асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Вужуҳ, абдон ва муфоваза шерикликлари ҳақидаги боб2957 марта кўрилган Биринчи: Вужуҳ шериклиги:Бунда икки ё ундан ортиқ киши ўз зиммалари билан (яъни, обрўлари ва ишончга сазоворликлари билан насияга) сотиб олган нарсаларида шерик бўладилар ва топган фойдалари ўрталаридаги келишувларига қараб тақсимланади. Вужуҳ (яъни, обрў-эътибор) ширкати деб номланишига сабаб – бу шерикликда дастмоя бўлмайди, фақат уни обрў ва савдогарларнинг ишончига эга бўлиш билан қилинади, шу билан сотиб оладилар ва сотадилар, ҳосил бўлган фойдани ўрталаридаги шартга кўра тақсимлайдилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар ўз шартлари устидадир», деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу турдаги шериклик инан шериклигига ўхшайди ва унинг ҳукмини олади. Иккала шерикнинг ҳар бири ўз шеригидан вакил ва пулига кафил бўлади. Чунки, бу тур ваколат ва кафолатга бино бўлган шерикликдан саналади. Иккаласидан ҳар бирининг ушбу шерикликдан эга бўладиган нарсаси миқдори ўртадаги шартга кўра, тенг ярми ёки кўпроғи ёки озроғи бўлиши мумкин. Улардан ҳар бири зиённи ҳам ўзининг шериклиги миқдорига қараб кўтаради. Яъни, масалан, тенг шерикликка шартлашган бўлсалар, зиённи ҳам тенг кўтарадилар ва ҳоказо. Шериклардан ҳар бири шартга кўра, фойданинг ярмига, тўртдан бирига, учдан бирига ҳақли бўлади. Чунки, улардан бири савдогарлар наздида ишончлироқ ва рағбатга сазоворроқ бўлиши, шунингдек, тижорат йўлларини ҳам унисига қараганда яхшироқ билиши мумкин, ҳар бирининг бажарадиган иши бошқасиникидан фарқли бўлиши мумкин. Шунинг муқобилида ўзининг улуши кўпроқ бўлишини исташи ва буни ўртадаги шартга киритиши мумкин. Вужуҳ ширкатидаги шерикларнинг ҳар бири учун инан ширкатидаги шериклар учун бўлган ҳақ-ҳуқуқлар бордир. Иккинчи: Абдон (баданлар) шериклиги:Баданлардаги шериклик – икки ё ундан ортиқ киши жисмоний меҳнатлари билан касб қилишда шерик бўлишларидир. Бунда шериклар тирикчилик касб қилишда ўз баданларини ишлатадилар ва топган фойдаларида шерик бўладилар. Бу турдаги шерикликнинг жоизлигига далил – Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдир: «Мен, Аммор ва Саъд Бадр куни эришадиган нарсада (яъни, ўлжаларда) шерик бўлдик, Саъд иккта асир олиб келди, Аммор билан мен ҳеч нарса келтирмадик» (Абу Довуд (3388), Насоий (3947), Ибн Можа (2288) ривоятлари). Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шерик қилиб қўйдилар» (Ал-муғний: 5/4). Агар шунга иттифоқ қилган бўлсалар, шериклардан бири бирон ишни қабул қилса, қолган шериклар ҳам уни қилишлари лозим бўлади ва ҳар бир шерикдан бошқа шериклари қабул қилган ишни талаб қилинади, чунки шерикликнинг тақозоси шудир. Шерикларнинг ҳунарлари ҳар хил бўлса ҳам баданлар шериклиги дуруст бўлади. Масалан, тикувчи темирчи билан шерик бўлиши мумкин ва ҳоказо. Шериклардан ҳар бири ўзи ёки шериги қабул қилган ишнинг ҳаққини талаб қилишга ҳақли бўлади. Улардан бирининг хизматидан фойдаланган киши иш ҳақини улардан қайси бирига берса ҳам дуруст бўлаверади. Чунки, улар бир-бирларидан вакил саналадилар ва ўртада топган хизматлари ва фойдаларида шерик бўладилар. Баданлар шериклиги мубоҳ нарсаларга эгадор бўлишда ҳам саҳиҳ бўлади, ўтинчилик қилиш, тоғлардан йиғиладиган мева-ҳосилларни йиғиш, конларни қазиб чиқариш каби. Агар шериклардан бирови касал бўлиб қолса, бошқаси ишлаб топган даромад ўртада бўлади. Чунки, Саъд, Аммор ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум шерик бўлишиб, Саъд иккита асир ушлаб келтириб, қолган иккаласи ҳеч нарса келтиришмаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бунда шерик қилганлар. Агар соғ шерик касал шерикдан ўз ўрнига бирон кишини ишга қўйишини талаб қилса, шундай қилиши лозим бўлади. Чунки, улар иккаласи ишлашга келишганлар. Агар бировида узр пайдо бўлса, битимнинг ҳаққини ўташ учун ўз ўрнига ишлайдиган бирон кишини қўйиши лозим бўлади. Агар ишлаёлмай қолган шерик ўз ўрнига одам қўйишга кўнмаса, шериги шериклик битимини бекор қилишга ҳақли бўлади. Агар от-улов ва автомашиналар эгалари киракашлик қилишга шериклик қилсалар, топган даромадлари ўртада бўлишга келишсалар, бу дуруст бўлади. Чунки, бу ҳам тирикчиликнинг бир навидир. Шунингдек, бирон ҳайвон ёки машинани уни ишлатадиган одамга бериш ва даромадни ўртада бўлиш дуруст бўлади. Агар уч киши шерик бўлса, биридан ҳайвон, иккинчисидан асбоб-анжом, учинчисидан меҳнат бўлса, топганлари ўртада бўлишга келишсалар, дуруст бўлади. Даллолларнинг шериклиги ҳам агар улар молларни сотиш, намойиш қилиш ва харидор чақиришни амалга оширадиган бўлсалар ва топганлари ўртада бўлишига келишсалар, дуруст бўлади. Учинчи: Муфоваза шериклиги:Муфоваза шериклиги – шериклардан ҳар бири иккинчисига ҳар хил шерикликдаги молиявий ва баданий тасарруфларнинг ҳаммасини топшириб қўяди, у инан, музораба, вужуҳ, абдон ширкатларининг ўртасини жамлаш бўлиб, фойдада ҳам, зиёнда ҳам шерк бўладилар. Шерикликнинг бу тури саҳиҳдир. Чунки, бу якка ҳолда дуруст бўлган шерикликлар ўртасини жамлашдир, демак улар жамланган ҳолда ҳам дуруст бўлади. Бу шерикликда фойда шартлашувга кўра тақсимланади, зиённи ҳам улардан ҳар бирининг ширкатда эга бўлган ҳиссаси миқдорига қараб кўтарадилар. Ҳоказо, шариати исломия мубоҳ йўллар билан тирикчилик қилиш доирасини кенгайтириб қўйди ва инсонга хоҳ ёлғиз, хоҳ шериклар билан ишлаб пул топишига рухсат бериб қўйди, одамларнинг ўзаро шартлашувлари агар ҳаром ва тажовузкорона шартлар бўлмаса, уларга шу шартларга кўра муомала қилди. Бу эса ушбу шариатнинг ҳамма замон ва маконлар учун яроқли эканини кўрсатади. Аллоҳ таолодан шариати исломияни маҳкам ушлаш ва унда оғишмай юришга муваффақ этишини сўраймиз. У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир. Биринчи жузъ тугади. Иккинчи жузъ, иншооллоҳ, деҳқончилик ва суғоришдаги шерикликларга доир ҳукмлар ҳақидаги боб билан бошланади. |