асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Уламолар ўртасидаги ихтилофлар ва толиби илмларга насиҳат2843 марта кўрилган Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ қори Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир. Аммо баъд... Ўтган хутбаларимиздан биридаги сўзларимизни эшитган биродар айтиши мумкинки: «Демак, сизнинг ушбу сўзларингизга кўра, илм, дин ва фиқҳ масалаларида биров хато қилган бўлса, унга раддия бермаслик, ўтган ва кейинги даврдаги уламолар аралашиб қолган бидъатларни баён қилиб бермаслик, ҳақни кўрсатиш ва мункарни инкор қилишга, шубҳаларни рад қилиш ва залолатларни очиб ташлашга киришмаслик керак бўлар экан-да?!». Жавоб шуки, сиз айтган ишларнинг бари шаръан матлуб ва қилиниши лозим бўлган ишлардан. Лекин, улар ҳамманинг ҳам иши эмас, балки илм ва фиқҳ аҳлининг иши бўлиб, бунга хулуфларнинг дахли йўқ ва улар бунга умуман аралашмасликлари лозим. Хулуфлар унда бошлар гангийдиган ва қадамлар тойиладиган чигал масалалар ҳақида баҳсга киришишлари жоиз эмас. Ёшлар (кичиклар) катта масалалар ҳақида сўз юритишлари мумкин эмас. Ундай масалаларда сўз юритиш учун илм ва фиқҳдан чуқур билимга эга бўлиш, усул ва фуруъни, далиллар ва аҳкомларни яхши англаш, истинботга (яъни, шаръий далиллардан ҳукмлар чиқаришга) қодир бўлиш ва мазкур билимларни воқеъда татбиқ эта билиш зарур бўлади. Бундай ҳолларда кичиклар ишни катталарга қолдиришлари, илм ва фиқҳ аҳлига қўйиб беришлари лозим. Албатта, биз бу ерда фақат ҳар ким ҳам ҳақиқатига ета олмайдиган оғир ва чигал масалаларни кўзда тутмоқдамиз. Аммо, аниқ-равшан масалаларда, бидъатлиги ошкор ва мункарлиги очиқ кўриниб турган ишларда албатта одамларни огоҳлантириш керак ва ҳар ким илми етганича бунга машғул бўлиши керак. Биз онги уйғоқ ёшларга, динда илм ва фиқҳга эга бўлишга интилаётган толиби илмларга насиҳат қилишни, илм олиш йўлида уларга кўндаланг бўладиган тўсиқ ва офатлардан огоҳлантиришни истадик. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, илм йўлининг охири жаннатдир. Лекин бу йўл хатарлар билан, тўсиқлар ва тойғаноқлар билан тўла йўлдир. Шундай экан: Аввало: Ёшлар ва толиби илмлар илм ўрганишдан мақсад фақат амал қилиш эканини, илм ўқишдан мақсад ибодатларни тузатиш ва муомалаларни ўнглаш эканини, ақидаларни тўғрилаш ва мусулмон киши Парвардигори ҳузурига соғлом ақида ва саҳиҳ амал билан бориши эканини асло ёдидан чиқармасинлар. Шунинг учун биз бот-бот такрорлаймизки, ёшлар, нафақат ёшлар, балки ҳар бир мусулмон киши ўз динини яхши ўрганиши, илм ўрганиш борасида тавҳид ва фиқҳни энг биринчи ўринга қўйиши зарур. Лекин, афсуски, бугунги кунда биз хулуфларнинг ҳали бу икки зарурий илмни эгалламасдан туриб ижтиҳодга доир илмларга шўнғиб кетишаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу эса ғаразнинг ёмонлигига ва ниятнинг бузуқлигига далолат қилади. Чунки, шуҳратпараст ва илмий риосатга интилувчи шахсларгина шундай қилишади. Иккинчидан: Ёшлар ва ҳар бир толиб илм одобини таълим олиши, илм ўрганиш билан бир қаторда уламоларнинг ҳурматини ўрнига қўйишни, қадимда ва кейинда ўтган имомларни эҳтиром қилишни ҳам ўргансинлар. Зеро, уламоларни ва имомларни ҳурмат қилиш шаръий вожиблардан саналади, бунга риоя қилмаган киши гуноҳкор бўлиб, жазога лойиқ бўлади. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Каттамизни ҳурмат қилмаган, кичигимизга раҳм қилмаган ва олимимизнинг ҳаққини танимаган кимса биздан эмас» (Аҳмад, Табароний, Ҳоким Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Албоний ҳасан ҳадис деган). Абдуллоҳ ибн аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у киши бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу отга миниб турганларида у кишига ҳурмат-эҳтиром изҳор қилиб, оёқлари турган узангидан тутдилар – биласиз, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу саҳобаларнинг энг олим ва фақиҳларидан бири эдилар, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳақида эса таърифга ҳожат йўқ – шунда Зайд хижолат бўлиб: «Қўйинг, ундай қилманг эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиларининг ўғли», дедилар. Шунда Ибн Аббос: «Йўқ, биз уламоларимизга ва улуғларимизга ана шундай муомала қилишга буюрилганмиз», дедилар ва Зайднинг оёқлари турган узангидан қўлларини олмасдан йўлда давом этдилар (Табароний «Ал-кабир»да (5/107), Хатиб «Ал-жомиъ»да (307-308) ва «Ал-фақиҳ вал-мутафаққиҳ»да (2/99) келтирганлар, Ибн Ҳажар «Ал-исоба»да (1/543) саҳиҳ санаган). Салафларимиз ўз уламоларига нисбатан ана шундай одобда бўлганлар. Аммо, бунгунги кунда “хулуф”ларнинг уламоларга нисбатан қилаётган беодобликларидан кишининг пешонаси тиришмай иложи йўқ. Улар уламоларнинг обрўларига чанг солмоқдалар, уларга таън етказишга ошиқмоқдалар, (агар шундай қилмасак) бизга бирон бало етишидан қўрқамиз, дейишмоқда, улар на бир мўмин, на бир олим хусусида на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Энг ажабланарлиси, улар тавҳид уламоларига тавҳид исми билан ҳужум қилмоқдалар, ўзларини ҳам, одамларни ҳам алдамоқдалар ва буни салафларнинг манҳажи деб даъво қилмоқдалар. Ваҳоланки, бу – Аллоҳга қасамки – салафлар манҳажи эмасдир ва улар салафларга нисбатан бўҳтон қилмоқдалар. Учинчидан: Ёшлар ва ҳар бир илм толиби илм ўрганиши мобайнида ўзини чигал ва оғир масалаларга машғул қилмаслиги, шубҳаларга аралашмаслиги лозим, умрини ва вақтини талашиб-тортишиш ва баҳсу мунозараларга сарфлаши керак эмас. Чунки, толиби илм агар нафсининг гапига кирса, ана шундай нарсаларга киришиб кетиб қолади. Салафлар бундай ишлардан қаттиқ огоҳлантирар, илм ўрганувчиларни бундан қайтарар эдилар. Толиби илм учун тортишишни яхши кўришдан кўра зарарлироқ нарса бўлмайди. Зеро, илм ва дин масалаларида талашиб-тортишиш айрим ҳолларда, Аллоҳ сақласин, охири куфрга элтиши мумкин. Аммо, унинг адоват ва нафратга олиб бориши шак-шубҳасиз, аниқ ва равшандир. Иброҳим Ан-Нахаий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг: «Бас, уларнинг ўрталарида то қиёмат кунигача буғзу адоватни авж олдирдик» (Моида: 14) ояти тафсирида: «диндаги хусумат ва тортишувлар» деганлар (Ибн Жарир «Тафсир»ида (10/137, №11598) келтирган). Бакр ибн Наср (ёки Бакр ибн Музор) раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло агар бир қавмга ёмонлик истаса, уларни талашиб-тортишувга тушириб қўяди ва амал қилишдан ман қилиб қўяди» (Ибн Абдилбар «Жомиъ баянил-илм»да (2/933, №1777) келтирган). Буюк имом ва хулафои рошидийннинг бешинчилари бўлган Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳдан Сиффийн кунидаги жанг ҳақида сўралганда у киши: «Аллоҳ бизнинг қўлларимизни у кунги қон тўкишлардан сақлаган экан, энди мен тилимни у куннинг қони билан булғамоқчи эмасман», деб жавоб берганлар (Ибн Абдилбар «Жомиъ баянил-илм»да (2/934, №1778) келтирган). Салафларимизнинг чигал масалалардаги одоблари мана, қандай бўлган! Аммо, бугунги кундаги хулуфларнинг – бир ҳовуч беодоб ёшларнинг – илм ўрганиш ва динда фақиҳ бўлишга интилаётган онгли ёшларни чалғитишга уринишларини, аслида эса фақат ўзларини чалғитаётганларини кўринг! Улар ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам талашиб-тортишувлар гирдобига тортишмоқда, мўминларнинг ва тавҳид аҳлининг обрўсига раҳмсизларча чанг солишмоқда, шафқатсизларча тил теккизишмоқда. Бу – қасамки – жуда катта ёмонлик ва бунинг ортидан жуда нохуш асоратлар келади. Зеро, бу мўминлар ўртасида ва хусусан толиби илмлар ўртасида ўзаро адоват ва нафрат уруғини сочишга хизмат қиладиган услубдир. Бу услуб айрим аҳли илмлар орасига келишмовчиликлар солишга улгурганига ҳам гувоҳ бўлинди. Зотан, бу мўминларнинг сафларини бўлиб ташлайдиган ва уларни бир-бирига қарши гиж-гижлайдиган қабиҳ услубдир! Тўртинчидан: Ёшлар ва ҳар бир толиби илм илмни ўз аҳлидан олишга уринишлари, имкон қадар каттароқ уламолар қўлида таҳсил олишга интилишлари, зарур бўлмаганда кичикларга мурожаат қилмасликлари лозим. Улар нотайин ва ноаниқ бўлган, илм даъвосини қилувчилардан эҳтиёт бўлсинлар. Зеро, ундайлар илм толибини фақат залолат ва ҳалокат сари бошлайдилар. Ҳамма шуни яхши билиб олсинки, ёшлар илм ўрганиш ва олим бўлиш мақсадида бошларида бир бошлиқсиз бир жойда жамланишлари салафнинг йўлидан эмасдир. Салафлардан бирлари бир жомеъга кириб, ҳалқа қуриб ўтирган бир жамоатни кўрдилар ва: «Улар нима қилиб ўтирибдилар?» деб сўрадилар. «Дин ўрганишмоқда» деб жавоб беришди. «Бошларида бирон киши борми?» (яъни, илм ва фиқҳ аҳлидан бўлган бирон шайхлари борми?), деб сўрадилар. «Йўқ», дейишди. «Ундай бўлса, ҳеч қачон олим бўлолмайдилар», дедилар. Илмда ёшларга бош бўладиган, уларни саҳиҳ илм сари етаклайдиган, уларга мураккаб илмий масалаларни ечиб ва шарҳлаб берадиган, илмнинг сир-асрорларини очиб берадиган, муаммоларга дуч келганларида тўғриликка йўллаб қўядиган бошлиқларсиз ва устозларсиз илм ўрганишга уриниш ёмон оқибатларга олиб келади. Бинобарин, илмда раҳбарларни маҳкам тутишимиз лозим. Биз учун илмда раҳбарлар раббоний уламолардир, илм, омонат, тақво, парҳезкорлик ва ҳақ сўз билан танилган, Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган ҳақиқий уламолардир. Ана ўшалар бизнинг илмдаги бошларимиз ва раҳбарларимиз бўлмоғи даркор. Биз ўшаларга итоат қилмоғимиз ва уларни маҳкам ушламоғимиз, илмни улардан ёки улар тавсия қилган кишилардан олмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган раҳбарларга (олимларга) бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59). (2-хутба)Барчамиз яхши англаб олишимиз ва хусусан илм толиби бўлмиш ёшлар огоҳ бўлишлари зарур бўлган бир иш бор. У ҳам бўлса, умматнинг забардаст уламолари ва буюк имомлари диндаги илмий ва фиқҳий масалаларда ўзаро ихтилофларга борганлар, баҳсу мунозаралар қилганлар, бир-бирларининг сўзларига раддия берганлар. Бироқ, бу улар ўртасидаги дўстликка ва меҳр-муҳаббатга раҳна солган эмас, уларнинг бу ихтилофларидан умматга бирон зарар етган эмас. Чунки, улар одоб билан мунозара қилишар, ихтилофларида шаръий усул ва қоидалардан ташқарига чиқишмас эди. Зотан, илм масалаларида, дин ва фиқҳ масалаларида мунозара олиб боришнинг ўзига хос усул ва одоблари ҳамда қонун-қоидалари бор. Истинбот аҳли бўлмиш, диннинг усул ва фуруъларидан, далил ва аҳкомларидан яхши хабардор мужтаҳид уламолар ихтилоф қилишар, бироқ уларнинг ихтилофларидан умматга бирон зарар етмас, аксинча, фойда келтирар эди. Зеро, мужтаҳид уламоларнинг ихтилофлари раҳмат ва неъматдир, жоҳилларнинг ихтилофлари эса мусибат ва кулфатдир. Чунки, жоҳиллар илм масалаларида ихтилоф қилиш у ёқда турсин, илмий масалаларда шунчаки сўз юритсалар ҳам, фасодга сабаб бўладилар. Чунки, улар онгсизларча ўзлари билмаган нарсаларини сўзлайдилар ва одобсизларча талашиб-тортишадилар. Жуда кўп ҳолларда жоҳилларнинг ихтилофлари, бошланғич ва ўрта босқичдаги толиби илмларнинг ихтилофлари жанжалга, ўзаро адоват ва нафратга, бир-бирларига лой чаплашга сабаб бўлади. Аммо, мужтаҳид уламолар бу динни яхши билганлари ва илму фиқҳдан чуқур билимга эга бўлганлари учун уларнинг ихтилофлари умматга фойда келтиради. Шу боис Раббимиз азза ва жалла мушкул масалаларни уламоларга қайтаришга буюрган: «Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83). Ушбу ояти каримадаги бошлиқлардан мурод уламолардир. Ояти карима улар ичидан олий ва юксак бир табақани хослади, улар илмда мустаҳкам бўлган зотлардир, уларни бошқаларга ўргатадиган истинбот аҳли деб атади, улар фуқаҳолардир. Эй парвардигор, бу умматнинг имомларидан ва барча уламоларидан рози бўл, уларнинг барчаларини раҳматингга ол. Уларнинг фақиҳлари, муҳаддислари, муфассирларию адибларини Ўз марҳаматинг ила бурка. Хусусан тўрт имом: Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмадларни раҳмат қил. Эй Аллоҳ уларга бизнинг ва бутун Ислом умматининг номидан яхши мукофотларни бергин. Омин. |