Намозга бориш одоблари ҳақидаги боб
3950 марта кўрилган
Мусулмон биродар! Намозга ҳозирланиш учун ундан олдин келадиган шаръий одобларни билиб олиш зарур. Чунки, намоз – мусулмон киши унга энг яхши кўринишда кириб бориши учун алоҳида тайёргарлик ва муносиб ҳозиргарлик кўриш муносиб бўлган улкан ибодатдир.
Намозни жамоат билан адо этиш учун масжидга юриб борар экансиз, сакинат ва виқорни лозим тутинг. Сакинат – хотиржамлик ва шошилмаслик, виқор эса жиддийлик, уёқ-буёққа алангламаслик, шовқин қилмаслик ва ҳалимлик маъносидадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Намозга келсангизлар (бир лафзда: «иқоматни эшитсангизлар»), намозга вазминлик билан, хотиржам юриб келинглар, шошилманглар. Етган жойингиздан ўқийверинглар, улгурмаганингизни кейин тўлдириб қўйинглар» (Бухорий (635), Муслим (603) Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
«Сизлардан бир киши намозни қасд қилиб борар экан, у намоздадир» (Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти).
Мусулмон биродар! Такбиратул иҳромга (яъни, намознинг бошланиш такбирига) улгуриш учун ва намознинг аввалидан жамоатда ҳозир бўлиш учун масжидга имкон қадар эртароқ чиқиб боринг. Намозга боришда қадамларингиз орасини яқин қилинг, токи кўпроқ савоб ёзилсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз таҳорат олса, таҳоратини чиройли қилса ва фақат намозни қасд қилиб масжидга борса, то масжидга киргунича босган ҳар бир қадами баробарида Аллоҳ уни бир даража юксалтиради ва битта гуноҳини ўчиради» (Бухорий (647), Муслим (1/459, №649) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Масжид эшигига етгач, аввал ўнг оёғингизни ичкарига қўйинг ва қуйидаги дуоларни ўқинг:
(أَعُوْذُ بِاللَّهِ الْعَظِيمِ، وَبِوَجْهِهِ الْكَرِيمِ، وَسُلْطَانِهِ
الْقَدِيمِ، مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ، [ بِسْمِ اللَّهِ، وَالصَّلاةُ ]
وَالسَّلامُ عَلَى رَسُوْلِ اللَّهِ)
(اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ
رَحْمَتِكَ).
Маъноси: «Буюк Аллоҳдан, Унинг улуғ Юзи ва қадим салтанатини восита қилиб, тошбўрон қилинган шайтондан паноҳ тилайман. Бисмиллаҳ, Расулуллоҳга салот ва салом бўлсин. Эй Аллоҳ! Менинг гуноҳларимни мағфират этгин ва менга раҳматинг эшикларини очгин». (Абу Довуд (466) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).
Масжиддан чиқишда эса чап оёғингизни аввал қўйинг ва кириш пайтида ўқиган
дуони ўқинг, фақат «раҳматинг эшиклари» ўрнига «фазлинг эшикларини» денг.
(بِسْمِ
اللَّهِ وَالصَّلاةُ وَالسَّلامُ عَلَى رَسُوْلِ اللَّهِ، اللَّهُمَّ إِنِّي
أَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ، اللَّهُمَّ اعْصِمْنِي مِنَ الشَّيْطَانِ
الرَّجِيمِ).
(Муслим (1/494, №713) Абу Ҳумайд ёки Абу Усайд розияллоҳу анҳумодан
ривояти). Сабаби – масжид раҳмат ёғиладиган ўрин, масжид ташқариси эса ризқ
бериладиган ўрин, ризқ Аллоҳнинг фазлидандир.
Масжидга киргач, икки ракъат «таҳийятул масжид» намози ўқимасдан ўтирманг. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз масжидга кирса, ўтиришдан аввал икки ракъат намоз ўқисин», деганлар (Бухорий (1163), Муслим (714) Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Сўнг намозни кутиб масжидда ўтирар экансиз, Аллоҳнинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул бўлинг, бармоқларни бир-бирига кириштириш, қисирлатиш каби абас-беҳуда ишлардан сақланинг. Намозни кутиб ўтирган киши ҳаққида бундай ишлардан қайтариқ келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз масжидда бўлса, бармоқларини бир-бирига кириштирмасин, чунки (бармоқларини бир-бирига) кириштириш шайтондандир», деганлар (Имом Аҳмад (3/43, №11385) ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Аммо, бир киши масжидда бўлса-ю, намозни кутиб ўтирмаган бўлса, бармоқларини бир-бирига кириштириб ўтирса зарари йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан салом берганларидан сўнг масжидда бармоқларини бир-бирига кириштириб ўтирганлари собит бўлган (Бухорий (482), Муслим (573) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Масжидда намозни кутиб ўтирган ҳолингизда дунё гапларига шўнғиманг. Чунки, ҳадисда айтилишича: «Бундай қилиш ҳасанот-савобларни худди ўт ўтинни еб юборганидек еб юборади». («Ал-муғний ан ҳимлил-асфар» соҳиби (1/107) ушбу ҳадиснинг аслини тополмаганини айтган).
Бошқа бир ҳадисда келганки, банда модомики намозни кутиб ўтираркан, намозда ўтиргандек ҳисобланади (Бухорий (3229), Муслим (649/276) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), фаришталар унга истиғфор айтадилар. Мусулмон биродар, мана шундай савобдан қуруқ қолманг, беҳуда ишлар ва миш-миш гаплар билан шундай қимматли фурсатни зое қилиб қўйманг.
Намозга иқомат айтилганда «Қод қоматис-солат» дейилган пайт сафга туринг. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар. Иқомат бошланиши билан турсангиз ҳам зарари йўқ. Бу гап маъмум (иқтидо қилувчи, имомга эргашувчи) имомни кўриб турган ҳолатга тааллуқли гапдир. Агар иқомат айтилаётганда имомни кўрмаётган бўлса, то уни кўрмагунича турмагани афзал.
Мусулмон биродар! Намозда биринчи сафда туришга интилинг. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар одамлар азон айтишда ва биринчи сафда туришда бор бўлган (хайру барака)ни билишганда эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа йўл топмасалар, албатта қуръа ташлаган бўлишарди», деганлар (Бухорий (615), Муслим (437) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
У зот яна айтганлар: «Эркаклар сафларининг яхшиси унинг аввалидир» (Имом Муслим (440) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти). Имомга яқинроқ жойда туришга ҳаракат қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ораларингиздаги ақл заковатли кишилар менга яқин турсин», деганлар (Имом Муслим (432) Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривояти). Бу эркакларга нисбатан айтилган сўзлардир. Аммо, аёл кишига нисбатан аёллар сафларининг охири афзалдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёллар сафларининг яхшиси унинг охиридир», деганлар. Чунки, бу нарса уларнинг эркаклар кўзидан узоқроқда бўлишларига сабаб бўлади.
Имом ҳам, намозхонларнинг ўзлари ҳам сафларни текислашга аҳамият қаратишлари зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни баробар қилингиз, чунки сафларни текислаш намознинг мукаммал бўлиши сабабларидан», деганлар (Бухорий (723), Муслим (433) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бошқа бир ҳадисда: «Эй Аллоҳнинг бандалари, ё сафларингизни баробар қиласиз ё Аллоҳ юзларингизни бир-бирига қарама-қарши қилиб қўяди», деганлар (Бухорий (717), Муслим (436 Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Сафларни текислаш – елкалар ва оёқ тўпиқларини баробар қилиб туришдир.
Намозхонлар сафлардаги бўшлиқни тўлдиришлари ва сафда зич туришлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни текислангиз ва зичлашингиз!», деганлар (Имом Бухорий (719) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривояти). Зичлашиш – намозхонлар бир-бирига ёпишиб туришлари, ўртада очиқлик ва шайтонга бўшлиқ қолдирмасликларидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам маъмумлар орасини зичлаштириб, сафларни баробар қилишга қаттиқ аҳамият берардилар. Сафларни зичлаштириш дегани бугунги кунда айрим жоҳил кишилар қилаётганларидек, оёқларини кериб, ёнидагиларни қисиб қўйиш дегани эмас. Бундай қилиш оёқларини кериб турган кишилар ўртасида бўшлиқ пайдо қилади ва намозхонларга озор етказади. Бу шариатда асли-асоси йўқ ишдир. Мусулмон киши ўз пайғамбарига эргашиб ва намозини мукаммал қилиш мақсадида сафни зичлаштиришга қаттиқ эътибор қаратиши лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ
қилсин.