асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Опа-сингилларнинг қизлар билан биргаликдаги мероси ва она бир ака-укаларнинг мероси ҳақидаги боб2968 марта кўрилган Агар маййитнинг бир ёки бир неча қизлари ҳамда туғишган ёки ота бир бўлган бир ёки кўпроқ опа-сингиллари бўлса, қизлари ўз улушларини оладилар. Сўнг саҳобалар ва тобиийнлардан иборат жумҳур уламо фикрига кўра, туғишган ёки ота бир бўлган опа-сингиллар қизлар билан бирга асаба бўладилар (бу фаразийлар – яъни меросшунослар наздида «таъсиб маъал ғойр» (бошқа билан биргаликдаги асабалик) деб номланади), улар қизларнинг ёки ўғилнинг қизларининг улушидан ортганини оладилар. Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадис бунга далил бўлади: «Абу Мусо розияллоҳу анҳудан қиз, ўғилнинг қизи ва опа (сингил) мероси ҳақида сўралганида: «Қизга мероснинг ярми, опага (сингилга) ярми», деб жавоб бердилар ва сўровчига: «Ибн Масъудга бор, у ҳам менинг фикримга қўшилади», дедилар. Ибн Масъуддан бу масала ҳақида сўралиб, Абу Мусонинг сўзларини етказилганда у киши: «Агар ўшандай бўлса эди, мен адашган ва йўл топмаган кишилардан бўлиб қолардим. Мен улар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукм қилган ҳукмни қиламан: қизга мероснинг ярми, ўғилнинг қизига учдан иккининг такмиласи бўлган олтидан бир ва қолгани сингилга», дедилар (Бухорий (6736) ривояти). Ушбу ҳадисда опа (сингил) қиз билан биргаликдаги асаба бўлиб, қизнинг фарз улушидан ва ўғилнинг қизининг фарз улушидан ортганини олишига очиқ далил бордир.
Уламолар ушбу ояти каримадаги ака-ука ва опа-сингилдан мурод она бир ака-ука ва опа-сингиллар эканига ижмоъ қилганлар, Ибн Масъуд ва Саъд ибн Аби Ваққос бу оятни: «Унинг она бир битта ака ёки укаси ёхуд битта опа ёки синглиси қолган бўлса» деб ўқиганлар (Ибн Аби Шайба (6/298, 31604), Байҳақий (6/231) ривоятлари). Аллоҳ таоло уларни бир-биридан ортиқ санамасдан зикр қилди, демак бу уларнинг эркак ва аёллари бу борада тенг бўлишларини тақозо қилади. Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Саҳиҳ қиёс ва Қуръоннинг далолатига ҳамда катта саҳобаларнинг тушунчаларига мувофиқ мезон шудир» (Иъламул-муваққиъийн: 1/360).
Биринчи шарт: Фаръи ворис бўлмаслиги. Иккинчи шарт: Эркаклардан бўлган асли ворис бўлмаслиги. Учинчи шарт: Якка бўлиши.
Биринчи шарт: Икки ё ундан ортиқ бўлишлари, хоҳ иккаласи ҳам эркаклар ё иккаласи ҳам аёллар бўлсинлар, ё бир эркак ва бир аёл бўлсин ё ундан кўп бўлсинлар, фарқсиздир. Иккинчи шарт: Маййитнинг фарзандлари ва ўғилларининг фарзандларидан иборат фаръи ворис бўлмаслиги, ҳар қанча қуйига қараб кетса ҳам. Учинчи шарт: Эркаклардан бўлган асли ворислар, яъни ота ва ота тарафидан бўлган бобо бўлмаслиги.
Биринчи ва иккинчи ҳукмлар: Уларнинг эркаклари кўпчилик бўлган ҳолатда ҳам, ёлғиз бўлган ҳолатда ҳам аёлларидан меросда ортиқча бўлмайдилар. Ёлғиз ҳолатдагиси ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Агар мероси қолаётган эркак ёки аёлнинг на ота ва на боласи бўлмай, (она бир) бир ака ёки укаси ёхуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир тегур» (Нисо: 12). Кўпчилик бўлган ҳолатлари ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар» (Нисо: 12). Бу калола мероси бўлиб, калола – жумҳур уламо сўзига кўра, отаси ҳам, боласи ҳам бўлмаган кишилардир. Бола ўғил ва қизни, ота эса ота ва бобони ўз ичига олади. «Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар» ояти уларнинг эркаклари аёлларидан ортиқча мерос олмасликларига далил бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло меросга ҳақдорликда уларни шерик қилди, шерик қилиш эса мутлақ (яъни бирон нарсага қайд қилинмаган) ҳолда тенгликни тақозо қилади. Бундаги ҳикмат – валлоҳу аълам – шу бўлса керакки, улар мужаррад (ажралган ҳолдаги) қариндошлик сабабли мерос оладилар, уларнинг меросхўр бўлишларига сабаб бўлаётган қариндошлик фақат аёл тарафидан бўлган қариндошликдир ва улар бунда баробардирлар. Демак, эркакларини аёлларидан ортиқ қилишнинг маъноси йўқдир. Ота томонидан бўлган қариндошлик эса ундай эмас. Учинчи ҳукм: Уларнинг эркаклари аёл орқали келади ва мерос олади, бошқаларда эса ундай эмас, балки ким аёл орқали келган бўлса, мерос олмайди, қизнинг ўғли бунга мисол бўлади. Тўртинчи ҳукм: Улар ўзлари у орқали келган кишиларнинг меросини нуқсонли қилиб тўсадилар. Яъни, улар она орқали келганлари ҳолда онанинг меросини учдан бир улушдан олтидан бир улушга камайтириб қўядилар. Бошқалар ундай эмас, балки ўртадаги одам ўзи орқали келган одамни меросдан тўсади. Бешинчи ҳукм: Улар ўзлари у орқали келган киши билан биргаликда мерос оладилар. Яъни, улар она билан бирга мерос оладилар. Бошқалар эса ўзлари у орқали келган киши билан бирга мерос ололмайдилар. Масалан, ўғилнинг ўғли ўғил билан бирга мерос олмайди. Бу ҳукмда отанинг онаси ва бобонинг онаси бўлган буви улар билан шерикдир. Чунки, у ҳам ўғли орқали келгани ҳолда у билан бирга мерос олади. Таҳқиқ: Ўртадаги восита ўзи орқали келган кишини, қачонки у унинг меросини олиб қўйиб, унга халаф (ўринбосар) бўлсагина тўсади, агар у унинг меросдан бўлган улушини олиб қўймайдиган бўлса, тўсмайди. Она бир ака-ука ва опа-сингилларнинг ҳолати бунга мисол бўлади. Яъни, улар она мавжуд бўлмаган ҳолда онанинг улушини олмайдилар. Бувилар (отанинг онаси ва бобонинг онаси) ҳам уларнинг (яъни, отанинг ва бобонинг) улушини олмайдилар, балки онага ўринбосар бўлиб, оналик сабабли мерос оладилар. Валлоҳу аълам. |