асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Тиловат саждаси ҳақидаги боб3874 марта кўрилган Тиловат саждаси (яъни, Қуръондаги сажда оятларидан бири ўқилганда қилинадиган сажда) ҳам суннат бўлиб, сажда ояти тиловат қилинганда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бандаликни бажо келтириб, У зотга қурбат ҳосил қилиш мақсадида, У зотнинг буюклигига таъзим бажо айлаб ва Унинг ҳузурида хорлик кўринишини ифодалаб, сажда қилишни Аллоҳ ва Расули машруъ қилгандир. Тиловат саждасини қилиш Қуръонни тиловат қилаётган кишига ҳам, уни эшитиб турган кишига ҳам суннатдир. Уламолар унинг машруълигига иттифоқ қилганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга сажда ояти бор бўлган сурани ўқиб, сажда қилардилар, биз ҳам сажда қилардик, ҳатто баъзиларимиз пешонасини қўйгани жой тополмай қоларди» (Бухорий (1075), Муслим (575) ривоятлари). Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сажда ўринлари хабарлар ва буйруқлардир, яъни, Аллоҳ таоло тарафидан махлуқотларининг Унга умуман ва хусусан сажда қилишлари ҳақидаги хабарлар бўлиб, Қуръон ўқувчи киши ҳам, эшитувчи киши ҳам сажда ояти келганида ўша сажда қилувчиларга ўхшашга ҳаракат қилишлари суннатдир. Энди саждага буюрувчи оятлар пайтида сажда қилиш албатта лойиқроқдир» (Мадарижус-сааликийн: 1/106). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: «Одам фарзанди сажда оятини ўқиб, сажда қилса, шайтон йиғлаганича ундан четлашади ва: «Эй менинг ҳолимга вой бўлсин! Одам боласи саждага буюрилганда сажда қилди, энди унга жаннат бўлади. Мен ҳам саждага буюрилдим, бироқ саждадан бош тортдим. Энди менга дўзах бўлади», дейди (Муслим (81) ва Ибн Можа (1052) ривоятлари). Сажда оятини ўқиган киши қаторида уни эшитиб турган – яъни қироатни қасд билан тинглаётган – кишига ҳам сажда қилиш машруъ бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга сажда ояти бор бўлган сурани ўқиб, сажда қилардилар, биз ҳам сажда қилардик» (Муттафақун алайҳ). Бунда тингловчи ҳам сажда қилиши машруълигига далил бор. Аммо, тинглашни қасд қилмаган, йўл-йўлакай қулоғига эшитилиб қолган одам сажда қилиши машруъ эмас. Усмон розияллоҳу анҳу сажда оятини ўқиётган одам ёнидан ўтиб, сажда қилмадилар ва: «Сажда қилиш тинглаб турган одамга лозим бўлади», дедилар (Имом Бухорий ҳадисга изоҳ қилиб (2/719) ривоят қилган, Абдурраззоқ «Ал-мусаннаф»да (3/344), №5906) ривоят қилган). Бошқа саҳобалардан ҳам шу каби ҳолатлар ривоят қилинган. Қуръондаги сажда оятлари «Аъроф», «Раъд», «Наҳл», «Исро», «Марям», «Ҳаж», «Фурқон», «Намл», «Алиф лам мим танзил», «Ҳа мим ас-сажда», «Нажм», «Иншиқоқ» ва «Иқроъ» сураларида келган. «Сод» сурасидаги сажда ояти хусусида уламолар ўртасида шукр саждасими, тиловат саждаси эканида хилоф бор, валлоҳу аълам. Тиловат саждаси қилишда такбир айтади (яъни, «аллоҳу акбар» дейди). Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Қуръон ўқиб берардилар, сажда оятидан ўтганларида такбир айтиб, сажда қилардилар, биз ҳам у зот билан бирга сажда қилардик» (Абу Довуд (1413) ривояти). Саждасида намоз саждасидаги каби «Субҳана роббиял аъла» дейди. Агар: سجدَ وجهِيَ للذي خَلَقَهُ ، وشقَّ سَمعَه وبصَرَهُ ، بِحوْلِهِ وَقُوَّتِهِ ، اللهم اكتب لي بها أجرا ، وضَع عنِّي بها وزرا ، واجعلها لي عندك ذُخْرا ، وتقبَّلها منِّي كما تقبلتها من داودَ عبدِكَ ورسولِكَ» «Сажада важҳий лиллаҳил-лазий холақоҳу ва соввароҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳу биҳавлиҳи ва қувватиҳи, аллоҳумма-ктуб лий биҳа ажрон ва зоъ анний биҳа визрон, важъалҳа лий индака зухрон ва тақоббалҳа минний кама тақоббалтаҳа мин абдика Давуд» (Яъни, юзим уни Ўз куч-қудрати билан яратган, сурат ато этган ва кўз-қулоғини очган-ёрган Зотга сажда этди. Эй Аллоҳим, менга бу (саждам) билан ажр битгин, у сабабли мендан гуноҳни туширгин, уни Ўз ҳузурингда мен учун охират озуқаси қилгин, уни мендан худди банданг Довуддан қабул қилганингдек қабул айлагин) деса ҳам бўлади. (Термизий (580), Абу Довуд (1414), Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Тик туриб, сўнг тиловат саждасига йиқилиш ўтирган ҳолда сажда қилгандан афзалдир. Мусулмон биродар! Яхшилик йўллари бисёрдир, сиз уларда жидду-жаҳд қилинг, сўзу амалда ихлосли бўлишга урининг. Шояд, Аллоҳ таоло сизни бахтли инсонлар қаторига киритган бўлса. |