Сешанба 3 Декабрь 2024 | 1 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рибо ва унинг ҳукми баёнидаги боб

4527 марта кўрилган

Рибо, яъни судхўрлик – барча шариатлар унинг ҳаромлигига ижмоъ қилган ва Аллоҳ таоло у билан шуғулланувчига қаттиқ азоб ваъдасини берган бир ишдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар» (Бақара: 275). Уларнинг қиёмат куни қабрларидан тутқаноқ тутгандай бир ҳолда туришларига сабаб дунёда еган риболари сабабли қоринлари шишиб кетгани учундир.

Аллоҳ таоло рибонинг ҳаромлигини билганидан кейин ҳам яна уни ейишга қайтадиган кимсаларни дўзахда абадий қоладиган кимсалар бўлиши хабарини берди: «Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 275).

Аллоҳ таоло судхўрликнинг баракасини ўчириб юборишини ҳам хабар берди: «Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади» (Бақара: 276). Яъни, Аллоҳ таоло рибо аралашган молнинг баракасини ўчиради, судхўрнинг моли ҳар қанча кўпаймасин, унда барака ва яхшилик бўлмайди, балки у ўз эгаси учун бало бўлади, дунёда машаққат, охиратда азоб келтиради.

Аллоҳ таоло судхўрни кўрнамак ва жиноятчи деб таърифлади: «Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди» (Бақара: 276). У судхўрни яхши кўрмаслигини айтди. Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан маҳрумлик Унинг ғазаби ва азобига лойиқликни билдиради.

Биз «кўрнамак» деб келтирган сўз оятда «каффор» лафзи билан келган. Каффор – ҳаддан ташқари куфрони неъмат қилувчи маъносида бўлиб, рибо кишини диндан чиқариб юбормайдиган даражадаги куфрдир. Судхўр Аллоҳнинг неъматига куфр келтирувчи кўрнамакдир. Чунки, у ожизга раҳм қилмайди, фақирга ёрдам кўрсатмайди, қийналиб қолган одамга фурсат ва имконият бермайди.

Ёки каффордан мурод – агар бундай кимса рибони ҳалол санаса, диндан чиқарувчи куфрдир.

Аллоҳ таоло мазкур оятда уни жиноятчи деб атади. Чунки, судхўр моддий ва ахлоқий жиноятларга ботган жиноятчидир.

Аллоҳ таоло судхўрга Ўзи ва Пайғамбари томонидан уруш эълон қилди. Чунки, у судхўрликни тарк қилмаса, Аллоҳ ва Расулининг душмани бўлиб қолади. Шунингдек, Аллоҳ уни золим деб сифатлади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.) Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз (Бақара: 278, 279).

Ҳадисларда ҳам судхўрга нисбатан қаттиқ огоҳлантирувлар келган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибони еттита ҳалок қилувчи катта гуноҳлар қаторида санаганлар (ушбу маънодаги ҳадисни Бухорий (2766) ва Муслим (89) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо егувчини ҳам, унга рибо берувчини ҳам, котибини ҳам, гувоҳларини ҳам лаънатлаганлар ва: «Улар барчаси (гуноҳда) баробардир», деганлар (Муслим (1598) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши билиб туриб ейдиган бир дирҳам рибо Аллоҳ наздида ўттиз учта зинодан – бир ривоятда: ўттиз олтита зинодан – қаттиқроқдир», деганлар (Аҳмад (5/225, №21957, 21958), Дорақутний (3/16), Табароний «Ал-авсат»да (3/124, №2682) Абдуллоҳ ибн Ҳанзаладан ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Судхўрликнинг етмиш икки даражаси бор бўлиб, энг пасти Исломда бўла туриб ўз онасининг номусига тажовуз қилган кабидир» (Ибн Можа (2274) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Рибонинг ҳаромлиги қиморнинг ҳаромлигидан қаттиқроқ. Чунки, судхўр кимса муҳтож одамдан зиёда пулни аниқ олади, аммо қиморбозга бу нарса баъзан ҳосил бўлади, баъзан ҳосил бўлмайди» (Мажмуъул-фатава: 20/341).

Сўнг у рибонинг муҳаққақ зулм эканини, сабаби, бунда қиморнинг зидди ўлароқ, бойнинг камбағал устидан ҳукмронлик қилиши борлигини, чунки рибода камбағал бойдан қарз олишини, қиморда эса ҳар икки қиморбоз бой-камбағалликда баробар ҳам бўлиши мумкинлигини баён қилиб, сўзининг давомида шундай дейди: «У молни ботил йўл билан ейишдир, шу боис Аллоҳ уни ҳаром қилди. Лекин, унда муҳтожга зулм қилиш ва зарар етказиш рибо даражасида эмас. Маълумки, муҳтожга зулм қилиш муҳтож бўлмаган кишига зулм қилишдан оғирроқдир» (Мажмуъул-фатава: 20/341, 347).

Судхўрлик яҳудларнинг сифатларидан бўлиб, бу сифатлари уларни давомий ва абадий лаънатга дучор этган. Аллоҳ таоло айтади: «Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ йўлидан-тўсганлари сабабли, яна манъ этилган бўлсалар-да, судхўрлик қилганлари ва одамларнинг молларини ноҳақ еганлари сабабли уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик. Ва улардан кофир бўлган кимсалар учун аламли азобни тайёрлаб қўйдик (Нисо: 160, 161).

Судхўрликнинг ҳаром қилиниши остидаги баъзи ҳикматлар:

- Унда одамларнинг молларини ноҳақ ейиш бор. Чунки, судхўр одамлардан фойда олади, бироқ бунинг муқобилида уларни фойдалантирмайди.

- Унда камбағал ва муҳтожларга зарар етказиш бор. Чунки, қарзни тўлашга ожизликлари туфайли бўйинларидаги қарзлари бир неча баробар бўлиб кўпайиб бораверади.

- Унда одамлар ўртасидаги маъруфни (яъни яхшиликни) узиш бор, қарзи ҳасана эшигини ёпиш ва камбағалнинг елкасини эзиб юборадиган фойда эвазига қарз бериш эшигини очиш бор.

- Унда инсоният учун манфаат келтирадиган касб-ҳунарлар, тижоратлар ва тирикчилик йўлларини йўқотиш бор. Чунки, судхўр ҳеч қандай ҳаракат ва меҳнатсиз молига мол қўшилиб боришини кўргач, меҳнат билан пул топиш йўлларидан воз кечади. Аллоҳ таоло одамларнинг тирикчиликдаги ўзаро муомала йўлини ҳар бир киши бошқа бир кишидан фойдаланиши у учун адо этадиган бир амал муқобилига ёки унинг молига тўлайдиган ҳақ эвазига қоим бўладиган қилди. Рибо бу нарсалардан холидир. Чунки, у молни бир киши тарафидан бошқа бир кишига ҳеч қандай амал ва пулдан бўлган муқобаласиз ва эвазсиз берилишидир.

Рибонинг луғавий маъноси «зиёдалик» бўлиб, шариатда махсус нарсалардаги зиёдалик маъносида истеъмол қилинади. Рибо икки қисмга: насия рибоси ва фазл рибосига бўлинади.

Насия рибосининг баёни:

Насия – «кечиктириш» маъносидаги «насъун» сўзидан олинган бўлиб, насия рибоси икки хил бўлади:

Биринчиси: Қарзни тўлашга қурби етмаган одамнинг қарзини ошириб қўйиш. Жоҳилият даврида рибонинг асли шу эди. Яъни, бир кишининг бошқа бировда маълум муҳлатга берилган қарзи бўлса, ўша муҳлат келганида, ҳақ эгаси унга: «Қарзингни тўлайсанми ёки кейинроқ зиёдаси билан берасанми?», дер, агар тўлашга имконияти бўлмаса, муҳлатни кечиктириб, эвазига тўланажак миқдорни ошириб қўярди. Шу билан қарздорнинг зиммасида қарзи кўпайиб бораверарди. Аллоҳ таоло шу ишни ҳаром қилди ва: «Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг!», деб буюрди (Бақара: 280). Қарзни тўлаш муҳлати келганда агар қарздор ночор одам бўлса, унинг қарзига қарз қўшиб қўйиш ножоиз бўлиб, беришга қодир бўлишини кутиш лозим бўлади.

Қарзини тўлаш имконияти бор одам эса уни тўлаши лозим бўлиб, бу ҳолда қарзига қарз қўшишга ҳожат қолмайди.

Иккинчиси: Фазл рибоси иллатида бир хил бўлган икки жинс(даги нарса)нинг ҳар бирининг савдосида бўлган, шу билан бирга уларнинг ҳар иккисини ёки биттасини қўлга тегишини кечиктириш билан бўлган рибо. Масалан, тиллани тиллага, кумушни кумушга, буғдойни буғдойга, арпани арпага, хурмони хурмога, тузни тузга (бирини иккинчисидан ортиқроқ қилиб) алмаштириш каби. Шунингдек, ушбу санаб ўтилганлардан бир жинсини бошқа жинсга насияга (яъни, пулини кейинроқ беришга) сотиш ҳам шундай. Иллатда (яъни сабабда) мана шу нарсаларга шерик бўлган нарсалар ҳам уларнинг ҳукмини олади.

Фазл рибосининг баёни:

Фазл рибоси иккита нарсани бир-бирига алиштиришдаги ортиқчаликни англатади.

Шариат соҳиби унинг олтита нарсада ҳаром эканлигига очиқ далил келтирган, улар: тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо ва туздир. Мана шу нарсалардан бирортасини айни ўзининг жинсидаги нарсага ўртада зиёдалик билан алмаштириш ҳаромдир.

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ مِثْلاً بِمِثْلٍ يَدًا بِيَدٍ فَمَنْ زَادَ أَوِ اسْتَزَادَ فَقَدْ أَرْبَى الآخِذُ وَالْمُعْطِى فِيهِ سَوَاءٌ ».

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Тиллани тиллага, кумушни кумушга, буғдойни буғдойга, арпани арпага, хурмони хурмога, тузни тузга бир хилда, теппа-тенг ва қўлма-қўл қилиб (алмаштирилади)» (Муслим (1587) ва Аҳмад (5/320, №27727) ривоятлари).

Ушбу ҳадис тилланинг барча турларини – зарб қилинган бўлсин ё бошқача бўлсин – бир-бирига, шунингдек, кумушнинг барча турларини бир-бирига фақат бир хилда, тенгма-тенг ва қўлма-қўл қилибгина алиштириш ё сотиш мумкинлигига далил бўлади. Худди шунга ўхшаш, буғдойни буғдойга, арпани арпага, хурмони хурмога барча турлари билан ва тузни тузга фақатгина бир хилда, тенгма-тенг ва қўлма-қил қилибгина алиштириш мумкин.

Иллатда (яъни, белги ёки сабабда) ушбу олтита нарсага шерик бўлган бошқа нарсалар ҳам уларга қиёс қилинади ва жумҳур аҳли илмлар наздида уларни ҳам ўртада зиёдалик билан алиштириш ҳаром бўлади. Бироқ, улар иллатнинг ҳаддини (чек-чегарасини) белгилашда ихтилоф қилишган.

Саҳиҳ гап шуки, иккала пул (тилла ва кумуш)даги иллат унинг баҳо-тўлов (моддаси) эканидир. Шу боис ҳозирги даврда тўлов вазифасини ўтайдиган қоғоз пуллар ҳам уларга қиёс қилинади ва жинси бир бўлган, яъни, битта давлатда босиб чиқарилган пулни бир-бирига ўртада зиёдалик билан алиштириш ҳаром бўлади.

Саҳиҳ гап шуки, олтита нарсанинг бу иккисидан бошқа турларидаги – буғдой, арпа, хурмо ва туздаги иллат кайл (сиғим ўлчови) ёки вазн (оғирлик ўлчови) ҳамда уларнинг егулик эканлигидир. Демак, мана шу иллатда уларга шерик бўлган, яъни, сиғим ёки оғирлик ўлчови билан ўлчанадиган егулик нарсаларга ҳам шу ҳукм ўтади ва уларда ҳам бир хил нарсани ортиқчаси билан алиштириш ҳаром бўлади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фазл рибосининг ҳаромлигидаги иллат – унинг кайл ёки вазн билан ўлчаниши ва егулик эканидир бу Аҳмаддан ривоятдир» (Ал-фатавал-кубро: 5/391).

Бинобарин, мана шу олтита нарсага уларнинг иллатида шерик бўлган, яъни, кайл (сиғим ўлчови) билан ўлчанадиган егулик ёки вазн (оғирлик ўлчови) билан ўлчанадиган егулик ёки баҳо-тўлов иллати топилган пулга рибо киради.

Агар мазкур иллатга жинснинг бир хиллиги ҳам қўшилса, масалан, буғдойни буғдойга алмаштирилса, унда ўртада зиёдалик қўшиш ва ўташ муддатини кечиктириш ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тиллани тиллага, кумушни кумушга, буғдойни буғдойга, арпани арпага, хурмони хурмога, тузни тузга бир хилда, теппа-тенг ва қўлма-қўл қилиб (алмаштирилади)», деганлар (Муслим (1587) ва Аҳмад (5/320, №27727) ривоятлари).

Игар иллат бир бўлса-ю, жинси бошқа бўлса, буғдойни арпага алмаштириш каби, бунда ўташ муддатини кечиктириш ҳаром бўлади, ўртада зиёда қўшиб бериш жоиз бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадиснинг давомида шундай деганлар: «Агар бу нарсаларнинг тури ҳар хил бўлса, қўлма-қўл бўлса, қандай истасангиз, шундай сотинглар (алмаштиринглар)» (Муслим (1587), Абу Довуд (3350), Термизий (1240) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). «Қўлма-қўл» деганни маъноси – ҳали иккаласи бир-биридан ажралиб кетмаган ҳолда, ўша мажлиснинг ўзида берилиши лозим, деганидир.

Агар иллат ҳам, жинс ҳам ҳар хил бўлса, масалан, тиллани буғдойга, кумушни арпага алиштирса, ҳар икки иш ҳам, яъни, ўртада зиёдалик қўшиш ҳам, тўлаш муддатини кечиктириш ҳам жоиз.

Шуни ҳам билиш керакки, кайл билан ўлчанган нарсани ўз жинсига фақат кайл билан ўлчаб алмаштирилади, вазн билан ўлчанган нарсани ўз жинсига фақат вазн билан ўлчаб алмаштирилади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Тиллани тиллага баробар оғирликда, кумушни кумушга баробар оғирликда, буғдойни буғдойга баробар сиғимда, арпани арпага баробар сиғимда (алмаштиринглар)» (Муслим (1584) ва Аҳмад (9/3, №11062) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоятлари). Чунки, шаръий меъёри бир-биридан фарқли бўлган нарсаларда баробарлик вужудга келмайди. Шундай экан, кайл-сиғим билан ўлчанадиган нарсани ўз жинсига ўлчамасдан, таваккалига алмаштириш, тарози билан ўлчанадиган нарсани ўз жинсига ўлчамасдан, таваккалига алмаштириш жоиз бўлмайди, чунки, бунда баробарлик маълум бўлмайди. Баробарликнинг маълум бўлмаслиги ўртада ортиқчалик борлигини билиш билан бир хилдир.

Пул алмаштириш – яъни, бир пулни иккинчи пулга сотиш масаласига келсак, бунда пулнинг жинси хоҳ бир хил бўлсин, хоҳ бошқача бўлсин, хоҳ у пул тилла ё кумуш бўлсин, хоҳ ҳозирги замонда муомалада бўлган қоғоз пуллар бўлсин, фарқсиз, тилла ва кумушнинг ҳукмини олади. Чунки, рибо иллатида, яъни, баҳо-тўлов бўлишда тилла-кумушга шерик бўлди.

Агар бир турдаги пул ўз жинсига сотилса, яъни, тиллани тиллага ёки кумушни кумушга ёки қоғоз пулни ўз жинсидаги қоғоз пулга алмаштирилса, масалан, долларни долларга, саудий қоғоз риёлни саудий қоғоз риёлга алмаштирилса, миқдорда баробарлик ва қўлма-қўл қилиб алмаштириш лозим бўлади.

Агар бир пулни ўз жинсидан бўлмаган бошқа бир пулга алмаштирилса, масалан, саудия риёлини америка долларига ёки тиллани кумушга алмаштирилса, бунда фақат битта нарса, яъни, ўрнида қўлма-қўл қилиб алмаштириш шарт бўлади, миқдорда эса ортиқ-камлик жоиз бўлади.

Шунингдек, агар тилла тақинчоқни кумуш дирҳамларга ёки қоғоз пулга сотилса ёки кумуш тақинчоқни тиллага сотилса, бунда ҳам фақат қўлма-қўллик шарт бўлади.

Аммо, агар тилла тақинчоқни тилла пулга, кумуш тақинчоқни кумуш пулга сотилса, бунда ҳар иккала иш, яъни, ҳам баробар оғирликда бўлиши, ҳам қўлма-қўл бўлиши лозим бўлади.

  • Рибонинг хатари жуда катта, бундан фақат унинг ҳукмларини яхши билиш билангина сақланиш мумкин. Унинг ҳукмларини мустақил равишда билишга қодир бўлмайдиган киши аҳли илмлардан сўраб ўрганиши лозим. Бирон бир молиявий муомалага қадам қўйишдан олдин албатта унинг рибодан холи эканига ишонч ҳосил қилиш керак бўлади. Кишининг дини шу билан саломат бўлади ва Аллоҳнинг судхўрларга ваъда қилган азобидан қутулиб қолади. Одамлар қилаётган ишларга кўр-кўрона эргашиб кетиш ярамайди. Хусусан, ҳаром-ҳариш йўллар билан тирикчилик қилишга бепарволик кучайган ҳозирги даврда бунга аҳамият бериш айниқса зарурдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар беришларича, охирги замонда судхўрлик кўпайиб кетади, бир одам судхўрлик қилмаса ҳам, унга унинг ғубори етади (Абу Довуд (3331), Насоий (4455), Ибн Можа (2278) Аҳмад (2/494, №10410) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
  • Замонавий рибо муомалаларидан бири – қарздор одам қарзини тўлаш муддатида тўлашга қодир бўлмаса, унинг қарзига маълум фоиз қўшилиб туриши эвазига тўлаш муддатининг узайтирилишидир. Бу жоҳилият давридаги рибонинг айни ўзи бўлиб, мусулмонлар унинг ҳаромлигига ижмоъ-иттифоқ қилганлар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.) Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз. Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг!» (Бақара: 278-280).

Ушбу ояти каримада рибонинг мазкур тури билан шуғулланувчиларга бир неча таҳдидлар келди:

  1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига «Эй мўминлар!» деб иймон сифати билан хитоб қилди, сўнг: «агар чиндан мўмин бўлсангизлар», деди. Бу эса рибо билан шуғулланиш мўминларга нолойиқ эканига далолат қилади.
  2. Аллоҳ таоло: «Аллоҳдан қўрқингиз!», деди. Бу эса рибо билан шуғулланувчи киши Аллоҳдан қўрқмаслигига ва тақво қилмаслигига далолат қилади.
  3. Аллоҳ таоло: «судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз», деди. Рибони тарк қилишга бўлган бу буйруқ вужубни (яъни, тарк қилиш фарзлигини) ифодалайди ва рибо билан шуғулланиш Аллоҳга осий бўлиш эканига далолат қилади.
  4. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло рибо билан шуғулланишни ташламаган кишига уруш эълон қилди: «Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг!». Яъни, билиб қўйингларки, сизлар Аллоҳ ва Расулига қарши урушга кирдингизлар.
  5. Судхўрни золим деб аталди. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъносидан билинади: «дастмоянгиз ўзингизга золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз».
  • Судхўрлик муомалаларидан яна бири – фойда (яъни, фоиз) эвазига қарз беришдир. Яъни, бир одам бировга қарз беришида маълум бир фоиз билан қайтаришини шарт қилиб қўяди. Рибонинг ушбу тури ҳозирда асосан банк тизимларида қўлланилади. Яъни, банклар эҳтиёжманд кишилар билан, тижоратчилар, турли касб-ҳунар эгалари билан қарз шартномаси тузадилар ва уларга йиллик маълум фоиз фойда эвазига пул қарз берадилар. Белгиланган муддатда қарзни тўлашдан кечикиш ҳолатида фоиз миқдори ошиб боради ва бунда рибонинг икки тури – фазл рибоси ва насия рибоси жамланади.
  • Судхўрлик муомалаларидан яна бири – банкларга маълум фоиздаги фойда эвазига омонат қўйишдир. Бунда қўйилган омонат суммаси маълум муддат банкда туради ва то муддат якунлангунича банк ундан фойдаланиб туради, эвазига омонат эгасига йиллик маълум фоиз қўшимча қўшиб беради.
  • Судхўрлик муомалаларидан яна бири – ийна байъидир. Бунинг маъноси шундайки, бир киши бировга бирор молни насияга сотади, сўнг ўша одамдан арзонроқ баҳода нақд пулга қайта сотиб олади. Байънинг бу тури рибога эришиш учун қилинадиган бир ҳийла деб кўрилади. Рибонинг бу туридан қайтарувчи кўплаб ҳадислар келган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ийна (рибо) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд (4362), Аҳмад (2/42, №5007) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамларга бир замон келадики, байъда рибони ҳалол санайдилар» (Хаттобий «Ғарибул-ҳадис»да Авзоий орқали келтирган. Ибнул Қаййим «Таҳзибус-сунан»да бу ҳадисни зикр қилиб: «Бу агарчи мурсал бўлсада, у билан қувватланишга яроқлидир. Хусусан, уни қувватловчи марфуъ ҳадис ҳам келган», дейди).

Мусулмон биродар! Молиявий муомалаларингизга судхўрлик кириб қолишидан ва молларингизга рибо аралашиб қолишидан эҳтиёт бўлинг. Чунки, судхўрлик билан шуғулланиш энг катта гуноҳлардан саналади. Қай бир қавмда рибо ва зино ёйилса, улар ичида фақирлик, бедаво касалликлар ва султоннинг зулми ғолиб бўлади. Рибо молларни ҳалок қилади, баракасини ўчиради.

Аллоҳ таоло судхўрлик билан шуғулланувчиларга қаттиқ азобларни ваъда қилган, судхўрликни энг хабис ишлардан ва гуноҳи кабиралардан санаган, судхўрнинг дунё ва охиратдаги уқубатини баён қилган ва уни Аллоҳу Расулига қарши урушга кирувчи деб эътибор қилган. Судхўрликнинг дунёдаги уқубати – у молнинг баракасини ўчиради ва уни завол ва талафотга дучор этади. Қанча-қанча катта пул-молларнинг ёниб ё чўкиб йўқ бўлиб кетганига, уларнинг эгалари синиб, камбағаллашиб қолганига гувоҳ бўлинади.

Мабодо судхўрлик билан топилган моллар эгаларининг қўлида йўқ бўлмай турган тақдирда ҳам, барибир уларнинг баракаси бўлмайди, ундан деярли фойдалана олмайдилар, аксинча, уларнинг оғирлиги доим эзиб туради, бўйинларида уларнинг ҳисоб-китоби бор ва азобини тотадилар.

Судхўрни Аллоҳ ҳам, бандалар ҳам ёмон кўради. Чунки, у олади-ю, бермайди, жамғаради-ю, тарқатмайди, инфоқ-эҳсон қилмайдиган бахил, хасис, қурумсоқдир. Қалблар ундан нафратланади, жамият уни тарк қилади. Бу унинг шу дунёда кўрадиган азобидир. Охиратдаги азоби эса Аллоҳ таоло баён қилганидек, қаттиқроқ ва боқийроқдир.