Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Меросга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3176 марта кўрилган

Мерослар мавзуси ғоят муҳим ва аҳамиятга лойиқ мавзудир, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ҳадисларида уни ўрганиш ва ўргатишга ундаганлар. Жумладан:

«Фароизни (яъни, мерос тақсимотига доир илмни) ўрганинглар ва одамларга уни ўргатинглар. Чунки, у илмнинг ярмидир. У унутилади ва умматимдан суғурилиб чиқиб кетадиган биринчи нарса бўлади» (Ибн Можа (2719) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Бир ривоятда: «Мен ҳам жони олинадиган бир инсонман, илм олиб қўйилади ва фитналар зоҳир бўлади, ҳатто иккита одам фариза (мерос) ҳақида ихтилоф қилиб, ўрталарида ажрим қиладиган одамни топиша олмайди» (Термизий (2096), Ҳоким (4/359) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Ҳоким (4/169) Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек ҳолат юзага келди, мазкур илм эътиборсиз ташланди ва унутилди, масжидларда ва мусулмонларнинг мадрасаларида унинг таълимига камдан-кам дуч келинадиган бўлиб қолди. Унинг таълими фақат айрим таълим масканларидагина, шунда ҳам жуда заиф шаклда, талабга жавоб бермайдиган ва ушбу илмнинг сақланиб қолишига кафолат бермайдиган даражада қолди.

Мусулмонлар бу илмни жонлантиришга, уни масжид-мадраса ва бошқа илм масканларида сақлаб қолишга ҳаракат қилишлари фарз бўлади. Чунки, улар бунга ғоят муҳтождирлар ва ундан масъул бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Илм учта, ундан ортиқчаси фазл: муҳкам (аниқ-равшан) оят (ни таълим олиш), собит суннат (ни билиш ва амал қилиш) ва адолатли фариза (мерос тақсими илми)» (Абу Довуд (2885), Ибн Можа (54) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Фароизни ўрганинглар, зеро у динингиздан» (Ибн Аби Шайба (6/239, №31034), Доримий (2/441, №2851) ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ким Қуръон ўқиса, фароизни ўргансин» (Ибн Аби Шайба (6/239, №31031), Доримий (2/442, №2858) ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фароизни илмнинг ярми деб таърифлашлари маъноси шуки, инсонда иккита ҳолат – ҳаёт ҳолати ва ўлим ҳолати бўлади. Ўлимга тааллуқли ҳукмларнинг катта қисми фароизда бўлиб, бошқа илмлар асосан ҳаёт ҳолатига тааллуқлидир. Бир фикрга кўра, ҳамма одамлар унга муҳтож бўлгани учун ҳам у илмнинг ярмига айланган. Унинг маъноси хусусида бундан бошқа фикрлар ҳам айтилган. Муҳими, бу билан ушбу илмга аҳамият қаратишга йўллаш қасд қилинган.

  • Ушбу илмни фароиз илми деб номланди. Фароиз – фариза сўзининг кўплиги бўлиб, ўлчаш маъносидаги «фарз» сўзидан олинган. Чунки, ворисларнинг улушлари ўлчовликдир. Фариза – ўзининг ҳақдорига шаръан ўлчаб берилган улушдир. Фароиз илми – мерос ҳукмларини тушуниш ва уни тақсимлашга етказадиган ҳисобни билиш жиҳатидан мерос тақсимоти ҳақидаги илмдир.
  • Маййитнинг қолдирган молига тааллуқли бешта ҳуқуқ бордир. Энг аввал уни дафнга ҳозирлаш учун кетадиган нарсаларга, яъни кафанлик сотиб олиш, ювишга кетадиган нарсаларга ва гўрков ҳақига сарфланади. Сўнг унинг қарзларини – хоҳ закот, каффорат назр, ҳаж каби Аллоҳнинг ҳаққи бўлсин, хоҳ одамларнинг ҳақлари бўлсин – ўзининг молидан ўталади. Сўнг унинг васиятлари – молининг учдан бири ё камроғи бўлиши шарти билан – чиқарилади. Шундан сўнг қолган молини ворисларига Аллоҳнинг шариатига кўра тақсимлаб берилади, яъни энг аввал фарзлар (улушлар) эгаларига берилади, агар ортиб қолса, асабаларга берилади. Бу ҳақда қуйироқда баён қилинади.
  • Меросларни ўзининг шаръий ўринларидан ўзгартириш жоиз эмас. Бундай қилиш Аллоҳга куфр келтириш деб саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Мана шу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган)ҳадларидир. Ким Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар. Бу катта зафардир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб бордир» (Нисо: 13, 14).

Имом Шавконий ушбу оят тафсирида айтади: «Мана шу»дан мурод юқорида ўтган мерос ҳақидаги ҳукмлардир. Уларни «ҳадлар» деб номлади, чунки, улар тажовуз қилиш жоиз бўлмайдиган ва босиб ўтиш ҳалол бўлмайдиган ҳад-чегаралардир. Ким меросларни тақсимлаш ва бошқа шаръий ҳукмларда Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат қилса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар... Ибн Можа Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ворисининг меросини узса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг жаннатдан бўлган меросини узади», деганлар» (Ибн Можа (2703) ривояти)» (Фатҳул-қодийр: 1/436, 437).

Ким меросларда тасарруф қилиб, уларни ўз шаръий ўринларидан ўзгартирса, меросхўр бўлмаганга мерос бериб, меросхўрни меросидан бутунлай ёки қисман маҳрум қилса, ёки баъзи куфр қонунчилигида бўлгани каби меросда эркак билан аёлни баробарлаштириб, бу билан  Аллоҳ таолонинг бир эркакка икки аёл улуши қилган ҳукмига хилоф қилса, бу одам кофир бўлиб, дўзахда абадий қолади – Аллоҳ сақласин – ўлими келмай туриб Аллоҳга тавба қилса, бундан мустасно бўлади.

Жоҳилият аҳли аёлларни ва болаларни меросдан маҳрум қилишар, уни от миниб, қурол тақишга ярайдиган катта ёшли эркакларга беришарди. Ислом келгач, бу қонун-қоидани бекор қилди. Аллоҳ таоло деди: «Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қол­дириб кетган меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъий назар) фарз қилинган ҳақлардандир» (Нисо: 7).

Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли ме­рос)ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур» (Нисо: 11) ҳамда «Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур»(Нисо: 176) оятлари ҳозирги замонавий жоҳилиятда бўлаётгани каби Аллоҳ ва Расулининг ҳадларидан тажовуз қилиб, эркак ва аёлни меросда тенглаштириш ботил эканини эълон қилади.

Қадимги жоҳилият аёл кишини меросдан бутунлай маҳрум қилганди, замонавий жоҳилият эса унга ўзи ҳақли бўлмаган нарсани берди. Ислом дини унга инсоф доирасида муомала қилди, уни ҳурматлади ва унга ўзига лойиқ бўлган ҳақни берди. Аллоҳ таоло кофир, мунофиқ ва мулҳид (динсиз)ларни ўзи ҳалок қилсин, «Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар хохламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди» (Тавба: 32).