асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
001. Араблар6457 марта кўрилган Араб диёрлари ва қавмлариРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари – ҳаёт йўллари моҳият эътибори билан рисолат тарихидан иборатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу рисолатни инсонларга етказдилар ва уларни ана шу рисолат орқали зулматлардан нурга, бандаларга қул бўлишдан Аллоҳга қуллик қилишга олиб чиқдилар. Бинобарин, рисолатнинг комил суратини тўлиқ чизиб кўрсатмоқ учун рисолатдан аввалги ва ундан кейинги ҳолатлар қиёслаб кўрилмоғи лозим. Шунинг учун даставвал арабларнинг қавмлари ва уларнинг исломдан олдинги ҳолатлари хусусида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолат нурини олиб келганларида арабларнинг қай аҳволда эканлиги хусусида сўз юритамиз. Араб диёрлари«Араб» калимасининг луғавий маъноси саҳролар, чўллар, гиёҳ унмайдиган, сувсиз ерлар демакдир. Худди шу ном қадим-қадимдан Араб жазираси - Арабистон ярим оролининг номи бўлиб келган. Арабистон ярим оролини ватан тутиб, шу ерда ҳаёт кечирган қавмга ҳам юқоридаги ном берилган. Арабистон ярим ороли ғарбдан Қизил денгиз ва Сайно ярим ороли билан, шарқдан Араб кўрфази ва жанубий Ироқ ерларининг катта қисми билан, жанубдан Ҳинд денгизигача чўзилган Араб денгизи билан, шимолдан Шом ерлари ва Ироқнинг бир қисми билан чегараланган. Унинг майдони миллион мил квадратдан бир миллион уч юз минг мил квадратгача деб тахмин қилинади. Ярим орол ўзининг табиий ва жўғрофий ўрни билан етук аҳамиятга эга. Оролнинг ичкарисига назар ташласангиз, у тўрт томондан саҳролар ва қумликлар билан қуршалган. Ана шундай табиий тўсиқлар туфайли у мустаҳкам қўрғонга айланган ва бегоналарнинг босқинчиликларидан омонликда бўлган. Шунинг учун ярим орол аҳолиси қадим-қадимдан ўзининг барча ишларида эркин бўлган. Ҳолбуки, улар икки улкан империяга қўшни яшашган. Юқорида тилга олинган табиий тўсиқлар бўлмаганида араблар бу икки империянинг ҳужумларига дош беролмасдилар. Ташқи эътибор билан эса Арабистон ярим ороли қадимги дунёнинг маълум ва машҳур қитъалари ўртасида жойлашган ҳамда улар билан қуруқлик ва сув йўллари орқали боғланган. Ярим оролнинг шимолий ғарбий томони кўҳна Африка дарвозалари билан туташади. Шимолий шарқий томони Европа қитъасининг калити бўлса, шарқий томони Ажам – Ўрта Осиё, Жанубий Осиё ва Узоқ Шарқ дарвозаларини тақиллатади. Шунингдек, барча қитъалар ярим орол билан денгиз йўли орқали туташади. Турли давлатларнинг кемалари ярим орол бандаргоҳларида лангар ташлайди. Ана шундай жўғрофий қулайлик боис унинг шимолий ва жанубий қисми кўп миллатлар келиб қўнадиган манзил, тижорат, маданият, илм-фан ва динлар учрашадиган ўзига хос бир марказ эди. Араб қавмлариМуаррихлар арабларни келиб чиқиш сулолаларига кўра уч қисмга бўлганлар: Биринчи: Боида (йўқ бўлиб кетган) араблар. Улар батамом йўқ бўлиб кетган ва тарихлари ҳақида етарли даражада маълумотлар топиш имконсиз бўлган Од, Самуд, Тасм, Жадис, Имлоқ, Умайм, Журҳум, Ҳадур, Вабор, Абил, Жосим, Ҳазрамавт ва бошқа қадимги араб қавмларидир. Иккинчи: Ориба (соф) араблар. Улар Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтоннинг авлодлари саналади ва Қаҳтонийлар деб аталади. Учинчи: Мустаъраба (араблашган) араблар. Исмоил авлоди саналадиган бу араблар Аднонийлар деб аталади. Ориба араблари ёки Қаҳтон шаъбининг1 асл ватани Яман ерлари ҳисобланади. Улар Сабаъ ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтондан тарқалган ва ўндан ортиқ қабилаларга бўлинган бўлиб, улардан асосан иккитаси – Ҳимяр ибн Сабаъ ва Каҳлон ибн Сабаъ қабилалари машҳур. Сабаънинг қолган уруғларига — ўн битта ёки ўн тўртта уруғ — “Сабаийлар” дейилади, уларнинг Сабаъдан кейин қабилалари йўқ. а) Ҳимярнинг машҳур уруғлари:
б) Каҳлоннинг машҳур уруғлари: Ҳамдон, Алҳон, Ашъар, Той, Мазҳиж (Мазҳиждан: Анс (عنس) ва Нахъ), Лахм (Лахмдан: Кинда, Киндадан: Бану Муовия, Сакун, Сака-а-сик), Жузом, Омила (عاملة), Хавлон, Маъофир, Анмор (Анмордан: Хасъам ва Бажила, Бажиладан : Аҳмас), Азд (Азддан: Авс, Хазраж, Хузоа ва Оли Ғассон номи билан машҳур Шом подшоҳлари бўлмиш Жафна авлоди). Каҳлон Уруғи Яман ерларини ташлаб чиқиб Арабистон ярим оролининг турли томонларига тарқалиб кетди. Уларнинг улкан кўчишлари Арим селидан бироз олдин содир бўлган. Ўшанда Румликларнинг сиқуви ва денгиз савдо йўлига эгалик қилишлари, Миср ва Шомни босиб олганларидан сўнг қуруқлик йўлини ҳам йўққа чиқаришлари Каҳлон Уруғининг тижоратига катта зарар бўлиб тушган эди. Баъзи муаррихлар уларнинг кўчишини ўша сел уларнинг экин-тикин ва мол-ҳолларни ҳалок қилиб, тижоратлари катта зарар кўрганидан ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлганларидан сўнг бўлганини айтадилар. Қуръон оятлари сиёқи ҳам буни қувватлайди. («Сабаъ»-15-19 оятлар)(2). Каҳлон ва Ҳимяр уруғлари ўртасидаги кураш Каҳлоннинг кўчишига сабаб бўлган, деган фикр ҳам тўғри бўлиши мумкин. Каҳлон кўчганидан кейин ҳам Ҳимярнинг ўз жойида қолавергани бу фикрни қувватлайди. Кўчиб келган Каҳлон уруғларини тўрт қисмга бўлиш мумкин: Биринчи: Азд Уларнинг кўчиши саййидлари ва улуғлари бўлмиш Имрон ибн Амр Музайқиёъ фикрига кўра бўлди. Яман ерларида кўчиб юрар эканлар, олдинга ўз даракчиларини жўнатишарди. Сўнг шимол ва шарқ томон юрдилар. Пировардида улар қуйидаги ерларга ўрнашиб қолишди: · Имрон ибн Амр ва унинг авлоди Умонни ватан тутди. Улар Умон Аздларидир. · Наср ибн Азд авлоди эса Тиҳомада яшаб қолишди. Улар Шануа Аздларидир. · Саълаба ибн Амр Ҳижоз сари юрди. У Саълабия ва Зу-Қор ўртасини ватан тутди. Фарзандлари улғайиб маълум куч қудратга эга бўлгач, Мадина томон юрди ва ўша ерда жойлашиб қолди. Авс ва Хазраж Ҳориса ибн Саълабанинг икки ўғли бўлиб Саълаба ибн Амрнинг авлодларидир. · Ҳориса ибн Амр (у Хузоадир) ва унинг авлоди Ҳижоз ерларида кўчиб юриб, Марруз-Заҳронга қўнишди. Сўнг Ҳарамни фатҳ қилиб, Маккадан Журҳумларни қувиб чиқаришди ва шу ерда ўрнашиб қолишди. · Жафна ибн Амр Шомга қараб юрди ва авлоди билан ўша ерда ўрнашиб қолди. У Ғассон шоҳларининг отаси ҳисобланади. Ғассонийлар Шомга кўчишларидан олдин Ҳижоздаги Ғассон номли қудуқ бўйида яшаганлари боис ана шундай номланиб кетганлар. · Каъб ибн Амр, Ҳорис ибн Амр, Авф ибн Амр каби майда уруғлар Ҳижоз ва Шомга кўчиш асносида мазкур қабилаларга қўшилиб кетдилар. Иккинчи: Лахм ва Жузом Улар шарқ ва шимол тарафга кўчишди. Ҳийрадаги Мунзирий шоҳларининг отаси саналмиш Наср ибн Рабиъа ҳам Лахмий эди. Учинчи: Бану Той Азддан сўнг улар ҳам шимол томон юриб, Ажо ва Салмо номли икки тоғга келиб жойлашишди. Шу боис бу икки тоғ кейинчалик Той тоғлари номи билан танилди. Тўртинчи: Кинда Улар дастлаб Баҳрайнга қўнишди. Сўнг уни ташлаб Хазрамавтга кўчишга мажбур бўлдилар. Бироқ бу ерда ҳам Баҳрайндаги аҳвол такрорлангани боис Наждга келдилар. Кинда қавми Наждда кучли давлат тузишга муваффақ бўлсалар-да, уларнинг бу давлати узоқ турмасдан таназзулга юз тутди. Ҳимярликларга мансублиги ихтилофли бўлган яна бир қабила – Қудоа Ямандан кўчди ва Ироқ теварагидаги Самова чўлини ватан тутди.3 Унинг баъзи уруғлари Ҳижознинг шимоли ва Шомнинг теварагига жойлашди. Мустаъраба араблари - уларнинг бобокалони саййидимиз Иброҳим алайҳис-салом асли Ироқнинг қадимги Ар шаҳридан бўлган. Кўфа яқинидаги бу шаҳар Фурот дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган. Мазкур ҳудудларда олиб борилган қазилма ишлари натижасида шаҳардаги диний ижтимоий ҳолат ва Иброҳим алайҳис-салом оиласи ҳақида бир қанча маълумотлар қўлга киритилди. Иброҳим алайҳис-салом Ар шаҳридан Ҳорон ёки Ҳарронга, сўнг у ердан Фаластинга ҳижрат қилган ва Фаластинни ўз даъвати учун марказ қилиб танлаган. Иброҳим алайҳис-салом Фаластин ҳудудлари ва унинг тевараги бўйлаб сафарлар қилган. Бир сафар аёли Сора билан бирга зўравон ҳукмдорлардан бири ҳузурига келганида Соранинг соҳибжамоллигини кўрган ҳукмдор унга кўз олайтирмоқчи бўлди. Шунда Сора Аллоҳга дуо қилди, Аллоҳ золимнинг макрини даф қилди. Ҳукмдор Соранинг Аллоҳ ҳимоятидаги солиҳа аёл эканига амин бўлгач, унинг фазлу фазилатини эътироф этиб ёки Аллоҳнинг азобидан қўрқиб Ҳожарни унинг ҳизматига берди.4 Сора Ҳожарни Иброҳим алайҳис-саломга ҳадя қилди.5 Иброҳим алайҳис-салом Фаластинга қайтди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломга Ҳожардан Исмоил исмли ўғил ато қилди. Соранинг рашки сабабли Иброҳим алайҳис-салом Ҳожар ва унинг эмзикли гўдаги Исмоилни Ҳижозга олиб бориб қўйди. Ҳожар ва унинг ўғли Аллоҳнинг уйи жойлашган қуп-қуруқ водийда қолишди. У пайтда ҳали бу ерлар бир тепалик бўлиб, ўнгу сўлидан селлар келарди. Иброҳим алайҳис-салом Ҳожар ва Исмоилни ҳозирги Масжиднинг юқори қисмида Зам-зам тепасидаги бир катта дарахт ёнида қолдирди. У пайтларда ҳали Зам-зам булоғи йўқ эди. Маккада на бир тирик жон, на бир қултум сув топилмасди. Иброҳим алайҳис-салом уларга бир халта қуритилган хурмо ва мешда сув қолдириб Фаластинга қайтиб кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, Ҳожар билан Исмоилнинг егулиги ҳам, суви ҳам тугади. Ана шунда Аллоҳнинг фазли билан Зам-зам булоғи отилиб чиқди. Зам-зам суви Ҳожар ва Исмоил учун ҳам сув, ҳам егулик ўрнини босди. Ушбу воқеалар тафсилоти ҳадис китобларида баён қилинган.6 Яманлик бир қабила - Иккинчи Журҳум - Маккага келиб Ҳожарнинг рухсати билан шу ерда яшаб қолишди. Айтишларича, улар шунгача Макка атрофидаги водийларда яшашган эди. Имом Бухорий ривоятларига кўра, бу қабила Маккага Исмоил алайҳис-саломдан кейин келган ва у пайтда Исмоил ҳали балоғатга етмаган. Улар авваллари ҳам бу водийдан ўтиб туришган.7 Иброҳим алайҳис-салом Маккада қолдириб кетган аёли ва ўғлининг ҳолидан хабар олиш учун бу ерга келиб турарди. Биз Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага аниқ неча марта келиб кетганини билмаймиз. Эътимодли манбаларда у кишининг Маккага тўрт марта сафар қилганликлари зикр этилган: 1) Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳикоя қиладики, Иброҳим алайҳис-салом тушида Исмоилни сўяётганини кўради ва ана шу ишни амалга оширишга тутинади: «Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни - қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)». (Вас-Соффат : 103-107.) (Инжилнинг) “Сифрут-таквин” китобида Исмоил алайҳис-саломнинг Исҳоқ алайҳис-саломдан ўн уч ёш катта бўлгани айтилган. Қуръондаги қисса сиёқига қараганда юқорида зикр этилган воқеа, яъни, Исмоилнинг қурбонлик учун келтирилиши Исҳоқ туғилишидан олдин бўлган. Чунки Исҳоқнинг туғилиши ҳақидаги башорат қурбонлик воқеасидан кейин зикр қилинган. Мазкур қисса Исмоил вояга етмасдан Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага энг камида бир марта келганлигига далил бўлади. Иброҳим алайҳис-саломнинг яна уч марта Маккага келганликлари ҳақида Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан марфуъ ривоятлар нақл қилган. Ушбу ривоятларнинг қисқача мазмуни қуйидагича: 2) Исмоил алайҳис-салом вояга етиб Журҳум қабиласидан араб тилини ўргангач, уни ёқтириб қолган Журҳум қабиласи Исмоилни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Ҳожар вафот этди. Иброҳим алайҳис-салом уларнинг ҳолидан хабар олиш учун келганида, Исмоил уйда йўқ эди. Иброҳим алайҳис-салом Исмоилнинг хотинидан ҳол-аҳвол сўради. Келин турмушининг оғирлигидан шикоят қилди. Иброҳим алайҳис-салом аёлга: «Исмоил келса, айтинг, эшигининг остонасини ўзгартирсин» деб тайинлаб кетди. Исмоил отасининг нима демоқчи бўлганини тушуниб етди ва хотинини талоқ қилиб, бошқа аёлга уйланди. У аксар тарихчиларга кўра Журҳум қавмининг улуғи ва саййиди Мудод (مُضاض) ибн Амрнинг қизи эди. 3) Иброҳим алайҳис-салом Исмоил иккинчи марта уйланганидан кейин яна Маккага келди ва яна ўғлини топа олмади. Пайғамбар келинидан ҳол-аҳвол сўради. Келин Аллоҳга шукр қабилида жавоб берди. Иброҳим алайҳис-салом Фаластинга қайтиб кетар экан, келинига қуйидагича тайинлади: «Исмоил келса, айтиб қўйинг, эшигининг остонасини мустаҳкамласин.» 4) Иброҳим алайҳис-салом Маккага тўртинчи марта келганида, ўғлини Зам-зам ёнидаги катта дарахт остида камон ўқларини учлаб ўтирган ҳолда топди. Исмоил отасининг истиқболига турди. Улар узоқ фироқдан кейин учрашган ота-болага хос равишда кўришишди. Иброҳим алайҳис-салом билан Исмоил алайҳис-саломнинг кўришмаганига кўп вақт бўлган эди. Фарзандига меҳрибон, юмшоқ кўнгил кекса ёшли отага ҳам, ота-онага ғамхўр, солиҳ ва қобил фарзандга ҳам айрилиқ кунлари осон кечмаганди. Мана шу сафар Каъба қурилди. Ота-ўғил уни тиклашди ва Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳ амрига мувофиқ одамларга ҳаж ибодатини эълон қилди.8 Исмоил алайҳис-салом иккинчи аёлидан ўн иккита ўғил кўрди: Нобит ёки Набоют, Қайдар, Адбоил, Мибшам, Мишмаъ, Давмо, Мийшо, Ҳудад, Таймо, Ятур, Нафис ва Қайдумон. Ўн икки ўғилдан ўн икки қабила тарқалди. Маълум муддат уларнинг барчаси Маккада яшашди. Бу қабилаларнинг асосий тирикчилиги Ямандан тортиб Шом ва Мисрга қилинадиган тижорат эди. Сўнг улар ярим оролнинг ҳар томонларига ҳатто унинг ташқарисига сочилиб кетишди. Замонлар ўтиши билан Нобит ва Қайдор авлодидан ташқари ҳаммаси тарих қоронғуликларида йўқ бўлиб кетишди. Нобит авлоди бўлмиш Нобитийлар маданияти Ҳижознинг шимолий қисмида гуллаб-яшнади. Улар кучли давлат тузиб, қўшни ерларни ўзларига бўйсундирдилар. Нобитийларнинг пойтахти Урдуннинг жанубидаги таниқли Батроъ шаҳри эди. Улар ҳеч кимга бўйин эгмадилар. Фақат румликларгина уларнинг давлатини парчалаб ташлашга муваффақ бўлишди. Бир гуруҳ насабшунос олимлар тадқиқотлардан сўнг қуйидаги хулосага келганлар: Ғассон сулоласининг шоҳлари, шунингдек, Авс ва Ҳазраждан бўлган ансорлар Нобит ибн Исмоил оиласи ва уларнинг шу ерларда қолган бошқа вакилларига мансубдирлар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўз «Саҳиҳ»ида шу фикрга мойил бўлган ва «Яманнинг Исмоил алайҳис-саломга нисбатланиши» деган боб остида бир неча ҳадислар келтирган, Ҳофиз ибн Ҳажар бу ҳадислар шарҳида Қаҳтон Нобит ибн Исмоил авлодидан, деган фикрни тўғри санаган.9 Қайдор ибн Исмоил авлодлари Маккада яшаб қолишди. Уларнинг насли давом этиб, Аднон ва унинг ўғли Маадга етиб келди. Адноний араблар ўз насаблари тарихини Аднонгача тиниқ ёдда сақлаганлар. Аднон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йигирма биринчи боболари ҳисобланади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам насабларини санасалар Аднонга келиб тўхтар ва: «Насабчиларнинг (Аднондан юқориси ҳақидаги) гаплари нотўғри» деб, ундан нарига ўтишдан тийилар эдилар.10 Мазкур ҳадисни заиф санаган айрим уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насабларини Аднондан кейин ҳам давом эттириш мумкинлигини айтишган. Бироқ, улар насаби шарифнинг бу қисмида анча чигал ихтилофларга боришган. Улкан муҳаққиқ, аллома, қози Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий Ибн Саъд, Табарий, Масъудий ва бошқалар айтган фикрни – яъни, чуқур таҳлил ва тадқиқотларнинг кўрсатишича, Аднон билан Иброҳим алайҳис-салом ўртасида қирқта ота бўлган, деган фикрни тўғрироқ санаган.11 Маъаднинг авлоди унинг Назор исмли ўғлидан тарқалган, Маъаднинг ундан бошқа фарзанди бўлмаган ҳам дейилади. Назорнинг тўрт фарзанди бўлиб, улардан тўртта улкан қабила тарқалган: Иёд, Анмор, Рабиъа ва Мудар (مضر). Рабиъа ва Мударнинг уруғ-аймоғи кўп бўлди. Рабиъадан Дубайъа (ضُبَيعة) ва Асад, Асаддан Анза ва Жадила, Жадиладан Абдул Қайс, Намир, Тағлиб ибн Воил, Бакр ибн Воиллар, Бакрнинг фарзандларидан Бану Қайс, Бану Шайбон, Бану Ҳанифа ва бошқа уруғлар тарқалди. Мудар қабилалари икки катта қисмга бўлинди: Қайс Айлон ибн Мудар ва Илёс ибн Мудар уруғлари. Қайс Айлондан Бану Салим, Бану Ҳавозин, Бану Сақиф, Бану Саъсаъа, Бану Ғатофонлар тарқалди. Ғатофондан Абс, Зубён, Ашжаъ ва Аъсурлар тарқалди. Илёс ибн Мудардан Тамим ибн Мурра, Ҳузайл ибн Мудрика, Бану Асад ибн Хузайма ва Кинона ибн Хузайма уруғлари тарқалди. Кинонадан Қурайш тарқалган. Улар Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинонанинг фарзандлари ҳисобланади. Қурайш ҳам бир қанча қабилаларга бўлинади. Уларнинг машҳурлари қуйидагилар: Жумаҳ, Саҳм, Адий, Махзум, Тайм, Зуҳра ва Қусой ибн Килобнинг уруғлари. Қусой ибн Килоб уруғлари: Абдуд Дор ибн Қусой, Асад ибн Абдул Уззо ибн Қусой ва Абду Маноф ибн Қусойдан иборат. Абду Манофдан тўрт қабила вужудга келди: Абду Шамс, Навфал, Муттолиб ва Ҳошим. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳошим оиласига мансублар: Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим. Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло Иброҳим авлодидан Исмоилни, Исмоил авлодидан Бану Кинонани, Бану Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Бану Ҳошимни ва Бану Ҳошимдан Мени танлаб олди.»12 Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларини яратиб, мени уларнинг энг яхши (яъни, инсон) жинсидан ва икки тоифанинг (яъни, араб ва ажамнинг) яхшисидан қилди. Сўнг қабилаларни танлаб, мени энг яхши қабиладан қилди. Сўнг хонадонларни танлаб, мени энг яхши хонадондан қилди. Мен уларнинг ҳам ўзи, ҳам хонадони эътибори билан энг яхшисиман.»13 Адноннинг авлодлари кўпайгач, серёмғир, серўт яйловларни қидириб, араб ерларининг турли бурчакларига ёйилиб кетишди. Абдул Қайс, Бакр ибн Воил ва Тамим уруғлари Баҳрайнга кўчиб, ўша ерда яшаб қолишди. Бану Ҳанифа ибн Али ибн Бакр Ямомага кўчиб, Ҳужр қасабасига қўнди. Бакр ибн Воилнинг қолганлари Ямомадан Баҳрайнга, Козима соҳили бўйларидан денгизга ва Ироқ атрофларигача чўзилган узундан узоқ жойларни сўнгра Убулла ва Ҳийтни макон тутишди. Тағлиб Фуротия оролида яшаб қолди. Унинг айрим уруғлари Бакр билан бирга яшади. Бану Тамим Басра чўлини макон тутди. Бану Салим Мадина яқинида Водиюл Қуродан Хайбаргача, Мадинанинг шарқигача, Жабалайн чегараларигача, Ҳарра ҳудудларигача бўлган масофада яшарди. Сақиф Тоифда, Ҳавозин Макка шарқидаги Автос томонларда яшаб қолди. Автос - Макка билан Басра ўртасидаги йўл устида жойлашган. Бану Асад Таймо шарқи ва Кўфа ғарбини макон тутди. Улар билан Таймо ўртасида Тойнинг Буҳтур ери бор эди. Улар билан Кўфа ўртаси беш кунлик йўл бўлган. Зубён Таймо яқинидан Ҳавронга қадар бўлган ерларда яшарди. Тиҳомада Кинона уруғлари яшаб қолди. Макка ва унинг атрофини Қурайш уруғлари ватан тутишди. Қурайш уруғлари бирлашмасдан, алоҳида-алоҳида яшашарди. Сўнг Қусой ибн Килоб чиқиб уларни бирлаштирди. Қурайш уруғлари бирлашганларидан кейин уларнинг обрўси ва қадр-қиймати ошди. [1] Арабларнинг насаб тартиби қуйидагича: Шаъб (халқ, миллат яъни бош) - қабила (бош суягининг бир-бирига киришган бўлаклари) - амора (кўкракдаги аъзолар улардан бири юрак)-батн (қорин) -фахиз (сон) -фасийла (тизза) - ашийра (тиззадан қуйиси). Улар насабларини худди инсон танаси каби тақсимлаганлар. Шундай бўлсада, қабила катталашиб уруғларга бўлиниб кетгани сайин ҳар бир уруғ ўзидан кейингиларга нисбатан қабила ва ундан таралганлар уруғлар деб аталаверади. Яъни ҳар бир уруғ ўз ҳолида қабила, ўзидан аввалгиси билан зикр қилинганда уруғ деб аталади. Китобларда буни фарқламасдан ҳаммасини қабила ҳам дейилади. Масалан, Қурайш қабила унинг уруғларидан бўлган Бану Тайм, Бану Ҳошим, Бану Умайялар буларнинг ҳар бири қабила деб аталади. [2] 15. Аниқки Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида Аллоҳнинг фазлу-марҳаматига далолат қиладиган) бир аломат бор эди — ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга) «Парвардигорингиз (берган) ризқу-рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират килувчи Парвардигордир», (деган эдик). 16. Улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўқиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик. 17. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз. 18. Биз улар билан Ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган (яъни бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва, улар орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб-яқинлаштириб (уларга): «Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар», (деган эдик). 19. Улар эса (бу неъматларга ношукурлик қилиб): «Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин», дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тирқиратиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир (балоларга сабр-қаноат қилувчи, неъматларга) шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир. [3] Албатта, қавмларнинг кўчган пайтлари ва кўчиш сабаблари манбаларда турлича берилган. Биз манбаларни ўрганиб чиқиб юқоридаги тўхтамга келдик. Тўғрисини билувчи Аллоҳдир. [4] Манбаларда мазкур зўравон ҳукмдор Миср фиръавнларидан бири бўлиб, Ҳожар унинг чўриси бўлгани айтилади. Бироқ машҳур аллома, қози Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий “Раҳматан лил-оламийн” асарида аҳли китоб тадқиқотчиларнинг ёзганларига суяниб, Ҳожарнинг чўри эмас, балки озод аёл ва Фиръавннинг қизи бўлганлигини таъкидлаган. Шунингдек Ибн Халдун “Тариху ибн Халдун” асарида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу билан Миср аҳли ўртасида бўлиб ўтган бир суҳбатни келтиради. Унда айтилишича, мисрликлар унга: “Ҳожар бизнинг подшоҳларимиздан бирининг аёли бўлган, биз билан Айнишамс аҳли ўртасида бўлиб турадиган урушлардан бирида уларнинг қўли баланд келиб, подшоҳни қатл қилиб, Ҳожарни асира қилишган, охир-оқибат у боболарингиз Иброҳимнинг чўрисига айланган” дейишади. [5] Қаранг: “Саҳиҳул Бухорий: Пайғамбарлар китоби” (2217, 2635, 3357, 3358, 5084, 6950) Саҳиҳу Муслим (2371). [6] Саҳиҳул Бухорий (3364, 3365). [7] Саҳиҳул Бухорий (3364). [8] Саҳиҳул Бухорий, «Китобул-анбиё» (3364, 3365). [9] Саҳиҳул Бухорий, «Китобул-маноқиб» (3507-ҳ). [10] Тарихут-Табарий, 2 : 272-276с. [11] Ибн Саъд Табақотул Кубро, 1:56, Тарихут-Табарий, 2:272, 273, Масъудий Муружуз-заҳаб, 2:273, 274. [12] Имом Муслим: 4/1782, Имом Термизий: 5/544. [13] Имом Термизий: 5/545. |