асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Таътилларни ибодатга айлантирайлик2410 марта кўрилган Муаллиф: Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Мисрий Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Ҳар қандай вақту ҳолатда Ўзига тоат-ибодат қилиш имконини яратиб, қандай маконда бўлмасин, ибодат йўлини енгиллаштириб қўйганлиги Аллоҳ таолонинг бандасига берган тавфиқидир. Аллоҳ таоло бандаларини яратган экан, уларни ўткинчи нарсалар ва ишлар чалғитмаслиги, бинобарин, Ўзи томон йўналишлари, Ўзинигина қасд қилишлари учун, уларни нима мақсадда яратган эканлигини очиқ баён қилиб қўйди: "Мен жин ва инсонларни Ўзимгагина ибодат қилишлари учун яратдим". ("Тур" сураси, 56-оят.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга айтдилар: "Ё Муоз, Аллоҳнинг бандалари зиммасидаги, бандаларнинг эса Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари нима эканини биласанми?! Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи Унга ибодат қилиб, бирон нарсани шерик қилмасликлари, бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳақлари эса, Унга бирон нарсани шерик қилмаган одамни азобламаслигидир!" (Муттафақун алайҳ). "Ибодат" сўзи тилга олинар экан, кўпчилик ушбу катта вазифа ва кенг маънонинг фақат бир тарафини – Исломнинг фарз рукнларини ҳамда шу рукнларга илова қилинган ва улар жинсидан бўлган ихтиёрий-нафл ибодатларни тушунади. Ҳолбуки, "ибодат" – Аллоҳ суйган ва рози бўлган ботиний ҳамда зоҳирий сўз ва амалларни ўз ичига олган исмдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берган кўрсатмалар асосида яхши ният ила қилинган ҳар бир амал – ибодатдир. Ҳатто, одатлар, нафс истаклари – кишининг суйган ва интилган нарсалари ҳам агар яхши ниятга боғланса ва у билан Аллоҳ розилиги қасд қилинса ибодатга айланиб, қилган одам савобга эришаверади. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан баъзилари: «Ё Расулуллоҳ, бойлар ажрларни олиб кетишди! Улар биз намоз ўқигандек намоз ўқишади, биз рўза тутгандек рўза тутишади ва молларининг ортиқчасини садақа қилишади»,- дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло сизлар учун ҳам садақа қиладиган нарсаларни қилиб қўймадими? «Субҳаналлоҳ» дейишлик садақа, «Аллоҳу акбар» дейишлик садақа, «Алҳамдулиллаҳ» дейишлик садақа, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишлик садақа, яхшиликка буюриш садақа, ёмонликдан қайтариш садақа ва ҳатто (ўз аёлларинг билан қилган) жинсий алоқаларинг ҳам садақадир»,- дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бир киши ўз жинсий шаҳватини қондирса, шунга ҳам ажр бўладими?»,- деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар уни ҳаром йўл билан қондирганида гуноҳ бўлармиди?! Худди шунга ўхшаб, ҳалол йўл билан қондиргани учун унга ажр бўлади»,- дедилар». (Имом Муслим ривояти.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳуга: "Аллоҳни қасд қилиб берган ҳар бир нафақангга, ҳатто аёлингнинг оғзига соладиган бир луқмангга-да, савоб оласан"- деганлар. (Муттафақун алайҳ). Биз ёзги таътиллар бўсағасидамиз. Бу таътилда фарзандларимиз ўқишларидан бўшаб, ҳордиқ чиқарадилар. Кўплари тунларни бедор ўтказиб, тонгга яқин донг қотиб, бомдод намозини қазо қиладилар. Менинг бу чақириғим ҳам ўзимизда, ҳам фарзандларимиз ҳаётида ибодатнинг кенг қамровли маъноларини жонлантириш, таътилларини илк кунларидан охирига қадар улар учун ҳам, ўзимиз учун фойдали ва савобли ўтказиш лозимлигини уқтиришдан иборатдир. Баъзи хонадонларда шундай қийматли кунларнинг ва бебаҳо онларнинг зое кетганини кўриш ачинарли ҳолдир. Улар тоат-ибодатсиз, солиҳ амалсиз, қисқаси, ажру савобсиз гуноҳ ва маъсият ишларда ўзларини ҳам, фарзандларини ҳам чарчатмоқдалар, бойликларини совурмоқдилар. Кейинги пайтларда одамлар ўртасида ўзларининг яратилишларидан бўлган мақсаддан ғофил бўлиш, ўз шахсиятлари билан ёлғиз қолиб жамиятдан узоқлашиш ва кўнгил очиш мақсадида турли нохуш йўлларга қадам қўйиш илдиз отди. Натижада баъзи одамлар таътил пайтида ва бўш вақтларида Аллоҳга ибодат қилишдан бутунлай қутулиш, шайтонга ибодат қилиш ва унинг йўлларидан юришни одат тусига киритдилар-да, шайтон тузоқларига тушдилар. Бу уларнинг таътиллари ичида тўлиб-тошган тасарруфларида, кўнгилочар ўринларда, истироҳат боғларида ва турли базм кечаларида ўтказадиган ибодатсиз бедорликларида, уялмасдан уйқу билан намозларни қазо қилишларида, куфр ва ҳаёсизлик ҳукмрон бўлган ўлкаларга сафар қилишларида, нафсларига у истаган катта ва ҳалокатли гуноҳларни қилишга имконият яратишларида, нафсларини қондириш учун шаҳватларга катта йўл очишларида очиқ намоён бўлмоқда. Гўё таътил тушунчаси кенгайиб, нафс-ҳавони қондириш йўлида ҳамма нарсани, ҳатто Холиқига ибодат қилиш ва Унинг итоатидан чиқиш эркинлигини ҳам бергандай бўлиб қолди!! Бу аччиқ ҳақиқат ўзимиз, оиламиз ва яшаётган жамиятимизни Аллоҳ хоҳлаганидек РАББОНИЙ қилиш йўлида тушунчаларимизни бир бошдан кўздан кечириб, хатоларни тузатиш учун интилиш, жиддийлик сари одим ташлаш масъулиятини зиммамизга юклайди. Менимча, ҳар бир мусулмоннинг дилида оиласи билан биргаликда таътил кунлари қилишга мўлжаллаб қўйган эзгу ишлари бўлади. Ҳамма ўз ишини ўзи билади. Бироқ, эслатиш мўъминлар учун фойдалидир. Шунинг учун ҳам мен уларга баъзи солиҳ амалларни эслатиб ўтишни ўз вазифам деб билдим. Ҳар бир киши бу ишлардан шароити ва имкониятларига қараб танлаб олиши мумкин. Агар уларнинг барчасини қила олса, нур устига нур бўлади. Бу ишлар кишига ниятини чиройли қилишдан бошқа бирор мажбурият юкламайди: Аллоҳ учун энг севимли ва фазилатли бўлган ерлар - Маккадаги Масжидул-Ҳаромни ва Мадинадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини умра, намоз ўқиш ва дуо қилиш мақсадида зиёрат қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Фақат учта масжид – Масжидул-Ҳаром, Менинг бу Масжидим ва Масжидул-Ақсо (зиёрати)нигина қасд қилиш дурустдир." (Муттафақун алайҳ.) "Умра (келгуси) умрага қадар ўртадаги гуноҳ ва хатолар учун каффоротдир." (Муттафақун алайҳ.) "Менинг Масжидимда ўқилган намоз Масжидул-Ҳаромдан бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан, Масжидул-Ҳаромда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган юз мингта намоздан афзалдир." (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари.) Мадина шаҳридаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидини зиёрат қилган киши Қубо масжидини ҳам зиёрат қилиши ва у ерда намоз ўқиш суннат эканини унутмаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар шанба отлиқ ёки пиёда Қубо масжидига бориб, у ерда икки ракаат намоз ўқир эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам айтганларки: "Ким (уйидан) чиқиб бу масжид – Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, унга умра савоби берилади". (Имом Насоий ривояти.) Бўш кунларда ёки таътил пайтида қилиш мумкин бўлган солиҳ амаллардан яна бири - қариндошларни зиёрат қилишдир. Биз бундай зиёратни амалга ошираётганлар камайган, аксинча қариндошлик алоқаларини узаётганлар кўпайган замонда яшамоқдамиз. Кўнгиллар, унда ўрнашган бахиллик сабаб бир-биридан узоқлашиб кетган. Дунё муҳаббати ўрнашгани ва дунёга эришиш йўлида рақобатлар кучайгани сабабли, нафратланиш ҳам кучайган. Одамлар ичида қариндошлик алоқаларини энг яхши қилаётгани – ўзига қилинган алоқага жавоб тариқасида алоқа қилаётган киши бўлиб қолди. Мўъмин киши таътиллар бошланишини кўплаб савобларга эришиш ва катта гуноҳлардан қутулиш ниятида, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, анчадан бери кўра олмаган кишиларини зиёрат қилиб олиш учун ғанимат билади. Аллоҳ таоло айтади: "Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар Ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир"("Муҳаммад" сураси, 23-оят.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ризқи мўл ва умри узоқ бўлишини ҳоҳлаган одам, қариндошлари билан борди-келди қилсин!" (Имом Бухорий ривояти.) "Дунё тўрт тоифа одам учундир: 1) Аллоҳ бойлик ва билим ато этган ва булар ҳақида Роббисидан қўрққан ҳамда қариндошлари билан борди-келди қилган ҳамда бойлигидаги Аллоҳ ҳаққини билган банда. Бу банда энг мартабали мақомдадир; 2) Аллоҳ билим берган, бироқ бойлик бермаган, "Агар менинг бойлигим бўлса фалончидек (солиҳ) ишларни қилар эдим"- деб чин ният қилган банда. У ўз нияти билан бирга ва икковининг ҳам савоблари тенгдир; 3) Аллоҳ бойлик ато этган, бироқ билим бермаган, натижада бойлигини ўзбошимчалик билан сарф этган: на Роббисини таниган, на қариндошлари билан борди-келди қилган ва на бойлигидаги Аллоҳнинг ҳаққини билган банда. У энг ёмон мақомдадир; 4) Аллоҳ на билим ва на бойлик ато этган ва: "Агар менинг бойлигим бўлса фалончидек (гуноҳ) ишлар қилар эдим"- деб қилган нияти биландир. У икковининг ҳам гуноҳлари баробардир"; (Имом Термизий ва Аҳмад ривоятлари.) "Борди-келди қилган одам – (қариндошлари) келганлиги учун борди-келди қилган одам эмас, балки, қариндошлик ришталари узилганида боғлаган одамдир". (Имом Бухорий ривояти.) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтди: "Мен: "Ё расулуллоҳ, менга фазилатли амаллардан айтиб берсангиз?"- дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй Уқба, қариндошлик ришталаринг узилган ақраболаринг билан борди-келди қил, сенга бермаганларга (бойлигингдан) бер, (сенга) зулм қилганлардан юз ўгир!"- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти.) Таътил кунлари қилинадиган солиҳ амалллардан бири - Аллоҳ йўлида дўстлашган биродарлар ҳолидан хабар олиш ва беморларни зиёрат қилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ким касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, (фаришталардан) бир нидо қилувчи унга: "Хуш бўлдинг ва босган қадамларинг ҳам хуш бўлди! Жаннатдан бир мақом тайёрладинг!"- деб нидо қилади" (Имом Термизий ва Аҳмад ривоятлари.) "Мусулмон дўстини кўриш учун борган одам то бориб ўтиргунича жаннат меваларидан териб юриб боради. Ўтирса, уни раҳмат ўраб олади. Эрталаб борган бўлса оқшомгача, кечқурун борган бўлса тонггача у учун етмиш минг фаришта истиғфор айтади". (Имом Ибн Можа ривояти.) Қодир бўлганлар учун солиҳ амалларнинг энг афзали – онгли равишда ҳикмат ва чиройли мавъиза билан Аллоҳ йўлига даъват қилиш, одамларга илм ўргатиш ва диний масалаларда билимларини оширишда кўмакчи бўлишдир. Аллоҳ таоло: "Аллоҳ йўлига даъват этган, солиҳ амалларни қилган ва: "Мен мусулмонлардан бириман!"- деган одамнинг сўзидан кўра чиройлироқ сўз борми?!"- деди. ("Фуссилат" сураси, 33-оят.) Дарҳақиқат, даъват – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли ва вазифаси эди: "Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман»". ("Юсуф" сураси, 108-оят.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким бир ҳидоят йўлига-яхшиликка чорласа, унга ўзига эргашган кишиларнинг ажрича ажр берилади ва бу эргашганларнинг савобларидан бирон нарсани камайтирмайди"- дедилар. (Имом Муслим ривояти.) Бирон кимса буни оғир ва машаққатли юмуш, деб ёки бу ёлғизгина уламолар, устозлар ва толиби илмларнинг вазифаси, деб айтмасин. Зотан, бирон нарсани билган ёки тушунган одамга, шу билган ва тушунган нарсасини бошқаларга етказиши вожиб бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар!"- деганлар. (Имом Бухорий ривояти.) Даъват сафарга отланган одамдан кўп нарсани талаб қилмайди. Жомадонига сиққанича бир неча Қуръон Карим, диний рисолалар ва тасмалардан жойлаб, борган жойида одамларга тарқатсин ёки совға қилсин. Шояд шу билан бирон адашган кимса ҳидоятланар, унутган одам эслар, билмаган ўрганар ва сайёҳга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилган савоблар тегар: "Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Аллоҳ сиз сабабли бир кишини ҳидоятлаб қўйиши, сизга қизил туялар берилишидан кўра яхшироқдир!" (Имом Бухорий ривояти.) "Бандага ўлганидан сўнг бу дунёда қилган амаллари ва яхшиликларидан тарқатган илми, қолдирган солиҳ фарзанди(нинг дуоси) ва мерос қилиб қолдирган Қуръон(нинг савоби)... етиб боради". (Имом Ибн Можа ривояти.) Таътилларда одамлар савоб олишлари мумкин бўлган, бироқ кўпинча унутиб қўйишадиган нарса – яхши ниятдир. Улар кўнгил очиш ниятидагина узоқ сафарларга отланишади, анча-мунча масофаларни босиб ўтишади. Бу ҳам аслида ёмон эмас, бироқ дунёқараши кенг бўлган мусулмон нафсига ёқимли бўлган бу ишни ҳам савобли ибодатга айлантира олиши мумкин. Бунинг учун эса ниятини чиройли қилишнинг ўзи кифоя. Оқибатда у ҳам рафиқаси ва фарзандларининг кўнгилларига шодлик олиб кирган, фарзандларининг вақтларини зое бўлишдан, ўзларини эса ёмон ўртоқлардан ҳимоя қилган, шу билан бирга уларни муқаддас ерларга олиб бориш орқали ўзи билан улар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаган бўлади, шу вақтнинг ўзида яхши нияти туфайли бу ҳаракатлари ибодатга айланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Амалларнинг Аллоҳга суюмлироғи – мусулмонга шодлик бахш этишингиздир ". (Имом Табароний ривояти.) Эй биродарлар, Аллоҳдан У зот лойиқ бўлганидек тақво қилингиз! Аллоҳга мудом ибодат қилиб, унинг нигоҳбонлигини унутмангиз! Ёдингиздан чиқармангки, банда дунё ишларидан таътилга чиққан, оиласи ва ўлкасидан узоқларда бўлса ҳам, охират ишларини ташлаши, Аллоҳнинг амрларини бажо келтиришда сустлик қилиши мумкин эмас. Чунки, жони танидан чиққанидагина зиммасидаги масъулиятлар соқит бўлади. Аллоҳ таоло бандасини кузатиб туради. Ундан содир бўлган кўзларнинг хиёнатию қалбларда яширинган розларгача ҳамма нарсани билади. Аллоҳ таоло айтди: "То сизга аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Роббингизга ибодат қилинг!" ("Ҳижр" сураси, 99-оят.) "Агар сизлар бирон нарсани ошкор қилсангизлар ё яширсангизлар, албатта (Аллоҳ билади). Зеро Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир" ("Аҳзоб" сураси, 45-оят.) "(Эй Муҳаммад), сиз қандай иш (билан) машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта Биз сизларнинг устингизда гувоҳ бўламиз. Еру осмондаги бир зарра мисқоличалик, ундан ҳам кичиқроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Роббингиздан махфий қолмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмишида) мавжуд бўлади". ("Юнус" сураси, 61-оят.) Таътил пайтидаги солиҳ амаллардан баъзилари - ибодатларни масжидларда адо қилиш, ундан ҳам афзали илм ўрганиб, ўргатишдир. Бу илмларнинг энг мўътабари – Қуръон ёдлаш ва ёдлатишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Сизларнинг энг яхшингиз – Қуръонни ўрганиб, ўргатганингиздир". (Имом Бухорий ривояти.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизлардан биронтангиз ҳар куни Бутҳон ёки Ақиққа бориб, гуноҳ (ишларга қўл урмай) ва қариндошлик ришталарини узмай, у ердан катта икки ўркачли икки туяни олиб келишни яхши кўрадими?"- деб сўрадилар. Саҳобалар: "Ҳа, ё расулуллоҳ, буни яхши кўради!- деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга айтдилар: "Сизлардан бирингиз масжидга бориб Аллоҳнинг Китобидан икки оят ўрганиши ёки ўқиши икки туядан, уч оят (ўрганиши ёки ўқиши) учта туядан, тўрт оят (ўрганиши ёки ўқиши) тўртта туядан, (ўрганган ёки ўқиган) оятлар сони шунча туя сонидан кўра ўзи учун яхшироқ эканини билмайдими?!". (Имом Муслим ривояти.) Кейинги пайтларда Аллоҳ таоло бандаларига ато этган ва кўплаб шаҳар-қишлоқларда ёйилган ёзги оромгоҳлар (ёки масжидлар)даги Қуръон Каримни ўрганиш ва ўргатиш мавсумий давраларининг очилиши, катта неъматлардандир. У ерда Қуръонни ёдлаш ва ёдлатишга катта эътибор берилмоқда. Аллоҳ Ўзи суйган кишиларни бу фикрга йўллаб, уларга тавфиқ ато этди. Аллоҳ уларга каттадан-катта савоблар берсин! Алҳамдулиллоҳ, қисқа муддат ичида у ердан кўплаб қорилар, жумладан, Қуръон ёдлашни орзу қилган, бироқ ўзлари учун хаёл деб билган талайгина одам, Қуръонни ёдлаб чиқди. Улар пайдо бўлган имкониятдан фойдаланишга шошилдилар, бу давралар сари интилиб, мақсадларига эришдилар. Аллоҳга ҳамдлар айтиб, сабру бардош билан меҳнатларининг самарасини кўрдилар: энг яхши Китобни ёд олдилар, юракларига энг гўзал сўзлар ўрнашди. Биз бу неъматга сазовор бўлганларни чин юракдан табриклаймиз! Аллоҳ таолодан эса бизни ва биродарларимизни Қуръон Каримни ёд олишга муваффақ қилишини сўраймиз. Ёзги таътиллар – катта фурсатдир. Унга, имконияти бор одамлар ичида фақат жоҳилларгина бепарво қарайди. Ўзимиз шундай давраларга қатнаша олмас эканмиз, нега фарзандларимиз учун бу фурсатни қўлдан чиқарамиз? Нега уларни бу давраларга рағбатлантириб, Аллоҳ таолонинг катта мукофот ва савобларини олишга қизиқтирмаймиз? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Қуръонни ўқиб, ўрганиб, унга амал қилган кишига Қиёмат кунида нурдан ясалган, нури қуёшнинг нуридек бўлган тож кийдирилади. Ота-онасига қиймати Дунёдан ҳам ортиқ бўлган икки кийим кийдирилади. Улар: "Бизга бу кийимни нега кийдирилди?"- деб сўраганларида: "Фарзандингизнинг Қуръонни ёдлагани учун!"- деб жавоб берилади". (Ҳоким ривояти.) Аллоҳу Акбар! Эй Аллоҳнинг бандалари, бундан ҳам каттароқ савоб, эҳтиром, бундан кўра қийматли мукофот бўлиши мумкинми?! Нурдан ясалган тож, Дунёдан кўра яхшироқ икки кийим!! Бунинг сабабчиси - фарзандга берилган Қуръон таълими, холос! Қайси ота бу катта ва қийматли мукофотдан воз кечиши мумкин?! Қайси ота бу мукофотни умид ва талаб қилмаслиги мумкин?! Ҳой одамлар, Аллоҳнинг уйлари – масжидларга шошилинг! Ёппасига Қуръон ўқишга шошилинг! Ахир Қуръонимизни унутсак, бизга қайси китоб қолади?! Қуръонни биз ўрганмасак, Уни ким ўрганади?! Қуръонни ташлаб қўйсак ёки Унга бепарво қарасак, Уни ким ўргатади?! Эй бадавлат одамлар! Эй, Аллоҳ таоло неъматлар ато этиб, эҳтиёжидан ортиқ нарсалари бўлган биродарлар! Бу давраларга ёрдам бермай қаерларда юрибсиз?! Нимани кутаяпсиз?! Пулларни нимага ғамлаяпсиз?! Уларни қачонгача босиб ётасиз?! Бу давраларга сиз ёрдам бермасангиз, кимлар ёрдам беради?! Сиз Аллоҳдан савоб умид қилмасангиз, кимлар савоб илинжида дунёсини сарфлайди?! Сизни ўлим ва қабрдан бошқа нарса кутмаяпти. Дафн этилишингиз биланоқ бойликларингиз меросхўрлар ўртасида тақсимланади. Сўнгра, минглаб инсонлар каби сизни ҳам унутадилар. Ҳаётингиз тугайди. Амалларингиз тўхтайди. Ёнингизда қилган ишларингизгина қолади: дуо қилган солиҳ фарзанд, фойдали илм, доим истеъмолда бўлган садақа... Қайси илм ва қайси садақа Аллоҳ Китобини ўргатишдан афзал бўлиши мумкин?! Шошилинг! Шошилинг! Умрингизнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билинг! Жонингизни жаҳаннам оташидан садақаларингиз билан қутқаринг: "Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на оқлов бўлмайдиган кун келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир". ("Бақара" сураси, 254-оят.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Дарҳақиқат, садақа ўзини берган одамдан қабр ҳароратини сўндиради. Мўъмин Қиёмат кунида садақасининг сояси остида бўлади". (Табароний ва Байҳақий ривоятлари.) Жаннатни орзу қилганлар қаерда?! Сердаромад тижоратни излаганлар қаерда?! Катта ва қат-қат савобларни умид қилиб, нажотга эришганлар сафида турмоқчи бўлганлар қаерда?! Улар қаерда?!! Келсинлар ва Аллоҳ таолонинг ушбу оятларининг мағзини чақсинлар!! Аллоҳ таоло айтди: "Роббиларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар — ана ўшалар учун охират диёри бордирки, (у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирадилар" ("Раъд" сураси, 22,23-оятлар.) "Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб беради ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам тақдим қилади. Албатта У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)" ("Фотир" сураси, 29,30-оятлар.) "(Эй инсонлар), Аллоҳга ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салом)га иймон келтиринглар ҳамда У зот сизларни ҳалифа қилиб қўйган нарсалардан (яъни вақтинча қўлларингизда турган эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларнинг қўлларига ўтиб кетадиган Аллоҳ берган мол-давлатдан) инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир" ("Ҳадид" сураси, 7-оят.) "Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар" ("Тағобун" сураси, 16-оят.) "Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда.) Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир". ("Бақара" сураси, 261-оят.) Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, У зотнинг аҳли-оиласи ва саҳобаларига ҳамда то Қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларнинг барчасига салавоту саломлар йўлласин. Сўнгги дуомиз: "Барча ҳамду санолар Аллоҳга бўлсин!". |