан покланиш сифати баёни қуйироқда келади, иншооллоҳ.

Ҳозир эса у билан таҳорат – покланиш ҳосил бўладиган сувнинг ва таҳорат ҳосил бўлмайдиган сувнинг сифатини баён қиламиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз осмондан пок сув ёғдирдик» (Фурқон: 48), «Сизларни поклаб, ... устингизга самодан сув (ёмғир) ёғдирган эди» (Анфол: 11). Пок сувдан мурод – ўзи тоза ва бошқани ҳам покловчи, ўзининг илк яратилган сифатида қолган сув бўлиб, осмондан ёмғир кўринишида тушган, қор ё дўлнинг эришидан ҳосил бўлган бўлсин, ёки анҳор, чашма, қудуқ, кўл ё денгиз суви каби ердаги оқин сув бўлсин, ёки тозаланган (фильтрланган, дистилланган) сув бўлсин, фарқсиз, бу сув таҳоратсизлик ва нажосатдан покланишга ярайди. Агар нажосат-нопок нарса аралашиб, ўзгариб қолган бўлса, у билиттифоқ таҳоратга ярамайди. Агар пок нарса аралашиб, ўзгартирган бўлса-ю, сувлик сифатига ғолиб бўлмаган бўлса, бунга уламоларнинг икки хил қарашлари мавжуд бўлиб, тўғрироғи таҳоратга ярайди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Оз ё кўп сувнинг совун, сидр, гул, тупроқ, ҳамир каби сувни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган пок нарсалар сабабли ўзгариб қолиши, мисол учун, бир идишда сидр юқи бўлса ва унга сув солинса, шу билан сувнинг ўзгариб қолиши каби масалада уламоларнинг икки хил сўзлари маъруф».

Сўнгра ушбу икки хил сўзнинг ҳар бирини далиллари билан зикр қилиб, унинг таҳоратга яроқлилиги ҳақидаги сўзни қувватли деб топади ва: «Шу тўғридир, чунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар, ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар» (Нисо: 43), деган. «Сув топа олмасангиз» дегандаги «сув» сўзи манфий гап оқимида келган накра (ноаниқ шаклли сўз) бўлиб, ҳар қандай сувни ўз ичига олади, бунда бир турли сув билан бошқа турли сув ўртасида фарқ йўқдир», дейди. (Иқтибос тугади).

Агар сув тополмаса ёки сув ишлатишга ожиз бўлса, Аллоҳ таоло унинг ўрнига тупроқ билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берганларидек покланиш (таяммум қилиш) йўлини алиштириб берди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлигидандир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар, ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар. Албатта Аллоҳ афв этувчи ва мағфиратли бўлган зотдир» (Нисо: 43).

Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ айтади: «Намоз лозим бўлган ҳар бир киши сув топган ҳолида сув билан таҳорат қилиши вожиблигига ижмоъ-иттифоқ қилганлар. Агар сув тополмаса, унинг бадали (ўринбосари) кифоя қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар» (Нисо: 43), «Сизларни поклаб, ... устингизга самодан сув (ёмғир) ёғдирган эди» (Анфол: 11)».

Бу – тозалик ҳамда ҳиссий ва маънавий поклик дини бўлмиш Исломнинг нақадар улуғвор дин эканига далолат қилиш билан бир қаторда икки хил покланишсиз, яъни ширкдан маънавий покланиш – бу эса тавҳид ва ибодатни Аллоҳга холис қилиш билан бўлади – ҳамда таҳоратсизлик ва нажосатдан ҳиссий покланиш – бу эса сув ёки унинг ўринбосари билан ҳосил бўлади – бўлмасдан туриб, унга кириш дуруст бўлмайдиган намоз ибодатининг нақадар улкан ибодат эканига ҳам далолат қилади.

Билингки, агар сув ўзининг илк яратилган ҳолида қолган бўлса ва унга бошқа модда аралашмаган бўлса, у билиттифоқ покдир. Агар учта васфидан – ҳиди, таъми ва рангидан – бири нажосат сабабли ўзгариб қолган бўлса, у билиттифоқ нажас бўлиб, ишлатишга яроқли бўлмайди. Агар дарахт барглари, совун, сидр каби пок модда аралашуви сабабли учта васфидан бири ўзгариб қолган бўлса ва бу аралашган модда унга ғолиб келмаган бўлса, бу борада уламолар айрим тафсилот ва ихтилофларга киришганларки, тўғрироқ фикр унинг поклиги ва таҳоратга яроқлилигидир.

Шунга кўра, хулоса сифатида айтиш мумкинки, сув икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Пок, таҳоратга яроқли сув. Ўзининг илк сувлик кўринишида қолган сув бўлсин ё пок модда аралашиб, унинг сувлигига ғолиб келмаган ва сувлик номини йўқотмаган ҳолдаги сув бўлсин, фарқсиз.

Иккинчи қисм: Ишлатишга яроқли бўлмайдиган, таҳоратсизликни кетказолмайдиган ва нажосатни йўқотолмайдиган, нажосат аралашиши сабабли нажосатга айланиб қолган сув.

Валлоҳу таоло аълам.