асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Холис тавба3852 марта кўрилган التوبة النصوح Шайх Муҳаммад Ҳассон Бисмиллаҳ, вассолату вассаламу ала расулиллаҳ. Улуғ покланиш ойи, ибодатларга чиниқиш ойи, раҳмат ва мағфират ойи Рамазон карим кириб келиши олдидан гуноҳ ва маъсиятлардан тавба қилиб қалбларимизни мусаффо қилиб олиш мақсадида ушбу ўта муҳим мавзуни сиз азиз ўқувчиларимизга тақдим қилишни хоҳладик. Шояд порлоқ қалблар билан Рамазонни қаршиласак ва ундан мўл-кўл фойда олсак. Ислом Нури таҳририяти Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман. Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин. Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин. Аммо баъд... Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг жаннатида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир. Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугун сизлар билан холис тавба ҳақида суҳбатлашамиз. Ушбу улуғ мавзуда бўладиган суҳбатимизни одатдагидек бир неча моддаларга бўлиб оламиз:
Сўзларимга диққат-эътибор қаратишингизни сўрайман, Аллоҳ таоло барчамиздан тавбаларимизни қабул қилсин, дунёда ҳам, охиратда ҳам гуноҳларимизни яширсин, сўзга қулоқ солиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилсин. «Бас (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг бандаларимга — сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар: 18). Тавбанинг фарзлигиСевикли дўстларим! Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Кўпчилик одамлар онгли, амалий равишда ва дарҳол тавба қилиш у ёқда турсин, тавбанинг қадрини ва фазлини ҳатто билишмайди ҳам. Ҳолбуки, тавба Ислом динининг ҳақиқатидир, диннинг ҳаммаси тавба деган сўз остига дохилдир. Шунинг учун ҳам тавба қилувчи шахс Раҳмоннинг севикли бандаси бўлишга ҳақли бўлди. Тавбанинг луғатдаги маъноси «қайтиш»дир. Аллоҳга тавба қилувчи – Аллоҳ ёқтирмайдиган нарсадан зоҳирда ҳам, ботинда ҳам қайтувчи ва Аллоҳ яхши кўрадиган нарса томонга зоҳиран ва ботинан бурилувчи кишидир. Тавба ҳар лаҳза ва ҳамма вақт фарз эканига далил бўлувчи кўплаб оят ва ҳадислар ҳамда умматнинг ижмоъи мавжуд. Чунки, мусулмон киши зоҳирий ва ботиний маъсиятдан холи эмас. Шунинг учун у то Аллоҳга йўлиққунига қадар умридаги нафаслар сонича Унга тавбани янгилаб туриши ва Аллоҳ таолога тавба қилган ҳолида дунёдан ўтмоғи лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8). Яна айтади: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31). Яна айтади: «Ким тавба қилмаса бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар» (Ҳужурот: 11). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилингиз ва истиғфор айтингиз! Албатта, мен бир кунда юз маротаба тавба қиламан» (Имом Муслим (42/2702) ривояти). Аллоҳ таоло ўтган ва келгуси гуноҳларини мағфират қилиб қўйган Пайғамбаримиздек зот Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтиб, тавба қилар эканлар. Бухорий ривоятида: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан зиёдроқ истиғфор айтиб, тавбалар қиламан» (Имом Бухорий (№6307) ривояти). Эй мусулмонлар, эй ёшлар! Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кунда еру осмонлар Парвардигорига минглаб марта тавба қилган бўлсалар, ҳеч бир мусулмон катта-кичик гуноҳлардан холи бўлмайди, демак биз ҳаётимиздаги нафасларимиз ададича тавба қилишга муҳтож эканмиз. Хурсанд бўладиган жиҳати шундаки, то жон ҳалқумингизга етмагунича ё қуёш ботиш томонидан чиқмагунича Аллоҳ таоло ҳаргиз тавба эшигини ёпмайди. Ҳавои хоҳишларидан сўзламайдиган ростгўй зотнинг сўзларини тадаббур қилиб кўринг. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло кундузининг гуноҳкори тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади, тунда гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш ботиш томонидан чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)». «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло ҳар кеча дунё осмонига тушади...». Тушиши Ўзининг камолига ва жалолига муносиб тарзда бўлади, сиз бу ҳақда зеҳнингизга келган нарсаларнинг ҳаммасини қувиб юборинг, Аллоҳ таоло буларнинг ҳаммасидан бошқачадир. «(У зот) Ўз аршига ўрнашган Раҳмондир» (Тоҳа: 5). Унинг ўрнашиши Ўзи хабар берганидек ва Ўзи истаган кўринишда ва Ўзи айтган маънодадир, Унинг ўрнашиши тушиш ва кўчиб юришдан покдир. На арш Уни кўтаради ва на курсий Унга суянчиқ бўлади. Балки, арш ва унинг кўтарувчилари, курсий ва унинг буюклиги, ҳамма-ҳаммаси Унинг қудрати лутфи билан кўтарилмиш, Унинг зўр чангали билан тутилмиш. Ўрнашиш маълум, кайфияти номаълум, унга иймон келтириш вожиб, бу ҳақда сўраш бидъат, қандай қилиб тушади деб сўралмайди. Аллоҳ таоло Ўзининг камоли ва жалолига муносиб равишда ҳар кеча дунё осмонига тушади, сиз бу ҳақда тасаввурингизга келган ҳамма нарсани қувинг, чунки Аллоҳ таоло ундан бошқачадир. «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11). «Кўзлар унга ета олмас. У кўзларга етар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир» (Анъом: 103). «Бас, Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли — ўхшаши йўқдир.) Албатта Аллоҳ (барча нарсани) билур, сизлар (ҳеч нарсани) билмассиз» (Наҳл: 74). «У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. (Яъни Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4). У Ўзининг исмларида ягонадир, Ўзининг зотида ягонадир, Ўзининг сифатларида ягонадир, Ўзининг иш-феълларида ягонадир. Уни энг яхши танувчи зот ( Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: «Аллоҳ таоло ухламайди, ухлашлик Унга муносиб эмасдир. Тарозини (яъни адолатни ёки ризқни) туширади ва кўтаради. Кундузнинг амалидан аввал кечанинг амали, кечанинг амалидан олдин кундузнинг амали Унга кўтарилади. Унинг пардаси нурдир, агар уни очса Юзининг нури Кўзи етган барча халқларини куйдириб юборади» (Муслим ва Аҳмад Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Хуллас, Аллоҳ таоло ҳар кеча дунё осмонига тушади ва: «Мен Подшоҳман, Менга дуо қиладиган борми, уни ижобат этсам, Мендан сўрайдиган борми, унга ато этсам, Менга истиғфор айтадиган борми, унинг гуноҳларини кечирсам», дейди. То тонг ёришгунича шундай давом этади (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Хўш, сиз қаерда бўласиз тунда?! Тунни шармсиз филмлар томоша қилиш билан ўтказасиз. Эй бечора, эй умрини сериаллар ва филмлар кўриш билан ўтказаётган кимса, кўзингни оч!! Уйғон ва ўрнингдан тур!! Ўлим кутилмаганда бостириб келади. Хожамиз жалла жалолуҳу сенга нидо қилмоқда, сен эса ғафлатда ётибсан! Кўзингни оч, уйғон!! Аллоҳ жалла жалолуҳу сенга хитоб қилмоқда: «Мен Подшоҳман, Менга дуо қиладиган борми, уни ижобат этсам, Мендан сўрайдиган борми, унга ато этсам, Менга истиғфор айтадиган борми, унинг гуноҳларини кечирсам». «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени эслаган чоғида Мен у билан биргаман. Агар у Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоатда зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоатда зикр қиламан. Бандам менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ (60-70 см атрофида узунлик ўлчови) яқинлашаман. Агар менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман!». «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53). Олға эй мусулмон! Олға бу буюк фазлу марҳамат сари! Аллоҳга қасамки, агар тавбанинг фазлини билсангиз эди, бир зум ҳам тавбани тарк этмаган бўлардингиз.. Суҳбатимизнинг иккинчи моддаси шу ҳақда давом этади. Тавбанинг фазилати1) Тавбанинг энг катта фазилати – у Парвардигорнинг бандани яхши кўришига сабаб бўлади. Сўзимга яхши эътибор бердингиз деб ўйлайман. Яъни, мен тавба банданинг Парвардигорга бўлган муҳаббатига сабаб бўлади, демадим, балки тавба Парвардигорнинг бандага бўлган муҳаббатига сабаб бўлади, дедим. Эй инсон, сен ўзи кимсанки, сени Аллоҳ яхши кўрса?!! Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ жалла ва ало айтади: «Ким Менинг (тоат-ибодатимда мустаҳкам бўлган) дўстимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам унга фарз қилган амалларимдан кўра Менга суюмлироқ бўлган бошқа бирор нарса билан Менга яқинлаша олмайди. Бандам Менга нафл амалларини қилиш билан яқинлашиб бораверади, ҳаттоки Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. (Яъни, у фақат мен хоҳлаган ва мени рози қиладиган нарсаларни эшитади, кўради ва ҳоказо.) Агар сўраса, албатта бераман, паноҳ тиласа, албатта паноҳимга оламан». Хўш, Аллоҳ сизни яхши кўриб қолса, нима бўлади? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужудга келади» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Агар еру осмонлар Парвардигори сизни яхши кўрса, сиз дунё-ю охират бахтига эришасиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар дунёдаги бирон масъул раҳбар сизни яхши кўрса, сиз дунёдаги энг бахтиёр инсон бўласиз. Шундай экан, дунё-ю охират Қўлида бўлган Зот агар сизни яхши кўрса, сиз дунёда ҳам, охиратда ҳам энг саодатли инсонга айланасиз. 2) Тавбанинг фазилатларидан яна бири шуки, у Парвардигорнинг банда билан шодланишига сабаб бўлади. «Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Парвардигор таолони энг яхши танувчи зот бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ бандасининг тавбаси билан бир кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўладики, у кимсасиз саҳрода туясига озиқ-овқати ортилган ҳолда бораётганида туяси қочиб кетди. Туяни топишдан умиди узилгач, ноумид бўлиб бир дарахт соясига бориб (ўлимини кутиб) ётиб олди. Бир вақт қараса, туяси олдида турибди. Унинг тизгинидан тутганича қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан тили адашиб: «Эй Парвардигор! Сен бандамсан, мен роббингман», деб юборди. (Аллоҳ бандасининг тавба қилишидан ана шу кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади)» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ушбу бечора банданинг қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан тили адашиб, нима деяётганини ҳам билмай қолиб: «Парвардигор! Сен бандамсан, мен роббингман» деб юборганини тасавур қилинг. Аллоҳ таоло сизнинг тавба қилишингиз билан йўқолган туяси қайтиб келган шу банданинг хурсандлигидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади. 3) Тавбанинг фазилатларидан яна бири – у қалбнинг нурланишига ва гуноҳлар асарининг ўчиб кетишига сабаб бўлади. Оҳ, бу нақадар буюк фазилат!! Огоҳ бўлинг эй ёшлар! Ҳар бир муслим ва муслима огоҳ бўлсин! Бу мавзудан олим ҳам, ҳоким ҳам, эркак ҳам, аёл ҳам, йигит ҳам, қиз ҳам беҳожат бўлолмайди, ҳамма-ҳаммамиз тавбага эҳтиёжлимиз. Тавба қалбнинг ёришишига ва гуноҳ асари ўчишига сабабдир. Агар тавбангизда содиқ бўлсангиз, Аллоҳ таоло сизни тавбангиз сабабли ҳар қандай катта ва кичик гуноҳдан поклайди. Термизий ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Банда бир гуноҳни қилса, унинг қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар ундан тийилиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби тозаланади. Агар яна гуноҳ қилишга қайтса, доғ кўпайиб, бутун қалбини қоплаб олади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида айтилган қоплаб олишдирки: «Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари (занги) қоплаб олгандир!» (Мутоффифун: 14). (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2654). Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Фитналар қалбларга бўйра (тўқилгандаги) қамиш новдалари каби бирин-кетин кўндаланг бўлаверади. Бирон фитна қайcи бир қалбга кириб ўрнашиб олcа, бу қалбда битта қора нуқта пайдо бўлади. Қай бир қалб уни инкор қилса, унда битта оқ нуқта пайдо бўлади. Бориб-бориб қалблар икки турлига ажралади: биринчиси силлиқ тош каби оппоқ қалб бўлиб, унга модомики осмонлару ер турар экан, бирон бир фитна зарар етказолмайди. Иккинчиси тўнкарилган қумғон каби қоп-қора қалб бўлиб, на бир маъруфни тан олади ва бир мункарни инкор этади. Фақат ҳавои-нафcига ўрнашиб қолган нарcанигина тан олади» (Муслим ривояти). Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига: «Агар ундан тийилиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби тозаланади». Қалбига иккинчи марта нур ва иймон қайтади. Чунки, қалбда иймоннинг нури бордир. Такрор айтаманки, қалбда иймоннинг нури бўлади. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қалб борки, унинг ой юзини тўсувчи булутга ўхшаш бир булути бўлади. Ой нур сочиб турганда тўсатдан уни булут ўраб, қоронғилатиб қўяди. Булут очилгач, яна ёрита бошлайди» (Абу Нуъайм, Дайламий ривоят қилганлар, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (2268) саҳиҳ санаган). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини тафаккур қилиб кўринг. Самода ой нур сочиб тураркан, бирдан қоп-қора қалин булут сузиб келиб, ой юзига парда ташлайди ва унинг нурини ердан тўсади. Бу эса маъсиятларнинг қалбга қараб ҳаракатланиши ва қалбдаги иймон нурини тўсиб қўйишига ташбеҳдир. Энди қора булутлар сурилиб, ой юзи очилиши гуноҳ ва маъсиятларнинг тавба ва истиғфор билан четга сурилиши ва иймон нурининг яна қайтадан балқишига мисолдир. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Банда бир гуноҳни қилса, унинг қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар ундан тийилиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби тозаланади. Агар яна гуноҳ қилишга қайтса, доғ кўпайиб, бутун қалбини қоплаб олади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида айтилган қоплаб олишдирки: «Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари (занги) қоплаб олгандир!» (Мутоффифун: 14). (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2654). 4) Тавбанинг фазилатларидан яна бири шуки, у дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли ҳаёт кечиришга сабаб бўлади. Мол-дунё ва бойлик истаган одам тавба қилсин – бу сўзимга қуйида Қуръондан далил олиб келаман – фарзанд неъматидан маҳрум бўлиб, фарзанд истаган киши тавба қилсин, дунёда фароғатли ҳаёт истаган киши тавба қилсин, охиратда саодатли ҳаётга эришиш истагида бўлган киши тавба қилсин... Парвардигор жалла ва алонинг Каломига қулоқ тутинг: (Нуҳ алайҳиссалом) «Мен дедимки: Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!» (Нуҳ: 10-13). Нега сизлар Аллоҳнинг тавҳидини рўёбга чиқармайсизлар, Унга ҳақиқий ибодат қилмайсизлар, Уни тўғри таний олмайсизлар?!! Тавба ва истиғфорнинг натижаларини кўринг!! Эй камбағалликдан қўрқадиган, қурғоқчиликдан қийналадиган, фарзандсизликдан эзиладиган инсонлар! Еру осмоннинг Парвардигорига тавба қилинг ва истиғфор айтинг, У устингизга ёмғирлар ёғдиради, сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради, сизларга боғу бўстонлар ва оқар дарёлар ато этади!! «Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик» (Аъроф: 96). Эй мол-давлат истаган кимса, тавба қил... Эй фарзанд неъматидан маҳрум кас, тавба ва истиғфорни лозим тут. Аллоҳга қайт, билгинки, тавба дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли-саодатли ҳаёт сабабидир. Аллоҳга қасамки, шу дунёда Аллоҳга тавба қилмаган ва мудом тавбани ўзига лозим тутмаган киши охиратда саодатга эришолмайди. «У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. Бас, энди бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилурлар. Улар унда осмонлар ва Ер бор экан (яъни абадий) қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларни дўзахда бир муддат турганларидан кейин чиқариши бундан мустаснодир). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилувчи зотдир! Энди бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва Ер тургунча (яъни тоабад) турурлар, магар Парвардигорингиз (дўзахда бир муддат туришларини) хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларнинг жаннатга киришларининг кечиктирилиши бундан мустаснодир). Бу (яъни жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир (Ҳуд: 105-108). Парвардигорим, Ўзинг бизларни саодат аҳлидан қилгайсан. Севикли биродарим, ҳозироқ шошилинг, тавба қилишга ошиқинг! Эй гуноҳларидан пушаймон бўлувчи, пушаймонлигинг асари қани?!! Хатоларинг учун йиғи қани?!! Эй хатолар асири, қани кўз ёшлари?!! Эй Парвардигорига қабоҳатлар билан юзланувчи кимса, дўзахга тоқатинг етарлими?!! Во ҳасрато, бугун тавбага чақирилганда жавоб бермасанг!! Тавбани эслатилганда унга шошилмасанг!! Тавба қилишга шошил, уни кечиктирма, пайсалга солма! Чунки, ўлим тўсатдан келади. Яхшилар тавба қилишда сендан ўзиб кетдилар, сен ҳам улардан қолма! Суҳбатимизнинг учинчи қисми шу мавзуда боради. |