Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қиёматнинг катта аломатлари: Яъжуж ва Маъжуж

6368 марта кўрилган

Охират ҳовлиси силсиласи

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

علامات الساعة الكبرى

يأجوج و مأجوج

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг муборак уйида Ўз тоати устида жамлагани каби Ўзининг жаннати ва каромат ҳовлисида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Ваъз-насиҳат услуби билан илмий асослаш ўртасини, таъсирли воқеа-ҳодисалар билан манҳажийлик ўртасини ўзида бирлаштирган «Охират ҳовлиси силсиласи» деб аталган ушбу муҳим илмий силсиладан мақсад одамларга бу дунё ҳақиқатини англатиш бўлиб, токи улар Аллоҳ таолога тавба ва инобат қилишга ошиқсалар, ўлим тўсатдан келиб, уларни кўча-кўйда жанжаллашиб турган пайтларида олиб кетиб қолишидан, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлмай қолишларидан олдин ғафлатдан қутулсалар.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимиз «Охират ҳовлиси силсиласи»дан олтинчи суҳбат бўлади. Ушбу суҳбатимизда биз Имом Муслим «Саҳиҳ»да Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилган қиёматнинг катта аломатларидан яна бири ҳақида сўзлашамиз.

Мазкур ҳадисни яна бир эсга олиб ўтамиз:

«Гаплашиб ўтирган эдик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: «Нима тўғрисида гаплашаяпсизлар?», дедилар. Биз: «Қиёмат ҳақида гаплашаяпмиз», дедик. «Қиёмат то ундан олдин ўнта аломатни кўрмагунларингча қоим бўлмайди», дедилар ва тутунни, Дажжолни, добба (ер жонивори)ни, қуёшнинг ботиш тарафидан чиқишини, Ийсо ибн Марямнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни ва учта ер ютишни – биттаси машриқда, иккинчиси мағрибда, учинчиси араб жазирасидаги ер ютишини зикр қилдилар, охиргиси Ямандан чиқадиган ва одамларни маҳшарлари сари ҳайдайдиган ўт эди» (Муслим: №2901, Абу Довуд: №4311, Термизий: №2184).

Олдинги суҳбатларимизда биз Дажжол ҳақида, Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари ҳақида сўз юритган эдик. Бугунги суҳбатимиз мавзуси Яъжуж ва Маъжужга бағишланади.

Одатимизга кўра, бугун Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги сўзимизни ҳам бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

  1. Биринчи: Қисқача луғавий ва шаръий асослаш.
  2. Иккинчи: Дўзахга юборилувчилар.
  3. Учинчи: Зулқарнайн ва Яъжуж ва Маъжуж.
  4. Тўртинчи: Уларнинг қиёмат олдидан чиқишлари.
  5. Бешинчи: Ийсо ибн Марям ва ижобат бўлган дуо.

Диққат билан қулоқ солишларингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан барчамизни сўзга қулоқ солиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Биринчи: Қисқча луғавий ва шаръий асослаш

Севикли дўстларим!

Бир талай муаррих ва муфассирлар Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ажиб хабарлар ва ғариб ривоятларни келтиришади, унда уларнинг келиб чиқишлари, насл-насаблари, шакл-шамойиллари, ранглари, турар жойлари ҳақидаги маълумотларни беришади.

Аслида, ушбу ривоят ва хабарлар қуруқ хурофот, ваҳм-гумон ва афсоналардан бошқа нарса эмас. Чунки, аксарияти исроилиётдан олинган. Ишончли манбалардан, яъни Қуръон ва Суннатдан олинмаган. Бинобарин, ҳеч бир кимса бу каби ғайбга тааллуқли ишлар хусусида Қуръон ёки Суннатдан олинган кучли далилларсиз гапириши дуруст бўлмайди. Биз Яъжуж ва Маъжуж ёки Зулқарнайн ҳақида сўз юритиш учун исроилиёт ва ғариб, тўқима-ёлғон хабарлар ортидан ҳакиллаб чопиб юришга эҳтиёжимиз йўқ. Аксинча, Раббимизнинг Китобида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суннатларида бизни бундан беҳожат қиладиган етарлича далил-ҳужжатлар мавжуд ва биз ўшаларга мурожаат қилишимиз вожиб бўлади.

Яъжуж ва Маъжуж Одам алайҳиссалом зурриётидан бўлган икки халқ бўлиб, бошқа инсонлардан ўта ваҳшийликлари ва ададларининг кўплиги, шунингдек, ер юзида мислсиз вайронагарчилик ва бузғунчилик қилишлари билан ажралиб туришади.

Муҳаққиқ луғатшунослар луғат китобларидан, жумладан Ибн Манзурнинг «Лисанул-араб» луғат тўпламидан нақл қилишларича, Яъжуж ва Маъжуж сўзлари араб тилида ўтнинг алангаланиб ёниши маъносини англатувчи «ажиж» (أجيج) сўзидан, шунингдек ўта шўр ва ўта аччиқ сув маъносидаги «ал-маа-ул-ужаж» (الماء الأجاج) сўзидан олинган.

Бу билан мазкур икки қавмнинг ер юзидаги мислсиз бузғунчилик қилиши ва ўта шиддатли фитналарини алангали ўт ва аччиқ-шўр сувга ўхшатилган.

Яъжуж ва Маъжужнинг қисқа ва лўнда луғавий маъноси шу бўлиб, бу ҳақда маълумотга эга бўлиш кишини улар ҳақида битилган афсона ва хурофотлар гирдобига шўнғиб кетишдан сақлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Яъжуж ва Маъжужни «баъсун-наар», яъни, қиёмат куни дўзахга юбориладиган қавм, деб таърифлаганлар. Суҳбатимиз давоми шу ҳақда бўлади.

Иккинчи: Дўзахга юборилувчилар – баъсун-наар

«Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Аллоҳ қиёмат куни: «Эй Одам!», деб хитоб қилади. Одам алайҳиссалом: «Лаббайка ва саъдайк, ҳамма яхшиликлар Сенинг қўлингда эй Парвардигор!», деб жавоб беради. Аллоҳ азза ва жалла: «Дўзахга юборилувчиларни чиқар!», дейди. Одам алайҳиссалом: «Кимлар у дўзахга юборилувчилар?», деб сўрайди. «Ҳар минг кишидан тўққиз юз тўқсон тўққизтаси жаҳаннамга, биттаси жаннатга!», дейди Аллоҳ таоло».

Бу гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини жуда қийин аҳволга солиб қўйди.

Бир ривоятда: «Қавм бутунлай умидсизликка тушиб, кулгуни эсда чиқариб қўйди».

Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари йиғлаб: «Ё Расулуллоҳ! Қайси биримиз ўша бир киши?», деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Хурсанд бўлингиз! Хурсанд бўлингиз! Тўққиз юз тўқсон тўққизтаси Яъжуж ва Маъжуждан, бир киши эса сизлардан».

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг тўртдан бири бўласизлар». Биз шунда такбир айтиб юбордик.

Кейин дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг учдан бири бўласизлар». Биз яна такбир айтиб юбордик.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг ярми бўласизлар».

Пайғамбаримиз умматлари бахтли умматдир.. Пайғамбаримиз умматлари Аллоҳнинг раҳматига сазовор умматдир.

Шеър (мазмуни):

«Эй Парвардигор! Сенинг «Эй бандаларим!» деган хитобинг остига киришим ва менга Аҳмадни Пайғамбар қилиб юборганинг менинг фахру ифтихоримни ошириб юборди ва мен юлдузлардан ҳам юқорироққа кўтарилиб кетдим».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматидан бўлганинг шукронасига сажда қил эй биродар! Уммати Муҳаммад Парвардигор таборака ва таолонинг мақтови ва раҳматига сазовор умматдир!

Аллоҳ таоло бу умматга деди: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз» (Оли Имрон: 110).

Аллоҳ таоло бу умматга деди: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143).

Термизий, Аҳмад, Ибн Можа ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлар етмишта умматни тўлдирувчиси (яъни сўнгиси) бўлдингиз, сизлар улар ичида энг яхшиси ва Аллоҳга энг мукаррамисиз». (Бухорий: №4487, Термизий: №2965, Саҳиҳул-жомиъ: №8034).

Ҳа, сизлар энг яхши умматсиз.. Сизлар умматлар ичида Аллоҳ жалла ва алога энг мукаррамисиз..

Бухорий ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни Нуҳни чақирилади. У: «Лаббай, амрингга ҳозирман, эй Парвардигор», дейди. «(Менинг рисолатимни) етказдингми?», деб сўрайди. У: «Ҳа», деб жавоб беради. Унинг умматидан: «Сизларга етказганми?», деб сўралади. Улар: «Бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи (пайғамбар) келган эмас», дейишади. «Сенга ким гувоҳ бўлади, эй Нуҳ?», деб сўрайди Аллоҳ таоло Ўзи яхши билиб тургани ҳолда. «Муҳаммад ва у кишининг умматлари гувоҳлик беради», деб жавоб беради Нуҳ. Шунда сизлар чақириласиз ва унинг етказган эканига гувоҳлик берасиз, кейин мен чақириламан ва сизлар устингизда гувоҳ бўламан.

Бу Аллоҳ таолонинг: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат-уммат қилдик» (Бақара: 143), деган ояти маъносидир». Сўнг: «Ўрта – адолатдир», дедилар. (Саҳиҳул-жомиъ: №8034, Бухорий: №4487, Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа).

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам пайғамбарлар саййиди умматлари ичидаги пешқадамлар ва улар ортидан келганларнинг фазлини баён қилиб беради:

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристонга келдилар ва: «Ассалому алайкум мўмин қавмлар диёри! Сизлар собиқ (аввал ўтган)ларсиз, биз эса иншооллоҳ, сизларнинг ортингиздан борувчимиз», дедилар.

Кейин у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қани энди биродарларимизни кўрсак эди», дедилар.

Саҳобалар: «Биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадилар.

«Сизлар менинг саҳобаларимсиз. Биродарларимиз эса ҳали-ҳануз келмаган кишилардир», дедилар.

«Ё Расулуллоҳ, ҳануз келмаган умматингизни қандай танийсиз?», деб сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айтингларчи, агар бир кишининг қашқа отлари тим қора отлар орасида юрган бўлса, у ўз отларини таний оладими?», дедилар.

«Бўлмасачи, ё Расулуллоҳ», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар Қиёмат куни таҳоратнинг асаридан (юз-қўллари) порлаган ҳолда келадилар», дедилар (Бухорий: №136, Муслим: №249, Насоий: №1/93-95).

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Энди суҳбатимиз давомида Яъжуж ва Маъжужнинг бузғунчилиги ва тажовузига дучор бўлган қавм билан Зулқарнайн ўртасида бўлиб ўтган гўзал сўзлашувдан воқиф бўламиз.

Учинчи: Зулқарнайн ва Яъжуж ва Маъжуж

Аллоҳ таоло Зулқарнайн ҳикоясини Қуръон Карим сураларидан биргина сурада - «Каҳф» сурасида келтирган. Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у (ҳақдаги хабар)дан бир зикрни тиловат қилурман».

Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-қарнайнга) бу Ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига йўл-имконият ато этдик.

Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди.

То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач у (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: «Эй Зул-қарнайн, ё (уларни) азобга дучор қилурсан, ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», дедик.

У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар.

Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат — жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрурмиз».

Сўнгра, у (Шарққа қараб) йўл олди.

То (кетаётиб) кун чиқишга етиб боргач, унинг (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй либос каби) бирон парда қилмаган эдик.

Худди илгаригидек бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботишдаги қавмга қилган муомалани қилди). Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз - (уни) иҳота қилиб олгандирмиз.

Сўнгра, у яна йўл олди.

То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди.

Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) Ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берасанми?» дедилар.

У (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай.

Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар». То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «Босқонлар билан) дам уринглар», деди. Бас, қачон у (темир-терсакларни қиздириб) ўт қилгач (эритгач), деди: «Менга эритилган мис (ҳам) келтиринглар, уни (темир парчаларининг) устидан қуюрман.

Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар».

«Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у» (Каҳф: 83-98).

Зулқарнайн ва Яъжуж ва Маъжуж ҳикояси шундан иборат.

Шуни айтишим керакки, Зулқарнайн ҳикояси атрофида шу қадар кўп ва турли-туман афсоналар, хаёлий ва хурофий қиссалар тўқилганки, хижолат ва уятдан таҳқиқ аҳлининг пешонаси тиришмай иложи йўқ.

Ўз илми ва ақлини ҳурмат қиладиган ҳеч бир киши Зулқарнайн ҳикояси борасида Қуръонда келган оятлар чегарасидан чиқиши жоиз бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда келтирган ҳикояда бу ҳақда етарлича маълумотлар мавжуд, ундан ортиқчаси бари исроилиёт тўқималаридан бошқа нарса эмас. Биз Зулқарнайн шахси атрофида тўқилган бундай хурофот ва афсоналар гирдобига чуқур киришиб кетишимиз тўғри бўлмайди.

Келинг, энди Зулқарнайн ва Яъжуж ва Маъжуж воқеаси ҳақида Қуръонда келтирилган оятларни енгилгина тафсири билан кўриб чиқайлик.

Зулқарнайн солиҳ бандадир, унинг пайғамбар бўлган-бўлмагани хусусида тафсирчилар ўртасида ихтилоф мавжуд, бирон киши бу ҳақда аниқ бир гап айтишга жазм қилмаган.

Қисса мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Зулқарнайн ҳақида савол сўрашлари билан бошланади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар...».

Саволнинг жавоби Аллоҳ таоло томонидан келади: «Айтинг...».

Тафсир уламолари айтишларича, оятдаги «Айтинг» сўзи талқин учун бўлиб, шу калима орқали бу қиссани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз томонларидан эмас, балки Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан айтиб беришлари аниқлашади.

«Энди мен сизларга ундан (яъни, у ҳақдаги хабардан) бир зикрни тиловат қилурман».

Оятдаги «ундан» (منه) калимаси «табъизийя» учун, яъни, ундан баъзисини деган маънони ифодалаш учундир. Чунки, Аллоҳ таоло бизга Зулқарнайн ҳикоясидан баъзи бир қисмини зикр қилиб беради. Агар Қуръонда келтирилганидан кўра кўпроқ маълумот зикр қилинишида биз учун яхшилик бўлганида, Аллоҳ таоло албатта зикр қилган бўларди. Шундай экан, биз Қуръонда келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида зикр қилинган нарсада тўхташимиз яхши бўлади.

«Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-қарнайнга) бу Ерда салтанат – ҳукмронлик бердик...».

Ўйлаб кўринг.. Ким унга ерда салтанат-ҳумронлик берди?!

Қуръондаги тамкин – салтанат ва ҳукмронлик бериш ҳақидаги оятларни тадаббур қилсангиз, уларнинг ҳаммасида тамкин Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбат берилганини кўрасиз. Балоғатга доир ушбу қоида қалбларга иймоний қоида бўлиб ўрнашади.

Демак, давлатлар, халқлар ва миллатларга салтанат ва ҳукмронлик бераётган зот Аллоҳ таоло деб билмоғимиз, қалбларимизни ҳамма нарсанинг эгаси бўлган Зотга боғлашимиз, шу билан бир қаторда сабабларни ҳам ушлашни тарк қилмаслигимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳақиқий таваккул шудир.

Уммат фақат Аллоҳнинг изни билан ҳукмронликка эришади, уммат фақат Аллоҳнинг изни билан ҳукмронликдан чекинади.

Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан» (Оли Имрон: 26).

«Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-қарнайнга) бу Ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига йўл-имконият ато этдик».

У барча сабабларни ва тамкин, нусрат, фатҳ ва ғалабага етказувчи воситаларни ушлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» (Ҳаж: 41).

Айрим халқларга Аллоҳ таоло тамкин, яъни салтанат ва ҳукмронлик беради, улар тамкин сабабларини маҳкам ушлашлари оқибатида Аллоҳ таоло уларга сабот ва тамкинни яна ҳам зиёда қилади. Айрим инсонлар борки, Аллоҳ уларга тамкин-салтанат берса, тамкин сабабларини маҳкам тутиб, салтанат ва ҳукмронликлари яна ҳам кучайишига йўл очадилар. Ушбу сабабларни қўлдан беришлари оқибатида эса Аллоҳ улардан ҳукмронликни олиб, ўзларини ҳалокатга етказади.

Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ҳам ер юзида ғалаба, салтанат ва ҳукмронлик берди, машриқу мағриб оралиғида кезиш ва истаган ишини қила олишга имконият очиб берди.

Зулқарнайн Аллоҳ йўлидаги жиҳодини аввал ғарб томондан бошлайди.

«Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди. То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач у (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди».

Маълумки, қуёш учун фақат битта кунчиқар ва кунботар бўлмасдан, унинг бир неча чиқар ва ботар ўрни бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, (шундоқ экан) машриқлар ва мағрибларнинг Парвардигорига қасам ичурман...» (Маориж: 40).

Йилнинг фасллари, ой ва кунларига қараб, қуёшнинг бир неча чиқар ва ботар ўринлари бўлади. Маконларга қараб унинг бир неча чиқар ва ботар ўринлари бўалди. Куннинг чиқиш ва ботиш пайтида қуёш гардишини кузатувчи кишининг кузатишига нисбатан ҳам унинг бир неча чиқиш ва ботиш ўринлари бўлади.

«Биз: «Эй Зулқарнайн, ё (уларни) азобга дучор қилурсан, ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», дедик».

Зулқарнайн ўзининг адолатли манҳажи ва ҳикматли дастурини баён қилди.

«У айтди: Золим бўлган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар. Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат — жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрурмиз».

Ким Аллоҳга ширк келтириш билан ва менга эргашмаслик билан зулм қилса, уни азоблайман, Аллоҳ ҳузурида ҳам унинг учун азоб бордир. Аммо, ким менга эргашса, мен келтирган нарсага иймон келтирса, Аллоҳни ягона деб билса ва Аллоҳнинг манҳажида устувор турса, у учун хайрли оқибат – жаннат бордир. Мен томонимдан унга бўладиган муомалага келсак, биз унга енгил-қулай ишларни айтамиз.

Кейин Зулқарнайн иккинчи сафарида машриққа қараб йўл олди.

«Сўнгра, у (Шарққа қараб) йўл олди. То (кетаётиб) кун чиқишга етиб боргач, унинг (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй, либос каби) бирон парда қилмаган эдик.

«Худди илгаригидек бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботишдаги қавмга қилган муомалани қилди). Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз - (уни) иҳота қилиб олгандирмиз».

Яъни, Аллоҳ таоло унинг дилидан кечаётган ва кўнглидан ўтаётган ҳар бир ишдан хабардор эди.

Шундан кейин Зулқарнайннинг учинчи – биз сўзлашаётганимиз қиссага тааллуқли сафари бошланади:

«Сўнгра, у яна йўл олди. То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди».

Яъни, у қавм Зулқарнайннинг тилини тушунмайдиган ёки бошқа халқлардан умуман ажралиб, фақат ўз қобиғига ўралиб қолган бир қавм эди. Улар Яъжуж ва Маъжуж томонидан қаҳрли ҳужумларга ва шиддатли зарбаларга учраган бир қавм эди. Улар Зулқарнайннинг одил ва фотиҳ бир подшоҳ эканини кўриб, унинг ҳузурига келишди ва илтимос билан мурожаат қилишди:

«Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) Ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?» дедилар».

Яъни, биз сенга истаганингча пул-мол йиғиб берайлик, эвазига сен бизни Яжуж ва Маъжуждан ҳимоя қиладиган мустаҳкам бир тўсиқ қуриб бергин, дейишди.

Зулқарнайн зуҳд ва парҳезкорлик билан жавоб берди.

«У (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган (мол-дунёдан) яхшироқдир».

Аллоҳ азза ва жалла менга сизларнинг пул-молингиздан мени беҳожат қиладиган даражада салтанат бериб қўйган, шунинг ўзи менга кифоя қилади.

Бироқ, Зулқарнайн уларда заифлик ва ялқовлик белгиларини кўрди ва бу улкан ишда уларни ўзига шерик бўлишларини истади. Ва уларга шундай деди:

«Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай».

Яъни, замонавий тил билан айтганда, ушбу тўғон қурилишини инженерлик ва меъморий жиҳатдан лойиҳалашни ва унга кетадиган сарф-харажатларни биз ўз зиммамизга оламиз. Лекин, бизнинг ишчи кучига эҳтиёжимиз бор, ушбу қурилиш ишини бажарадиган ва унда ишлайдиган ишчилар керак. Сизлар шу томондан ёрдам беринглар.

Шундан кейин замонавий ҳандаса фани олимларидан бир неча асрлар ўзиб кетган моҳир муҳандис Зулқарнайн иш бошлади.

У ушбу қурилишнинг биринчи босқичини бошлашга амр этди:

«Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар».

Яъни, катта-катта темир бўлакларини йиғиб келинглар ва уларни манави икки тоғ оралиғидаги тор бўшлиққа уйинглар.

«То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «Босқонлар билан) дам уринглар», деди».

Вазни ва ҳажмини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган кўп тонналик бу улкан темир уюмларини шиддатли олов остида лаққа чўғга айланаётган ҳолатини кўз олдингизга келтиринг.

Кучли аланга таъсирида темир бўлаклари эриб, икки тоғ оралигидаги бўшлиққа тўла бошлади. Шунданг сўнг Зулқарнайн қурилишнинг иккинчи босқичига ўтишга амр қилди. Яъни, темир эритмаларига мис эритмасини қўшишга буюрди.

«Бас, қачон у (темир-терсакларни қиздириб) ўт қилгач (эритгач), деди: «Менга эритилган мис (ҳам) келтиринглар, уни (темир парчаларининг) устидан қуюрман».

Мис эритилгач, уни темир эритмаси устига қуйишни буюрди. Шу билан мис эритмаси темир эритмасига аралашиб, унинг қуввати ва мустаҳкамлигини оширди.

«Энди улар – яъни, Яъжуж ва Маъжуж қавми – у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар».

Бу иши билан Зулқарнайн темирнинг кучини мис билан ошириш борасида замонавий илм-фандан бир неча асрлар ўзиб кетди.

Зулқарнайн ўзининг кучли раҳбарлик қобилиятини ва муваффақиятли бошқарув белгиларини намоён қилди. Уммат бугун ана шундай шахсиятларга нақадар муҳтож! У ўзи қуриб битказган улкан темир тўғонга боқаркан, куч-қудрат ва билимдонлик ғурурига берилмади, «Менинг билимим ва куч-қудратимни кўриб қўйинглар», демади. Балки, фазлни унинг ҳақиқий эгаси бўлган Зотга нисбатлади:

«Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у».

Улкан дарс, катта ибрат намунаси.. «Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир..».

Кейин у ҳозир бўлганларга ўзининг қайта тирилиш ва қиёмат кунига бўлган иймон борасидаги соф ақидасини баён қилиб деди:

Албатта, ушбу тўғонни бино қилишга буюрган зот Аллоҳдир ва албатта, Яъжуж ва Маъжуж йўлини тўсишга амр этган зот Аллоҳдир. Келажакда уларнинг чиқиб келишига изн берадиган зот ҳам Аллоҳдир. Бир кун келиб, албатта бу тўғон теп-текис бўлиб, ер билан битта бўлади. Бу эса қиёмат қойим бўлишидан олдинроқ, худди тоғлар ер билан битта бўлганидек юз беради.

Зулқарнайн ўзининг қайта тирилиш ва охират куни ҳақидаги соф ақидасини ана шундай баён қилди. Аллоҳ таоло қиёматнинг катта аломатларидан бири сифатида Яъжуж ва Маъжужнинг чиқишига изн берадиган кун келгач, улар чиқиб келишади. Суҳбатимиз давомида шу ҳақда сўз боради.

Тўртинчи: Уларнинг қиёмат олдидан чиқишлари

«Саҳиҳул Бухорий»да Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига қўрққан ҳолда кириб келдилар ва: «Ла илаҳа иллаллоҳ, ла илаҳа иллаллоҳ, яқинлашиб қолган ёмонликдан араблар ҳолига вой! Бугун Яъжуж ва Маъжуж тўғонидан шунчаси очилди», деб бош бармоқлари ва кўрсаткич бармоқларини ҳалқа қилиб кўрсатдилар. Шунда Зайнаб: «Ё Расулуллоҳ, ичимизда солиҳ кишилар бўлгани ҳолда ҳам ҳалок бўламизми?!», деб сўрадилар. «Ҳа, агар нопоклик кўпайса!», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Солиҳ ҳам, толиҳ (ёмон) ҳам ҳалок бўлади, сўнгра Аллоҳ таоло ҳар кимни ниятига қараб қайта тиргизади.

Яна бир ҳадис ҳақида тафаккур қилинг. Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоят қилган, Ҳоким «Мустадрак»да келтириб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ деган, Заҳабий ҳам бунга иқрор бўлган, Албоний «Ас-силсила»да саҳиҳ санаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Яъжуж ва Маъжуж тўғонни ҳар куни бузиб очишга ҳаракат қиладилар. Қуёш нури кўринай деб қолганида: «Кетдик, қолганини эртага бузамиз», деб қайтиб кетишади. Шунда Аллоҳ таоло уни аввалгидан ҳам мустаҳкамроқ қилиб қўяди. То бир кун келиб, Аллоҳ таоло уларни чиқаришни истаганида улар тўғонни бузиш учун чиқишади. Қуёш нури кўринай деб қолганида бошлиқлари: «Қайтинглар, Ин ша Аллоҳ (Аллоҳ хоҳласа), эртага келиб, қолганини бузасизлар», дейди. Улар (эртасига) қайтиб келиб, тўғонни қандай ҳолда қолдирган бўлсалар, ўшандай ҳолда турганини кўрадилар. Шундан сўнг уни бузиб, чиқиб келадилар».

Имом Муслим Наввос ибн Самъондан ривоят қилган ҳадисда: «Улар Табарийя кўлидан ўтишади. Ўтаётиб, Яъжуж ва Маъжужнинг олдинги қисми кўлнинг ҳамма сувини ичиб қўяди. Орқада келаётганлари: «Шу кўлда сув бўларди», дейди».

Яъжуж ва Маъжуж чиққач, одамлар улардан қўрқиб, қўрғонларига яшириниб оладилар, кўча ва йўлларни улар учун бўшатиб қўядилар, ҳеч ким уларга қарши урушишга журъат қилмайди. Шундан сўнг Яъжуж ва Маъжуж: «Биз ер аҳлини мағлуб этдик, келинглар энди само аҳлига уруш очамиз», дейишади.

Қаранг, нақадар фожирлик!! Бу гап билан ер юзидаги фасоднинг салмоғи нечоғли кучайганини тасаввур қилишга қодир бўласиз. Чунки, уларнинг сурбетликлари ҳаддан зиёда ортиб, осмон аҳлига уруш қилмоққа чоғланишади! Дарҳақиқат, шундай ҳам қилишади. Улар осмонга қараб ўқ отишади. Шунда Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилиш ва яна ҳам фитнага солиш учун отган ўқларини қонга бўялган ҳолда қайтаради. Шунда улар: «Ер аҳлини мағлуб этдик, само аҳлидан ҳам устун келдик», дейишади. Ер юзи бу фитна гирдобидан чиқмай туриб, иккинчи бир фитна ер аҳли ичига оралайди. Яъни, Дажжол фитнаси юзага чиқади, сўнгра Ийсо алайҳиссалом тушиб келади.

Хутбамизнинг иккинчи қисмида шу ҳақда сўз юритамиз.

Ушбу сўзларимни айтарканман, ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳга истиғфорлар айтаман.

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд..

Бешинчи: Ийсо ибн Марям ва ижобат бўлган дуо

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни туширади. Имом Муслим Наввос ибн Самъондан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «У – яъни, Дажжол – шу ҳолда турганида тўсатдан Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямни Димашқнинг шарқий тарафидаги оқ минора олдида (оч сариқ рангга бўялган) икки кийим кийган, икки қўлини икки фариштанинг қанотига қўйган ҳолда нозил қилади. У қачон бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сўнгра Ийсо ибн Марям Дажжолни қувиб, Фаластиндаги Лудд дарвозаси ёнида унга етиб олади ва уни ўлдиради».

«Кейин Ийсо ибн Марям Аллоҳ уларни ундан (яъни Дажжолдан) сақлаган бир қавмга боради ва уларнинг юзларини силаб, жаннатдаги даражалари билан хушхабар беради. У шундай ҳолда турганида тўсатдан Аллоҳ Ийсога ваҳий қиладики, Мен улар билан урушишга ҳеч ким қодир бўлмайдиган бандаларни чиқардим. Бас, сен бандаларимни Тур тоғига жамлагин».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ва Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни чиқаради, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келишади».

«Уларнинг аввалгилари Табария кўли олдидан ўтаётиб ундаги ҳамма нарсани ичиб юборадилар. Охиргилари ўтаётиб: «Бунда бир вақтлар сув бор эди», дейдилар. Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари қамал қилинадилар. Шунда Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари Аллоҳдан Яъжуж ва Маъжужни ҳалок қилишини сўраб, тазарруъ қилишга рағбат қиладилар. Аллоҳ уларнинг дуосини ижобат қилади.

Қулоқ солинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деганлар: «Шунда Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужга нағаф (майда қуртлар)ни юборади».

Аллоҳнинг қудрати ва азаматини фикр қилинг! Аллоҳга қасамки, уммат бугунги кунда қалби Аллоҳнинг қудратига бўлган ишончга нақадар муҳтож!!

Биз бугун Аллоҳнинг азамати ва куч-қудратини танишга нақадар муҳтожмиз!! Зотан, Аллоҳнинг амри биргина «Бўл!» сўзи билан амалга ошади.

Аллоҳ таоло улар устига бўйинлари томонидан нағаф қуртларини юборади ва уларни ҳалок қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Улар бир жон ўлгандек ўликка айланадилар».

Бир ривоятда: «Аллоҳнинг набийси Ийсо ҳалиги қўрқиб, қўрғонга кириб олган кишилардан биридан ташқарига чиқишини ва Яъжуж ва Маъжуж ерда нима қилганини билиб келиш учун ўз жонини бағишлашини сўрайди. У ўлимга ва ҳалок бўлишга тайёр бўлиб, ташқарига чиқади ва бу каромат ва мўъжизага кўзи тушади. Сўнг Аллоҳнинг набийси Ийсо ҳузурига қайтиб, унга ва унинг асҳобларига: «Хушхабар! Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни ҳалок қилибди!», деб хитоб қилади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сўнгра Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари тушадилар. Улар ер юзида уларнинг ёғи ва сассиғи етмаган бирор қарич ҳам жой топа олмайдилар. Одамлар бу бадбўй ҳидга чидай олмай қоладилар. Шунда Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари Аллоҳга илтижо қилиб, ерни бу сасиқликдан тозалашини сўрайдилар. Шундан сўнг Аллоҳ туянинг бўйнига ўхшаган қушларни юборади. Бу қушлар уларни кўтариб олиб бориб, Аллоҳ истаган томонга ташлайди. Сўнгра Аллоҳ бир ёмғир юборади. Ундан лойдан ёки жундан бўлган бирор уй четда қолмайди. У ерни ювиб, худди ойнакка ўхшатиб қўяди. Кейин ерга: «Ҳосилингни ундир, баракангни қайтар» дейилади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Улар шундай ҳолда турганларида тўсатдан Аллоҳ бир ёқимли шамолни юборади. У уларнинг қўлтиқларидан олиб, ҳар мўмин ва муслимнинг руҳини қабз қилади. Энг ёмон одамлар қолиб, ер юзида худди эшакларга ўхшаш жинсий яқинлик қилишади. Қиёмат ана ўшаларнинг бошида қойим бўлади».

Шу билан ишончли манбалар бўлмиш Қуръон ва Суннатдан олинган Яъжуж ва Маъжуж тўғрисидаги гапни якунлайман. Биродарларга насиҳатим шуки, бу ҳақда тўқиб чиқарилган хурофот ва афсоналарга ҳамда исроилиёт хабарларига кўнгил бурмасинлар.

Аллоҳ азза ва жалладан сизу бизга фақат фойдали илм ато этишини, барчамизни динда фақиҳ қилишини, ошкору махфий фитналардан Ўзи асрашини сўрайман. У ҳар ишга қодир Зотдир.

Эй Аллоҳ, бизларнинг гуноҳларимизни яширгин ва бизларни шарманда қилмагин, бизларни икром қилгин, хор қилмагин, биз томонимизда бўлгин, бизга қарши бўлмагин!

Эй Аллоҳ, ушбу муборак жамоадаги ҳар бир кишининг биронта ҳам гуноҳини қўймай мағфират этгайсан, биронта ҳам беморни қўймай шифо ато этгайсан, ҳеч бир қарзни қўймай адо этгайсан, вафот этганларимизни раҳматингга олгайсан, осийларимизни кечиргайсан, тоат-ибодатдагиларимизни саботли қилгайсан, Сенинг розилигинг ва бизнинг фойдамиз бўлган ҳар қандай ҳожатимизни раво қилгайсан, эй оламлар Парвардигори!

Эй Аллоҳ, ушбу жамоатимизни раҳматинг инган жамоат қилгин, бу ердан тарқалишимизни гуноҳдан холи тарқалиш қилгин, ораларимизда биронта ҳам бахтсиз ва маҳрумни қолдирмагин.

Эй Аллоҳ, бизни ҳидоят қилгин, биз сабабли ҳидоят қилгин, бизни ҳидоятланувчиларга сабабчи қилгин.

Эй Аллоҳ, агар одамларни фитналашни истасанг, бизни шармандаи шармисор бўлмаган ҳолимизда ҳузурингга олгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Эй Аллоҳ, мусулмонларни ўз ҳимоянгга олгин, оч мусулмонларни тўйдиргин, яланғочларини кийдиргин!

Дўстларим! Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан. Неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондан, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.

Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.

2011 йил 16-июн