Жума 18 Апрель 2025 | 19 Шаввол 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

010. Қурайш вакили Расулуллоҳ (сав) ҳузурларида:

2758 марта кўрилган

Ҳамза ибн Абдул Муттолиб ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳулар Исломни қабул қилганидан кейин мусулмонларнинг бошидаги қуюқ булутлар тарқала бошлади. Мўминларни қийноққа солиш ва азоблаш билан маст бўлган мушриклар аста-секин ўзларига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватдан тўхтатиш учун имкониятларидаги бор нарсани беришга рози бўлиб, келишиш ҳаракатига тушишди. Бироқ бу бечоралар билмасдиларки, ер юзининг жамики матоси Аллоҳнинг дини ва ҳақ даъвати қаршисида пашша қанотига ҳам арзимайди. Шунинг учун ҳам мушрикларнинг бу уриниши ҳеч қандай самара бермади.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Язид ибн Зиёд Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан нақл қилди: Менга айтишларича, Қурайш улуғларидан Утба ибн Рабиъа бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳарамда ёлғиз ўтирганларида қавмининг даврасида шундай дейди:

- Эй Қурайш жамоаси, Муҳаммаднинг олдига бориб гаплашиб кўрайинми? Унга бир неча нарсани таклиф қиламан, эҳтимол, уларнинг бирини қабул қилар. Шунда унинг хоҳлаган нарсасини берардик ва у биздан тийиларди.

Бу пайтга келиб Ҳамза ибн Абдул Муттолиб Исломни қабул қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари тобора кўпайиб, кучайиб бораётганини мушриклар ҳам кўриб турарди.

- Майли, эй Абул Валид, унинг олдига бориб гаплашиб кўр, - деди Қурайш.

Утба ибн Рабиъа ўрнидан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб ўтирди.

- Эй жиян, сен бизнинг тагли-тахтли ва насл-насабли кишимизсан. Қавмингнинг бошига оғир бир иш олиб келиб, унинг бирлигига путур етказдинг, муқаддас туйғуларини топтадинг. Олиҳалари ва динини қораладинг, ўтиб кетган ота-боболаримизни кофирга чиқардинг. Қулоқ сол, сенга бир неча таклиф айтаман. Қараб кўр, эҳтимол, уларнинг бирини қабул қиларсан.

- Гапиринг, эй Абул Валид, эшитаман, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Эй жиян, агар сен шу олиб келган ишинг билан бойлик топмоқчи бўлсанг, биз сенга молларимиздан йиғиб берайлик. Токи ичимиздаги энг бой-бадавлат киши бўлгин. Агар шараф истаётган бўлсанг, сени улуғимиз деб билиб, сенсиз ҳеч бир ишни ҳал қилмайлик. Агар мулк-шоҳлик истаётган бўлсанг, сени ўзимизга подшоҳ қилиб кўтарайлик. Агар сенинг олдингга келаётган жин бўлиб, сен ундан қутула олмаётган бўлсанг, мол-давлатимиздан сарфлаб, сени бу дарддан халос қилайлик. Чунки киши даволанмас экан, одатда, жин унинг устига ғолиб бўлиб олади, - деди Утба - ёки шунга ўхшаш гапларни айтди. Утба ибн Рабиъа гапириб бўлгунга қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоқ солиб турдилар.

- Эй Абул Валид, гапириб бўлдингизми? - сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Ҳа.

- Унда менга қулоқ солинг.

- Хўп.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўз бошладилар:

- «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Ҳа. Мим. (Ушбу Қуръон) Меҳрибон ва Раҳмли (Аллоҳ) томонидан нозил қилингандир. У биладиган қавм учун (мўминларга) хушхабар берувчи ва (кофирларни азобдан) огоҳлантирувчи - арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир. Бас, (кофирларнинг) кўплари (унинг оятлари ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгирдилар, демак, улар «эшитмаслар». Улар (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга) дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган.» (Фуссилат: 1-5).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилишда давом этдилар. Қуръон оятларини эшитган Утба жим қотди. У икки қўлини орқага тираб, уларга суянган кўйи қулоқ соларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждагача ўқидилар ва сажда қилдилар.

- Эй Абул Валид, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейин - Мана эшитдингиз, энди ўзингиз биласиз!

Утба қавмдошларининг олдига қўзғалди. Уни кўрган мушриклар ўзаро шундай дейишди: - Аллоҳга қасам ичиб айтамизки, Абул Валид кетганидан бошқача ҳолатда қайтиб келаяпти.

Утба ибн Рабиъа келиб ўтиргач, ундан «Нима гап, эй Абул Валид?» деб сўрашди.

- Гап шуки, мен бир сўзни эшитдим. Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қачон бундай сўз эшитмаганман. Аллоҳга қасамки, бу на шеър, на сеҳр ва на фолбинликдир. Эй Қурайш жамоаси, сўзимга киринглар ва унинг ишини менга қўйиб беринглар. Бу одам билан олиб келган нарсаси ўртасини тўсманг. Уни тинч қўйинглар. Аллоҳга қасамки, унинг айтаётган бу сўзлари учун келажакда албатта, улуғ бир хабар бўлади. Агар уни араблар тинчитсалар, ундан бировлар орқали қутулган бўласизлар. Агар у арабларнинг устига ғолиб бўлса, унинг мулки сизнинг ҳам мулкингиз, унинг азизлиги сизнинг ҳам азизлигингиз ва сизлар у туфайли энг саодатманд кишиларга айланасизлар.

- Эй Абу Валид, у сени тили билан сеҳрлаб қўйибди, - деди Қурашийлар.

- Менинг фикрим шу. Билганингизни қилинглар, - деди Утба.»[1]

Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Утба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон эшитаркан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар: «Бас, агар улар (яъни, Макка мушриклари мана шу тафсилотдан кейин ҳам Ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларни худди Од ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ - ҳалокат (келиши)дан огоҳлантирдим». Ана шунда Утба қўрққанидан ўрнидан туриб кетди ва қўлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларига қўйиб: «Бас, бас, Аллоҳ ҳаққи, қариндошлигимиз ҳаққи» дея Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тўхташларини ўтинди. Чунки у оятда айтилган ваъид-таҳдиднинг содир бўлишидан қўрқиб кетган эди. Сўнг Утба қавми олдига қўзғалди ва юқоридаги сўзларни айтди.»[2]

Қурайш бошлиқлари Расулуллоҳ (сав) билан музокара олиб боришади:

Афтидан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Утбанинг таклифларига берган жавобларидан Қурайшнинг умиди батамом узилмаган эди. Чунки, у зот на ҳа, на йўқ деб очиқ айтмаган, балки Қуръон оятларини тиловат қилиб берган, Утбанинг боши қотиб, қандай келган бўлса ўшандай қайтиб кетган эди. Шундан сўнг Қурайшнинг оқсоқоллари кенгашиб, масалани ҳар тарафлама чуқур ўйлаб, ҳолатни яхшилаб ўргандилар. Бир куни оқшом пайти Каъбанинг олдига йиғилишиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни чақиртирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши умид билан тезда етиб келдилар. Уларнинг олдиларига келиб ўтиргач, у зотга Утба айтган гапларнинг айни ўзини такрорладилар ва Утба ўртага ташлаган таклифларни қайтадан таклиф қилдилар. Гўё гумон қилишдики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Утбанинг гапларини унинг шахсий фикри деб жиддий қабул қилмаган бўлсалар, мана энди бутун қабиланинг фикри шу эканини билгач, унинг жиддийлигига ишонч ҳосил қилиб, таклифларни қабул қилсалар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Сизлар нима деяпсизлар ўзи, мен сизларга келтирган нарсаларни на сизларнинг мол-дунёларингизни қўлга киритиш истагида, на шон-шуҳрат ва на подшоҳлик талабида олиб келдим. Балки Аллоҳ мени сизларга элчи қилиб юборди, менга Китоб нозил қилди ва мени сизларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлишимга буюрди. Мен сизларга Раббимнинг рисолати-элчилигини етказдим ва сизлар учун насиҳатчи бўлдим. Агар олиб келганларимни мендан қабул қилсангиз, бу сизларга дунё-ю охиратда саодат бўлади, агар рад этсангиз то сизлар билан менинг ўртамдаги Аллоҳнинг ҳукми келгунича сабр қиламан», дедилар ёки шу мазмунда сўзладилар.

Шундан сўнг Қурайш иккинчи нуқтага ўтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Раббингдан сўра, мана бу тоғларни биздан узоқроққа суриб, юртларимизни кенгайтирсин, унда анҳорлар оқизсин, бизларга ўлганларимизни – ва хусусан Қусай ибн Килобни – тирилтириб берсин, агар ўшалар сени тасдиқласалар, биз ҳам иймон келтирамиз, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга юқоридаги жавобларининг айни ўзини қайтардилар.

Сўнг учинчи нуқтага ўтишди: Раббингга дуо қил, сенинг пайғамбарлигингни тасдиқлайдиган бир фаришта туширсин, биз унга мурожаат қилиб ҳақиқатни билайлик, яна сенга боғлар, хазиналар, олтин-кумушдан қилинган қасрлар қилиб берсин, деб талаб қилишди. Бу талабларига ҳам айни жавобни қайтардилар.

Сўнг тўртинчи нуқтага ўтишди: У зотдан азобни талаб қилишди ва: «Агар сен айтаётган азоб ва ваъидлар борлиги рост бўлса, қани осмоннинг бир бўлагини устимизга ташлаб юбор-чи», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Аллоҳнинг қўлидаги иш, У ўзи ҳохлаган ишини қилади», деб жавоб бердилар. Улар: «Раббинг бизнинг сен билан бирга ўтиришимизни ва сендан шу нарсаларни талаб қилишимизни олдиндан билиб, сенга бизни чекинтирадиган жавобларни ўргатмадими, агар қабул қилмасак, бошимизга не кунлар тушишини айтмадими?!» дейишди.

Охирида у зотга қаттиқ таҳдидлар қилиб: «Қасамки, сени асло тинч қўймаймиз, икки ўртада ё сени ҳалок қиламиз ё ўзимиз ҳалок бўламиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан қилган умидлари пучга чиққанидан афсусланиб, ғамгин ҳолда уйларига қайтдилар.[3]

Абу Жаҳлнинг Расулуллоҳ (сав)ни ўлдиришга қасд қилиши:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳузуридан кетгач, Абу Жаҳл деди:

- Эй Қурайш жамоаси, кўриб турганингиздек Муҳаммад динимизни қоралашни, ота-боболаримизни ҳақорат қилишни, бизни нодонга чиқариб, олиҳаларимизни хорлашни мақсад қилган. Аллоҳни ўртага қўйиб сўз бераманки, кўтаришга кучим етадиган бир тошни олиб ўтираман-да, Муҳаммад сажда қилганида ўша тош билан бошини янчаман. Кейин мени ҳимоя қиласизларми ёки ташлаб қўясизларми, менга барибир. Абду Маноф уруғи қўлидан келганини қилсин.

- Аллоҳга қасамки, сени ҳеч қачон ташлаб қўймаймиз. Мақсад қилган ишингни амалга оширавер! - деб жавоб беришди мушриклар.

Эртасига Абу Жаҳл ўзи айтганидек, бир тошни олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб ўтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар галгидек эрталаб келиб намоз ўқий бошладилар. Қурайш ҳам йиғиладиган жойига келиб ўтириб, Абу Жаҳл нима қиларкин, деб кутиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждага бош қўйганларида Абу Жаҳл тошини кўтариб Пайғамбаримиз томон юрди. Бироқ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлашиши билан ранглари ўчиб, қўрқиб, орқага чекинди. Қалтираб қўлидаги тошини ташлаб юборди. Қурашийлар унинг олдига келиб сўрашди:

- Сенга нима бўлди, эй Абул Ҳакам?

- Мен кеча сизларга айтган ишимни қилмоқчи эдим. Муҳаммадга яқинлашганимни биламан, уни тўсиб бир буғро-эркак туя пайдо бўлди. Аллоҳга қасамки, мен унингдек боши, бўйни ва тишлари бор туяни ҳеч қачон кўрмаганман. Ўша буғро мени еб қўймоқчи бўлди.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканлар: «У Жибрил алайҳис-салом эди. Агар (Абу Жаҳл) яқинлашганида уни тутган бўларди.»[4]

Савдолашиш ва ён беришлар:

Қурайшнинг алдову қизиқтириш ҳамда таҳдиду қўрқитиш асосига қурилган музокараси барбод бўлгач ва Абу Жаҳлнинг дағаллиги, хиёнаткорона ҳаракатлари билан ҳеч нарсага эришилмаслигига кўзлари етгач, уларда муаммонинг ечимига оқилона тадбир орқали етиб бориш истаги туғилди. Аслида, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ботил устида дейишга жазм қилишмас, балки Аллоҳ таоло айтганидек: «...ундан шак-шубҳада» (Шўро-14) эдилар. Шу боис дин ишида у зот билан савдолашмоқчи, ўзларича йўл ўртасида Ислом билан жоҳилиятни учраштирмоқчи - бирлаштирмоқчи бўлишди. Уларнинг савдосига кўра, мушриклар айрим эътиқодларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айрим эътиқодларидан воз кечишлари керак эди. Агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъват қилаётган нарса ҳақ бўлса, биз ҳам шу йўл билан ҳаққа эришамиз, деб гумон қилишди улар.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф қилаётганларида Асвад ибн Муттолиб ибн Асад ибн Абдул Уззо, Валид ибн Муғийра, Умайя ибн Халаф ва Ос ибн Воиллар — Улар қавмининг оқсоқоллари эди — У кишининг қаршиларига келиб шундай дейишди:

- Эй Муҳаммад, кел, сен ибодат қилаётган зотга биз ибодат қилайлик, сен ҳам биз ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилгин. Агар сен ибодат қилаётган Зот биз ибодат қилаётган нарсадан яхшироқ бўлса, Ундан биз ҳам насибадор бўлиб қоламиз. Агар бизнинг ибодат қилаётганимиз сен ибодат қилаётгандан яхшироқ бўлса, сен ҳам ундан насибадор бўласан. Ўшанда Аллоҳ таоло «Кофирун» сурасини нозил қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг,: «Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмасман.»[5]

Абд ибн Ҳумайд ва бошқалар Ибн Аббосдан ривоят қилишларича, Қурайш: «Агар бизнинг олиҳаларимизни истилом (тавоф) қилсанг (қўлинг билан силаб улуғласанг), сенинг Илоҳингга ибодат қиламиз» дейишганда Аллоҳ таоло «Кофирун» сурасини нозил қилди.[6]

Ибн Жарир ва бошқалар ривоятида мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга «Бир йил бизнинг олиҳаларимизга сиғин, бир йил сенинг Раббингга ибодат қиламиз» деганларида Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у мушрикларга) айтинг: «Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрасизми, эй нодонлар!». (Зумар-64).

Аллоҳ таоло мушрикларнинг кулгили таклифларини ана шундай кескинлик билан рад қилиб ташлагач ҳам Қурайш бутунлай умидсизликка тушмади, балки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари олиб келган таълимотга баъзи ўзгартиришлар киритиши эвазига улар ҳам кўпроқ ён беришга розилик изҳор қилишди. «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дейишди. Аллоҳ таоло бу йўлни ҳам кескинлик билан рад қилди: «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (Қиёматнинг) азобидан қўрқаман» (Юнус-15). Ва бундай ишнинг оқибати ғоят хатарли экани билан огоҳлантирди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун - Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлар эдилар. Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди. У ҳолда албатта Биз сизга дунё (азобини) ҳам, охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тоттирган бўлар эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлар эдингиз.» (Исро: 73-75).

Қурайшнинг боши қотиб, ўйга толиши ва яҳудлар билан алоқа боғлаши:

Мазкур музокара, келишувга уриниш ва ён беришлар ҳеч қандай самара бермагач, Қурайш йўлини йўқотган одамдек гангиб, нима қилишини билмай боши қотиб қолди. Қурайш шайтонларидан бири бўлмиш Назр ибн Ҳорис уларга насиҳат қилиб шундай деди: «Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳга қасамки, бошингизга бир иш тушди ва сизлар ҳалигача унинг чорасини топа олмадингиз. Муҳаммад сизларнинг орангизда ёш йигит эканида сизларнинг энг яхшингиз, ростгўйингиз ва омонатдорингиз эди-ку?! Энди икки чаккасига оқ тушганида мана бу ишни олиб келгани учун уни сеҳргар дейсизлар. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у сеҳргар эмас. Биз сеҳргарларни ҳам, уларнинг куф-суфлари-ю, тугунларини кўп кўрганмиз. Коҳин дедингиз. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Биз коҳинларни биламиз, уларнинг талвасаларини кўрганмиз, қофияли сўзларини эшитганмиз. Шоир дедингиз. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у шоир эмас. Биз шеърни яхши тушунамиз, унинг ҳамма турини, ҳажази-ю ражазини эшитганмиз. Мажнун дедингиз. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у мажнун эмас. Биз жунун нима, унинг тутқаноқлари, васвасалари ва алаҳсирашлари нима, кўрганмиз, биламиз. Эй Қурайш жамоаси, аҳволингизни яхшилаб бир ўйлаб кўринг. Аллоҳга қасамки, бошингизга улкан бир иш тушди.»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар қандай таҳдид ва пўписаларга қарши матонат билан туришларини, қизиқтирувчи ва йўлдан урувчи ҳар қандай таклифларни қатъиян рад этишларини, ўз йўлларида сабот билан давом этишларини, шунингдек у зотнинг ростгўй, покиза ва улуғ ахлоқ эгаси эканликларини кўрган Қурайш пешволари у ростдан ҳам пайғамбар бўлса-чи, деган гумонга ҳам борди ва уларда яҳудийлар билан боғланиб, уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларидаги фикрларини билиш истаги пайдо бўлди. Назр ибн Ҳорис уларга юқоридаги гаплари билан насиҳат қилгач, унинг ўзини бир неча кишилар билан биргаликда Мадина яҳудийлари ҳузурига бориб, улар билан сўзлашиб келишга юбордилар. Яҳудий руҳонийлари уларга шундай йўл кўрсатишди: «Сизлар ундан уч нарса ҳақида сўранглар. Агар жавоб бера олса, ҳақиқатан пайғамбар бўлади, акс ҳолда ундай кимса ўлимга маҳкум: Ундан аввалги замонда (узоқ вақт йўқ бўлиб) кетган йигитларнинг иши қандай бўлган, деб сўранглар. Чунки, уларнинг иши жуда қизиқ кечган. Яна ундан ерни кезиб, унинг машриқу мағрибларига етиб борган бир киши ҳақида сўранглар, нима биларкин. Сўнгра ундан руҳ нима, деб сўранглар.»

Маккага қайтишгач, Назр : «Биз сизларга Муҳаммад билан бизнинг ўртамизни узил-кесил ажрим қилиб берадиган нарсани олиб келдик» деди ва яҳудларнинг гапларини Қурайшга етказди. Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан юқоридаги саволларни сўрагач, орадан бир неча кун ўтиб, «Каҳф» сураси нозил бўлди. Ушбу сурада мазкур йигитлар - «Асҳобул-Каҳф»нинг ҳикояси ва ернинг машриқу мағрибини қўлга киритган Зул-қарнайн ҳақидаги қисса бор эди. Руҳ ҳақидаги саволнинг жавоби «Исро» сурасида нозил бўлди. Қурайшга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканликлари маълум бўлди, бироқ бу билан золимларнинг куфрлари заррача камаймади.[7]

Абу Толиб ва яқин қариндошларнинг муносабати:

Воқеалар оқими ўзгарди. Вазият ва ҳолатлар ўзгача тус олди. Бироқ Абу Толиб ҳамон суюкли жиянини ўйлаб безовта эди. У бўлиб ўтган ҳодисаларга назар ташлади: Мушриклар унга қарши уруш очамиз деб таҳдид қилишди. Сўнг Аммора ибн Валиднинг эвазига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни олиб ўлдирмоқчи бўлишди. Абу Жаҳл жиянининг бошини тош билан янчмоқчи бўлди. Уқба ибн Аби Муъийт ридоси билан у зотни бўғиб, ўлдиришига сал қолди. Умар ибн Хаттоб уни ўлдираман деб қилич кўтариб чиқди. Ана шу ҳодисаларнинг барчасини таҳлил қилиб чиққан Абу Толиб амин бўлди-ки, мушриклар унинг ҳимоясини бузиб, жиянини ўлдиришга қасд қилганлар. Қурайшнинг бир бўлиб жиянига ташланаётганини кўрган Абу Толиб Абду Маноф авлодини - Бану Ҳошим ва Бану Муттолиб уруғини йиғиб, уларни ҳам худди ўзи каби жиянини ҳимоя қилишга чақирди. Арабларда кучли ривожланган қариндош-уруғчилик ҳамиятидан келиб чиқиб ҳар иккала уруғнинг мусулмони-ю кофири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишга рози бўлди. Фақат Абу Толибнинг ўз иниси Абу Лаҳабгина улардан ажралиб, Қурайш мушриклари ишига бош қўшди.[8]

Алоқаларнинг батамом узилиши
Зулм ва зўравонлик битими:

Бану Ҳошим ва Бану Муттолиб уруғларининг барча кишиси - мусулмони-ю кофири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишга аҳд қилиши Қурайшнинг бошини қотириб қўйди. Шундан кейин мушриклар Муҳассаб водийсидаги Бану Кинона ерида тўпланиб, Бану Ҳошим ва Бану Муттолибга қарши қуйидагича иттифоқ қилишди: Қурашийлар бу уруғ кишилари билан қуда-андачилик ва савдо-сотиқ қилмайди, улар билан бирга ўтирмайди, уларга аралашмайди, уйларига кирмайди ва улар билан гаплашмайди. Токи бу икки уруғ Қурайш мушрикларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл этиш учун топширмагунга қадар уларга қарши ана шундай муносабатда бўлинади. Мушриклар ўзларининг аҳду-паймонларини бир саҳифага ёзиб ҳам қўйишди: «Бану Ҳошим Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қатл қилиш учун топширмагунча улардан ҳеч қандай битим-келишув қабул қилинмайди ва уларга ҳеч қандай раҳм-шафқат қилинмайди.»

Ибнул Қаййим ёзади: «Баъзилар мазкур саҳифани Мансур ибн Икрима ибн Омир ибн Ҳошим ёзган десалар, баъзилар Назр ибн Ҳорис ёзган дейишади. Бироқ саҳиҳ гап шуки, бу саҳифани Бағиз ибн Омир ибн Ҳошим ёзган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни дуоибад қилганларида, қўли шол бўлиб қолган.»[9]

Қурайш ана шундай аҳд-паймон қилиб, уни бир саҳифага ёзиб Каъба ичига осиб қўйди. Бану Ҳошим ва Бану Муттолибнинг Абу Лаҳабдан бошқа барча кишилари - мусулмони-ю кофири нубувватнинг еттинчи йили Муҳаррам ойи ҳилоли кечасида Абу Толиб дарасига кўчиб ўтди. Қамал кунлари бошланди.

Абу Толиб дарасида уч йил:

Қамал кучайди. Дарадагиларнинг озиқ-овқати узилди. Мушриклар Маккага келган ҳар қандай егулик ёхуд савдо молларини зудлик билан сотиб олиб қўйишарди. Оқибат дарадагиларнинг ҳоли танг бўлди. Улар оч қолганликларидан барглар ва териларни ейишга мажбур бўлишди. Дарадан аёллар ва гўдакларнинг очликдан чирқираб йиғлаётгани эшитилиб турарди. Уларга фақат яширинча у-бу нарса келиб турарди, холос. Қамалдагилар эҳтиёжларини бутлаш учун фақат уруш ҳаром қилинган ойлардагина ташқарига чиқа олардилар. Улар четдан келган карвонлардан нарсалар сотиб олишарди, бироқ Макка аҳли қамалда қолганлар сотиб ололмаслиги учун молларнинг нархини атай ошириб юборишарди.

Ҳаким ибн Ҳизом аммаси Хадича розияллоҳу анҳога буғдой обориб турарди. Бир сафар Абу Жаҳл унинг йўлини тўсди. Уларнинг ўртасидаги тортишувга Абул Бухтарий аралашди ва Ҳакимга донни аммасига олиб боришга имкон яратди.

Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўйлаб қўрқарди. Уйқуга ётиш пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз ўринларига ётишни буюрар ва нияти ёмон кимсалар ҳам буни кўрсин дерди. Сўнг ҳамма ухлагач, бирон ўғли, иниси ёки амакиваччасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринларига ётишни буюриб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа жойга ётқизарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳаж мавсуми кунлари дарадан ташқарига чиқиб одамлар билан кўришар ва уларни Исломга даъват қилар эдилар. Биз ўша кунларда ҳам Абу Лаҳабнинг нималар қилгани ҳақида юқорида ёзган эдик.

Битимнинг бекор қилиниши:

Дарадагилар икки ё уч йил ана шундай аҳволда яшадилар. Нубувватнинг ўнинчи йили Муҳаррам ойида[10] Қурайш тузган зулм битими бузилди, қамал бекор қилинди. Чунки Қурайшнинг бу қарорига кимлардир рози ва яна кимлардир норози эди. Айнан мана шундай норози кишилар саҳифани йиртиб ташлашга ҳаракат қилишди. Бу ишнинг бошида Ҳишом ибн Амр турди. Бану Омир ибн Луай уруғидан бўлган Ҳишом дарада ётган Бану Ҳошим уруғига тунда яширинча егуликлар етказарди. Хуллас, Ҳишом ибн Амр Зуҳайр ибн Аби Умайя ал-Махзумийнинг олдига келди – Зуҳайрнинг онаси Абдул Муттолибнинг қизи Отика эди – ва унга шундай деди:

- Эй Зуҳайр, тоғаларинг мана шундай аҳволда ётса-ю, сен еб-ичиб ўтираверасанми?!

- Сени қара-ю, бир ўзимнинг қўлимдан нима ҳам келарди?! Аллоҳга қасамки, агар ёнимда яна биров бўлганида бу битимни бузишга уринардим.

- Ўша бировни топдинг.

- Ким экан у?

- Мен.

- Учинчи кишини ҳам топ, - деди Зуҳайр.

Ҳишом Мутъим ибн Адийнинг олдига борди. Бану Ҳошим ва Бану Муттолиб уруғларининг унга ҳам қариндошлигини эслатиб, уни Қурайшнинг ана шу зулмига бош қўшгани учун айблади.

- Сени қара-ю, мен нима ҳам қила олардим. Бор-йўғи бир ўзим бўлсам, - деди Мутъим.

- Иккинчи кишини ҳам топдинг.

- Ким у?

- Мен.

- Учинчи кишини ҳам топ?

- Аллақачон топиб қўйганман.

- Ким у?

- Зуҳайр ибн Аби Умайя.

- Тўртинчи кишини ҳам топ.

Ҳишом ибн Амр Абул Бухтарий ибн Ҳишомнинг олдига келиб, унга ҳам Мутъимга айтганларини айтди.

- Бу ишда ёрдам берадиган яна бирон киши борми?

- Ҳа.

- Ким у?

- Зуҳайр ибн Аби Умайя, Мутъим ибн Адий ва мен сен билан биргамиз.

- Бешинчи кишини ҳам топ.

Ҳишом ибн Амр Замъа ибн Асвад ибн Муттолиб ибн Асаднинг олдига борди. Унга ҳам дарадагиларнинг қариндошлигини ва ҳақларини эслатди.

- Мени даъват қилаётган бу ишингга яна бирон киши қўшилганми?

- Ҳа, - деб жавоб берди Ҳишом ва юқоридагиларнинг номларини айтди.

Улар Ҳажунда йиғилиб, саҳифани бекор қилишга келишишди.

- Мен бошлайман! - деди Зуҳайр - Энг биринчи бўлиб гапираман.

Эртасига эрталаб йиғилиб ўтирадиган жойларига келишди. Ҳулла (араблар либоси) кийиб олган Зуҳайр ҳам келиб, Каъбани етти марта тавоф қилди-да, сўнг одамларга юзланди:

- Эй Макка аҳли, Бану Ҳошим ҳалокатга ташлаб қўйилиб, савдо-сотиқдан тўсиб ташланган бир аҳволда биз еб-ичиб, либослар кийиб юраверамизми? Аллоҳга қасамки, орани узадиган манави золим саҳифа йиртиб ташланмагунга қадар ўтирмайман.

Ҳарамнинг бир бурчагида ўтирган Абу Жаҳл унга эътироз билдирди:

- Бекор айтибсан. Аллоҳга қасамки, у йиртилмайди.

- Аллоҳга қасамки, сен ўзинг бекор айтибсан! - деб гапга аралашди Замъа ибн Асвад. - Биз бу саҳифа ёзилаётганда рози бўлмаганмиз.

- Замъа рост айтаяпти, - деди Абул Бухтарий - Биз унда ёзилган нарсаларга рози эмасмиз ва уларни тасдиқламаймиз.

- Сиз иккингизнинг гапингиз ҳақ ва бундан бошқа гапни айтган кимса бекор айтибди, - деди Мутъим ибн Адий - Биз Аллоҳни ўртага қўйиб айтамизки, бу саҳифадан ҳам, унда ёзилган нарсалардан ҳам безормиз.

Ҳишом ибн Амр ҳам уларни қўллаб-қувватлади.

- Бу иш кеча пиширилган, - деди Абу Жаҳл - Бошқа жойда олдиндан келишиб олинган.

Абу Толиб Ҳарамнинг бир четида ўтирарди. Унинг Ҳарамга келишининг ўз сабаби бор эди. Аллоҳ таоло Расулини саҳифанинг ишидан бохабар қилди ва билдирдики, Аллоҳ бу саҳифага термитларни жўнатди. Улар саҳифадаги зулм, адоват ва орани узиш ҳақидаги жойларини еб ташлаб, фақат Аллоҳ номинигина қолдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хабарни амакиларига айтдилар. Абу Толиб Қурайш ҳузурига келиб жиянининг шундай-шундай деганини, агар у ёлғон гапирган бўлса, мушриклар билан унинг ўртасини очиб қўйишини, рост гапирган бўлса, уларга қилинаётган қамал ва зулмни тўхтатишни таклиф қилди.

- Адолатли гап, - дейишди мушриклар.

Саҳифани йиртмоқчи бўлганлар билан Абу Жаҳл ўртасида юқоридаги мунозара бўлиб ўтгач, Мутъим уни йиртиб ташлаш учун қўзғалди. Қараса, унда «Эй Аллоҳ, Сенинг Исминг билан» деган жойгина қолибди. Саҳифанинг бошқа қисмини термитлар еб битирибди. Фақат Аллоҳ исми ёзилган жойгина соғ қолибди.

Шундай қилиб, саҳифа йўқ қилинди. Қамалдагилар очиққа чиқишди. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватларининг чин аломатларидан бирини кўрсалар-да, ҳамон ўз кўрликларида қолишди. Ахир Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай демаганми?!

«Агар улар (Қурайш кофирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига далолат қиладиган) Бирон оят-мўъжиза кўрсалар (ҳам у Пайғамбарга иймон келтириш ўрнига) юз ўгирурлар ва «(бу) ҳар доимги сеҳр-ку!» дерлар.» (Қамар-2).

Худди шундай! Мушриклар бу оят-аломатдан ҳам юз ўгириб, ўз куфрларида зиёда бўлишди.[11]

Қурайшнинг Абу Толибга жўнатган охирги вакиллари:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарадан чиққанларидан кейин яна аввалгидай даъват ишини давом эттирдилар. Қурайш гарчи алоҳида ажратиб қўйишни тўхтатган бўлса-да, ҳамон мусулмонларга тазйиқ қилиш ва одамларни Аллоҳ йўлидан тўсиш билан машғул эди. Жиянини авайлаб-асрашга қаттиқ эътибор берадиган Абу Толиб ҳам ёши саксондан ошиб, кейинги йилларда, хусусан, дарадаги қамал кунларида бошига ёғилган кетма-кет аламлар ва қийинчиликлар юки остида қадди букчайиб, бўғимлари бўшашиб, анча ҳолдан тойди. Абу Толиб дарадан чиққанига бир неча ой бўлгач, бетобланиб қаттиқ оғриб қолди. Ана шунда мушриклар Абу Толиб ўлганидан кейин Муҳаммаднинг таъзирини берсак, араблар орасида ёмон отлиқ бўлиб қоламиз, деб хавфсирашди ва амакисининг кўзи очиқлигида яна бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан музокара юритмоқчи бўлишди. Улар шу пайтгача рози бўлмаган баъзи шартларни қабул қилишга ҳам тайёр эдилар. Шундай қилиб, Абу Толибнинг олдига Қурайш вакиллари охирги марта келишди.

Ибн Исҳоқ ва бошқалар ёзади: «Абу Толиб дардга чалиниб, унинг оғирётгани ҳақида Қурайш хабар топгач, ўзаро шундай маслаҳат қилишди: Ҳамза ва Умар Исломни қабул қилди. Муҳаммаднинг иши Қурайшнинг барча уруғларига ёйилиб бўлди. Юринглар, Абу Толибнинг олдига борайлик. Жиянини айрим нарсаларга кўндирсин. Майли, биздан ҳам у-бу нарсага ваъда олсин. Аллоҳга қасамки, улар бизнинг ишимизга ғолиб бўлиб кетишлари мумкин.»

Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Биз қўрқамизки, манави шайх ўлганидан кейин унга бир нарса бўлса, араблар бизни маломат қилишади. Амакиси тириклигида тегинишмасди, амакиси ўлгандан кейин унга ташланишди, дейишади.»

Хуллас, қавмнинг улуғлари - Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Умайя ибн Халаф ва Абу Суфён ибн Ҳарблар таркибида бўлган йигирма бештача киши Абу Толибнинг олдига келишди.

- Эй Абу Толиб, сен бизнинг обрўли кишимизсан. Бугун оғирлашиб қолибсан. Сендан хавотирдамиз. Жиянинг билан бизнинг ўртамиздаги ишлардан хабаринг бор. Жиянингни чақиртир. Биз баъзи нарсаларга рози бўлайлик, у ҳам баъзи нарсаларга рози бўлсин. Бизни тинч қўйсин, биз ҳам уни тинч қўяйлик. Бизни ва динимизни ўз ҳолига қўйсин, биз ҳам уни ва динини ўз ҳолига қўяйлик.

Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам жўнатиб чақиртириб келди.

- Эй жиян, мана қавмингизнинг улуғлари йиғилиб келишибди. Сиз учун айрим нарсаларга рози бўлиб, сизни ҳам баъзи нарсаларга рози қилишмоқчи.

Кейин Абу Толиб Қурайш айтган таклифни батафсил баён қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен сизларга бир оғиз сўзни таклиф қиламан. Агар шу сўзни айтсангизлар, арабларга ҳоким бўласизлар ва ажам (араб бўлмаган барча халқлар) сизларга тобе бўлади.»

Бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Толибга юзланиб шундай деганлари нақл қилинган: «Улардан бир оғиз сўзни айтишларини сўрайман. Шу сўз сабабли араблар уларга бўйсуниб, ажам жизя тўлайдиган бўлади.»

Яна бир лафзда шундай дейилган:

«- Эй амаки, уларни ўзлари учун яхшироқ бўлган бир нарсага даъват қилсам-чи?

- Уларни нимага чақирасиз?

- Мен уларни бир оғиз сўз айтишга чақираман. Шу сўз билан араблар уларга бўйсуниб, ажам устидан ҳоким бўлишади.»

Ибн Исҳоқ ривоятида шундай дейилган: «Бир оғиз сўзни беринглар, шу сўз билан арабларга эгалик қиласизлар ва ажам сизларга тобе бўлади.»

Қурайш улуғлари ҳайрон бўлиб туриб қолишди. Ахир шу қадар фойдали бўлган бир оғиз сўзни айтишдан қандай бош тортсинлар?!

- Нима экан, у? - деди Абу Жаҳл - Отанг ҳаққи-ҳурмати ўша сўзни ва унга ўхшаган яна ўнта сўзни сенга берамиз!

- Ла илаҳа иллаллоҳ дейсизлар ва Аллоҳдан ўзга маъбудларингизни тарк қиласизлар! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Қурайш (ажабланганидан) қўлларини бир-бирига уриб қарс чиқаришди.

- Эй Муҳаммад, - дейишди улар - Сен шунча илоҳларни битта илоҳга айлантирмоқчимисан?! Бу ишинг жуда ғалати-ку?

Сўнг ўзаро шундай дейишди:

- Аллоҳга қасамки, бу одам сизлар хоҳлаган нарсанинг биронтасига кўнмайди. Боринглар, оталарингиз динидан қолманглар. Сиз билан унинг ўртасида Алоҳнинг Ўзи ҳукм қилар!

Қавм тарқалди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари улар ҳақида нозил бўлди:

«Сод. Шаъну-шараф соҳиби бўлган Қуръонга қасамки, (албатта Қуръон илоҳий мўъжизадир ва албатта, Сиз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбаридирсиз). Балки кофир бўлган кимсалар (бу ҳақиқатни қабул қилишдан) кибру-ҳавода ва (Аллоҳ ва Пайғамбарга) мухолифликда собитдирлар. Биз улардан илгари ҳам қанча аср авлодни (иймонсизликлари сабабли) ҳалок қилганимизда улар (бошларига азоб тушганида ёрдам сўраб) нидо-илтижо қилганлар, (аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди. (Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни, башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантирувчи - Пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: «Бу бир ёлғончи сеҳргардир. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!» Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: «Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни, устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш билан бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. Бизлар бу ҳақда (яъни, Аллоҳнинг Якка-ю Ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат-динда(ги одамлардан ҳам, яъни, Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос.» (Сод - 1-7).

[1] Ибн Ҳишом: 1/293, 294. Бир қисми Табаронийнинг «Ал-муъжамус-сағир»ида ҳам келтирилган.

[2] Ибн Касир тафсири: 4/95, 96, мазкур оят тафсири.

[3] Ибн Исҳоқ ривоятидан қисқартма (Ибн Ҳишом: 1/295-298), Ибн Жарир, Ибнул-Мунзир, Ибн Абу Ҳотам (Ад-дуррул-мансур: 4/365, 366).

[4] Ибн Ҳишом: 1/298, 299.

[5] Ибн Ҳишом: 1/362.

[6] Ад-дуррул-мансур: 6/292.

[7] Ибн Ҳишом: 1/299-301.

[8] Ибн Ҳишом: 1/269.

[9] Қаранг: Саҳиҳул Бухорий, Фатҳ: 3/529 (1589, 1590, 3882, 4284, 4285, 7479- ҳадислар), Зодул-маъод: 2/46.

[10] Бунга далил - Абу Толиб зулм саҳифаси йиртиб ташлангандан кейин олти ой ўтгач, вафот этган. Саҳиҳ қавлга кўра, Абу Толиб Ражаб ойида жон таслим қилган. Абу Толиб Рамазонда ўлган, деювчилар у зулм саҳифаси йиртилгач, саккиз ой-у бир неча кундан сўнг вафот этган, дейишади.

[11] Мазкур воқеа тафсилотини Саҳиҳул Бухорий: 1/216, 1/548, Зодул-маъод: 2/46, Ибн Ҳишом: 1/ 350, 351, 374, 377 ва бошқа манбалардан жамладик.