Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида

5319 марта кўрилган

Жамоат намозини тарк қилиб, ёлғиз намоз ўқувчи киши икки ҳолатдан бирида бўлади:

Биринчи ҳолат: Беморлик ё хавф каби бирон узр сабабли жамоатдан қолган, аслида узрсиз жамоатдан қолиш одати бўлмаган киши. Бу одам жамоат билан намоз ўқиган кишининг ажрига эга бўлаверади. Саҳиҳ ҳадис борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар банда бемор бўлса ё сафарда бўлса, унга соғлом ва муқим ҳолида қилиб турган амали ёзилади», деганлар (Имом Бухорий (2996) Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривояти). Кимда-ким жамоат намозида ҳозир бўлишга иштиёқи баланд бўлса-ю, бирон шаръий узр бунга монеълик қилса, у нияти эътибори билан жамоат билан намоз ўқиган одам манзилатида бўлади.

Иккинчи ҳолат: Жамоат намозини ҳеч қандай узрсиз тарк қилувчи одам. Жумҳур уламо наздида унинг ёлғиз ўқиган намози дуруст, бироқ у катта ажру савобни қўлдан бой беради. Чунки, жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз кишининг намозидан 27 баробар ортиқдир. Шунингдек, у масжидга қадам босиб бориш ажридан ҳам маҳрум бўлади. Ушбу савобларни йўқотиши билан бирга қаттиқ гуноҳкор ҳам бўлади. Чунки, вожибни узрсиз тарк қилган бўлади. Унинг ишини мункар санаш, раҳбарлар томонидан унга адаб берилиши ва тўғриликка қайтарилиши лозим бўлади.

Мусулмон биродар! Жамоат намозининг ўрни масжидлардир. Чунки, шу билан Исломнинг аломати кўзга кўринади, масжидлар ободлиги фақат жамоат биландир. Жамоатни масжидлардан бошқа ўринларда барпо қилиш билан мана шу нарса барбод бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «(У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотга тасбеҳ айтадиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган (қиёмат) кунидан қўрқурлар» (Нур: 36, 37).

Яна айтади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар» (Тавба: 18).

Мазкур икки оятда масжидларни обод қилишга тарғиб ва уларни обод қилган кишиларга бисёр ажру-савоблар ваъда қилинган ва бунинг зимнида масжидларга намоз учун ҳозир бўлмасликни мазаммат қилинган.

Ҳадис борки: «Масжидга қўшни (хонадон аҳли) учун масжиддан бошқа жойда намоз йўқдир» (Ҳоким (1/373), Байҳақий «Ал-кубро»да (3/57), Дорақутний (1/420) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоятлари, Ас-силсилатус-заифа: 1/332).

Алий розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънода ривоят қилинган, унда: «Масжид қўшниси – муаззиннинг азонини эшитувчи кишидир», деб қўшиб қўйилган (Байҳақий (3/57) саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳақида яхшилаб фикр юритган киши намозларни масжидларда адо қилиш фарзи айн эканини, бундан фақат узр сабабли жамоатни тарк қилиши жоиз бўлганлар мустасно эканини билади. Узрсиз масжидларда ҳозир бўлмаслик жамоатнинг аслини узрсиз тарк қилиш билан баробардир. Барча ҳадислар ва осорлар мана шунга иттифоқ қилгандир». (Ас-солату ва ҳукму таарикиҳа: 166-б).

Аллоҳ таоло масжидларни ҳувиллатиб қўйган ва уларда намоз ўқилишини ман қилган кишиларга азоб хабарини берган: «Аллоҳнинг масжидларини уларда Аллоҳ исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни хароб қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор? Ахир бу кимсалар учун ундай жойларга фақат қўрққан ҳолларида кириш жоиз эди-ку. Улар учун бу дунёда расволик, охиратда эса буюк азоб бордир» (Бақара: 114).

Жамоат намозини масжиддан бошқа жойда адо этишда масжидларнинг вазифасини бекор қилиш ёки уларда намоз ўқувчилар сонини камайтириш ҳосил бўлади. Бу эса кишилар қалбида намознинг аҳамияти сусайишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди» (Нур: 36). Масжидларни баланд кўтариш уларни ҳам ҳиссий, ҳам маънавий жиҳатдан юксалтиришни ўз ичига олади, буларнинг ҳар иккиси матлубдир.

Лекин, жамоат намозини масжиддан бошқа жойда адо этишни зарурат тақозо қилса, масалан, намозхонлар бирон ташкилот ёки корхона ишчи-хизматчилари бўлсалар, иш ва хизматлари заруратидан келиб чиқиб, иш жойларида намоз ўқишларига тўғри келса, бунда ишчи-хизматчиларни жамоатга ҳозир бўлишга тарғиб қилиш ва ундашлик бўлса, бу билан мазкур ташкилот ё корхона яқинидаги масжид намозхонлар йўқлигидан ҳувиллаб қолмаса, мана шундай ҳолда ва мана шу каби заруратлардан келиб чиқиб, уларга ўз ишхоналарида намоз ўқишларида зарар бўлмаса керак.

Жамоат намози энг камида икки киши билан барпо бўлади. Чунки, жамоат сўзи жамланиш сўзидан олинган бўлиб, жамланиш энг камида икки киши билан ҳосил бўлади. Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилган марфуъ ҳадисда айтилишига кўра: «Икки ва ундан ортиқ киши жамоатдир» (Ибн Можа (972), Ҳоким (4/371) ривоятлари). Бошқа бир ҳадисда келадики, бир киши ёлғиз намоз ўқимоқчи бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бу одамга садақа қилади?», дедилар. Шунда бир одам туриб, у билан бирга намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иккиси жамоат бўлдилар», дедилар (Имом Аҳмад (3/5, №11019), Абу Довуд (547), Термизий (220) Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, икки киши сафарга чиқмоқчи бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафарга чиқсангиз, азон айтинглар, сўнг иқомат айтинглар, сўнг ёши каттароғингиз имом бўлсин», дедилар (Бухорий (628), Муслим (647) ривоятлари).

Аёллар ҳам эрларининг изни билан, хушбўйланмаган ва очиқ-сочиқ кийинмаган, тўла сатр билан ва эркакларга аралашишдан узоқ бўлган ҳолда масжидларда жамоат намозларига ҳозир бўлишлари мумкин. Бунда улар эркаклар сафларининг орқасида турадилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ана шундай қилардилар.

Шунингдек, аёлларнинг ваъз-насиҳат ва илм мажлисларида эркаклардан алоҳида ҳолатда ҳозир бўлишлари суннатдир.

Аёллар эркаклардан алоҳида ўзлари жамоат бўлиб намоз ўқишлари ҳам суннатдир. Бунда имом аёлларнинг ўзларидан бўладими, ёки уларга эркак киши имом бўладими, фарқсиз. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Варақага ўзига бир муаззин тайин қилишини ва хонадони аҳлига имом бўлиб намоз ўқиб беришини буюрганлар (Имом Аҳмад (6/405, №27284), Абу Довуд (592) ривоят қилганлар). Бошқа саҳобий аёллар ҳам ана шундай қилардилар. Чунки, «Жамоат намози ёлғиз кишининг намозидан йигирма етти даража ортиқдир» (Муттафақун алайҳ) ҳадиси барчага умумийдир.

Мусулмон киши жамоат намози одатда унинг ҳозир бўлиши билан адо этиладиган масжидда намоз ўқиши афзалдир. Чунки, у бу билан масжидни обод қилиш савобига эга бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар» (Тавба: 18).

Ундан кейинги афзал ҳолат – жамоат кўпроқ йиғиладиган масжидда намоз ўқишдир, чунки, бунинг ажри ҳам улуғроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг бир киши билан бирга ўқиган намози ёлғиз ўқиган намозидан яхшироқ, икки киши билан ўқиган намози бир киши билан бирга ўқиган намозидан яхшироқ, қанча кўп бўлса, Аллоҳга шунча суюмли бўлади», деганлар (Аҳмад (5/140, №21265), Абу Довуд (554), Насоий (843), Ибн Ҳиббон (5/405, №2065) Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Ибн Ҳиббон саҳиҳ санаган). Демак, шу ҳадисга кўра, жамоатда одам сони қанча кўп бўлса, шунча афзалдир. Зеро, мўминларнинг йиғилишларига раҳмат ва сакинат нозил бўлади, кўпчиликнинг дуосидан, хусусан улар ичида уламолар ва солиҳ кишилар бўлса, ижобат умид қилинади. Аллоҳ таоло: «Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутувчи зотларни севар», деди (Тавба: 108). Бу оятдан мудом таҳоратларини мукаммал қилувчи солиҳ кишилар жамоатини лозим тутиш мустаҳаблиги маълум бўлади.

Ундан кейинги афзал ҳолат – эски масжидда намоз ўқишдир. Чунки, унда янги масжидга қараганда кўпроқ тоат-ибодат қилинган.

Ундан кейинги афзали – уйидан узоқроқ масжидда ўқиш бўлиб, яқинроқдаги масжидда ўқиганидан кўра афзал бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларнинг намозда энг кўп ажрга эга бўладигани (масжидга) узоқроқ қадам босиб келадиганидир», деганлар (Бухорий (651), Муслим (662) Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). «Сизлардан бириниз агар таҳорат олса ва таҳоратини мукаммал қилса, сўнг фақат намоз қасди билан масжидга борса, то масжидга кириб келгунича ҳар бир босган қадами баробарида бир даража юксалтирилади ва битта хатоси ўчирилади», деганлар (Бухорий (477), Муслим (649) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бану Салама қабиласи масжид яқинига кўчиб келмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Эй Бану Салама! Ўз диёрингизда қолинг, (қадам босган) изларингиз (ажр бўлиб) ёзилади», деганлар (Бухорий (655) Анас розияллоҳу анҳудан, Муслим (665) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Баъзи уламолар эса киши ўз уйига яқинроқ масжидга қатнагани афзал деганлар. Чунки, ўртада қўшничилик бор, ўзи қўшни бўлган масжидда ўқиши муносиброқ, ҳадисда келганидек: «Масжидга қўшни (хонадон аҳли) учун масжиддан бошқа жойда намоз йўқдир» «Масжидга қўшни (хонадон аҳли) учун масжиддан бошқа жойда намоз йўқдир» (Ҳоким (1/373), Байҳақий «Ал-кубро»да (3/57), Дорақутний (1/420) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоятлари). Ўзининг яқинидаги масжидни босиб ўтиб, узоқроқ масжидга боришидан қўшнилар орасида тушунмовчилик пайдо бўлиши ва ҳир хил шубҳа-гумонлар туғилиши мумкин. Мана шу гап тўғрироқ бўлса керак. Чунки, яқинидаги масжидни қўйиб, узоқроқ масжидга қатнашлик у масжид ва унинг имоми борасида шубҳа-гумон тарқалишига сабаб бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Жамоат намози ҳукмларидан яна бири шуки, масжидда унинг расмий имомидан бошқа киши унинг изнисиз намозга ўтиши мумкин эмас. Ҳадисда келганки: «Бир киши бировнинг қўл остидаги ерда унинг изнисиз имомликка ўтмасин» (Имом Муслим (673) Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривояти). Имом Нававий айтади: «Бунинг маъноси шуки, хонадон ва мажлис соҳиби, шунингдек масжид имоми бошқалардан кўра имомликка ҳақлироқдир» (Шарҳ Муслим: 3/179).

Акс ҳолда, расман тайинланган имомга нисбатан беҳурматлик, ундан одамларнинг кўнглини совутиш ва мусулмонлар ўртасига тафриқа солиш юзага келади.

Баъзи уламолар масжиднинг расмий имомидан бошқа одам имомнинг изнисиз ва шаръий узрисиз жамоатга намоз ўқиб берса, уларнинг намози дуруст бўлмайди, деган гапни ҳам айтганларки, бу ушбу масаланинг нечоғли нозик ва беэътибор қараб бўлмайдиган масала эканига далолат қилади. Мусулмонлар жамоати ўз имомлари ҳаққини риоя қилишлари, унинг салоҳиятига тажовуз қилмасликлари, ўз навбатида имом ҳам масжид аҳли ва намозхонларнинг ҳақларини эҳтиром қилиши вожиб.

Хуллас, ҳар икки томон бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқларини риоя қилишлари, ўртада ўзаро тушуниш ва иттифоқлик руҳи ҳукм суриши лозим. Агар имом кечикса ва вақт ўтиб кетаётган бўлса, қавм намозни ўқийверишлари мумкин. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Авф ибн Амр қабиласидаги бир келишмовчиликни ислоҳ қилиш учун кетиб, кечикиб кетганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу имом бўлиб намоз ўқиганлар, бошқа бир сафар шундай ҳол юз берганида Абдурраҳмон ибн Авф намоз ўқиганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ракъатга етиб келиб, намозга қўшилганлар, намоздан кейин уларга: «Тўғри қилибсизлар», деганлар (Имом Муслим (274) Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Жамоат намозига доир аҳкомлардан яна бири шуки, бир киши намоз ўқиган бўлса, кейин масжидда намозга иқомат айтилиши устидан чиқса, жамоат билан шу намозни ўқиши суннатдир. Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намозни ўз вақтида ўқигин, агар масжидда эканингда намозга иқомат айтилса, сен ҳам намоз ўқи, «Мен ўқиб олдим, энди ўқимайман» демагин», деганлар (Имом Муслим (241, 242) Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривояти).

Унга нисбатан бу намоз нафл бўлиб қолади. Язид ал-Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач, кўрдиларки, икки киши масжиднинг четида намоз ўқимай ўтиришибди. Уларни ҳузурларига чорладилар. У иккиси қўрқиб, қалтираган ҳолда келдилар. Улардан: «Нега биз билан намоз ўқимадинглар?», деб сўрадилар. Улар: «Қўноғимизда (кўчларимиз олдида) ўқиб олгандик», дейишди. «Ундай қилманглар, агар бировингиз қўноғида намоз ўқиб олган бўлса, сўнг имом (жамоат билан) намоз ўқиётганини топса, у билан бирга ўқисин, бу унга нафл бўлиб қолади», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам» (Абу Довуд (575), Термизий (219), Насоий (858), Аҳмад (4/160, №17474) ривоятлари). Одамлар намоз ўқиётганда намоз ўқимай ўтириши одамларнинг у ҳақда ёмон гумонга боришларига ва уни бенамоз деб ҳисоблашларига сабаб бўлиши мумкин.

Жамоат намозига доир аҳкомлардан яна бири шуки, муаззин намозга иқомат айта бошлаган пайтда на суннати ротиба, на таҳийятул масжид ва на бошқа нафл намози ўқишга киришиш жоиз бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намозга иқомат айтилса, фарздан бошқа намоз ўқиш йўқдир», деганлар (Имом Муслим (710) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти). Бир ривоятда: «Иқомат айтилган намоздан бошқа намоз йўқдир», деганлар (Аҳмад (2/352, №8623) ривояти). Жамоатга ҳозир бўлган кишининг шу имом билан ўқимоқчи бўлган фарз намозига иқомат айтилганидан сўнг ўқий бошлаган нафл намози намоз бўлмайди.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бундаги ҳикмат – фарз намозига аввалидан қўшилиши ва имом намоз бошлаши биланоқ намозни бошлаши учундир. Фарзни мукаммал қилишга эътибор бериш нафл билан машғул бўлишдан яхшироқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам имомларга ихтилоф қилишдан қайтарганлар. Қолаверса, такбратул иҳромга етиш фазилатли иш бўлиб, унинг фазилати имом намозни бошлаши пайтида ҳосил бўлади» (Шарҳ Муслим: 3/229, Ал-мажмуъ: 4/108).

Агар нафл намози ўқиётган пайтида намозга иқомат айтиб қолинса, намозини бузмайди, балки енгил ўқиб тугатади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Амалларингизни ботил-бекор қилиб қўйманглар!», деган (Муҳаммад: 33). Борди-ю, жамоатга етолмай қолишидан хавф қилса, намозини бузиб, жамоатга қўшилади. Чунки, фарз намози муҳимроқдир.