Жума 27 Декабрь 2024 | 25 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Чумоли (3)

2751 марта кўрилган

Ўн биринчи: Чумоли сифатларидан бири – озодалик

Чумолиларнинг ўз инини озода тутадиган жонивор эканини биолог олимларнинг тажрибаларидан билиб олдингиз. Бундан ташқари, чумоли ўз танасини бир кунда йигирма мартага яқин тозалаши маълум бўлган. Биз, икки жума ўртасида — бу орада шаръий сабабга кўра ювинишга мажбур бўлиб қолмаса — бир бор ювинадиган одамга: "Офарин, раҳмат сизга!"- деймиз. Гоҳида баъзи кишилар икки ёки уч ҳафта давомида ювинмайдилар! Бундай инсонлар масжидга кирганида эса, бошқалар унинг тезроқ чиқиб кетишини орзу қилиб туради.

Ҳа, баъзи биродарларим менга: "Баъзида масжидга кириб: "Фалончи борми ёки йўқми?"- деб қарайман. Агар у масжиднинг бу бурчагида бўлса у бурчагига, у бурчагида бўлса бу бурчагига қочаман!"- дейди. Ҳа, айтаётган гапим ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хом саримсоқ ва пиёз еган одамни масжидга келишдан қайтардилар[1].

Демак, чумолилар оиласи – озода ва тартиблидир. Шунинг учун ҳам, агар бир ҳафтада бир марта ювинишдан эринсангиз, чумолини хотирланг!

Ўн иккинчи: Чумолилар сифатидан бири – улар тинимсиз тасбеҳ айтувчи жониворлар

Чумолилар – тасбеҳ айтадиган жониворлар. Имом Муслим "Саҳиҳ" тўпламида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни ривоят қилди. У айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Пайғамбарлардан бирини чумоли чақди. У амр қилди, чумолилар қишлоғи (ини) ёқиб ташланди. Аллоҳ таъоло Унга: "Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! Битта чумоли кифоя эмасмиди?!"- дея ваҳий қилди"[2].

Аллоҳу акбар! Бир чумоли чаққани учун чумолилар инини ёқиб ташлаган пайғамбарга -унга ва пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин- Аллоҳ таоло дашном берди ва: "Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! Битта чумоли кифоя эмасмиди?!" - деди.

(وَإِنْ مِنْ شَيْءٍ إِلَّا يُسَبِّحُ بِحَمْدِهِ وَلَكِنْ لا تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ)

"Мавжуд бўлган ҳар бир нарса ҳамду сано айтиш билан У зот (Аллоҳ)ни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар" (Исро сураси: 44).

Ҳурматли дўстлар, мен буни нега айтаяпман? Чунки Қуръон ва суннатда барча жониворнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишини исботловчи:

(وَيُسَبِّحُ الرَّعْدُ بِحَمْدِهِ)

"Момақалдироқ ҳам У зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтар" (Раъд: 13) ва

(وَإِنْ مِنْ شَيْءٍ إِلَّا يُسَبِّحُ بِحَمْدِهِ)

"Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зот (Аллоҳ)ни поклар" (Исроъ: 44), каби кўп далилларга биноан чумолилар ҳам тасбеҳ айтишини, энг оз тасбеҳ айтадиган жониворлар – инсон ва жинлар эканини қайсидир йиғинда айтиб ўтган эдим. Бунинг илмий мисолини айтиб берайинми?

Сиз ўзингизга бир қаранг. Мен сизни яхши ва эзгу ишларни қиладиган диндор одам деб ўйлайман, ичингизни Аллоҳ билади. Агар яхши одам бўлмаганингизда ушбу мажлисга келмаган бўлардингиз. Айтингчи, ичимиздаги энг яхши одам бир кунда неча марта тасбеҳ айтади? Аллоҳ тавфиқ бергани намоздан кейинги тасбеҳларни айтади, эрталабки ва оқшом зикрларини қилади. Кўпчилигимиз эса намоздан кейинги тасбеҳларни ҳам, эрталабки ва оқшом зикрларни ҳам тамомига етказмаймиз. Аммо бирортамиз салаф солиҳлар каби бир кунда йигирма мингтагача тасбеҳ айтишни тушида ҳам кўрмайди!

Мен Риёз шаҳрида бир одамни кўрганман. Бир неча йил аввал ёши юздан ўтганидан сўнг вафот этди. У ҳаётининг охирги лаҳзасига қадар равон кўриб, равон эшитар ва ақли жойида эди. Бунинг мен билган сабаб ва сирлари мана булар эди: Аввало унинг фарзандлари яхши инсонлар бўлиб етишган. Доимо ҳалол ризқни излайдилар. Шундай бўлишига қарамай отахон уларнинг таомларидан оз ер, қишлоғидан келадиган ўз касб-корининг даромадидан еб-ичар эди. У ҳалол луқмани истеъмол қилишга интиларди.

Иккинчи сабаб, мисолнинг мавзуимизга тегишли жойи мана шу бўлиб, биз уни доимо тасбеҳ айтаётганини кўрар эдик. Баъзи устозларнинг айтишига қараганда, у бир кунда ўн беш мингга яқин тасбеҳ, таҳлил ва ҳамд айтар экан. Аллоҳга қасамки, салом берганимизда ҳам тасбеҳ айтиб турар эди. Масжидда ухлаб ётганида ҳам тасбеҳ айтаётганига гувоҳ бўлганмиз. Бу – Аллоҳ тарафидан берилган каромат эди! Ўн беш минг тасбеҳ! Сиз нечта тасбеҳ айтасиз?!

Чумолилар – тасбеҳ айтадиган жамиятдир. ..."Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! Битта чумоли кифоя эмасмиди?!"

Ўн учинчи: Чумолиларнинг иккинчи тури термитлар ва уларнинг мунофиқ ва илмонийларга ўхшашлиги

Дўстлар, энди фақатгина бир нуқтамиз қолди. Бу нуқтани дарсимизнинг охирига қўйган эдик. Одамларнинг турлари бўлганидек, чумолилар ҳам турлидир. Чумолининг бир тури "термит"[3] деб аталади. Таъкидлаб қўймоқчиман, юқорида эслатиб ўтилган ўндан ортиқ ростгўй, ҳамкор, тасбеҳ айтувчи, матонатли, тиришқоқ, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган сифатлар қизил ва қора рангли чумолиларга хосдир.

Энди термит деб аталадиган, Қуръон Каримда ҳам зикри келган чумолилар ҳақида сўз юритамиз.

Қизиғи шундаки, жамиятимизда яшаётган мунофиқ ва илмонийлар айни шу чумолига ўхшаб кетадилар ва кўп сифатларда у билан муштаракдирлар:

Аввало, бу чумолиларнинг кўринишлари оқ рангдадир. Мунофиқлар ҳам иймонни ошкор қиладилар:

(وَإِذَا رَأَيْتَهُمْ تُعْجِبُكَ أَجْسَامُهُمْ وَإِنْ يَقُولُوا تَسْمَعْ لِقَوْلِهِمْ)

"Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солади, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ соласиз" (Мунофиқун: 4). Кўриниши оқ, вазифаси-чи? Термитлар доимо "хуфёна" иш қиладилар. Илмонийлар ҳам пинҳона иш қиладилар. Термитларнинг хуфёналиги шу даражадаки, ер остига бир неча метр тушганларидан кейингина инларини қурадилар. Қора чумолилар эса ер остида икки сантиметрдан эллик сантиметргача пастга тушиб ин қурадилар. Фарқни қаранглар! Мусулмон жамият ошкора ҳаракат қилади. Термитлар эса ер остига ўнлаб метр тушиб, режа ва услубларини хуфёна қиладилар. Илмоний ва мунофиқлар ҳам шундай ҳаракат қиладилар.

Дўстлар, термитлар – бузғунчи жамиятдир. Мен бунга мисол ўлароқ биология китобларининг биридан ушбу сатрларни ўқимоқчиман: "Кейинги пайтларда талайгина давлатлар бу офатнинг хатарини тушуниб етдилар. Франция, Ғарбий Олмония, Америка Қўшма Штатлари, Австралия ва бошқа давлатларда бу чумолини йўқ қилиш учун махсус марказлар очилди. ... Ҳиндистон Ҳайвонларни Ҳисоблаш Жамияти етакчилигида 1960 йили Нюделҳи шаҳрида Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда очилган конференция қатнашчилари бу мавзуга диққатни тортди ва: "ЮНЕСКО ташкилотини термитларга қарши курашувчи халқаро ваколатхонасини тузишга даъват" қарорини ҳам қарорлар ичида тасдиқладилар.

Сўзимизнинг ёрқин далили Қуръон Каримдаги Сабаъ сурасининг ушбу оятидир:

(فَلَمَّا قَضَيْنَا عَلَيْهِ الْمَوْتَ مَا دَلَّهُمْ عَلَى مَوْتِهِ إِلَّا دَابَّةُ الْأَرْضِ تَأْكُلُ مِنْسَأَتَهُ فَلَمَّا خَرَّ تَبَيَّنَتِ الْجِنُّ أَنْ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ الْغَيْبَ مَا لَبِثُوا فِي الْعَذَابِ الْمُهِينِ)

"Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асоини еяётган (ёғоч) кемирувчи чумолигина далолат қилди. Бас қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлар эдилар" (Сабаъ: 14).

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳис-саломнинг жонини олди. Сулаймон алайҳис-салом (узоқ муддат) асосига суяниб қолди. Бу сўзларга диққат қилинг, шайтонлар ва жинлар Сулаймон алайҳис-саломнинг ўлганини пайқамадилар. Мамлакат ишлари бир йил давомида аввалги салобати билан давом этди. Термитлар эса бу аснода, асони ғовак қилиб кемирардилар. Кўринишидан бут-бутун асонинг пўстлоғи қолганди, холос. Қуруқ пўстлоқ Сулаймон алайҳис-саломни қандай тутиб турсин! Юқорида айтганимдек, бу термитлар ўз "иши"ни хуфёна қиладилар. Бир йил мобайнида шайтон ва жинлар ҳамма иш жойида деб ўйлардилар. Бироқ, бирданига Сулаймон алайҳис-салом қулаб тушди!

Қаранглар! Қанча давлатлар Аллоҳнинг шариатини ижро этар эди. Бироқ бирдан илмонийлар қўлига тушиб қолди. Чунки улар пинҳона, турли режалар тайёрлашар ва макру ҳийлалар қилишар, бироқ одамлар буни пайқамас, фақат зоҳиринигина кўришар эди. Бирданига аҳволлар ўзгарди, иш ўзгача тус олди. Демак, улар мусулмонларга зиён келтиришда термитдан ҳам хатарлироқ эканлар!

Муҳтарам дўстлар! Бу – термитлар қилган бузғунчилик ва зараркунандалик кўринишлари эди. Юқорида айтиб ўтганимдек, улар бус-бутун қишлоқларни йўқ қилиб юборади. Менимча, ҳар бир толиби илм ҳам бунинг аламини чеккан бўлса керак. Кўпларимиз Саҳиҳ Бухорий, Саҳиҳ Муслим ё бошқа илмий китобларини токчага териб, бир муддатдан сўнг қўлга олганида уни термитлар еганига гувоҳ бўлган. Баъзиларнинг кийимларини термитлар кемириб тугатган. Чунки термитлар хуфёна иш қилади. Биз билган пайтимизда эса бўлар иш бўлган бўлади.

Мунофиқ ва илмонийлар ҳам термитга ўхшайди, тиллари болдан ширин, қалблари – қашқирлар қалби, мақсадлари – Умматни бузуқликларга гирифтор қилиш. Аллоҳ таоло айтади:

(وَإِذَا رَأَيْتَهُمْ تُعْجِبُكَ أَجْسَامُهُمْ وَإِنْ يَقُولُوا تَسْمَعْ لِقَوْلِهِمْ)

"Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солади, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ соласиз" (Мунофиқун: 4);

(هُمُ الْعَدُوُّ فَاحْذَرْهُمْ قَاتَلَهُمُ اللَّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ)

"Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!" (Мунофиқун: 4).

Биз термитлардан сақланиш учун уйларимиз ва кутубхоналаримизда қанчалар эҳтиёт чораларини кўраётган бўлсак, жамиятимизда вақти-вақти билан дуч келаётганимиз мунофиқ ва илмонийлардан ҳам шунчалар ҳушёр бўлишимиз керак.

Кейинги асрларда Ислом Уммати бошига келган энг катта хатар - коммунизм хатари экани айтилади. Тўғри, мен ҳам бу балонинг нақадар улкан зарар келтирганини тан оламан. Бироқ, менимча, мунофиқ ва илмонийларнинг хатари бундан ҳам каттароқ. Зеро, улар мусулмонлар яшаётган ўлкаларда ижро, таълим-тарбия ва оммавий ахборот воситаларига кўпроқ ўз таъсирларини ўтказмоқдалар.

Шунинг учун ҳам, улардан термитлардан кўра ҳам эҳтиёт бўлайлик. Чунки уларнинг хатари оммавийдир ва ғишт қолипидан кўчганидан кейин афсус фойда бермайди.

Хуллас, биз сиз билан бирга чумолилар ҳаёти билан танишиб чиқдик. Илк танишганимиз биринчи чумоли, оиласининг ғамини ейиш билан бирга ўзини ҳам таҳқирламайди. Бундан ташқари чумолилар оиласи ҳамкор, ростгўй, фидокор ва ишларида жиддий эканини ҳам билиб олдик.

Биолог олимларнинг айтишларича, чумолиларнинг Шарқий Осиёда яшайдиган бир туригина дангасадир. Бу турдаги чумолилар сони жуда ҳам оз бўлиб, уларга қараб чумолиларга баҳо бериш тўғри бўлмайди. Аслида, чумолиларнинг аксари фаол, жиддий, матонатли ва фидокордир. Айтинглар-чи, бизда бу сифатлар борми? Биродар, агар бу бобда заиф бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқинг ва Унинг махлуқотларидан ибрат олинг!

Рамазон ойи ҳам эшик қоқмоқда. Аллоҳ таолодан бизни ушбу муборак ойга етказишини, унинг рўзасини тутишга, кечаларини ибодатлар билан бедор ўтказишга муяссар қилишини ҳамда биздан ибодатларимизни қабул қилишини сўрайман. Дўстлар, Рамазонни уйқу, беҳуда гаплар билан, кечаларини ўйин-кулгу билан бедор ўтказмайлик. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг охирги ўн куни кириши билан: "Белларини боғлар (яъни, аёллардан йироқ бўлар), кечани бедор ўтказар ва аҳлларини уйғотар эдилар"[4]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари жиддийлик, фаоллик ва сабот билан тўлиб-тошгандир.

Чумолилар оиласи - тасбеҳ айтувчи оила эканини ҳам айтиб ўтдик. Улар Аллоҳнинг ҳамди билан тасбеҳ айтадилар:

(وَإِنْ مِنْ شَيْءٍ إِلَّا يُسَبِّحُ بِحَمْدِهِ)

"Барча нарса уни мақтаб тасбеҳ айтади" (Исро: 44).

Эй мусулмон ёшлар! Эй толиби илмлар! Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Уммати, келинг қўлни қўлга берайлик! Илмоний ва мунофиқлар ўзаро муросасиз бўлишига қарамай, биз – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умматига душманлик қилишда бирлашдилар. Хусусан, бу диёр (Араб ярим ороли назарда тутилмоқда)да ўзларининг манфур режаларини амалга ошириш учун бел боғладилар. Чунки улар бу диёрни йўқ қилсалар, режаларининг кўп қисми амалга ошишини жуда яхши биладилар. Аллоҳ уларни ниятларига етказмасин! Аллоҳим, режаларини ўзларининг ҳалокатига сабаб қил!

Дўстлар, тарқоқлик ва ихтилофларга барҳам берайлик! Бирлашайлик! Қалбларимиз тарқоқ бўлса, қўлларимиздан нима ҳам келарди?!

(وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلا تَعَاوَنُوا عَلَى الْأِثْمِ وَالْعُدْوَانِ)

"Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!" (Моида: 2).

(وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعاً وَلا تَفَرَّقُوا)

"Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!" (Оли Имрон: 103).

(وَلا تَكُونُوا كَالَّذِينَ تَفَرَّقُوا وَاخْتَلَفُوا مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَهُمُ الْبَيِّنَاتُ)

"Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!" (Оли Имрон: 105).

Дўстларим, Аллоҳдан қўрқайлик, ушбу дарсда айтиб ўтилганлардан ибрат олайлик. Зеро, ўтганларнинг ҳикояларида биз учун ибратлар бор. Аллоҳ таолодан мени ва сизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган кишилар қаторида қилишини сўрайман. Аллоҳим, ҳикматни бизга йўлбошчи қилгайсан! Ушбу сўзларни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат қилгайсан!

Аллоҳ таоло устингизга баракаларини ёғдирсин!

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга салавоту саломлар йўлласин.

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Мақолани арабчадан ўзбекчага ўгириш ҳижрий 1427 йил Жумодул-охир ойининг 22 куни (18 / 07 / 2006)да ниҳоясига етди.

[1] - Имом Бухорий: Азон, ҳадис № 855; имом Муслим: ал-Масажид ва мавозиус-солат", ҳадис № 564; Термизий: "ал-Атъимаҳ", ҳадис № 1806; Насаий: "ал-Масажид", ҳадис № 707; Абу Довуд: "ал-Атъимаҳ", ҳадис № 3822; имом Аҳмад 3/ 400.

[2] - Имом Бухорий: "ал-Жиҳод вас-сияр", ҳадис № 3019; имом Муслим: "ас-Салом", ҳадис № 2241; Насаий: "ас-Сойд ваз-забаиҳ", ҳадис № 4358; Абу Довуд, "ал-Адаб", ҳадис № 5266; ибн Можжа: "ас-Сойд", ҳадис № 3225; имом Аҳмад 2/402.

[3] - Асосан иссиқ мамлакатларда катта уяларда жуда кўп миқдорда гуруҳ-гуруҳ бўлиб яшайдиган парда қанотли ҳашарот, ёғоч ва қоғоз маҳсулотлари зараркунандаси. уни қирчумоли, ваҳма чумоли ҳам деб аталади.

[4] - Имом Бухорий, имом Муслим, имом Насоий, имом Абу Довуд, имом Ибн Можа, имом Аҳмад ривоятлари.