асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ҳадя ва совғага доир аҳкомлар ҳақидаги боб3001 марта кўрилган Ҳадя – мол-мулкни тасарруф қилишга лаёқатли шахс ҳаётлик пайтида бировга маълум бир молни ихтиёрий равишда беришидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадя қилардилар ва ҳадяни қабул қилардилар. Ҳадя қилиш тарғиб қилинган суннатлардан бўлиб, унинг ортида кўп яхшиликлар бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир-бирингизга ҳадя берингиз, ўзаро муҳаббатингиз ортади», деганлар (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да (1/208, 594), Байҳақий (6/196) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадяни қабул қилардилар ва ундан кўра яхшироқ нарсани қайтарардилар» (Бухорий (2585) ривояти). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир-бирингизга ҳадя берингиз, зеро ҳадя нафратни кетказади», деганлар (Табароний «Ал-авсат»да (2/146, №1526) Анас розияллоҳу анҳудан, Термизий (2130) ва Аҳмад (2/405, №9250) шу маънода Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Ҳадя ҳадя қилувчининг изни билан ҳадя қилинувчи киши уни қабул қилиб олганидан сўнг амалга ошган саналиб, ҳадя қилувчи шахс шундан сўнг уни қайтариб олишга ҳақли бўлмайди. Аммо, ҳали қўлига тегмасидан туриб қайтариб олиши мумкин. Бунга Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далил бўлади: «Абу Бакр розияллоҳу менга Олиядаги мол-мулкидан 20 васақ хурмо мевасини узиб олишни ҳадя қилдилар. Бетоб бўлиб қолгач: «Эй қизим, мен сенга 20 васақ хурмо мевасини узиб олишни ҳадя қилган эдим. Агар уларга эга бўлган ёки қўлингга олган бўлсанг эди, сеники бўлар эди. Зеро, бугун энди у меросхўрларнинг молига айланди, уни Аллоҳнинг Китобига кўра тақсимланглар», дедилар» (Молик «Муваттоъ»да (2/752, 1438), Ибн Аби Шайба (4/281, №20135) ривоятлари). Агар ҳадя ҳадя қилинган кишининг қўлида аввалдан омонат ёки ориятга олинган ҳолда бўлса, шундан сўнг эгаси уни унга ҳадя қилса, унинг қўлида эканлиги қабул қилиб олганликка кифоя қилади. Қарздорга зиммасида бўлган қарзни ҳадя қилиб юбориш дуруст бўлади ва шу билан унинг зиммаси хориж бўлади. Олди-сотди қилиш мумкин бўлган ҳар қандай нарсани ҳадя қилиш жоиз бўлади. Келажакдаги бирон шартга боғлиқ қилинган ҳадя яроқли бўлмайди. Яъни, масалан: «Агар фалон иш ҳосил бўлса, сенга шунча нарса ҳадя қиламан», дейишга ўхшаган. Ҳадяни вақтинчаликка бериш дуруст бўлмайди. Яъни, масалан: «Сенга шунча нарсани бир ойга – ёки бир йилга – ҳадя қилдим» деса бўлмайди. Чунки, ҳадя – бировга мулк қилиб беришдир, бу эса худди байъ каби вақтинчаликни қабул қилмайди. Лекин, вафотига боғлиқ қилинган боғлиқлик бундан истисно қилинади. Агар: «Агар вафот этсам, сенга шунча нарсани ҳадя қилдим», деса, жоиздир ва бу васият ҳукмида бўлади. Фарзандларининг баъзисига ҳадя қилиб, баъзисини тарк қилиш ёки ҳадя беришда бирини бошқасидан афзал кўриш жоиз бўлмайди. Балки, улар ўртасида адолат қилиши ва ҳаммасини бир хилда кўриши лозим. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам молининг бир қисмини менга садақа қилди. Шунда онам: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бунга гувоҳ қилмагунингизча рози бўлмайман», деди. Отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни менга берган молига гувоҳ қилиш учун у зот ҳузурларига борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳамма фарзандларингизга шундай қилдингизми?» дедилар. Отам: «Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан қўрқинглар ва фарзандларингиз орасида адолат қилинглар», дедилар. Отам қайтиб келиб, берган молини қайтариб олди» (Бухорий (2587) ва Муслим (1623) ривоятлари). Ушбу ҳадис ҳадя беришда фарзандлар ўртасида адолат қилиш фарзлигига ва улардан баъзи бирларини хослаш ё афзал кўришга гувоҳ бўлиш ҳаром эканига далил бўлади. Агар бир киши бировга ҳадя берган бўлса ва ҳадя қилинган киши уни қабул қилиб олган бўлса, энди эгаси уни қайтариб олишга ҳақли бўлмайди. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган марфуъ ҳадис борки: «Ҳадя бериб кейин қайтариб оладиган одамнинг мисоли еб тўйганидан сўнг қусадиган, кейин ўша қусуғини яна қайтиб ейдиган итга ўхшайди» (Бухорий (2587) ва Муслим (1623) ривоятлари). Ушбу ҳадис берган ҳадясини қайтариб олиш ҳаромлигига далил бўлади. Шариат соҳиби бундан фақат отани истисно қилган, ота ўз фарзандига берган ҳадясини қайтариб олиши жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Берган ҳадя ё совғасини қайтариб олиш ҳеч кимга ҳалол бўлмайди, фақат ота фарзандига берган нарсасини қайтариб олса жоиз», деганлар (Абу Довуд (3539), Насоий (3703), Термизий (2132), Ибн Можа (2377), Аҳмад (1/237, №2119) Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган). Шунингдек, ота фарзандининг молидан фарзандга зарар етказмайдиган ва унга зарурий бўлмаган нарсани олиши ва унга эгалик қилиши жоиздир. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кишининг энг покиза емиши касби ортидан топган (ризқ)идир. Фарзанди ҳам кишининг касбидандир» (Абу Довуд (3529), Насоий (4450), Термизий (1358), Ибн Можа (2290) ривоятлари). Бундан бошқа яна бир талай ҳадислар борки, улар мазмунига кўра, ота фарзандининг молидан олишга ва унга эгалик қилишга ҳақли экани маълум бўлади. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен ҳам, молинг ҳам отангникидир» (Ибн Можа (2292, Ибн Абий Шайба (4/516, №22694) ривоятлари) деган сўзлари ота фарзанднинг нафақат молига, балки ўзига ҳам эгадор бўлишини тақозо қилади. Демак, керак бўлса фарзанд жони ва моли билан отасига хизмат қилиши, унинг ҳожатларини раво қилиши фарз бўлади. Бироқ, ота фарзанднинг молидан фарзандига зиён етказадиган ёки фарзандининг ҳожати тушиб турган қисмига эгалик қилишга ҳақли бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Ўзига) зарар етказиш ҳам, (бировга) зарар бериш ҳам йўқдир», деганлар (Ибн Можа (2340), Аҳмад (5/326, №22778) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Фарзанд отасидан қарзини ва шу каби нарсаларни талаб қилиши жоиз эмас. Чунки, бир киши отасидан қарзини талаб қилиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига етаклаб келди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен ҳам, молинг ҳам отангникидир», дедилар. Демак, бу ҳадис фарзанд отасидан қарзини талаб қилишга ҳақли бўлмаслигига далил бўлади. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишга буюрди: «Ота-онага яхшилик қилинглар» (Бақара: 83). Фарзанд ота-онанинг зиммасидаги ўз ҳаққини талаб қилмаслиги ҳам уларга бўлган яхшиликлардан саналади. Фақат отанинг зиммасида фарз бўлган нафақа бундан мустасно бўлиб, агар фарзанд касб қилишдан ожиз бўлса ва ота нафақа қилишга қодир бўлса, отадан ўз нафақасини талаб қилишга ҳақли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиндга: «Ўзингга ва болангга кифоя қилгудек миқдордаги нарсани инсоф билан (эрингнинг мулкидан унинг розилигисиз) олавер», деганлар (Бухорий (5364) ва Муслим (1714) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Ҳадя нафрату адоватни кетказиб, меҳр-муҳаббатни олиб келади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир-бирингизга ҳадя берингиз, зеро ҳадя нафратни кетказади», деганлар (Табароний «Ал-авсат»да (2/146, №1526) Анас розияллоҳу анҳудан, Термизий (2130) ва Аҳмад (2/405, №9250) шу маънода Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Ҳадяни, гарчи оз бўлса-да, рад қилиш лойиқ эмасдир. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадяни қабул қилардилар ва унинг мукофотини чиройли қилардилар» (Бухорий (2585) ривояти). Бу иш динимизга тааллуқли гўзал ишлар ва улуғ ахлоқлар жумласидандир. |