Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жумъа намозига доир ҳукмлар ҳақидаги боб

4296 марта кўрилган

Ушбу намоз унда жуда кўпчилик жамлангани учун ҳам жумъа (жамланиш) намози деб ном олган, (ҳафтанинг жумъа куни номи ҳам ушбу намоздан олинган), жумъа куни ҳафта кунларининг энг афзалидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни энг афзал кунларингиздандир», деганлар (Абу Довуд (1047), Насоий (1394) ва Ибн Можа (1085) Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бу киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган эканлар: «Биз (замон жиҳатидан) охиргилар, Қиёмат куни эса биринчилармиз. Аммо, биздан аввал ўтган умматларга китоб (яъни, Таврот ва Инжил) берилганди. Сўнгра мана бу (жумъа куни) уларга (таъзим-эҳтиром ва байрам қилишлари) фарз қилинган кунлари бўлиб, улар бу кун хусусида келишиша олмади. Сўнг (бу куннинг фазилатига) Аллоҳ бизни ҳидоят айлади. Демак, барча инсонлар бу тўғрида биздан кейин – яҳудийлар эртага, насронийлар индинга (байрам қилишади)» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло бизлардан олдинги умматларни жумъадан адаштирди (яъни, унинг фазлини насиб қилмади), яҳудлар учун шанба куни, насронийлар учун якшанба куни бўлди. Шундан сўнг Аллоҳ бизни келтирди ва бизни жумъа куни (фазилати)га йўллади» (Имом Муслим (856) ривояти).

Мусулмонларнинг бу кунда тўпланишлари Аллоҳнинг уларга бўлган улкан неъматларини ёдга олиш мақсадида машруъ қилинди. Унда Аллоҳнинг неъматини эслатадиган, унинг шукрига ундайдиган хутба машруъ қилинди. Бу куни мусулмонлар битта масжидда жамланишлари учун қоқ пешин пайтида жумъа намози машруъ бўлди.

Аллоҳ таоло мусулмонларни ушбу йиғилишга ҳозир бўлиб, хутбани тинглашга ва жумъа намозини адо этишга буюрди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир» (Жумъа: 9).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу кунни улуғлаш, уни эҳтиром қилиш ва бошқа кунлардан айрича ибодатлар билан хослаш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан эди. Уламолар ўртасида Жумъа куни афзалроқми, Арафот куними, деган мавзуда баҳс кечиб, баъзилар унисини, баъзилар бунисини афзал деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу куннинг бамдодида «Сажда» билан «Инсон» сураларини ўқирдилар.

(Сўзида давом этиб айтади:) Мен шайхулислом Ибн Таймиянинг шундай деганларини эшитганман: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа кунининг бамдодида мазкур икки сурани ўқирдилар. Чунки, бу икки сура жумъа куни бўлган ва бўлажак воқеа ва ҳодисалар баёнини ўз ичига олган. Жумладан, уларда Одам алайҳиссаломнинг яратилиши, қиёмат қоим бўлиши ва бандаларнинг маҳшарга жамланишлари зикри келганки, бу ишлар жумъа куни бўлган ёки бўлади. Бу икки сурани шу куни ўқилишида умматга бу куни бўлган ва бўлажак воқеаларни эслатиш бордир» (Зодул-маъод: 1/364).

Жума кунининг хусусиятларидан бири – бу куннинг туни ва куни мобайнида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп салавот айтишнинг мустаҳаблигидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жумъа кундузи ва кечасида менга кўп салавот айтинглар», деганлар (Байҳақий: Ас-сунан ал-кубро: 3/249).

Жумъа кунининг хусусиятларидан яна бири – Исломдаги энг зарурий фарзлардан ва мусулмонларнинг энг катта йиғилишларидан бўлмиш жумъа намозидир. Ким бу намозни бепарволик билан тарк қилса, Аллоҳ унинг қалбини муҳрлаб қўяди.

Жумъа кунининг хусусиятларидан яна бири – бу куни ғусл қилиб, покланишга амр бўлди. Бу куннинг ғусли суннати муаккададир. Уламолар ичида уни мутлақ фарз деганлар ҳам бор, баъзилари эса уни нохуш ҳид келиб турган одам ҳаққида фарз деганлар.

Жумъа кунининг хусусиятларидан яна бири – бу кунда хушбўйланишнинг мустаҳаблигидир. Бу кунда хушбўйланиш ҳафтанинг бошқа кунларида хушбўйланишдан афзалроқдир.

Жумъа кунининг хусусиятларидан яна бири – жумъа намози ўқиш учун масжидга эртароқ бориш ҳамда то имом хутбага чиққунига қадар нафл намозлар, зикр ва қироат билан банд бўлишнинг мустаҳаблиги, хутба бошланганидан кейин эса унга жим қулоқ солишнинг фарзлиги ҳамда хутба вақтида гапиришнинг ҳаромлигидир. Ким хутбани жим ўтириб тингламаса, лағв-беҳуда иш қилган бўлади. Лағв билан машғул бўлган кишининг жумъаси жумъа бўлмайди. «Муснад»да ҳадис борки: «Ёнидаги шеригига: «Жим бўл», деб айтган кишининг ҳам жумъаси жумъа эмасдир» (Муснад Аҳмад: 1/93, №719).

Жумъа кунининг хусусиятларидан яна бири – бу куни «Каҳф» сурасининг ўқилишидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Ким жумъа куни «Каҳф» сурасини ўқиса, қадами остидан нур чиқиб, осмони фалакка кўтарилади, қиёмат куни шу нур унга ёруғлик бериб туради ва икки жумъа оралиғидаги гуноҳлари мағфират қилинади» (Ҳоким (2/434) ва Байҳақий (3/249) ривоятлари, Албоний заиф деган)[1].

Жумъа кунининг хусусиятларидан яна бири – бу кунда дуолар ижобат қилинадиган соат борлигидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа кунида бир соат борки, унга мусулмон киши дуо қилиб, Аллоҳдан бирон нарсани сўраган ҳолда тўғри келса, Аллоҳ унинг тилагини албатта беради», дедилар ва қўллари билан у вақтнинг жуда оз эканига ишора қилдилар (Бухорий (935) ва Муслим (852) ривоятлари).

Жумъа кунининг хусусиятларидан яна бири – бу кунда Аллоҳга ҳамду санолар айтиш, Уни улуғлаш ва Унинг ягоналигига гувоҳлик бериш, Унинг пайғамбарининг рисолатига гувоҳлик бериш ва бандаларга панду насиҳатлар қилишни ўз иичига олган хута борлигидир.

Бу куннинг хусусиятлари жуда кўп бўлиб, имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Зодул-маъод» номли китобида уларнинг саноғини бир юз ўттиз учтага етказган.

Шунчалик бўлишига қарамай, кўпчилик одамлар бу куннинг ҳаққи-ҳурматини ўз ўрнига келтирмайдилар, улар наздида бу куннинг бошқа кунлардан фарқи бўлмайди. Айримлар эса бу кунни ялқовлик ва уйқу куни қилиб оладилар, айримлар эса шундай улуғ кунни ўйин-кулги ва Аллоҳнинг зикридан ғофиллик билан зое қиладилар. Ҳатто, шу куни бамдодида (дам олиш куни бўлгани учун) масжидларда намозхонларнинг сони сезиларли даражада озайгани кўринади.

Жумъа куни масжидга боришда такбир айтиш мустаҳабдир. Масжидга кириб келгандан сўнг икки ракат таҳийятул масжид намози ўқилади.

Ҳали барвақт бўлса ва кўпроқ нафл намозлар ўқишни истаса, хоҳлаганича намоз ўқиши мумкин. Чунки, салафлар барвақт келиб, то имом хутбага чиққунича намоз ўқиш билан машғул бўлардилар.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жумъага келган киши то имом хутбага чиққунича намоз ўқиш билан машғул бўлиши афзалдир. Чунки, «Саҳиҳ»да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадис борки: «Кейин насиб қилганича намоз ўқиса...», деганлар. У зотнинг бу сўзларида жумъа куни масжидга эртароқ келиб, намоз билан машғул бўлишга тарғиб бордир. Саҳобалар ана шундай қилардилар. Улар жумъа куни масжидга эрта келиб, нафл намозлари ўқишга киришар эдилар. Баъзилари ўн ракъат, баъзилари ўн икки ракъат ўқишар, айримлари саккиз ракъат, айримлари ундан озроқ ўқирдилар. Шунинг учун жумҳур имомлар жумъадан олдин вақти ва ракъатлари сони аниқ белгилаб қўйилган суннат йўқлигига иттифоқ қилганлар. Жумъадан олдин намоз ўқиш ҳасанот, бироқ суннати ротиба эмасдир. Агар ўқиса ёки тарк қилса, уни инкор қилинмайди. Сўзларнинг энг адолатлиси шудир. Агар жоҳил кишилар уни суннати ротиба деб эътиқод қилиб олишган бўлса, ўқимаслик афзалроқ бўлади» (Мажмуъул-фатава: 24/189).

Бу жумъа намозидан олдинги нафл намози ҳақидаги гап эди. Демак, жумъадан олдин суннати ротиба йўқ, суннати ротиба жумъадан кейин бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз жумъани ўқигач, унинг ортидан тўрт ракъат намоз ўқисин», деганлар (Муслим (881) ривояти). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъадан кейин икки ракъат намоз ўқирдилар» (Бухорий (937) ва Муслим (882) ривоятлари). Иккала ҳадис ўртасини жамлаш йўли шуки, уйида ўқиса икки ракъат ўқийди, масжидда ўқиса, тўрт ракъат ўқийди, хоҳласа олти ракъат ўқиши ҳам мумкин. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъани ўқиб бўлгач, олдинга ўтиб, икки ракъат намоз ўқирдилар, сўнг яна олдинга ўтиб, тўрт ракъат ўқирдилар» (Абу Довуд (1130) ривояти).

Масжид ичида жойга эгадорлик қилиш шахсан ўзи келиб эгаллаган киши учун бўлади. Айрим кишилар томонидан содир бўладиган, ўзи масжидда бўлмагани ҳолда масжид ичидаги бирон ўринга ҳасса ё жойнамоз ё оёқ кийим каби бирон нарса қўйиб, эгаллаб қўйиш ва масжидга ундан олдинроқ келган кишини бу ўриндан маҳрум қилиш ҳеч бир меъёрга тўғри келмайдиган, қуюшқондан ташқари ишдир. Баъзи уламолар аниқ-тиниқ айтиб қўйишибдики, масжидга эртароқ келган киши банд қилиб қўйилган жойни бўшатиб, бемалол намоз ўқийвериши мумкин. Чунки, олдин келган одам аввалги сафда намоз ўқишга ҳақлироқдир, ўзи келмагани ҳолда масжидда бирон ўринни банд қилиб қўйиш жойни ноҳақ эгаллаб олиш деб кўрилади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Кўпчилик одамлар қиладиган, жумъа ё бошқа кунларда ўзлари масжидга келмаганлари ҳолда жойнамоз ё бирон тўшама тўшаб, жойни банд қилиб қўйиш мусулмонлар иттифоқига кўра ман қилинган, балки ҳаром ишдир. Шу тўшама устидаги намоз яроқли бўладими, йўқми экани борасида уламоларнинг икки хил сўзлари мавжуд. Чунки, ушбу тўшамани тўшаш билан у масжиддаги бир ўринни эгаллаб олди ва ўзидан олдинроқ масжидга келган бошқа бир намозхонни шу жойда намоз ўқишдан маҳрум қилди... Ваҳоланки, масжидга эртароқ келишга бўлган буйруқ инсоннинг ўзига қаратилган бўлиб, агар жойни банд қилиб қўйиб, ўзи кеч келса, бу одам шариатга икки томондан хилоф қилган бўлади: яъни, бир томондан эртароқ келишга буюрилгани ҳолда кеч қолиб келиб хилоф қилган бўлса, иккинчи томондан масжиддаги бир ўринни ноҳақ эгаллаб олиб, ўзидан олдин келганларни у ерда намоз ўқишдан маҳрум қилгани ва сафларни аввалдан бошлаб тўлдириб келишдан тўсгани, кейин эса одамларнинг елкаларидан ошиб ўтиши билан хилоф қилган бўлади (Мажмуъул-фатава: 22/189-190).

Жумъага доир ҳукмлардан яна бири шуки, имом хутба қилаётган пайтда масжидга кириб келган киши қисқа икки ракъат намоз (таҳийятул масжид) ўқимасдан ўтирмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни бировингиз келганида имом (хутбага) чиққан бўлса, икки ракъат намоз ўқиб олсин», деганлар (Бухорий (930, 931) ва Муслим (857) Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Имом Муслим ривоятида: «тезгина ўқиб олсин», деб зиёда қилинган. Агар ўтириб олган бўлса ҳам, туриб икки ракъат ўқиб олади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракъат намоз ўқимай ўтириб олган кишига: «Туриб, икки ракъат ўқиб олинг», деб буюрганлар (Юқоридаги манба).

Жумъа намозига доир ҳукмлардан яна бири – имом хутба қилаётганида гапириш мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангизлар» (Аъроф: 204). Муфассирларнинг сўзларига кўра, ушбу оят хутба ҳақида нозил бўлган, хутба Қуръон оятларини ўз ичига олгани учун уни бу оятда Қуръон деб номланган (Тафсир Табарий (10/667) ва Тафсир Ибн Касир (3/538)). Бошқа бир сўзга кўра, уни намоз ҳақида нозил бўлган деб олганимизда ҳам, у (яъни, жумъа намози) умуман олганда хутбани ҳам ўз ичига олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким: «Жим!», деса ҳам, лағв (бемаъни гап) қилган бўлади. Ким лағв қилса, унинг жумъаси (нинг ажри) бўлмайди», дедилар (Аҳмад (1/93, №719) Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Бошқа бир ҳадисда: «Ким (жумъа хутбаси чоғи) гапирса, у устига китоблар ортилган эшаксифат одамдир, унга: «Жим!» деб айтган кишининг жумъаси (нинг ажри) бўлмайди» (Ибн Аби Шайба (1/458, №5305) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни имом хутба қилаётганида ёнингдаги шеригингга: «Жим бўл» десанг ҳам лағв қилган бўласан», дедилар (Бухорий (934) ва Муслим (851) ривоятлари). Лағв – бефойда ва гуноҳ гап бўлиб, хутба пайтида гапираётган одамга: «Жим бўл» деб айтган киши лағв қилган саналса – ваҳоланки у амри маъруф қилган эди – ва бундан қайтарилса, ундан бошқа гапларни сўзлашлик албатта лағв бўлиши аниқдир.

Имом хутба орасида муқтадийлардан баъзиларига сўз қотиши, шунингдек, бирон киши имомга бирор фойдали сўз билан мурожаат қилиши жоиздир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айрим кишилар савол сўрардилар, у зот ҳам ўзларидан савол сўраган кишига гапирардилар. Бу ҳол бир неча бор такрорланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба пайтида баъзи саҳобаларга гапирганлар, улар ҳам манфаат ва сўраб ўрганиш зарурати билан у зотга мурожаат қилганлар, чунки бундай қилиш хутбани тинглашдан машғул қилмайди.

Хутбани тинглаётган киши хутба пайтида сўровчига (тиламчига) садақа қилиши жоиз эмас. Чунки, сўровчи ўзи учун жоиз бўлмаган ишни қилди, яъни, хутба пайтида гапирди, энди бу ҳам ножоиз ишда унга ёрдам бермаслиги лозим.

Хатиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтганини эшитган киши ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиши суннатдир. Бироқ, бошқаларга халақит бермаслик учун саловот билан овозини кўтармайди.

Хатибнинг дуосига омийн деб туриш суннат, бироқ овозини ҳам, қўлларини ҳам кўтармайди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хатибнинг олдида овозни кўтариш билиттифоқ макруҳ ёки ҳаромдир. На муаззин, на бошқа биров на саловот ва на бошқа сўз билан овозини кўтаради» (Ал-фатавал-кубро: 5/354).

Шайхулислом огоҳлантириб ўтган бу иш, яъни хутба пайтида ёки икки хутба орасида баланд овозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш ёки бошқа дуолар қилиш баъзи диёрларда ҳақиқатда мавжуддир. Кўпинча хатибларнинг ўзлари уларни шундай қилишга буюрадиларки, бу – қилиш жоиз бўлмаган жоҳиллик ва бидъат ишдир.

Имом хутба қилаётган пайтда масжидга кириб келган одам салом бермасдан, жимгина сафга туриб, енгил икки ракъат намоз ўқийди, сўнг хутбага қулоқ солиб ўтиради, ёнидаги киши билан саломлашмайди ва сўрашмайди.

Хутба пайтида қўли, оёғи, соқоли, кийими ё бошқа нарсани ўйнаб ўтириш жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким майда тошчаларни қўлга олса, лағв қилган бўлади[2]», деганлар (Муслим (857) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), «Лағв қилган одамнинг жумъаси (нинг ажри) бўлмайди», деганлар (Абу Довуд (1051) Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Чунки, абас-беҳуда иш билан машғул бўлиш хушуъга тўсқинлик қилади.

Шунингдек, ўнгу сўлга ўгирилиб қараш, одамларни ёки бошқа нарсаларни кузатиб ўтириш яхши эмас. Чунки, бундай қилиш кишини хутбадан чалғитади. Хутба пайтида фақат хатибга тикилиб ўтириш лозим. Чунки, саҳобалар хутба пайтида фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб ўтиришарди.

Акса урган киши фақат ўзига эшиттириб «алҳамду лиллаҳ» дейди.

Хутбадан олдин ва кейин, шунингдек имом икки хутба ўртасида ўтирган пайтда бирон манфаат юзасидан гапириш жоиз, бироқ дунё гапларидан сўзлаш керак эмас.

Хуллас, Исломда жумъа хутбаларининг аҳамияти жуда каттадир. Чунки, улар Қуръон тиловати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини, шунингдек кўплаб фойдали йўл-йўриқлар ва гўзал панд-насиҳатларни, ибратли воқеа-ҳодисалар баёнини ўз ичига олади. Хутбага хатиб тарафидан ҳам, тингловчилар тарафидан ҳам жуда катта аҳамият қаратилиши зарур. Жумъа хутбаси бошқа оддий мажлис ва суҳбатларда сўзланадиган оддий сўзлар бўлиб қолмаслиги лозим.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, баъзи кишилар хутба орасида ваъид (азоб билан огоҳлантириш) ҳақидаги сўзлар келганида овоз чиқариб, Аллоҳдан паноҳ сўрайдилар, савоб ёки жаннат ҳақида сўз кетса, овоз чиқариб, дуо ва илтижо қиладилар. Бу ҳам жоиз бўлмаган ишлардан саналади, бу ҳам хутба ичида ман қилинган гаплардан ҳисобланади.

Насслар (яъни, оят ва ҳадисдан бўлган далиллар) хутба пайтида гапириш ажрга путур етказиши, гапирган одамнинг жумъаси комил жумъа бўлмаслиги ва у устига китоблар ортилган эшакка ўхшаб қолиши ҳақида огоҳлантириб келган. Шундай экан, бунга жуда ҳушёр қараш ва эҳтиёт бўлиш керак.

Уламолар жумъа намози алоҳида фарз эканини, пешиндан бадал эмаслигини зикр қилганлар.

Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Сафар намози икки ракъатдир, жумъа намози икки ракъатдир, ийд намози икки ракъатдир, (булар) Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари гувоҳлиги билан тўла намозлардир, қаср эмас» (Насоий (1420), Ибн Можа (1063) ва Аҳмад (1/37, №257) ривоятлари).

Сабаби, жумъа намози кўп ҳукмларда пешин намозидан фарқлидир ва у пешин намозидан афзалроқ ва зарурроқдир. Чунки, уни тарк қилган киши ҳаққида зиёда таҳдидлар ворид бўлган, пешин намозидан фарқли ўлароқ унинг ўзига хос шартлари ва хусусиятлари бор. Жумъа ўқиши фарз бўлган киши – модомики, жумъа вақти чиқиб кетмаган бўлса – пешин ўқиши жумъа ўрнига ўтмайди, (вақти чиққан бўлса) пешин намози жумъа ўрнига бадал бўлади.

Жумъа намози ҳар бир озод, мукаллаф, бир жойни ватан тутган (кўчманчи бўлмаган, ўтроқ) эркак мусулмон зиммасига фарздир.

Абу Довуд Ториқ ибн Шиҳобдан марфуъан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Жумъа жамоатдаги ҳар бир мусулмон кишига фарздир, бундан фақат тўрт киши мустасно: бировнинг мулки бўлган қул, аёл киши, ёш бола ва бемор киши». Ҳадиснинг санади ишончли бўлиб, уни бир нечалар саҳиҳ санаганлар.

Дорақутний Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, жумъа куни жумъа намози ўқиш унга лозимдир, фақат бемор, мусофир, гўдак бола ва қул бундан мустасно».

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир-бирига яқин жойлашган биноларда яшовчи, уйлари ўз одатларига кўра хоҳ гуваладан, хоҳ ёғочдан, хоҳ қамишдан, хоҳ шох-шаббалардан, хоҳ бошқа нарсадан қурилган бўлсин, қишда ҳам, ёзда ҳам у ердан кўчиб кетмайдиган ҳар бир қавмда жумъа ўқилади. Чунки, бинонинг моддаси ва бўлакларининг бунга таъсири йўқдир. Асл-асос уларнинг шу биноларни ватан тутиб яшаб туришлари, кўпинча жойдан жойга кўчиб юрадиган кўчманчилар каби чодир ва капа аҳли бўлмаганликларидир.

Намозни қаср ўқиш масофасига йўлга чиққан мусофир учун жумъа фарз эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари ҳаж ва бошқа сафарларга чиқишар, ҳеч бирлари сафарда жумъа ўқимас эдилар.

Ким дам олиш учун ё бошқа мақсадда дала-даштга ё тоғу-тошга чиққан бўлса, яқин атрофида жумъа ўқиладиган масжид бўлмаса, унга жумъа лозим бўлмайди, пешин ўқиб қўяди.

Аёл кишига жумъа фарз эмас.

Ибнул Мунзир ва бошқалар айтганлар: «Уламолар аёлларга жумъа намози лозим эмаслигига, бироқ, улар масжидда ҳозир бўлиб, жумъа намозини ўқисалар улар учун яроқли (ўринли) бўлишига ижмоъ қилганлар. Шунингдек, агар мусофир киши жумъа намозига ҳозир бўлса, бу унинг учун яроқли бўлишига ҳам ижмоъ қилганлар» (Ибнул Мунзир: Ал-ижмоъ: 41-с).

Бемор киши ҳақида ҳам айни шу гапни айтиш мумкин. Чунки, мазкур санаб ўтилганлардан жумъанинг соқит бўлиши улар учун енгиллик яратиб бериш мақсадида бўлган эди.

Жумъа ўқиши фарз бўлган киши жумъа куни заволдан (яъни, кун тиккадан оғганидан) сўнг жумъа ўқимасдан сафарга чиқиб кетиши жоиз бўлмайди. Агар йўлда жумъа ўқимайдиган бўлса, заволдан олдин сафарга чиқиш ҳам макруҳдир.

Жумъа намози яроқли бўлиши учун қуйидагилар шарт қилинади:

1) Вақтнинг кириши. Чунки, жумъа фарз намоздир, унга ҳам бошқа фарз намозлар каби вақтнинг кириши шарт қилинади. Вақтидан олдин ё кейин ўқилса, яроқли бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103), деган. Жумъани заволдан кейин адо этиш афзалроқ ва эҳтиётлироқдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча уни шу вақтда ўқирдилар. Заволдан олдин ўқиш уламолар ўртасида ихтилофли масалалардан. Унинг охирги вақти пешин намозининг охирги вақтидир.

2) Жумъа намози ўқийдиганлар ҳар жойнинг ўз одатига кўра бинокорлик моддалари воситасида қурилган уйларни ватан тутган кишилар бўлиши шарт қилинади. Кўпинча яйловма-яйлов кўчиб юрадиган ва уйларини ҳам ўзлари билан кўчириб юрадиган чодир ва кийгиз капалар аҳллари жумъа ўқимайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина атрофидаги кўчманчи қабилаларни жумъа намози ўқишга буюрмаганлар.

Ким жумъа намозининг бир ракъатига имом билан етган бўлса, уни жумъа қилиб тугатиб қўяди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисга кўра: «Ким жумъадан бир ракъатга етса, намозга етибди» (Насоий (557), Ибн Можа (1123), Байҳақий (3/204) ривоятлари). Бунинг асли «Саҳиҳайн»да ҳам мавжуд (Бухорий (579) ва Муслим (607)).

Ким бир ракъатдан камроққа етиб келса, яъни, имом иккинчи ракъатнинг рукуъидан бош кўтарганидан кейин намозга қўшилган бўлса, жумъага етмаган ҳисобланади ва пешин нияти билан намозга қўшилади ва имом салом берганидан сўнг намозини пешин қилиб тугатади.

3) Жумъа намози яроқли бўлиши учун ундан олдин икки хутба қилиниши шарт қилинади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим шундай қилганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик турган ҳолда иккита хутба қилардилар, хутбалар орасини бир ўтириш билан бўлардилар» (Бухорий (928) ва Муслим (861) ривоятлари).

Хутбаларнинг яроқли бўлиши шартлари жумласига Аллоҳга ҳамду сано айтиш, икки шаҳодат калимасини айтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш, Аллоҳдан тақво қилишга буюриш, панд-насиҳат қилиш, Қуръондан бир оят бўлса ҳам ўқиш киради. Афсуски, замонамиздаги баъзи хатибларнинг хутбалари ушбу шартлардан ёки уларнинг аксариятидан холи бўлади.

Имом Ибнул Қаййим айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутбалари ва у зот асҳобларининг хутбалари ҳақида фикр юритган киши уларни ҳидоят ва тавҳид баёнини, Парвардигор жалла жалолуҳунинг сифатлари ва иймоннинг асослари зикрини, Аллоҳга бўлган даъватни, Аллоҳни бандаларига суюмли қиладиган неъматлари ва азобидан қўрқитадиган бало-қазолари эслашни, Унинг зикри ва шукрига буюришни ўз ичига олганини топади. Улар Аллоҳнинг буюклиги ва исм-сифатлари зикри билан бандалар қалбида У зотга бўлган муҳаббатни шакллантиришар, Унинг тоати, зикри ва шукрига буюриш билан уларни Аллоҳга суюмли кишилар қилиб тарбиялашар, ушбу хутбаларни тинглаган кишилар Аллоҳга муҳаббат қўйган ва Унга суюмли бўлган ҳолда қайтар эдилар.

Замонлар ўтиб, нубувват нури сўниб борди, шариатлар ва амру фармонлар моҳият ва асл мақсадлари унутилган қуруқ расм-русумларга айланди. Русум ва шаклларни тил теккизиш мумкин бўлмайдиган суннатлар (йўл, қонун) қилиб олдилар, аслида бузиш номуносиб бўлган моҳият ва мақсадларга эса путур етказдилар. Хутбаларни қофияли қилиб, балоғату фасоҳатли сўзларни маржон шодаларидек тердилар. Ушбу хутбалардан қалбларнинг насибаси камайди, балки буткул йўқолиб ҳам кетди ва улардан кўзда тутилган мақсад йўққа чиқди» (Зодул-маъод: 1/409).

Ибнул Қаййимнинг бу сўзлари ўз асридаги хутбалар табиати ҳақида эди. Ҳозирга келиб, иш у айтганидан кўра ҳам ўзгариб, бугунги кунда аксарият хутбалар фойдаси кам гаплар йиғиндисига айланиб қолди.

Баъзи хатиблар – кўпчилиги десак ҳам бўлади – хутбани мактабда ёзиладиган иншо сифат қилиб ёзиб оладилар ва мавзуга алоқаси бор-у йўқ гапларни шариллатиб ташлайдилар, хутбани малол келадиган даражада чўзиб юборадилар, айримлари ҳатто хутбанинг шартларига аҳамият ҳам бермайдилар, унинг шаръий қонун-қоидаларига риоя қилмайдилар, натижада хутбанинг савиясини ундан кўзда тутилган мақсад амалга ошмайдиган, яъни ҳеч ким ундан таъсирланмайдиган ва фойда олмайдиган даражага тушириб юборадилар.

Баъзи хатиблар умуман хутба мавзусига тааллуқли бўлмаган мавзуларга ўтиб кетиб қоладилар, баъзан уларнинг гаплари тингловчилар савиясидан юқори бўлгани учун кўпчилик уни тушунмай ҳам қоладилар, баъзан гаплари орасига тингловчиларга фойдаси бўлмаган матбуотдаги мавзулар, сиёсий шарҳлар ва дунёда юз бераётган можароларни киритиб юборадилар.

Муҳтарам хатиблар! Хутбани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутба қилишдаги йўлларига қайтаринг! Аллоҳ таоло: «Сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал ибрат бордир», деган (Аҳзоб: 21). Хутбаларнинг мавзуларини ҳолатга муносиб бўлган оят ва ҳадислар асосига қуринг, улар Аллоҳнинг тақвосига буюриш ва гўзал панд-насиҳатларни ўз ичига олган бўлишига эътибор беринг, улар воситасида жамиятлардаги иллатларни очиқ-ойдин ва мухтасар услублар билан муолажа қилинг, уларда қалбларнинг ҳаёти ва кўзларнинг нури бўлган Қуръони карим оятларидан кўпроқ тиловат қилинг.

Мақсад – иккита хутбанинг қилиниб қолишигина эмас, балки мақсад – уларнинг жамиятга таъсиридир. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганидек: «Хутбада дунёни айблаш ва ўлимни зикр қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, чунки хутба деган ўз номига яраша бўлиши, яъни қалбларни ҳаракатга келтириши ва уларни яхшиликка ундаши лозим. Дунёни қоралаш ва ундан огоҳлантиришни шариатни инкор қилувчи кимсалар ҳам қилишади. Хутба тоатга ундаши, маъсиятдан қайтариши, Аллоҳга даъват ва Унинг неъматларини эслатиш бўлмоғи лозим» (Ал-фатавал-кубро: 5/354).

Яна айтади: «Хутба мақсад ҳосил бўлмайдиган даражада ўта қисқа ҳам бўлмаслиги лозим» (Юқоридаги манба).

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилганларида кўзлари қизариб, овозлари кўтарилиб, ғазаблари кучаяр, ҳатто душман бостириб келиб қолганидан лашкарни огоҳлантираётган кишидек таассурот қолдирардилар» (Иқтизоус-сиротил-мустақийм: 267-бет).

Фуқаҳолар – раҳимаҳумуллоҳ – айтишларича, жумъа хутбаларини минбарда туриб қилиш суннатдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар, қолаверса, бундай қилинганда ҳозир бўлган кишилар хутбани хатиб билан юзма-юз ўтириб тинглашларига ва унинг таъсири кучлироқ чиқишига сабаб бўлади.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Минбарда хутба қилиш ижмоъ қилинган суннатдир» (Ал-мажмуъ: 4/398).

Хатиб минбарга кўтарилгач, намозхонларга юзланиб, уларга салом бериши суннатдир. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилгач, салом берардилар» (Ибн Можа (1109) ривояти).

Шундан сўнг то муаззин азондан фориғ бўлгунича минбарда ўтириш суннатдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилгач, то муаззин фориғ бўлгунича ўтарардилар, сўнг туриб, хутба қилардилар» (Абу Довуд (1092) ривояти).

Икки хутба ўртасида ўтириш ҳам жумъа хутбаларига доир суннатлардан. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоя қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккала хутбани тик турган ҳолда қилардилар ва улар ўртасини бир ўтириш билан бўлардилар» (Муттафақун алайҳ).

Хатиб тик туриб хутба қилиши ҳам хутбанинг суннатларидан. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар, Аллоҳ таоло ҳам: «... сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» (Жумъа: 11), деди.

Хатиб асо ёки шунга ўхшаш нарсага суяниб туриши ҳам суннатдир.

Хатиб рўпарасига қараб туриши ҳам суннат, чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай қилардилар. Қолаверса, бир томонига ўгирилиб олиш иккинчи томондагилардан юз ўгириш бўлиб қолади ва бу суннатга хилофдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбаларида олд тарафларига қараб турардилар. Ҳозир бўлганлар у зот билан юзма-юз ўтирардилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилганларидан кейин биз у зотга юзланиб олардик» (Термизий (509) ривояти).

Хутбани малоллантирмайдиган ва одамларни зериктириб қўймайдиган узун, фойда ҳосил бўлмайдиган даражада ўта қисқа қилмасдан, ўртача қилиш суннатдир. Аммор розияллоҳу анҳу ривоят қилган марфуъ ҳадис борки: «Кишининг намозининг узун бўлиши ва хутбасининг қисқа бўлиши унинг фақиҳлигидан дарак беради. Шундай экан, намозни узайтирингиз ва хутбани қисқартирингиз» (Муслим (869) ривояти).

Хутбани баланд овозда қилиш ҳам суннат. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилсалар овозларини кўтарардилар ва ғазаблари кучаярди. Чунки, бундай қилинганда хутбанинг таъсири кучлироқ ва ваъз-насиҳат етукроқ бўлади. Шунингдек, хутбада аниқ-тиниқ, кучли, таъсирчан иборалар қўллаш суннатдир.

Хатиб мусулмонлар ҳаққига уларнинг дину дунёларида салоҳият сўраб дуо қилиши, мусулмонларнинг раҳбарларига салоҳият ва тавфиқ сўраб дуо қилиши ҳам суннатдир. Хутбада бошлиқлар ҳақларига дуо қилиш мусулмонларда маъруф бўлган ишлардан, улар шунга амал қилиб келганлар. Зеро, мусулмонларнинг бошлиқларига тавфиқ ва салоҳият сўраб дуо қилиш аҳли сунна вал-жамоа манҳажи, уни тарк қилиш эса бидъат аҳллари манҳажидир. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар бизнинг фақат биргина ижобат қилинажак дуойимиз бўлса, ўшани ҳам султон ҳаққига қилган бўлардик» (мажмуъул-фатава: 28/391). Чунки, бошлиқлар солиҳ бўлиши билан мусулмонларнинг солиҳликлари юзага келади.

Мазкур суннат тарк қилиниб, ҳатто айрим кишилар бошлиқлар ҳаққига дуо қилинишини ажабланарли санайдиган ва ҳатто бундай қилувчилар ҳақида ёмон гумонга борадиган бўлиб қолинди.

Хатиб икки хутбадан фориғ бўлиши билан намозга иқомат айтилиш ва узоқ бўшлиқ қолдирилмасдан тезгина намозни бошлаш суннатдир.

Жумъа намози билиттифоқ икки ракъат бўлиб, ҳар икки ракъатда жаҳрий қироат қилинади. Биринчи ракъатда «Фотиҳа» сурасидан кейин ««Жумъа» сурасини, иккинчи ракъатда эса «Фотиҳа»дан кейин «Мунофиқун»ни ўқиш суннатдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу икки сурани ўқирдилар (Муслим (877) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Ёки биринчи ракъатда «Саббиҳисма»ни, иккинчи ракъатда эса «Ғошия» сурасини ўқиш мумкин. Саҳиҳ ҳадис борки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳо «Жумъа» ва «Мунофиқун»ни, гоҳида эса «Саббиҳисма» ва «Ғошия»ни ўқирдилар (Муслим (878) Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Ушбу суралардан биттасини икки ракъатга бўлиб ўқимайди, чунки бу суннатга хилофдир.

Жумъа намозида жаҳрий қироат қилишнинг ҳикмати – шу билан мақсад ҳосил бўлиши яқинроқ бўлгани учундир.

[1] Абу Саид ал Худрийдан ривоят қилинади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким жумъа куни «Каҳф» сурасини ўқиса, (Аллоҳ) у учун икки жумъа оралиғида нур бахш этади.» Бу ҳадисни шайх Албоний "Мишкот"да саҳиҳ санаганлар.

[2] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари жойнамоз ўрнига майда тошчалар билан тўшалган эди. Ҳадисда майда тошчаларнинг хослаб айтилиши, одатда одам бировга жим қулоқ солиб ўтирганда қўлида бирон нарсани ўйнаб ўтиради. Майда тошчалар эса одамни қўллари билан ўйнаб ўтиришга қаттиқ жалб қиладиган нарса. (Тарҳририят)