Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Гаровга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

2879 марта кўрилган

Гаров – ундан ёки унинг пулидан қарзни тўлатиб олиш мумкин бўлган бир нарса билан қарзга кафолат ҳосил қилишдир, яъни, қарзига эваз сифатида бирон нарсани қўйиб туришдир.

Гаров қўйиш Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан жоиздир.

Аллоҳ таоло айтади: «Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз (берилган нарса эвазига бирон нарсани) гаров олинг!» (Бақара: 283).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совутлари гаровда бўлган ҳолда вафот этдилар (Бухорий (2915) ва Муслим (1603) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Уламолар сафарда гаровнинг жоизлигига ижмоъ қилганлар, жумҳур уламо унга муқимликда ҳам рухсат берганлар.

Унинг машруъ бўлишидаги ҳикмат – молларни сақлаш ва зое бўлишдан асраб қолишдир.

Аллоҳ таоло қарз муомаласини ёзиб қўйиш билан мустаҳкамлаб қўйишга буюрди: «Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар!... Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз (берилган нарса эвазига бирон нарсани) гаров олинг!» (Бақара: 282-283).

Бу Аллоҳнинг бандаларига бўлган раҳматиданки, У зот уларни яхшиликлари бўлган ишларга йўллайди.

Гаров тўғри бўлиши учун унинг миқдори, жинси ва сифати билиниши, шунингдек, гаровга қўювчи киши гаровга қўйилган нарсанинг эгаси бўлиши ёки эгаси томонидан бунга изн берилган одам бўлиши шарт қилинади.

Бир киши ўзининг молини бировнинг қарзи эвазига гаровга қўйиши ҳам жоиз бўлади.

Гаровга қўйилган мол сотиш мумкин бўлган нарса бўлиши шарт қилинади, чунки, у билан қарзни тўлаш имконияти бўлиши керак.

Гаровни шарт қилиш ақднинг ичида ҳам, ундан кейин ҳам саҳиҳ бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз (берилган нарса эвазига бирон нарсани) гаров олинг!», деди (Бақара: 283), Аллоҳ таоло бу билан гаровни китобатнинг (яъни ёзиб қўйишнинг) ўрнига қўйди, китобат эса ҳақ лозим бўлганидан кейин бўлади.

Гаровга қўйиш фақат гаровга қўювчи шахс тарафидан лозим бўлади, чунки, бундаги улуш (ҳақ) бошқаникидир, у гаровга олувчи томонидан лозим бўлмайди, у буни бекор қилиши мумкин, чунки бундаги улуш (ҳақ) уникидир.

Бир киши бошқа биров билан ўртада шериклик бўлган нарсанинг ўзига тегишли қисмини гаровга қўйиши жоиз бўлади, чунки, қарзни тўлаш пайти келганида ўзининг улушини сотиб, шу билан қарзини тўлаши жоиз бўлади.

Сотиб олинган (байъ қилинган) молни унинг баҳосига гаровга қўйиш мумкин. Чунки, унинг баҳоси зиммадаги қарздир. Байъ қилинган мол харидорнинг мулкидир, уни гаровга қўйиши жоиз. Масалан, насияга ёки нақд бўлса ҳам ҳали қўлга келмаган бир ҳовли-жой ёки автомашина сотиб олган бўлса, то пулини тўғрилаб бергунича унинг ўзини гаровга қўйиб туриши мумкин.

Ҳар иккала тарафнинг, яъни, гаровга қўювчининг ҳам, гаровга олувчининг ҳам гаровга қўйилган молдан фойдаланиши фақат иккинчи тарафнинг рухсати билангина амалга ошади. Чунки, агар унинг изнисиз тасарруф қилса, унинг ҳаққини зое қилган бўлади. Чунки, гаровга қўювчининг тасарруф қилиши билан гаровга олувчининг ишонч ҳаққига путур етади, гаровга олувчининг тасарруф қилиши эса бировнинг мулкини тасарруф қилиш бўлиб қолади.

Аммо, гаровдан фойдаланиш ўрталаридаги келишувга қараб бўлади, агар уни ижарага беришга ё бошқа ишга келишиб олган бўлсалар жоиз, агар келишиб олмаган бўлсалар, то гаров ечилмагунча мол ўртада ишлатилмай туради.

Гаровга қўювчи гаровга қўйилган молга қараб, хабар олиб туришига ва унинг ислоҳи учун зарур бўлган ишларни адо этиб туришига, масалан, дарахтни суғориб, чанглатиб, дорилаб туришига имконият яратиб берилади. Чунки, бу гаровга қўйилган молнинг манфаати учундир.

Гаровга қўйилган нарсанинг муттасил (яъни, ўзидан ажралмаган ҳолда баҳоси) ўсиб-кўпайиб туриши, масалан, семириши ва бирон иш-ҳунарни ўрганиши, шунингдек мунфасил (яъни, ундан алоҳида бўлган) ҳолда ўсиб-кўпайиши, масалан, болалаши, ҳосил бериши, юнги унинг ўзига қўшилиб, улар ҳам гаров сифатида туради ва қарзни ўташ учун уларни ҳам қўшиб сотилади. Унга тегишли ва алоқадор бўлган бошқа нарсалар ҳам шундай. Шунингдек, унга нисбатан бирон жиноят қилинса, жиноятнинг хуни ҳам гаровга қўшилади, чунки, у ўшанинг бир қисмидан бадалдир.

Гаровнинг таъминоти, яъни, емиши, иморати ва бошқа нарсалар гаровга қўювчининг зиммасида бўлади. Чунки, Саид ибн Мусаййиб Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гаров уни гаровга қўйган кишидан тўсилмайди, фойдаси ҳам унга, зарари ҳам унинг зиммасига», деганлар (Муснадуш-Шофеъий (148-с), Сунануд-Дорақутний (3/32, №125), Байҳақий (6/39) ривоятлари). Чунки, гаровга қўйилган нарса гаровга қўювчининг мулкидир, нафақаси ҳам унинг зиммасида бўлади. Гаровга қўйилган молни сақлаб туриш учун қўйилган омбор ҳақи ва қўриқчи ҳақи ҳам гаровга қўювчининг зиммасида бўлади. Чунки, бу унга инфоқ қилиш зимнига киради. Гаровга қўйилган чорва ҳайвонларини боқиш харажати ҳам гаровга қўйган кишининг зиммасида бўлади.

Агар гаровнинг бир қисмига талафот етиб, бир қисми қолган бўлса, қолгани барча қарзга гаров бўлиб туради. Чунки, қарз гаровнинг барча қисмларига тааллуқли эди, унинг бир қисмига талафот етгач, қолган қисми барча қарзга гаров бўлиб қолади.

Агар қарзнинг бир қисмини тўласа, то қолганини ҳам тўламагунича гаров ечилмай туради.

Агар эвазига гаров қўйилган қарзни тўлаш вақти келса, қарздор худди бошқа гаровсиз қарзни тўлаши лозим бўлганидек, уни ҳам тўлаб қўйиши лозим бўлади. Чунки, бу ўрталаридаги ақд-битимнинг талабидир. Аллоҳ таоло айтади: «Омонат қўйилган киши омонатини адо қилсин ва Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин!» (Бақара: 283), «У қарздан бирон нарсани камайтирмасин» (Бақара: 282). Агар қарзини тўлашдан бўйин товласа, у ноҳақ чўзиб юрган одам сифатида кўрилади ва ҳоким уни қарзини тўлаб қўйишга мажбурлайди. Агар кўнмаса, то қарзини тўламагунича ёки гаровни сотиб, унинг қийматини қарзига бермагунича уни қамаб, таъзирини беради. Бунга ҳам кўнмаса, ҳоким унинг гаровини сотиб, унинг қийматидан қарзини тўлайди. Чунки, у қарздорнинг зиммасига фарз бўлган ҳақ эди, у кўнмаганидан сўнг ҳоким унинг ўрнига шу ишни қилади. Гаров ўзи қарзни тўлаш вақти келганида сотилиши учун қўйилган қарз учун бир васиқа (ишончли нарса) эди. Энди уни сотиб, қарзига берилганидан ташқари бирон нарса ортиб қолса, у эгасининг мулки бўлиб қолади ва эгасига қайтарилади. Чунки, у унинг мулкидир.

Агар гаровга қўйилган нарса қарзни тўлашга етмаса, қарзнинг қолган қисми гаровга қўйганнинг зиммасида қолади ва уни тўлаши лозим бўлади.

Гаровга тааллуқли ҳукмлардан бири шуки, агар гаровга қўйилган нарса нафақага эҳтиёжи бўлган жонивор бўлса ва у гаровга олган кишининг қўлида бўлса, шариат соҳиби бўлган ҳикматли зот унга ўша ҳайвонни, агар миниладиган бўлса, миниб туришга ва нафақасини бериб туришга, агар соғин ҳайвон бўлса, соғиб ичиб туришга ва нафақасини бериб туришга рухсат берган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الرَّهْنُ يُرْكَبُ بِنَفَقَتِهِ، إِذَا كَانَ مَرْهُونًا، وَلَبَنُ الدَّرِّ يُشْرَبُ بِنَفَقَتِهِ، إِذَا كَانَ مَرْهُونًا، وَعَلَى الَّذِي يَرْكَبُ وَيَشْرَبُ النَّفَقَةُ»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Миниладиган ҳайвон агар гаровга қўйилган бўлса, нафақаси билан минилади, соғин ҳайвон гаровга қўйилган бўлса, сути нафақаси билан ичиб турилади, нафақаси миниб ва ичиб турган кишининг зиммасидадир» (Бухорий ( 2512) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Яъни, уловни миниб турган ва сутини соғиб ичиб турган кишига ундан фойдалангани эвазига нафақа фарз бўлади, бу иккала манфаатнинг нафақага ярашасидан ортиқчаси унинг эгасига бўлади.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадис ҳамда шариатнинг қоида ва усуллари далолатига кўра, гаровга қўйилган ҳайвоннинг Аллоҳ учун ўзига яраша ҳурмати бор. Моликнинг унда эгадорлик ҳаққи бор, гаровга олувчининг эса васиқа ҳаққи бор. Агар унинг қўлида бўлса-ю, минмаса ва соғиб ичмаса, унинг фойдаси бекор кетади. Шундай экан, гаровга олувчи уни миниб ва сутини соғиб ичиб фойдаланиб туриши ва эвазига нафақасини қилиб туриши адолат ҳамда қиёснинг, шунингдек, гаровга қўювчи ва гаровга олувчининг манфаати тақозосидир. Агар гаровга олувчи ундан фойдаланиб турса ва эвазига нафақа қилиб турса, бунда ҳар икки маслаҳат ва ҳар икки ҳақни жамлаш ҳосил бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 2/42).

Баъзи фуқаҳолар раҳимаҳумуллоҳ гаровни икки қисмга – таъминотга муҳтож бўладиган ва таъминотга муҳтож бўлмайдиганга бўлганлар.

Таъминотга муҳтож бўлгани ўзи икки қисмга бўлинади:

1) Миниладиган ва соғиладиган. Бунинг ҳукми юқорида ўтди.

2) Минилмайдиган ва соғилмайдиган, қул ва чўри каби. Гаровга олувчи киши бу турдаги гаровдан унинг эгасининг изнисиз фойдаланиши мумкин эмас. Агар эгаси унинг нафақасини бериб туриш ва шунинг эвазига фойдаланиб туришга изн берган бўлса, жоиз бўлади.

Иккинчи қисм, яъни, таъминотга муҳтож бўлмайдигани – ҳовли-жой, мато ва шу кабилардир. Гаровга олувчи бу турдаги гаровдан ҳам эгасининг изнисиз фойдаланиши мумкин эмас. Агар гаров қарз муқобилига бўлса, қарз берувчи киши ундан фойдаланиши жоиз бўлмайди, чунки, бу фойда олиб келган қарзга айланиб, рибо бўлиб қолади.