Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жиҳод китоби: Аллоҳ йўлидаги жиҳод аҳкомлари ҳақидаги боб

8806 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Ўзининг калимасини олий қилиш, динига ёрдам бериш ва душманларини мағлуб қилиш учун Ўзининг йўлида жиҳод қилишни машруъ қилди, жиҳодни бандалари учун синов ва имтиҳон қилди:

﴿ ذَلِكَ وَلَوْ يَشَاءُ اللَّهُ لانْتَصَرَ مِنْهُمْ وَلَكِنْ لِيَبْلُوَ بَعْضَكُمْ بِبَعْضٍ وَالَّذِينَ قُتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَلَنْ يُضِلَّ أَعْمَالَهُمْ سَيَهْدِيهِمْ وَيُصْلِحُ بَالَهُمْ وَيُدْخِلُهُمُ الْجَنَّةَ عَرَّفَهَا لَهُمْ ﴾

«Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди). Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларнинг амалларини ҳаргиз зое кеткизмас. Уларни (жаннат йўлига) ҳидоят қилур ва ишларини ўнглар. Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур» (Муҳаммад: 4-6).

Аллоҳ йўлидаги жиҳоднинг Исломдаги ўрни беқиёс даражада улкандир, у Исломнинг ўркачи, у ибодатларнинг энг афзали, баъзи уламолар уни Ислом рукнларининг олтинчиси деб санаганлар. (Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келганидек:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « جَاهِدُوا الْمُشْرِكِينَ بِأَلْسِنَتِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَأَيْدِيكُمْ ».

«Мушрикларга қарши тилларингиз, жонларингиз, молларингиз ва қўлларингиз билан жиҳод қилингиз» (Абу Довуд (2504), Насоий (3096), Аҳмад (3/124, №12246) ривоятлари).

Аллоҳ йўлидаги жиҳод Қуръон, суннат ва ижмоъ билан машруъ бўлди.

Аллоҳ таоло: «Жанг қилишингиз фарз қилинди», деди (Бақара: 216), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари жиҳод қилдилар ва унга буюрдилар (Термизий (2616), Ибн Можа (3973), Аҳмад (5/231, №22016) бу ҳақда Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганлар).

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَنْ مَاتَ وَلَمْ يَغْزُ وَلَمْ يُحَدِّثْ بِهِ نَفْسَهُ مَاتَ عَلَى شُعْبَةٍ مِنْ نِفَاقٍ».

«Ким ғазот қилмасдан ва бу ишни дилига тугмасдан ўлса, мунофиқликнинг бир бўлагида ўлади», дедилар (Муслим (1910) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

«Жиҳод» сўзи «جاهَدَ» «Жоҳада» феълининг масдари бўлиб, душман билан олишувда жидду-жаҳд кўрсатмоқ маъносини англатади. Шариат истилоҳида эса кофирларга қарши жанг қилиш маъносида ишлатилади. Жиҳод урушдан кўра умумийроқ тушунчада истеъмол қилинади.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Батаҳқиқ, жиҳоднинг жинси фарзи айн бўлиб, ё қалб билан, ё тил билан, ё мол билан, ё қўл билан (амалга ошади). Ҳар бир мусулмон ушбу турлардан бирон тури билан жиҳод қилиши лозим бўлади» (Зодул-маъод: 3/64).

Жиҳод яна нафсга қарши, шайтонга қарши, фосиқларга қарши кураш маъноларида ҳам тушунилади.

Нафсга қарши жиҳод дин ишларини ўрганиш, сўнг уларга амал қилиш, сўнг таълим бериш билан амалга ошади.

Шайтонга қарши жиҳод шайтон олиб келадиган шубҳаларни ва у зийнатли қилиб кўрсатадиган шаҳватларни даф қилиш билан бўлади.

Кофирларга қарши жиҳод эса қўл, мол, тил ва қалб билан бўлади.

Фосиқларга қарши жиҳод эса, инкор қилинадиган мункарнинг даражаларига қараб, имконият даражасида қўл билан, сўнг тил билан, сўнг қалб билан бўлади.

Жиҳод фарзи кифоя бўлиб, кифоя қилгудек кишилар уни амалга оширсалар, бошқалар зиммасидан фарзлиги соқит бўлади ва қолганлар ҳаққида суннат бўлади.

Ихтиёрий равишда жиҳодга чиқиш амалларнинг энг афзалидир, унинг фазилати жуда улуғ, Китобу Суннатда унга буюрувчи ва тарғиб қилувчи насслар (далил-ҳужжатлар) жуда кўп. Жумладан:

﴿ إِنَّ اللَّهَ اشْتَرَى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنْفُسَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ بِأَنَّ لَهُمُ الْجَنَّةَ يُقَاتِلُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَيَقْتُلُونَ وَيُقْتَلُونَ وَعْدًا عَلَيْهِ حَقًّا فِي التَّوْرَاةِ وَالإِنْجِيلِ وَالْقُرْآنِ وَمَنْ أَوْفَى بِعَهْدِهِ مِنَ اللَّهِ فَاسْتَبْشِرُوا بِبَيْعِكُمُ الَّذِي بَايَعْتُمْ بِهِ وَذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ ﴾

«Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир» (Тавба: 111).

Айрим ҳолатлар бўладики, уларда жиҳод фарзи айнга айланади. Улар қуйидагилар:

1) Жанг майдонига кирган киши жанг қилиши фарз бўлади, ортига қараб кетиши жоиз бўлмайди.

2) Диёрини душман қамалга олганда.

Чунки, бу икки ҳолатдаги жиҳод мудофаа жиҳодидир, талаб (қувиш) жиҳоди эмас. Бундай ҳолда ушбу жиҳоддан юз ўгирса, кофирлар мусулмонларнинг ҳурматларини поймол қиладилар.

3) Мусулмонлар жанг ва мудофаада унга муҳтож бўлсалар.

4) Имом (мусулмонлар ҳокими) чорласа. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ «إِذَا اسْتُنْفِرْتُمْ فَانْفِرُوا».

«Агар (жангга) чиқишга чорлансангиз, чиқинглар!», деганлар (Бухорий (1834) ва Муслим (1353) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Аллоҳ таоло айтади:

﴿ إِذَا لَقِيتُمْ فِئَةً فَاثْبُتُوا ﴾

«Эй мўминлар, (кофир) жамоатга рўбарў бўлганингизда саботли бўлингиз» (Анфол: 45).

Аллоҳ таоло айтади:

﴿ مَا لَكُمْ إِذَا قِيلَ لَكُمُ انْفِرُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ اثَّاقَلْتُمْ إِلَى الأَرْضِ ﴾

«Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса, ўз ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?!» (Тавба: 38).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жиҳоднинг қўл билан амалга ошадигани бор, қалб, даъват, ҳужжат, тил, фикр, тадбир ва саноат билан амалга ошадигани бор. Имкони борича жиҳод қилиши фарз бўлади. Узр сабабли чиқолмаганлар жангчиларнинг аҳли оилалари ва мол-мулкларига қараб туришлари лозим бўлади. (Ал-фатавал-кубро: 5/537).

Имом жиҳодга чиқишдан олдин лашкарни текшириб чиқиши ва жангга ярамайдиган кишиларни ва от-улов ва ҳоказоларни қолдириши, одамларнинг ғайрат-шижоатини сўндирадиган, уларни урушдан воз кечишга ундайдиган кимсаларни, шунингдек, жангчилар орасида ваҳима тарқатадиган, фитна қўзийдиган, душманга хабар етказадиган кимсаларни жангдан четлатиши лозим бўлади.

У жангчилар устига лашкарни шаръий сиёсат билан бошқарадиган кишини қўмондон қилиб тайинлаши фарз бўлади.

Қўшин ҳам унга яхшилик билан итоат қилиши, садоқат кўрсатиши, сабр-матонат билан у билан бирга бўлиши вожиб. Аллоҳ таоло айтади:

﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз!» (Нисо: 59).

Исломда жиҳод юксак мақсадлар ва олий ғоялар учун машруъ қилинган:

- Аллоҳ таоло жиҳодни бандаларни тоғутларга ва бут-санамларга қуллик қилишдан ягона ва шериксиз, уларни яратган ва ризқ берувчи Аллоҳнинг ўзига бандалик қилишга чиқариш учун машруъ қилди. Аллоҳ таоло айтади:

﴿ وَقَاتِلُوهُمْ حَتَّى لا تَكُونَ فِتْنَةٌ وَيَكُونَ الدِّينُ كُلُّهُ لِلَّهِ ﴾

- «То (дунёда) бирон фитна-алдов қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!» (Анфол: 39).

- Аллоҳ таоло жиҳодни зулмни кетказиш ва ҳақдорларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини қайтариб бериш учун машруъ қилди. Аллоҳ таоло айтади:

﴿ أُذِنَ لِلَّذِينَ يُقَاتَلُونَ بِأَنَّهُمْ ظُلِمُوا وَإِنَّ اللَّهَ عَلَى نَصْرِهِمْ لَقَدِيرٌ الَّذِينَ أُخْرِجُوا مِنْ دِيَارِهِمْ بِغَيْرِ حَقٍّ إِلاَّ أَنْ يَقُولُوا رَبُّنَا اللَّهُ ﴾

- «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир. Улар ўз диёрларидан фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир» (Ҳаж: 39-40).

- Жиҳод кофирларни мағлуб қилиш, улардан интиқом олиш ва шон-шавкатларини синдириш учун машруъ қилинди. Аллоҳ таоло айтади:

﴿ قَاتِلُوهُمْ يُعَذِّبْهُمُ اللَّهُ بِأَيْدِيكُمْ وَيُخْزِهِمْ وَيَنْصُرْكُمْ عَلَيْهِمْ وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ وَيُذْهِبْ غَيْظَ قُلُوبِهِمْ وَيَتُوبُ اللَّهُ عَلَى مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ ﴾

- «Улар билан жанг қилинглар, (шунда) Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб қилади ҳамда мўмин қавм дилларини қондириб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 14-15).

Аввал даъватни етказилади, фақат шундан кейингина жангга навбат келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушга киришдан олдин одамларни – агар уларга Ислом даъвати етмаган бўлса – Исломга даъват қилардилар, бу ҳақда подшоҳларга мактублар йўллардилар. Исломий қўшиннинг қўмондонларини жангга киришдан олдин одамларни Исломга даъват қилишга тавсия қилардилар, ижобат қилсалар уруш қилмасликка, акс ҳолдагина жанг қилишга буюрардилар. Чунки, Исломдаги ғазотдан мурод – куфр ва ширкни йўқ қилиш, одамлар Аллоҳнинг динига киришларидир. Агар мақсад жангсиз амалга ошса, урушга ҳожат қолмайди, валлоҳу аълам.

Жиҳоднинг катта-катта китобларда мавжуд бўлган муфассал ҳукмлари бор.

Агар бир кишининг ота-онаси ёки улардан битталари озод мусулмон бўлса, уларнинг изнисиз ихтиёрий жиҳодга чиқмайди. Чунки, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жиҳодга боришга рухсат сўраб келган эди, у зот:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو - رضى الله عنهما - يَقُولُ جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِىِّ - صلى الله عليه وسلم - فَاسْتَأْذَنَهُ فِى الْجِهَادِ فَقَالَ « أَحَىٌّ وَالِدَاكَ » . قَالَ نَعَمْ . قَالَ « فَفِيهِمَا فَجَاهِدْ»

«Ота-онанг ҳаётмилар?», деб сўрадилар. У: «Ҳа», деди. «Унда сен ўшалар ҳаққида жиҳод қил (яъни, уларнинг розилигини топишга қаттиқ ҳаракат қил)», дедилар (Бухорий (3004), ва Муслим (2549) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Чунки, ота-онага яхшилик қилиш фарзи айн, жиҳод эса фарзи кифоя, фарзи айн фарзи кифоядан муқаддам қўйилади.

Имом қўшинга лашкарбошилар тайинлайди, шундай қилишида жиҳод учун манфаат бўлган ҳолларда ўлжадан баъзи кишиларга алоҳида улуш ажратади, қолган қисмини лашкарга тақсимлаб беради.

Урушга кирмаган ва урушга чорламаган ёш болани, аёл кишини, роҳибни, ўта кекса мўйсафидни, оғир беморни, маслаҳат беришга ярамайдиган кўзи ожизни ўлдириш жоиз эмас. Ундай кишилар асир олинса, қул қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни ва ёш болаларни асир олинса, қул қилардилар (Бухорий (2307) Ҳавозин асирлари ҳақида Мисвар ибн Махрама ва Марвон ибн Ҳакам розияллоҳу анҳумодан шунга далолат қилувчи ҳадисни ривоят қилган).

Дорул-ҳарбда (душман диёрида) қўлга киритилган ғаниматлар мусулмонлар мулкига айланади. Ғанимат – урушда душмандан тортиб олинган, шунингдек, улардан фидя (асирликдан қутулишлари учун тўлов) сифатида олинган молдир. Ғаниматлар жангда бевосита иштирок этган бўлсин ё жангчиларга мадад бериб турган бўлсин, умуман жанг майдонида ҳозир бўлган жангчилар ҳаққидир. Чунки, Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Ғанимат жанг майдонида ҳозир бўлган кишиларникидир» (Абдурраззоқ «Мусаннаф»ида (5/302, №9689), Ибн Аби Шайба (6/494, №33226), Байҳақий (6/335) ривоят қилганлар).

Ғаниматларни қуйидагича тақсимланади: имом Аллоҳ ва Расулининг ҳаққи бўлган хумус (бешдан бир)ни чиқаради, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошлари, етимлар, фақирлар, мискинлар ва мусофирларнинг улушидир.

Сўнг қолган тўрт қисмни жангчиларга тақсимлайди, пиёдага бир улуш, отлиққа уч улуш – бир улуш ўзига, икки улуш отига – беради.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ - رضى الله عنهما - قَالَ قَسَمَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - يَوْمَ خَيْبَرَ لِلْفَرَسِ سَهْمَيْنِ، وَلِلرَّاجِلِ سَهْمًا .

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар куни отлиққа уч улуш: отига икки улуш, ўзига бир улуш тақсимлаганлар (Бухорий (2863) ва Муслим (1762) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Ғаниматларни тақсимлашда имомнинг ноиби унинг ўрнига ўтади.

Ғулул – яъни, ғаниматдан бирон нарсани яширинча олиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади:

﴿ وَمَا كَانَ لِنَبِيٍّ أَنْ يَغُلَّ وَمَنْ يَغْلُلْ يَأْتِ بِمَا غَلَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ﴾

«Ҳеч бир пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, Қиёмат Кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» (Оли Имрон: 161). Ўлжага хиёнат қилган кишига имом унга ва унга ўхшаган бошқа кишиларга сабоқ бўладиган таъзирни бериши лозим бўлади.

Ғанимат ер-мулк бўлса, имом уни ғанимат олган кишиларга тақсимлаб бериш билан мусулмонларнинг умумий манфаатлари йўлида вақф қилиб ишлатиш ўртасида ихтиёрли бўлади.

Кофирлар мусулмонлардан қўрқиб, ташлаб кетган моллар, меросхўри йўқ кишининг моли, ғаниматнинг бешдан бири – яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улушлари – мусулмонларнинг манфаатлари йўлида ишлатилади.

Агар кофирлар билан сулҳ тузишда мусулмонлар учун манфаат бўлса, мусулмонларнинг имоми улар билан маълум муддатга сулҳ битими тузиши мумкин. Бундай қилиш, қачонки, жиҳодни кечиктириш мусулмонларнинг заифликлари туфайли бўлса, жоиз бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия сулҳида кофирлар билан сулҳ битими тузганлар (Бухорий (2698) ва Муслим (1783) Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), Мадинада яҳудлар билан сулҳ тузганлар.

Аммо, агар мусулмонларнинг куч-қудрати етарли бўлиб, жиҳодга қодир бўлсалар, сулҳ тузиш жоиз бўлмайди.

Агар имом уларнинг сулҳни бузишларидан қўрқса, уруш бошламай туриб, сулҳ битими якунига етганини эълон қилади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади:

﴿ وَإِمَّا تَخَافَنَّ مِنْ قَوْمٍ خِيَانَةً فَانْبِذْ إِلَيْهِمْ عَلَى سَوَاءٍ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ الْخَائِنِينَ ﴾

«Агар (ўрталарингизда аҳд-паймон бўлган) бирон қавм тарафидан хиёнатни сезсангиз, уларга (қилган аҳд-паймонларини) баб-баробар қилиб ташланг (яъни, ўрталарингиздаги аҳд-паймон тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин). Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол: 58).

Имом аҳли китоб ва мажусийлар билан зиммийлик шартномаси тузиши, яъни, уларнинг жизя тўлаб туришлари ва Ислом ҳукмларига бўйсунишлари шарти билан ўз динларида қолишларига имкон бериши мумкин. Чунки, Аллоҳ таоло айтади:

﴿ قَاتِلُوا الَّذِينَ لا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَا بِالْيَوْمِ الآخِرِ وَلا يُحَرِّمُونَ مَا حَرَّمَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَلا يَدِينُونَ دِينَ الْحَقِّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حَتَّى يُعْطُوا الْجِزْيَةَ عَنْ يَدٍ وَهُمْ صَاغِرُونَ ﴾

«Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, Ҳақ (яъни ислом) динига эътиқод қилмайдиган ахли китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича, жанг қилингиз!» (Тавба: 29). Жизя – улардан мағлуб бўлганликлари ўлароқ, уларга қарши уруш қилинмаслиги ва мусулмонлар диёрида туришлари бадалига ҳар йили олинадиган солиқдир.

Жизя ёш боладан, аёл кишидан, мажнундан, касалманддан, кўзи ожиздан, ўта кекса кишидан, шунингдек, уни тўлашга қурби етмайдиган фақир кишидан олинмайди.

Модомики, жизя тўлаб туришаркан, улардан жизяни қабул қилинади ва улар билан жанг қилиш ҳаром бўлади. Бунинг муқобилида уларга озорни қасд қилган кишилардан уларни ҳимоя қилиш фарз бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «... ўз қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича...», деди, жизя тўлашларини уларга қарши урушдан тийилиш ғояси-чегараси қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улардан жизя беришларини сўра, агар ижобат қилсалар, улардан (жизяни) қабул қил ва улардан тийил», деганлар (Муслим (1731) Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Агар бирон кофир шахснинг мусулмонларга зарари етмайдиган бўлса, ҳар қандай мусулмон киши унга омонлик бериши жоиз. Чунки, Аллоҳ таоло:

﴿ وَإِنْ أَحَدٌ مِنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّى يَسْمَعَ كَلَامَ اللَّهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَهُ ﴾

«Агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг», деди (Тавба: 6).

Имом мушрикларнинг ҳаммасига ёки баъзиларига омонлик бериши жоиз. Чунки, унинг волийлиги умумийдир. Оддий кишилар эса бундай қилишга ҳақли бўлмайдилар, фақат имомнинг ижозати билан қилишлари мумкин. Бир ноҳиянинг амири ўзига яқин бўлган диёр аҳлига омонлик бериши жоиз бўлади.