Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Совчи қўйишга доир ҳукмлар ҳақидаги боб

4199 марта кўрилган

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бир киши бирон аёлга харидор бўлса, ундан унинг никоҳига чорлайдиган бирон нарсани кўришга қодир бўлса, кўрсин», деганлар (Абу Довуд (2082), Аҳмад (3/334, №14586), Байҳақий (7/84) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бошқа бир ҳадисда: «Унга назар ташлагин, чунки бу ўрталарингга меҳр-муҳаббат солинишига лойиқроқдир», деганлар (Насоий (3235), Термизий (1087), Ибн Можа (1865) Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ушбу ҳадислар совчи қўйилаётган аёлнинг одатда кўриниб турадиган ўринларига назар ташлашга изн борлигига ва бу у аёлнинг хабари бўлмаган ҳолда ва у билан ёлғиз қолинмаган ҳолатда бўлиши лозимлигига далил бўлади.

Фуқаҳолар айтганлар: «Бир аёлга харидор бўлишни истаган ва унинг ижобат қилишига ишончи комил бўлган одам агар фитнадан омонликда бўлса, у билан ёлғиз қолмаган ҳолда, унинг одатда очиқ бўладиган ўринларига назар ташлаши мубоҳ бўлади».

Жобир розияллоҳу анҳу ҳадисида келганидек: «Мен уни яширинча пойлардим, ҳатто унинг никоҳига чорлайдиган баъзи нарсаларни кўрдим» (Юқорида келган ҳадиснинг давоми).

Бу эса у билан ёлғиз қолмаслик кераклигига ва у аёл бундан хабарсиз бўлиши кераклигига, шунингдек, одатда аёлнинг жисмидан очилиб турадиган ўринларгагина қараш жоизлигига ва бу рухсат ўша аёлга уйланиш гумони ғолиб бўлган киши учун хос эканига далил бўлади. Агар ўзи кўриши имкони бўлмаса, бирон аёлни унинг ёнига юбориши, у бориб кўриб келиб, унга айтиб бериши мумкин. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулаймни бир аёлни кўриб келишга юборганлар (Аҳмад (3/231, 13424) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Қай бир кишидан хотиб (яъни, бировга совчи қўяётган эркак) ёки махтуба (яъни, унга совчи қўйилаётган аёл) ҳақида маслаҳат сўралса, айбу камчилиги бўлсин, бошқаси бўлсин, яширмай, рўйи рост айтиши лозим бўлади, бу нарса ғийбат ҳисобланмайди.

Иддада ўтирган аёлга: «Мен сизга уйланишни хоҳлайман» деб, очиқ лафз билан харидор бўлиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни шама қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ» (Бақара: 235). Яъни, иддада ўтирган аёлга таъриз – яъни, шама йўли билан харидор бўлишга рухсат берди. Яъни, масалан: «Мен ҳам сизга ўхшаган бир аёлга уйлансам, дегандим» ёки «Турмуш қилиш ниятингиз бўлса, биз ҳам бехабар қолмайлик» деганга ўхшаш. Бу тасриҳ – яъни, очиқ лафз билан харидор бўлмасликка далолат қилади. Чунки, тасриҳда никоҳдан бошқа мақсад тушунилмайди ва аёл киши турмушга чиқишга қизиққан бўлса, иддаси тамом бўлмасидан туриб тамом бўлди деб хабар бериши эҳтимолидан омонликда бўлинмайди.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Иддада ўтирган аёлга очиқ совчи қўйишни ҳаром қилди ва гарчи, идданинг тамом бўлиши муддати аёлга боғлиқ бўлмаса ҳам, эри вафот қилган аёлнинг иддасида ҳам буни ҳаром қилди. Чунки, совчи қўйишга рухсат бериш баъзан аёл кишининг ижобатга шошилишига ва иддаси тугагани ҳақида ёлғон ахборот беришига олиб келиши мумкин» (Иъламул-муваққиъийн: 3/140).

Идда сақлаб ўтирган аёлга уни уч талоқдан бошқа боин талоқ билан талоқ қилган киши (яъни, ўзининг эри) очиқ ҳам, шама йўли билан ҳам харидор бўлиши мумкин. Чунки, у иддаси ичида ҳам уни қайта никоҳлаб олишига рухсат бордир.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Идда сақлаб ўтирган аёлга унинг иддаси ичида ҳам уйланиши мумкин бўлган киши томонидан тасриҳ ва таъриз билан харидор бўлиш мубоҳдир» (Ал-фатавал-кубро: 5/449).

Мусулмон киши мусулмон биродарининг совчилиги устига совчи қўйиши ҳаром бўлади. Ким бир аёлга харидор бўлган ва унга ижобат қилинган бўлса, то унга тегишга рози бўлгунича ёки рад қилгунича бошқа бировнинг унга совчи қўйиши ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши биродарининг совчилиги устига – то у (биродари ўша аёлга) уйланмагунича ёки уни тарк қилмагунича – совчи қўймасин», деганлар (Бухорий (5144), Насоий (4849), Муслимда ҳам шунга ўхшаш (1413) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти). Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Мўмин киши биродарининг совчилиги устига то у тарк қилмагунича совчи қўйиши ҳалол бўлмайди», дейилади (Саҳиҳ Муслим (1414), Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Бировингиз биродарининг совчилиги устига совчи қўймасин» (Бухорий (5142), Муслим (1412) ривоятлари). Бухорий ривоятида: «Бир киши бир кишининг совчилиги устига то ўзидан олдинги харидор (харидорликни) қўймагунича ё унга (совчи қўйишга) изн бермагунича совчи қўймасин» (Юқоридаги ҳадис).

Бу ва шу маънодаги бошқа ҳадислар мусулмон киши биродарининг совчилиги устига совчи қўйиши ҳаромлигига далолат қилади. Чунки, бунда биринчи харидорга нисбатан бузғунчилик ҳамда одамларнинг ҳақларига тажовуз қилиш ва улар ўртасида адоват ҳосил бўлиши келиб чиқади. Агар биринчи харидорга рад жавоби берилса ёки унинг ўзи иккинчи харидорга изн берса ё у аёлни тарк қилса, шундагина иккинчи харидор унга совчи қўйиши жоиз бўлади. Бу мусулмон кишининг ҳурматидан ва унга тажовуз қилишнинг ҳаромлигидандир.

Айрим одамлар бунга бепарволик қиладилар ва бир аёлга биров совчи қўйганини билиб туриб совчи қўядилар. Бу эса биродарининг ҳаққига тажовуз ва унинг битаётган ишини бузишга уриниш деб баҳоланади. Бундай қилиш қаттиқ ҳаромдир.

Мусулмон киши бундан огоҳ бўлиши ва мусулмон биродарларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиши лозим. Чунки, мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳаққи улкан, унинг совчилиги устига совчи қўймайди, байи устига бай қилмайди, унга бирон турдаги озор билан озор бермайди.