асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Васият топширилган, яъни васиятга нозир бўлувчи кишига доир ҳукмлар2817 марта кўрилган Васият топширилган киши – васият қилувчининг ўлимидан сўнг унинг молида худди унинг ўзи ҳаётлик пайтида қилганидек тасарруф қилишга буюрилган киши бўлиб, ниёбат-вакиллик ҳам шунга киради. Чунки, васият топширилувчи киши васият қилувчининг шу хусусдаги вакилидир. Васият топширилувчи кишининг ушбу вакилликни қабул қилиши у учун мустаҳаб ва савобга эга бўладиган қурбат амал саналади. Лекин, бу шу ишни адо қилишга қудрати етарли ва ўзини омонатдор деб билган кишига машруъ бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз», дейди (Моида: 2). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Модомики, банда биродарига ёрдам бериб тураркан, Аллоҳ таоло унга ёрдам бериб туради», деганлар (Муслим (2699) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Қолаверса, саҳобалар шундай қилганлар, бир қанча саҳобалар Зубайр розияллоҳу анҳуга васиятларини топширганлар (Ибн Аби Шайба (6/226, №30908) ривоят қилган), Абу Убайда розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга васиятини топширган (Ибн Аби Шайба (6/226, №30911) ривоят қилган), Умар розияллоҳу анҳу Ҳафса розияллоҳу анҳога, сўнг катта фарзандларига васиятини топширган (Абу Довуд (2879), Абдурраззоқ (10/376, №19416), Ибн Аби Шайба (6/213, №30770) ривоят қилганлар). Аммо, васиятни адо қилишга қодир бўлмайдиган ёки уни асраб-авайлашга ўзини омонатдор деб билмайдиган кишига васият ишига аралашиш жоиз бўлмайди. Васиятга нозир бўлувчи киши мусулмон бўлиши шарт қилинади, кофирни васиятга нозир қилиш ярамайди. Яна унинг мукаллаф бўлиши ҳам шарт қилинади. Васиятга нозирликни ёш болага, мажнунга, содда-гўл одамга топшириш ярамайди. Чунки, улар бошқарув ва тасарруф аҳли саналмайдилар. Лекин, васиятга нозирликни ёш боланинг балоғатга етишига боғлик қилинса, дуруст бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амирларингиз Зайд, агар у қатл қилинса, Жаъфар», деганлар. Агар аёл кишида васият ишларини бажаришга қобилият бўлса, унга васиятга нозирликни топшириш дуруст бўлади. Чунки, Умар розияллоҳу анҳу Ҳафса розияллоҳу анҳога васиятга нозирликни топширган. Қолаверса, аёл киши ҳам гувоҳлиги ўтадиган кишилар жумласидан, у ҳам худди эркак киши каби васиятга нозир бўлиши дуруст бўлади. Иш қилишга қодир бўлмайдиган, бироқ соғлом фикрга эга бўлган ҳамда ўзига ёрдамлашадиган қодир ва омонатли кишини ёнига оладиган кишига васиятга нозирликни топширса дуруст бўлади. Бир неча кишига васиятига нозирликни топшириш дурустдир, хоҳ уларни бирваракайига нозир қилсин, хоҳ бирин-кетин нозир қилсин, фарқсиз. Агар нозирликни бир неча кишига топширган бўлса, улар амалда шерик бўладилар, васиятда тасарруф қилишга бири иккинчисисиз ҳақли бўлмайди. Агар улардан биронтаси вафот этса ёки ғойиб бўлса, ҳоким унинг ўрнига шу ишга яроқли кишини қўяди. Васиятни унга нозир бўлувчи киши васият қилувчининг ҳаётлик ҳолида ҳам, вафотидан кейин ҳам қабул қилиши дуруст бўлади. Васият қилувчи васиятга нозир бўлувчини ўзи истаган пайт бу ишдан бўшатиши ҳам мумкин, чунки у вакилдир. Васиятга нозир бўлувчи киши нозирликни бошқа кишига топшириши жоиз эмас, магар васият қилувчи киши унга истаган пайт шундай қилишга изн берган бўлса, яъни: «Истаган кишингга бу ишни топиришинг мумкин» деган бўлса, жоиз. Васиятга нозирлик яроқли бўлиши учун у маълум тасарруфда бўлиши шарт қилинади, токи нозирлик топширилаётган киши ўзига топширилаётган вазифани билсин ва уни тўғри адо этсин. Васиятга нозир бўлувчига топшириладиган вазифа васият қилувчининг ўзи қила оладиган иш бўлиши, чунончи, қарзини ўташи, молнинг учдан бирини бўлиб бериши, сағирларига нозирлик қилиши каби иш бўлиши шарт қилинади. Чунки, нозир изн билан тасарруф қилади, шунинг учун унга фақат васият қилувчининг ўзи эга бўладиган ваколат каби ишларда тасарруф қилиш жоиз бўлади. Чунки, васият қилувчи асл, васиятга нозир бўлувчи эса фаръдир. Асл эга бўлмаган нарсага фаръ эга бўлолмайди. Васийлик нимага белгиланган бўлса шунга чекланади. Бир кишини бир ишга васий қилинган бўлса, шундан бошқасида васий бўлолмайди. Масалан, агар бир шахсни ўзининг қарзларини адо этишга васий қилган бўлса, у болаларига қараб туришга васий бўлолмайди. Чунки, унинг тасарруфи ўзига изн берилган ишга чекланган бўлади. Кофирнинг мусулмонни ўз васиятига нозир қилиши агар қолдираётган моли мубоҳ мол бўлса, дурустдир. Агар ароқ ва тўнғиз каби ҳаром мол бўлса, дурустмас. Чунки, мусулмон киши бундай ишни зиммасига олиши жоиз бўлмайди. Агар васият қилувчи васиятга нозир бўлувчига: «Молимнинг учдан бирини ўзинг истаган ўринга ишлат», деса, ёки: «уни ўзинг истаган кишига садақа қил», деса, васий ундан бирон нарсани олиши жоиз бўлмайди. Чунки, унга бундай қилишга изн бўлмади. Шунингдек, у молдан бирон нарсани ўзининг болалари ва меросхўрларига бериши ҳам жоиз бўлмайди. Васиятга доир ҳукмлардан яна бири: бир киши на ҳоким, на васий бор жойда вафот этса, масалан, саҳрода вафот этса, шу ерда ҳозир бўлган мусулмонлардан бирон киши унинг меросини ўз қўлига олиши ва у билан байъ ва шу каби ишларини амалга ошириши жоиз, чунки бу зарурат ўрнидир. Чунки, молни ташлаб қўйиш унинг талафотига сабаб бўлиши мумкин, уни муҳофаза қилиш фарзи кифоядир. Маййитни унинг қолдирган моли ҳисобидан кафанлаб, дафн қилинади. |