Сешанба 3 Декабрь 2024 | 1 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Эҳромга кириш кайфияти ҳақидаги боб

3304 марта кўрилган

Ҳаж маносик (амал)ларининг биринчиси эҳром, яъни амалга киришга ниятдир. Эҳром (ҳаром қилиш) деб номланишига сабаб – мусулмон киши унга ният қилиш билан ўзига эҳромдан олдин ҳалол бўлган никоҳ (жинсий алоқа), хушбўйлик, тирноқларни олиш, соч олдириш ва одатий кийимларни ҳаром қилади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Киши дилидаги ҳаж қилиш қасди ва ниятининг ўзи биланоқ эҳромга кирган бўлмайди. Чунки, қасд ва ният ўз юртидан сафарга чиққан пайтидан бор эди. Эҳромга кирган бўлиш учун ният билан бирга сўз ва амал ҳам бўлиши зарур» (Мажмуъул-фатава: 26/108).

Эҳромга киришдан аввал айрим ишларни қилиш билан ушбу улуғ ибодатга ҳозирланиш лозим. Улар қуйидагилар:

Биринчи: Бошдан-оёқ ювиниб, покланиш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳром учун ғусл қилганлар (Термизий (830) Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Чунки, бундай қилганда покланиш ва нохуш ҳидларнинг йўқолиши аниқроқ ва комилроқ бўлади.

Эҳромга кириш олдидан ғусл қилиш ҳатто, ҳайзли ва нифосли аёллар учун ҳам матлубдир.

Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нифосли ҳолда бўлган Асмо бинт Умайсни ғусл қилишга буюрганлар (Муслим (1209) ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳони ҳайзли ҳолида ҳажга эҳромга кириш пайти ғусл қилишга буюрганлар (Бухорий (310) ва Муслим (1211) ривоятлари).

Ушбу ғуслдаги ҳикмат – тозалик ва нохуш ҳидни кетказиш, ҳайзли ва нифосли аёлдан нопокликни енгиллатишдир.

Иккинчи: Эҳромга кириш олдидан тозаланиш, яъни, қўлтиқ ости ва аврат аъзолар атрофидаги олиниши керак бўлган тукларни тозалаш мустаҳабдир. Чунки, эҳромга кирганидан кейин тозалаш имкони бўлмай қолади. Агар ушбу тукларни тозалаш зарурати бўлмаса, олмайди. Чунки, буни эҳтиёж (олиш вақти яқинлашиб қолагани) туфайли қилинаётган эди, аслида бундай қилиш эҳром хусусиятларидан эмас, балки ҳожатга қараб машруъдир.

Учинчи: Эҳромга кирмоқчи бўлиб турган киши баданини мушк, бухур, атиргул суви, уд каби бирор хушбўйлик билан хушбўйлаши мустаҳабдир. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳромга киришларидан олдин эҳром учун ва Байтни тавоф қилишларидан олдин ҳил учун (яъни, эҳромдан чиққанларида) хушбўйлаб қўярдим» (Бухорий (1539) ва Муслим (1189) ривоятлари).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар эҳромга кирувчи киши баданига хушбўйлик суришни истаса, қилгани яхши. Аммо,эҳромдан олдин бундай қилишга буюрилган эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари қилганлар ва бирон кишини бунга буюрмаганлар» (Мажмуъул-фатава: 26/107).

Тўртинчи: Эркак киши эҳромга киришидан олдин баданга мослаб тикилган кийимларни ечиши, яъни, кўйлак, шим каби баданига ёки баданнинг бир қисмига кийиш учун тикилган ҳар қандай либосларини ечиши лозим. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар (Термизий (830) Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Кийимларни покиза оқ рангли изор ва ридодан иборат икки бўлак матога алмаштиради. Оқ рангдан бошқа, одатда эркаклар киядиган рангли мато бўлса ҳам жоиз.

Бундаги ҳикмат шуки, ушбу матоларга ўралиш билан киши дабдабадан узоқлашади, хокисорлик ва мутеълик кўринишига киради. Шу билан бирга, ўзининг эҳромда эканини эсда тутиб, эҳромда ман қилинган ишлардан тийилади. Ўлимни ва кафан либосларини эсга олади, қайта тирилиш ва маҳшарга тўпланишни кўз олдига келтиради... Бундан бошқа ҳикматлари ҳам бор.

Эҳромга ният қилишдан олдин тикилган кийимларни ечиш суннат, бироқ эҳромга ният қилганидан кейин фарздир.

Агар эгнида тикилган кийимлари бўлган ҳолда эҳромга ният қилса, эҳроми дуруст бўлади, бироқ, тикилган кийимларни ечиши фарз бўлади.

Ушбу ишларни тўла-тўкис қилган одам эҳромга тайёр бўлган бўлади, баъзи авом кишилар ўйлаганидек, ушбу ишларни қилишнинг ўзи эҳром эмас. Чунки, эҳром – ҳаж ё умра амалини бошлашга ният қилишдир.

Киши тикилган кийимларни ечиши ва эҳром либосини кийиши билан ҳали ибодатни бошлашни ният қилмаган бўлса, эҳромга кирган ҳисобланмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар фақат ниятлар билан (эътиборлидир)», деганлар (Бухорий (1) ва Муслим (1907) Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Эҳромдан олдин намоз ўқишга келсак, саҳиҳ сўзга кўра, эҳром учун хос намоз йўқ. Лекин, фарз намози вақтига тўғри келса, намоздан кейин эҳромга киради. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан кейин эҳромга ният қилганлар (Термизий (819), Насоий (2754) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозини ўқидилар, сўнг туяларига миндилар (Абу Довуд (1774) ва Насоий (2931) ривоятлари).

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешиннинг фарзидан бошқа эҳром учун икки ракъат намоз ўқиганлари нақл қилинмаган» (Зодул-маъод: 2/107).

Шу ўринда бир муҳим танбеҳ борки, кўпчилик ҳожилар эҳромга кириш мийқотда қуриб қўйилган масжидда бўлиши шарт деб ўйлайдилар. Шу боис эркак-аёл масжидга қараб шошилишларига ва тиқилинч бўлиб кетишига гувоҳ бўлинади. Баъзилар эса кийимларни масжиднинг ўзидаёқ ечиб, эҳром либосини кийишади. Булар асли йўқ бўлган ишлардир. Аслида, мусулмон киши мийқотнинг қаерида бўлса ҳам эҳромга кириши мумкин, муайян бир ўринда бўлиши шарт эмас. Ўзига ҳам, ҳамроҳларига ҳам қулай бўлган, тиқилинчдан узоқроқ бирон пана ўринда эҳромга кириши мумкин.

Ҳозирда мийқотларда қуриб қўйилган масжидлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида бўлмаган, улар эҳромга кириш учун қурилган эмас, балки шу ерлик кишиларнинг намоз ўқишлари учун қурилган. Биз мана шуни эслатиб қўймоқчи эдик, валлоҳул муваффиқ.

Эҳромга кирувчи киши ҳаж ибодатининг уч туридан ўзи истаганига, яъни, таматтуъ, қирон ва ифроддан бири учун ният қилиб, эҳромга кириши мумкин.

Таматтуъ – ҳаж ойларида умра учун эҳромга кириш ва умрадан фориғ бўлгач, шу йилнинг ҳажи учун (вақти келганда) эҳромга киришдир.

Ифрод – мийқотдан фақат ҳаж нияти билан эҳромга кириш ва то ҳаж амалларидан тўла фориғ бўлгунча эҳромда қолишдир.

Қирон – умра ва ҳажга биргаликда эҳром боғлашдир, ёки умра учун эҳромга кириб, ҳали тавоф қилмасидан туриб ҳажни ҳам шунинг ичига киритиб юборишдир. Яъни, мийқотдан ёки умра тавофини қилишдан олдин умра ва ҳажга деб ният қилади ва умра ва ҳаж учун тавоф ва саъй қилади.

Таматтуъ ва қирон нияти билан эҳромга кирган киши агар масжидул ҳаром аҳлидан бўлмаса, фидя (яъни, жонлиқ ҳадя қилиб) беради.

Ушбу уч турли амалнинг афзалроғи таматтуъдир, чунки бунга далиллар кўп келган.

Агар ушбу уч турли амалларнинг бирига ният қилиб эҳромга кирса, эҳромидан сўнг лаббайка айтади, яъни: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарийка лака лаббайк, иннал-ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, ла шарийка лак», дейди ва ушбу талбияни кўп ва (эркак киши) овозини чиқариб (аёллар овозини чиқармай) айтади.