Сешанба 3 Декабрь 2024 | 1 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳажрга оид аҳкомлар ҳақидаги боб

2803 марта кўрилган

Ислом молларни асраш ва одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун келган. Шунинг учун ҳам у инсонларнинг мол-мулкларини ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида айрим ҳажрга (яъни, тасарруфдан тўсилишга) лойиқ бўлган кишиларни ҳажр қилишни машруъ қилди.

Ҳажр луғатда «ман қилиш, тўсиш» маъноларини англатади. Ҳаромни ҳам ҳижр дейилади, чунки ундан ман қилинган. Ҳижр шу маънода Қуръони каримда ҳам келган: «Ва (фаришталар уларга) дерлар: (Ҳар қандай хушхабар сизлар учун) бутунлай ҳаромдир» (Фурқон: 22).

Ақлни ҳам ҳижр дейилган. Аллоҳ таоло айтади: «Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!» (Вал-фажр: 5). Чунки, ақл ўз эгасини қабиҳ ва оқибати зарарли ишларни қилишдан тўсади.

Ҳажрнинг шариатдаги маъноси – бир инсонни ўз мол-мулкини тасарруф қилишдан тўсиш ва ман қилишдир.

Ҳажрга Қуръони каримдан далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз, балки уларни ўша моллардан едириб-кийдиринг ва уларга яхши сўзлар билан муомала қилинг! Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар» (Нисо: 5, 6). Ушбу икки оят ақлсиз кишиларни ва етимларни ўз молларини зое қилиб юбормасликлари учун уларни тасарруф қилишдан ҳажр қилиш – ман қилиш лозимлигига, молларининг тасарруфи уларга фақат ақл-ҳушларини таниганларидан кейин берилишига далил бўлди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи саҳобани қарзларини тўлаши учун ҳажр қилиб қўйганлар (Дорақутний (4/230, №95), Ҳоким (2/67) Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ҳажр икки турлидир:

1) Бир инсонни бошқа бировлар насибасини сақлаб қолиш учун ҳажр қилиб қўйиш. Масалан, муфлис (яъни, қашшоқлашиб қолган) кишини унга қарз берган кишилар насибасини сақлаш учун ҳажр қилиш, меросхўрлари насибасини сақлаш учун беморни ўз молининг учдан биридан ортиқчасини васият қилишидан ҳажр қилиш каби.

2) Бир инсонни ўзига фойда бўлиши учун ва моли зое бўлиб, йўқ бўлиб кетмаслиги учун ҳажр қилиб қўйиш. Сағир, ақлсиз ва мажнун кишини ҳажр қилишга ўхшаган. Бунга далил: «(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз» (Нисо: 5) оятидир. Оятдаги ақлсиз кимсалардан мурод – ёш болалар ва аёллардир, уларга молларини бўлар-бўлмасга берилмайди, деган фикр ҳам айтилган. Улардан мурод – ақлдан бегоналар, мажнунлар ва ёш болалардир, уларга молларини зое қилиб қўймасликлари учун берилмайди, деган фикр ҳам айтилган. Оятда хитоб қилинган кишилар уларни назорат қилиб турувчи ва молларини асраб турувчи кишилардир.

Биринчи тур: бир инсонни бошқанинг насибаси учун ҳажр қилиш:

Бундан мурод – муфлисни ҳажр қилишдир. Муфлис – зиммасида тўлов муддати келган қарзлари бор бўлган, бироқ мавжуд моли бунга имкон бермайдиган киши бўлиб, қарз эгаларига зиён етмаслиги учун уни молини тасарруф қилишдан ман қилинади.

Аммо, қарзидан бирон нарсани тўлашга қурби етмайдиган камбағал қарздордан қарзни талаб қилинмайди, балки унинг қодир бўлишини кутилади: «Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг!» (Бақара: 280).

Камбағал ва ночор қарздорни бойигунича кутишнинг фазли ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Ким Аллоҳ уни Ўз соясида соялантиришини истаса, ночор кишига енгиллик берсин» (Табароний «Кабир»да (1/304, №899) Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Муслимда ҳам (3006) шу маънода Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бор).

Ночорнинг бойишини кутишдан кўра ҳам афзалроғи унинг қарзини бутунлай кечиб юборишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар билсангизлар (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара: 280).

Аммо, бир киши қарзини тўлашга қодир бўлса, унга ҳажр қилиш жоиз эмас, чунки, бунга ҳожат йўқ. Қарз эгалари талаб қилишса, уни қарзини тўлаб қўйишга буюрилади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бойнинг (қарзни тўлашни) пайсалга солиши зулмдир», деганлар (Бухорий (2287) ва Муслим (1564) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Яъни, қарзини тўлашга қодир одамнинг тўлашни чўзиб юриши зулмдир, чунки, у ўз зиммасида фарз бўлган одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этишни пайсалга солиб юрган бўлади. Агар қарзларини ўтаб қўйишдан бош тортса, уни қамоққа олинади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким қарзини тўлашга қодир бўлгани ҳолда бундан бош тортса, уни уриш ва қамаш орқали қарзини ўташга мажбур қилинади, бунга Молик, Шофеъий ва бошқа имомларнинг асҳоблари далил олиб келганлар... Мен бу масалада низо борлигини билмайман» (Ал-фатавал-кубро: 5/397).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Топиб турган (яъни қарзини тўлашга қодир бўлиб турган) одамнинг чўзиб юриши унинг обрў-номуси (тўкилиши)ни ва жазога тортилишини ҳалол қилади», деганлар (Абу Довуд (3628), Насоий (4689), Ибн Можа (2427), Аҳмад (4/388, №19456) Шарид ибн Сувайд ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Обрў-номуси тўкилиши унинг устидан шикоят қилиш, жазога тортилиши эса ҳибсга олиниши билан бўлади. Зиммасидаги ҳақни адо қилишни пайсалга солиб юрган киши қамалиш ва таъзир берилиш жазосига лойиқ бўлади, то қарзини ўтаб қўймагунича бу жазо такрорланиб туради. Агар пайсалга солишда қаттиқ турса, ҳоким аралашади ва унинг молини сотиб, ундан қарзларини тўлайди. Чунки, бу ҳолда ҳоким унинг ўрнини босади ва бу билан ҳақдорлардан зиённи кетказади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Бировга) зарар етказиш ҳам, (ўзига) зарар бериш ҳам йўқдир», деганлар (Ибн Можа (2340), Аҳмад (5/326, №22778) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Юқорида ўтгани каби, қарздор икки ҳолатдан бирида бўлади:

  1. Моли зиммасидаги қарзидан кўпроқ бўлади. Бу ҳолда уни молида ҳажр қилинмайди, балки қарз эгаси талаб қилса, уни қарзини тўлашга буюрилади. Агар бош тортса, то тўламагунича ҳибсга олиниб, таъзир берилади. Агар ҳибс ва таъзирга сабр қилса ва қарзни тўлашдан бош тортаверса, ҳоким аралашади ва унинг молидан қарзини тўлатади, агар керак бўлса, бунинг учун зарур миқдорда унинг молидан сотдиради.
  2. Моли зиммасидаги тўлаш муддати келган қарзидан озроқ бўлади. Бундай одамни агар ҳақдорлар талаб қилсалар, уларга зиён етмаслиги учун молини тасарруф қилишдан тўсиб қўйилади. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозга ҳажр қилдилар ва унинг молини сотдилар» (Дорақутний (4/230, №95), Ҳоким (2/67) ривоят қилган ва саҳиҳ санаган). Ибнут-Таллоъ: «Бу собит ҳадисдир», деган (Ат-талхисул-хабир: 3/37).

Шу ҳолатда унга ҳажр қилингач, буни эълон қилинади ва одамларга унинг ҳажр қилинганини билдириб қўйилади, токи улар билмасдан у билан молиявий муомала қилиб, моллари зое бўлиб қолмасин.

Ҳажр қилинган кишига тўртта ҳукм тааллуқ топади:

Биринчи ҳукм: Бу ҳақдорларнинг унинг ҳажр қилинишидан олдин мавжуд бўлган молидаги ҳақларига ва ҳажр қилингандан кейин мерос, жиноятнинг жаримаси, ҳадя, васият ва шу кабилар билан вужудга келган молидаги ҳақларига тааллуқли бўлиб, бу молларига ҳам худди ҳажрдан аввалги молларига етганидек ҳажр етади. Молида ҳажр қилинган кишининг ҳажрдан кейинги ҳеч бир тасарруфи яроқли саналмайди, молидан бирон нарсани бировга беришга қарор қилиши дуруст саналмайди, чунки, унинг мулкида ҳақдорларнинг ҳақлари тааллуқ топган бўлиб, унинг бу қарори мақбул бўлмайди. Ва ҳатто ҳажр қилинишидан олдин ҳам унинг ўз молида ҳақдорларга бирон зиён етадиган тасарруф қилиши ҳаром эди.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар қарзлари ҳамма молини қамраб олган бўлса, қарз эгаларига зарар етказадиган шаклда молини табарруъ қилиши (яъни бериб юбориши) дуруст бўлмайди, хоҳ ҳоким унга ҳажр қилган бўлсин, хоҳ ҳажр қилган бўлмасин, фарқсиз. Бу Моликнинг мазҳаби ва шайхимиз (шайхулислом Ибн Таймия) ихтиёр қилган фикрдир. Саҳиҳ гап шудир, мазҳабнинг усулига шундан бошқаси лойиқ ҳам эмас, балки бу шариат усули ва қоидалари тақозосидир. Чунки, ҳақдорларнинг ҳаққи унинг молига тааллуқ топгандир, шу туфайли ҳоким унга ҳажр қилади. Агар ҳақдорларнинг ҳаққи тааллуқ топмаганида, ҳоким унга ҳажр қилиши мумкин бўлмасди. У худди ўлим тўшагида ётган беморнинг молига ворисларнинг ҳаққи тааллуқ топгач, шариат унга молининг учдан биридан ортиқчасини васият қилишдан ман қилгани кабидир. Чунки, молини табарруъ қилиб юборишида ворисларининг ҳаққини бекор қилиш ҳосил бўларди. Энди бу қарздорнинг ҳам ўз молини табарруъ қилишида ҳақдорларнинг ҳаққини бекор қилиш ҳосил бўлади. Шариат бунинг учун келмаган, балки у ҳақ эгаларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва уларни зое бўлишга олиб борадиган йўлларни тўсиш учун келган» (Иъламул-муваққиъийн: 4/8-9).

Иккинчи ҳукм: Кимда-ким унга ҳажр қилинишидан аввал сотган ё қарзга берган ё ижарага берган молининг айни ўзини топса, уни муфлисдан қайтариб олиб қўйиши мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким матосини муфлис бўлган одамда топса, у ўшанга ҳақлироқдир», деганлар (Бухорий (2402) ва Муслим (1559) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Фуқаҳолар – раҳимаҳумуллоҳ – сўзларига кўра, ҳажр қилинган муфлиснинг қўлида ўзига қарашли молни топган киши уни қайтариб олиши учун олтита шарт топилиши лозим:

  1. Муфлис то у ўша молини қайтариб олгунига қадар ҳаёт бўлиши. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар (муфлис) вафот этса, матонинг эгаси (бошқа) ҳақдорларга ўхшаган (яъни, ўшалар қаторида) бўлади», деганлар (Абу Довуд (3520) Абу Бакр ибн Абдурраҳмондан мурсал ҳолда ривоят қилган).
  2. Ўша матонинг тўлов ҳаққи тўлалигича муфлиснинг зиммасида қолган бўлиши. Агар мол эгаси молининг пулидан бир қисмини олган бўлса, уни қайтариб олишга ҳақли бўлмайди.
  3. Матонинг ҳамаси тўлалигича муфлиснинг қўли остида қолган бўлиши. Агар матосининг бир қисминигина топса, уни қайтариб ололмайди. Чунки, у молининг айнини топмади, балки бир қисминигина топди.
  4. Мато ўз ҳолича турган бўлиши, унинг сифатига бирон ўзгариш етган бўлмаслиги.
  5. Матога бошқа бировнинг ҳаққи тааллуқ топмаган бўлиши, яъни, муфлис уни гаровга қўйган ё шунга ўхшаган бирон ишга аралаштириб қўйган бўлмаслиги.
  6. Молга семириш ва шу каби бирон зиёдалик етмаган бўлиши.

Мазкур шартлар топилган тақдирдагина мол эгаси уни муфлис деб эълон қилинган шахсдан қайтариб олиши мумкин бўлади.

Учинчи ҳукм: Унга ҳажр қилингандан кейин то ҳажр ечилмагунича ҳақдорларнинг ундан молларини талаб қилишлари кесилиши. Ким унга ана шу давр оралиғида бирон нарсани сотган ёки қарзга берган бўлса, уни энди ундан ҳажр ечилганидан кейин талаб қилади.

Тўртинчи ҳукм: Ҳоким унинг молини сотади ва пулини тўлов муддати келган қарз эгаларининг қарзлари миқдорига қараб тақсимлайди. Чунки, унга нисбатан қилинган ҳажрдан мурод шудир. Буни кечиктиришда уларга нисбатан пайсалга солиш ва зулм ҳосил бўлади.

Ҳоким муфлисга зарурий даражада уй-жой ва бошқа таъминотларини қолдиради.

Аммо, ҳали тўлов муддати келмаган қарз муфлислик сабабли муҳлати келган бўлиб қолмайди ва муҳлати келган қарзлар қаторига қўшилиб қолмайди. Чунки, муддат муфлиснинг ҳаққидир, у унинг бошқа ҳуқуқлари каби соқит бўлмайди ва зиммасида қолаверади.

Унинг молини муҳлати келган қарз эгаларига бўлиб берилганидан кейин шу билан қарзи тўланган бўлса, ҳокимнинг ҳукмисиз ҳам ундан ҳажр ечилади. Чунки, ҳажрни тақозо қилувчи сабаб кетди.

Агар муҳлати келган қарзлари бу билан битмаса, ундан ҳажр фақат ҳокимнинг ҳукми билангина ечилиши мумкин.

Ҳажрнинг иккинчи тури:

У бир инсонга ўзининг фойдаси учун, молини зое қилишдан сақлаб қолиш учун ҳажр қилишдир. Чунки, бу дин раҳмат динидир, у инсонлар учун манфаат бор бўлган бирон нарсани қолдирмасдан, уни қилишга тарғиб қилади, инсонлар учун зарар бўлган ҳар қандай ишдан огоҳлантиради.

Шу жумладан, тасарруф қилиш лаёқатига эга ва мубоҳ йўл билан ҳалол-пок касб қилишга лойиқ бўлган кишига кенг имконият очиб қўйди. Чунки, бу билан шахсга ҳам, жамиятга ҳам манфаат келади.

Аммо, агар инсон ёши кичиклиги, ақлсизлиги ёки эсидан айрилгани туфайли касб талаб қилишга ва тижорат қилишга лаёқатли бўлмаса, Ислом уни тасарруфдан ман қилади ва унга молини авайлаб-асрайдиган ва ўстириб-кўпайтирадиган бир васийни белгилайди. Юқоридаги монеъликлар кетганидан сўнг васий унга молини тўла-тўкис топширади.

Аллоҳ таоло айтади: «(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз, балки уларни ўша моллардан едириб-кийдиринг ва уларга яхши сўзлар билан муомала қилинг! Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар» (Нисо: 5, 6).

Ҳажрнинг бу тури зиммага ҳам, молга ҳам умумийдир, бу турдаги ҳажрга тушган киши ўз молини сотиш, эҳсон қилиш ва бошқа шу каби тасарруфларга ҳақли бўлмайди. Қарз, кафолат кабиларни ўз зиммасига ҳам олмайди. Чунки, бу одамларнинг молларини зое бўлишга олиб келиши мумкин.

Ақлсиз бўлмаган кишилар улар билан тасарруф қилишлари дуруст бўлмайди. Яъни, у (ҳажр қилинган киши) молини уларга олди-сотди ё қарз ё омонат каби йўллар билан берган бўлса, (бу битими яроқли бўлмайди). Уларга берган нарсасини агар ўша нарсанинг айни ўзи турган бўлса, қайтариб олади.

Агар уларнинг қўлларида талафотга учраган бўлса ёки улар уни йўқ қилиб юборган бўлсалар, у бекорга кетган бўлади ва тўлашга мажбурланмайдилар. Чунки, у ўз ихтиёри билан уни уларга бериши ва уларни бунга эга қилиб қўйиши билан бу борада бепарволик қилган бўлади.

Сағирлик ё шу каби сабаблар билан ҳажр қилинган киши бирон жон ёки молга нисбатан жиноят қилиб қўйса, у бунга зомин (яъни жавобгар) бўлади ва жиноятига яраша жазони олади.

Фиқҳий қоида борки, талафот етказишнинг жавобгарлигида аҳл (лойиқ, қобил) одам ҳам, бошқаси ҳам бирдек баробар бўлади.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Норасида, мажнун, ухлаб қолган одам ўзи талафот етказган молга зомин бўлади, бу – уммат манфаатлари шу билан тўла-тўкис руёбга чиқадиган умумий қонун-қоидалардандир. Агар қўллари қилган жиноятларга зомин бўлмаганларида эди, бир-бирларининг молларига талафот етказишар ва қасддан эмас, билмай қилганлик даъвосини қилган бўлишарди» (Иъламул-муваққиъийн: 2/172).

Гўдак боладан ҳажр икки иш билан зоил-йўқ бўлади:

Биринчи иш: Балоғат ёшига етиши билан, бу эса бир неча аломатлар билан билинади:

  1. Уйқуда ё уйғоқ ҳолида маний (уруғ суви, сперма) тўкиши билан. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон гўдакларингиз ҳулумга (яъни балоғатга) етсалар, бас улар ҳам худди улардан илгари (балоғатга етганлар) каби изн сўрасинлар! (Нур: 59). Ҳулум ёки эҳтилом деб бола уйқусида маний тўкишига айтилади.
  2. Таносил аъзоси атрофида дағал тук ўсиши.
  3. Ўн беш ёшга етиши. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Уҳуд куни мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара қилиндим, ўшанда 14 ёшда эдим, у зот менга (урушга киришга) ижозат бермадилар. Хандақ куни рўпара қилинган эдим, ижозат бердилар, унда 15 ёшга кирган эдим» (Бухорий (2664) ва Муслим (1868) ривоятлари). Ушбу ҳадис ўн беш ёшга етиш балоғатга етиш эканига далолат қилади. Бошқа бир ривоятда ижозат бермасликларининг сабаби қилиб: «Мени балоғатга етган деб кўрмадилар», дейилган (Дорақутний (4/115, №40), Байҳақий (6/55) ривоятлари).
  4. Қиз боланинг балоғатга етишининг ўғил боладан фарқли яна бир белгиси – ҳайздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло ҳайз кўрувчи (яъни, балоғатга етган аёл)нинг рўмолсиз ўқиган намозини қабул қилмайди», деганлар (Абу Довуд (641) ва Термизий (377) ривояти, Термизий саҳиҳ санаган).

Иккинчи иш: Эс-ҳушини таниши билан, яъни, молни ишлатишга салоҳиятли бўлиш билан. Аллоҳ таоло айтади: «Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар» (Нисо: 6). Боланинг эсини топганини билиш учун уни имтиҳон қилиб, текшириб турилади, яъни молининг тасарруфидан бир қисмини унга топшириб кўрилади, агар бир неча марта тасарруф қилиб, катта зиёнга йўл қўймаса ва молини ҳаромга ёки бефойда ишга сарфламаса, шу унинг эсини топганига далил бўлади.

Мажнундан ҳажр икки иш билан йўқ бўлади:

  1. Жунуни кетиши ва ақлининг қайтиб келиши билан.
  2. Ёш бола ҳаққида айтиб ўтганимиз каби эс-ҳушини топган бўлиши билан.

Ақлсиз-аҳмоқ одамдан ҳажр ундан ақлсизлик кетиши ва молиявий тасарруфларида эс-ҳушлилик билан сифатланиши билан кетади.

Ҳар учаласининг (яъни, ёш бола, мажнун ва ақлсиз кишининг) молини ҳажр пайтида отаси – агар эс-ҳушли ва адолатли бўлса – унга меҳр-шафқати комил деб кўрилгани учун бошқариб туради, отадан кейин унинг васийси бошқаради, чунки у унинг ноиби саналади.

Уларнинг молларини бошқариб турган кишилар фақат уларнинг фойдасини кўзлаб тасарруф қилишлари лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз!» (Анъом: 152). Яъни, етимнинг молини фақат уларга манфат келтирадиган ва ўстириб-кўпайтириб турадиган ишларда ишлатинглар. Ояти карима гарчи, етимнинг моли ҳақида нас (далил-ҳужжат) келтирган бўлса-да, у етимнинг молига қиёсан мажнун ва ақлсиз кишининг молига ҳам умумий бўлади.

Етим ва унга ўхшашларнинг молини бошқариб турган киши уни авайлаб-асраши, беэътибор ташлаб қўймаслиги ёки уни зулм билан емаслиги лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10).

Аллоҳ таоло етимларни ўз кафолатида тутиб турган кишиларга уларнинг болалари ҳам бировларнинг кафолати остида бўлиб қолиши мумкинлигини эсда тутишни васият (тавсия) қилади ва уларнинг болаларига яхшилик қилинишини қанчалик истасалар, улар ҳам ўз кафолатлари остидаги бировларнинг етимларига шунчалик яхшилик қилишлари лозимлигини айтади: «(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!» (Нисо: 9).

Улар (яъни, етим-есир ва ақлсиз кишилар) ўз молларини асраб-авайлаш ва ўстириб-кўпайтиришга қодир бўлмаганлари туфайли ҳам Аллоҳ таоло улар ўрнига молларини бошқариб турадиган ва уларнинг манфаатларини кўзлаб иш қиладиган кишиларни – валийларни қилиб қўйди. У валийларга ўз бошқарувлари асносида амал қилишлари лозим бўлган йўл-йўриқларни белгилаб берди, валийларга ақли қосирлар молларини зое қилиб қўймасликлари учун уларнинг қўлларига молларини топшириб қўймасликка амр этди:

«(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз» (Нисо: 5).

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло ақлсиз кишиларга одамлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган, яъни уларга тирикчилик сабаби қилиб қўйган молларни тасарруф қилиш имкониятини бериб қўйишдан қайтаради, ақлсиз кишиларга ҳажр қилиш мана шундан олинади» (Тафсир Ибн Касир: 1/453).

Аллоҳ таоло ақли қосир ва нодон кимсаларга молларини бериб қўйишдан қайтариши ва уларни эс-ҳушли кишилар назорати остига қилиши билан бир қаторда ўша бошқарувчиларни ҳам у молларни фақат ўстириб-кўпайтирадиган ва манфаат ҳосил бўладиган ўринларда тасарруф қилишга буюради: «Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз!» (Анъом: 152). Яъни, етимнинг молини фақат унга яхшилик ва манфаат олиб келувчи ишларда тасарруф қилинглар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло: «Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз!» (Анъом: 152) ва «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар» (Нисо: 10) оятларини нозил қилганидан сўнг етимни кафолатига олган киши унинг емак-ичмагини ўзининг емак-ичмагидан алоҳида қиладиган бўлди, бирон нарса ортиб қолса, уни етимнинг ўзи еб-ичиши учун олиб қўяр, шунда у нарса айниб ҳам қолар эди. Улар бундан қийналиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақда айтдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир: Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Бақара: 220) оятини нозил қилди. Шундан сўнг улар етимларнинг емак-ичмакларини ўзларининг емак-ичмакларига аралаштирадиган бўлдилар» (Абу Довуд (2871), Ҳоким (2/113), Ибн Жарир тафсирида (2/369) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Етимларнинг молларини яхши тасарруф қилиш жумласига уларни ўсиб-кўпайиб турадиган тижоратга қўйиш ҳам киради. Валийси уни тижоратга ишлатиши ёки тижорат қиладиган одамга музорабага (шерикликка) бериши мумкин. Оиша розияллоҳу анҳо Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳумнинг молининг бир қисмини тижоратга берганлар (Абдурраззоқ (4/66, №6983) ривояти). Умар розияллоҳу анҳу: «Етимларнинг молларини (кўпайтиришга) қасд қилинглар, уларни садақа (яъни, закот) еб-битирмасин», деганлар (Абдурраззоқ (4/68, №6988), Ибн Аби Шайба (2/379, №10117), Дорақутний (2/410), Байҳақий (6/2) ривоятлари).

Етимнинг валийси унинг молидан ўзига яхшилик билан сарфлаб туради.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Етимни икром қилиш, унинг кўнглига шодлик бахш этиш, ундан хўрликни даф қилиш мустаҳабдир. Синиқ кўнглига малҳам бўлиш у учун энг катта манфаатлардан саналади» («Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 5/194).

Агар етим бой бўлса, валийси унга ўзининг пулидан қурбонлик сотиб олиши керак, чунки бу кун хурсандчилик ва еб-ичиш кунидир. Валийси унинг таълим-тарбияси учун ҳам ўзининг пулидан сарф қилиши мумкин. Чунки, бу ҳам унинг манфаатларидан саналади.

Агар етимнинг валийси камбағал бўлса, у етимнинг молига қилаётган хизмати эвазига ойлик маош чиқариб ейиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «(Етимни оталиққа олган киши) агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин» (Нисо: 6). Демак, етимнинг молини бошқариб турган киши нафақага муҳтож бўлса, унинг молидан яхшилик билан ейиши мумкин.

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу оят етимга қараб, уни ислоҳ қилиб турган киши агар муҳтож бўлса унинг молидан ейиши ҳақида нозил бўлган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Бу оят: «(Етимни оталиққа олган киши) агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин» (Нисо: 6) етимнинг валийси ҳақида нозил бўлди»» (Тафсир Ибн Касир: 1/428).

Фуқаҳолар сўзларига кўра, у икки ишнинг озроғини, яъни ўзига ўхшаган кишилар оладиган миқдорда маош ёки ўзининг эҳтиёжига яраша олиши мумкин.

Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ҳузуримда етим бор, унинг моли бор, менинг молим йўқ, унинг молидан есам бўладими?», деб сўради. У зот: «Етимингнинг молидан исроф қилмаган ҳолда егин», деб жавоб бердилар (Абу Довуд (2672), Насоий (3668), Ибн Можа (2718), (Аҳмад (2/186, №6747) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Етимнинг молидан Аллоҳ таоло рухсат берган ана шу миқдордан ортиқчасини олиб ейиш мумкин эмас. Бундай қилувчиларга Аллоҳ таоло қаттиқ азоб ваъдасини берган:

«У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар» (Нисо: 6).

«Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир» (Нисо: 2).

«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яъни, етимларнинг молларини сабабсиз есалар, қиёмат куни қоринларида гуриллаб ёнадиган ўтни еган бўладилар» (Тафсир Ибн Касир: 1/595).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар (Бухорий (2766) ва Муслим (89) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло етимлар етимлик ёшидан ўтиб, молларини тасарруф қилишга лаёқатли бўлганларидан кейин уларга молларини тўла-тўкис ҳолда қайтариб беришни буюрди:

«(Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз» (Нисо: 2).

«Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар» (Нисо: 6).

«Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб-китоб қилувчидир» (Нисо: 6).

Яъни, Аллоҳ таолонинг ўзи валийлар етимларга қандай қараганларига ва молларини топширган пайтда тўла-тўкис қайтардиларми ёки нуқсонли қилибми, мана шуларнинг ҳаммасига гувоҳ ва ҳисоб-китоб қилувчи бўлишга кифоя қилади.