асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Беш вақт намознинг фарзлиги ҳақидаги боб6460 марта кўрилган Намоз Исломнинг икки шаҳодат калимасидан кейинги энг катта рукни саналади. У жуда мукаммал ва ўта гўзал шаклдаги ибодат тури бўлиб, Аллоҳнинг зикри, тиловати Қуръон, Аллоҳ қаршисида туриш, рукуъ, сажда, дуо, тасбеҳ, такбир каби ибодатнинг жуда кўп турларини ўз ичига олган. Намоз баданий ибодатларнинг энг асосийси бўлиб, ҳеч бир пайғамбарнинг шариати ундан холи бўлмаган. Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уни бошқа шариатларидан фарқли равишда, меърож кечаси самовот оламида фарз қилди, бу эса унинг нақадар буюк ва Аллоҳ ҳузурида нақадар эътиборли ибодат эканига далолат қилади. Унинг фазилати ва фарзи айнлиги ҳақида жуда кўп ҳадислар келган, унинг фарзлиги Исломда ҳамма нарсадан олдин билиниши лозим бўлган энг зарурий нарсадир. Ким унинг фарзлигини инкор қилса, муртад бўлиб, Исломдан чиқади. Бундай одамдан тавба қилиши талаб қилинади, агар тавба қилишдан бош тортса, ўлдирилади, мусулмонлар ижмоъси шунгадир. Биз намоз деб айтайдиган араб тилидаги الصلاة(ас-солат) сўзи луғатда дуо маъносини англатади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам «ас-солат» сўзи дуо маъносида келган: «Уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур» (Тавба: 103). Шариат истилоҳида эса у такбир билан бошланиб, салом бериш билан якунланадиган махсус сўз ва амаллар йиғиндиси маъносида тушунилади. Аллоҳга муножот ва дуони ўз ичига олгани сабабли солат – намоз деб номланди. У ҳижратдан аввал Исро кечаси мусулмон ва мукаллаф (яъни, оқил ва болиғ) инсон учун бир кеча-кундузда беш вақт қилиб фарз қилинди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103). Яъни, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айтиб, ҳам амалий равишда кўрсатиб берган вақтларда фарз бўлди. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир» (Баййина: 5). У Ўзининг Китобида жуда кўп ўринларда: «Намозни тўкис адо этинглар», деб буюрган. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни тўкис адо қилсинлар» (Иброҳим: 31). «Бас тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришингизда ҳам Аллоҳни поклангиз. (Зеро) осмонлар ва ердаги бор ҳамду-сано Уникидир (яъни коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду-сано айтур)» (Рум: 17). Қай бир кишига оқил ва болиғ бўлган ҳолида намоз вақти етса, унга ўша намозни ўқиш фарз бўлади. Фақат ҳайз ва нифос ҳолидаги аёлгина бундан мустасно бўлиб, уларга шу ҳолларида намоз фарз бўлмайди ва покланганларидан кейин ҳам қазосини ўқимайдилар, бу ижмоъ қилинган ишдир. Ким уйқу ё беҳушлик каби сабаблар билан ақлидан ажралса, ақли қайтган (яъни, уйғонган ё ҳушига келган) пайтда намозининг қазосини ўқийди. Аллоҳ таоло айтади: «Мени ёдга олиш учун намозни тўкис адо қилинг!» (Тоҳа: 14). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир намозга ухлаб қолса ё эсидан чиқиб қолса, эсига тушгач ўқиб олсин» (Бухорий (597), Муслим (648) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Ёш болага гарчи намоз вожиб бўлмаса-да, намозга эътиборли бўлиб улғайиши учун валийси (отаси ёки кафили) уни етти ёшга кирганида намоз ўқишга буюриши лозим. Ўқиган намозининг ажри унга ҳам, валийсига ҳам бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур)» (Анъом: 160). Бир аёл қўлидаги гўдак боласини кўрсатиб: «Ё Расулуллоҳ, бунинг ҳажи ҳаж бўладими?», деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, сен учун ҳам савоб бўлади», деб жавоб берганлар (Имом Муслим (1336) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривояти). Шундай экан, валийси унга таҳорат ва намозни ўргатиши лозим. Ўн ёшга етганидан кейин намозга бепарволик қиладиган болани валийси уриши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Болаларингизни етти ёшга кирганларида намозга буюринглар, ўн ёшга кирганда намоз ўқимасалар уринглар ва (шу ёшга етгач) ётоқ жойларини ажратиб қўйинглар», деганлар (Аҳмад (2/180, №6689), Абу Довуд (495) Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан ривояти). Намозни вақтидан кечиктириш мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103). Яъни, намозни муайян вақтларда ўқиш фарз бўлиб, ўша вақтларидан кечиктириш мумкин эмас. Фақат кимда-ким кейинги намоз билан қўшиб, жамъи таъхир қилишни истаса ва у жамлаб ўқиладиган намозлар жумласидан бўлса, у одамнинг ўзи намозларни жамлаб ўқишга рухсат берилган кишилардан бўлса, унга жоиз. Аммо, кечқурунги намозни кундузги вақтгача ёки кундузги намозни кечқурунгача ё эртаси тонг отиб кетгунича кечиктириш на жанобат, на нажосат, на бошқа нарса туфайли бўлсин, асло дуруст бўлмайди. Балки, ҳар бир намозни ўз вақтида ҳоли кўтарганича ўқийди. Баъзилар бемор бўлиб, шифохонада каравотдан тушишга қодир бўлмай ё нажосат теккан кийимларини алмаштиришга қодир бўлмай ётганида, ёки таяммум қилишга тупроқ тополмай ё таяммум қилдириб қўядиган одами бўлмаган ҳолда ётганида намозни вақтидан кечиктириб юборишади ва: «Кейинроқ, узр кетганидан кейин ўқиб оламан», дейишади. Бу жуда катта хато ва намозни зое қилишдир, билимсизлик ва билмаганини сўрамаслик кишини шу ҳолатга тушириб қўяди. Бундай ҳолатдаги киши намозни ўз вақтида, ўзининг аҳволи кўтаришига қараб ўқиши лозим бўлади. Бундай узрли ҳолларда гарчи таяммумсиз ва кийимида нажосат билан ўқиса ҳам шу намози унга кифоя қилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар», дейди (Тағобун: 16). Ҳатто, агар қиблага юзланиш имкони бўлмаса, қибладан бошқа тарафга қараб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. Кимда-ким ялқовлик ё бепарволик билан намозни тарк қилса, унинг фарзлиги инкор қилмаса ҳам, уламоларнинг бу тўғрида айтган сўзларининг кучлироғига кўра, кофир бўлади. Зеро, Имом Муслим (82) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: «Киши билан куфр ўртасида намозни тарк қилиш бордир» ҳадиси ва бундан бошқа ҳам кўплаб далиллар шунга далолат қилади. Намоз ўқимаётган одамнинг намоз ўқимаслигини эълон қилиб, уялтириш ва шу йўл билан уни намозга киритиш лозим. Бенамоз одам то тавба қилиб, намозга қайтмагунича у билан салом-алик қилмаслик, чақириғини қабул қилмаслик керак. Чунки, намоз диннинг устунидир, у мусулмон билан кофирнинг ўртасини ажратиб турувчи аломатдир. Банда ҳар қанча амал қилмасин, агар намозини зое қилса, ҳеч бир амали фойда бермайди. Аллоҳ Ўзи асрасин. |