асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Саламга доир ҳукмлар ҳақидаги боб2838 марта кўрилган Салам ёки салаф – пулини нақд тўлаш, молни эса кейинроқ олиш кўринишидаги байъ бўлиб, уламолар унга: «Ўша заҳотиёқ бериладиган тўлов эвазига зиммадаги сифати маълум нарсага тузилган ақд-битим» деб таъриф берганлар. Муомаланинг бу тури Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан жоиздир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар!» (Бақара: 282). عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: «أَشْهَدُ أَنَّ السَّلَفَ الْمَضْمُونَ إِلَى أَجَلٍ قَدْ أَحَلَّهُ اللَّهُ، وَأَذِنَ فِيهِ.» Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Гувоҳлик бераманки, маълум муддатга кафолатланган салафни (яъни пулини аввалдан тўлашни) Аллоҳ таоло ҳалол қилган ва унга изн берган», деди, сўнг юқоридаги оятни ўқиди (Абдурраззоқ (8/5, №14064), Тафсир Ибн Жарир (3/116) Ҳоким (2/314) Байҳақий (6/18) ривоятлари). عَن عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ، وَهُمْ يُسْلِفُونَ بِالتَّمْرِ السَّنَتَيْنِ وَالثَّلاَثَ، فَقَالَ: «مَنْ أَسْلَفَ فِي تَمْرٍ— فِي شَيْءٍ —، فَلْيُسْلِفْ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ، وَوَزْنٍ مَعْلُومٍ، إِلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ.» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Мадина аҳли хурмо ҳосилини бир йил, икки йил, уч йил (олдиндан пулини тўлаб) салаф қилишарди. У зот: «Ким ҳурмода – бошқа лафзда: бир нарсада – салаф қилса (яъни, пулини олдиндан берса), маълум кайл, маълум вазнда, маълум муддатгача салаф қилсин», дедилар (Бухорий (2239) ва Муслим (1604) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Ушбу ҳадис салам байъи мазкур шартлар билан жоизлигига далил бўлади. Ибнул Мунзир ва бошқалар унинг жоизлигига уламолар ижмоъ қилганларини айтганлар (Ал-ижмаъ: 45-с). Одамларнинг ҳожатлари шуни тақозо қилади. Чунки, ақд (савдо битими) тузаётганлардан бири пулини олдиндан олиши билан фойдаланса, иккинчиси мол баҳосининг арзонлиги билан фойда олади. Салам байъи дуруст саналиши учун унда байънинг шартларидан ташқари яна бир неча хос шартлар шарт қилинади: Биринчи шарт: Салам қилинадиган молнинг сифатлари аниқ бўлиши. Чунки, сифатлари аниқ бўлмаган нарсалар кўпинча бошқача бўлиб чиқади ва икки томон ўртасида низо келтириб чиқаради. Шунинг учун сифатларида фарқли бўладиган сабзавотлар, терилар, ҳар турли идишлар ва жавоҳирларда салам байъи дуруст бўлмайди. Иккинчи шарт: Салам қилинадиган нарсанинг жинси ва навини зикр қилиш. Яъни, масалан, жинс деганда буғдойни, нав деганда унинг қандай навли эканини (тури, сорти) тушунилади. Учинчи шарт: Салам қилинадиган молнинг сиғим ёки оғирлик ёки узунлик ўлчовида ўлчанадиган миқдорини айтиш. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ҳурмода – бошқа лафзда: бир нарсада – салаф қилса (яъни, пулини олдиндан берса), маълум кайл, маълум оғирликда, маълум муддатгача салаф қилсин», дедилар (Бухорий (2239) ва Муслим (1604) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Чунки, агар салам қилинадиган молнинг миқдори аниқ бўлмаса, уни тўла-тўкис қабул қилиб олиш имкони бўлмайди. Тўртинчи шарт: Маълум муддатни айтиш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «маълум муддатгача», деганлар. Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар!», деди (Бақара: 282). Ояти карима ва ҳадиси шариф салам байъида муддат белгилаш ва муҳлатнинг ҳар икки тараф биладиган ҳад-чегарасини тайин қилиш шартлигига далил бўлади. Бешинчи шарт: Салам қилинган (яъни, пули олдиндан тўлаб қўйилган) нарса муддат келганда аксарият ҳолларда топилиши шарт қилинади. Агар салам қилинган мол берилиш муддати келганда топилмайдиган бўлса, яъни, масалан, рутоб (янги пишган ҳўл хурмо) ва узумни қиш пайтида беришга салам қилинса, салам байъи дуруст бўлмайди. Олтинчи шарт: Миқдори аниқ бўлган тўловни ақд-битим тузилган ўриннинг ўзида тўла миқдорда олиши. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ҳурмода – бошқа лафзда: бир нарсада – салаф қилса (яъни, пулини олдиндан берса), маълум кайл, маълум оғирликда, маълум муддатгача салаф қилсин», дедилар (Бухорий (2239) ва Муслим (1604) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Салаф қилсин дегани – пулини олдиндан берсин, деганидир. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Чунки, салаф байъини қилаётган кишисидан ажралгунига қадар пулини тўлаб қўймаса, буни салаф байъи дейилмайди» (Заркаший «Шарҳ»ида (4/14) нақл қилган). Чунки, агар тўловини ўрнида олмаса, у қарзни қарзга байъ қилиш бўлиб қолади, бу эса жоиз бўлмайди. Еттинчи шарт: Салам қилинаётган нарса муайян нарса бўлмаслиги, балки зиммадаги қарз бўлиб қолиши. Шундай экан, дарахт ёки ҳовлини салам қилиш жоиз бўлмайди. Чунки, муайян бўлган нарса берилиш вақти келгунича талафотга учрашдан холи бўлмайди, у ҳолда мақсуд йўққа чиқади. Салам қилинган молни – имкони бўлса – ўша ақд-битим тузилган ўринда берилади. Агар имкони бўлмаса, яъни масалан, саҳрода ёки денгизда ақд тузган бўлсалар, молни топшириш ўрни айтилиши шарт. Агар ҳар икки тараф молни топшириш ўрнига келишиб олсалар, бу жоиз бўлади. Акс ҳолда ақд тузилган ўринга қайтадилар. Саламга доир ҳукмлардан: Салам қилинган молни қўлга келмасидан туриб сотиб юбориш жоиз бўлмайди. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир егулик сотиб олган бўлса, уни тўла қилиб олмагунича сотмасин», деганлар (Бухорий (2126) ва Муслим (1525) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Бир лафзда: «... ҳатто уни қўлига олмагунича» (Бухорий (2136) ва Муслим (30/1525) ривоятлари), имом Муслимда: «... ҳатто ўлчаб олмагунича» (31/1525). Уни ҳавола қилиш (яъни, бошқа бировнинг зиммасига ўтказиб қўйиш) ҳам дуруст бўлмайди. Чунки, ҳавола қилиш муқаррар қарздан бошқада дуруст бўлмайди, салам эса бекор бўлиб кетиши ҳам мумкин бўлган нарсадир. Агар салам қилинган нарса муҳлати келганда бўлмай қолса, яъни, масалан, бирон мева ҳосилини салам қилинган бўлса-ю, ўша дарахт шу йили ҳосил қилмаса, салам эгаси то ўша ҳосил бўлгунича кутиши ёки байъни бекор қилиб, пулини қайтариб олиши ўртасида ихтиёрлидир. Чунки, ақд зоил бўлса, тўловни қайтариш фарз бўлади. Агар ўша тўланган тўлов йўқ бўлиб кетган бўлса, унинг ўрнини тўлайди, валлоҳу аълам. Бу турдаги муомаланинг мубоҳ бўлиши шариати исломиянинг қулайлиги ва бағрикенглигидандир. Чунки, бу хилдаги муомалада одамларга қулайлик ва енгиллик яратиб бериш, шу билан бирга рибо ва бошқа ҳаром-ҳариш йўллардан четланган ҳолда уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариб бериш ҳосил бўлади. Бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. |