Сешанба 3 Декабрь 2024 | 1 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тафоул (яхшиликка йўйиш, некбинлик) ҳақида

2969 марта кўрилган

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий
Ислом Нури таржимаси

Буюклик ва улуғликда ягона бўлган, ўхшаш ва тенгдошлардан олий бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.. Мен Уни мақтайман, Унга шукроналик бажо келтираман.. У бизларга Ўзининг фазлу марҳаматини ёғдирди. Ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ эканига гувоҳлик бераман.

Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси, пайғамбари, халқи ичидан танлаб олган элчисидир.. Унга эргашган ва унинг шариатини ҳукмрон қилганларга зафар ва дунё-ю охиратда нажот битилгандир. Аллоҳ у зотга, унинг аҳли ва асҳобига, шунингдек то қиёматгача уларга яхшилик билан эргашганларга саловоту саломлар йўлласин.

Аммо баъд..

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло дунёни яратгач, уни битта йўл устида юрадиган қилиб қўймади, балки унда яшаб турган инсонлар ҳар турли йўлларга кириб, ҳар хил ҳолатларга дучор бўладилар.

(Шеър мазмуни:)

Саккиз нарса борки, ҳамма одамларга жорий бўлади
Инсон зоти бу саккиз нарсага йўлиқмай иложи йўқ.
Шодлик, ғамгинлик, жамланиш, ажралиш,
Енгиллик, оғирлик, касаллик, соғлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёда босиб ўтилиши фараз қилинган ушбу ҳолатларнинг барчасига Аллоҳ таоло у зотга ато этган тафоул (яъни яхшиликка йўйиш, некбинлик) сифати билан юзланардилар. Зеро, некбинлик ва бағрикенглик Ўз пайғамбарига ато этган ғоят олийжаноб сифатлардан ва мақтовли хислатлардан эди.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ишларида ва барча ҳолатларида – уйда ҳам, сафарда ҳам, урушда ҳам, тинчлик ҳолатида ҳам, очлик ва ташналик ҳолатида ҳам бир хилда, бошларига келган ишни яхшиликка йўяр ва умидсизликка тушмас эдилар.. Энг оғир вазиятларда ҳам асҳобларига душман устидан ғалаба ва фатҳ хушхабарини берардилар..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага ҳижрат қилган кунларини эсга олинг.. Маккада эканларида ёлғончи саналиб, тазйиқларга дучор бўлганларидан сўнг Ислом ва даъват учун янги бир макон излаб, саҳролар оралаб йўлга отландилар. У зот ўзларини тутиб келган кишига кофирлар кўпдан-кўп мукофотлар ваъда қилишганини билгандилар. Бироқ, шу ҳолда ҳам хотиржам ва келажакка ишонч билан боқиб турардилар.. Ҳа.. Ҳасрат ва умидсизликдан улуғворлик туғилмайди..

Сўнгра Суроқа ибн Молик мукофот илинжида у зотнинг изларига тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга боқиб, мустаҳкам ишонч ва некбинлик билан: «Эй Суроқа, (Форс шоҳи) Кисронинг билагузукларини таққан кунинг қандай бўлиб кетаркинсан-а?!», дегандилар..

Шу сафарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қоронғи ғорга яшириниб, тақир ерда ётдилар. Кофирлар келиб, атрофда изғиб юришган ва оёқ остига қарашса, уларни топиб олишадиган бир ҳолда у зот ўта хотиржамлик ва некбинлик билан ҳамроҳларига: «Эй Абу Бакр, учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима гумондасиз?!», дегандилар..

Ҳа.. Некбинликни ҳаёт йўлига айлантириб олган кишилар у билан ўз улуғворликларини яратадилар, у билан бошларини ғоз тутадилар, у билан ҳаётларида фақат олға интиладилар, у билан чўққиларни забт этадилар, кўз илғамас юксакликларга кўтариладилар. У қоронғу зулматлар аро нурдир, тангликлар кучайган пайтда чиқиш йўлидир, оғир кулфатлар ичра нафас ростлашдир, у билан муаммолар ҳал бўлади, мушкилликларга ечим топилади.

Аммо, бадбинлик ва умидсизлик эса нажот ва муваффақият сари элтмайдиган асосий сифатлардир. Бу икки сифат кишини динга хизмат қилишдан узоқлаштиради, Аллоҳ азза ва жаллага бўлган алоқасини сусайтиради. Шунинг учун бадбинлик ва умидсизлик бадбахт мунофиқлар сифати бўлди..

Аҳзоб жангини эсга олинг.. Мўр-малахдек ёпирилиб келиб, Мадина атрофига тўпланган мушрик тўдаларнинг куч-қудрат ва қурол-аслаҳаларини кўриб, уларнинг саноқлари беҳисоб даражада кўплигидан юраклари чиқиб кетган мунофиқлар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар..

Аллоҳ таоло мунофиқларнинг бадбинликлари ва умидсизликка тушишларини шундай мазаммат қилди: «Балки сизлар пайғамбар ва мўминлар (бу сафарларидан) ўз аҳли-оилаларига ҳеч қачон қайтиб келмайдилар, деб ўйладинглар ва бу дилларингизга чиройли кўриниб, ёмон гумон қилдинглар ҳамда ҳалок бўлувчи қавм бўлдинглар!» (Фатҳ: 12).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларини янги бошлаган пайтдан ҳаётга некбинлик билан қараган эдилар. У зот ҳасрат ва оҳ-воҳ чекиш билан юксакликка етишиб бўлмаслигини билардилар. Ҳаётларида бирон бир мусибат содир бўлса, унга некбинлик билан қарардилар.. Макка кўчаларида юрарканлар, одамларнинг у зотга: «Эй қаҳрамон, эй амин, эй донишманд, эй оқил» деб мурожаат қилишларини эмас, балки бир кўчада бораётганларида: «эй мажнун!» дейишларини, иккинчи кўчага бурилсалар: «эй сеҳргар!» деган масхарани, учинчи кўчага ўтсалар: «эй каззоб!» деган камситишларини эшитардилар.. Ҳақорат шу даражага чиққан эдики, у кишини «Муҳаммад» деб атамас эдилар.. Чунки, Муҳаммад – мақтовли сифатлар эгаси деган маънони билдирарди. Бунинг ўрнига у зотни «Музаммам», яъни айбли сифатлар эгаси деб чақиришарди. Хотин-халажлари йўл устига чиқиб олиб: «Музаммамни ёмон кўрамиз, унинг динидан юз ўгирамиз», деб қичқиришарди.. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шуларнинг ҳаммасига некбинлик назари билан боқардилар, сўкиш ва ҳақоратларга худди лочин ўлаксадан юз ўгиргани каби юксакликдан туриб қарардилар. Тўла некбинлик билан асҳобларига айтардилар: «Қизиқ, Аллоҳ таоло Қурайшнинг сўкиш ва ҳақоратларини мендан қандай буриб юбораётганига қаранглар! Улар Музаммамни сўкишмоқда, Музаммамга лаънат ёғдиришмоқда.. Мен эса Муҳаммадман» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳа.. (Шеър мазмуни:)

Замонанг илон бўлса, сен малҳам бўл,
Бошқалар заҳар бўлса, сен асал бўл.
Ҳаёт сенга барча хазиналарини очиб қўйди,
Сен энди ҳаётга айрим нарсаларда бахиллик қилма.
Яхшилик қил гар мукофотини кўрмасанг ҳам,
Ёмғирли булут сендан бирон мукофот кутмайди-ку!
Хушбўйлик сочиб турган гулга ким мукофот беради?!
Ёқимли куйлаётган булбулни ким ҳам мукофотлайди?!

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир умр некбин бўлиб яшаб ўтганлар.. Қаранг, у зот оғир ва машаққатли жангдан қайтиб келмоқдалар, бир қанча асҳобларидан айрилганлар.. У зот билан ёнма-ён туяда завжалари Оиша розияллоҳу анҳо келаётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Сизлар олдинроқда кетинглар!» деб буюрдилар, сўнг: «Эй Оиша, тушинг туядан! Мен билан ким ўзарга чопасизми?», дедилар.. Шу билан у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан алам-оғриқларни, умидсизлик ва нохуш кайфиятни қувдилар. Шундай оғир лаҳзаларда ҳам ҳаётга некбинлик назари билан боқишга ва аёллари билан кўнгилхушлашишга ўзларида куч топдилар..

Мўмин биродарлар! Аллоҳ жалла ва ало қуёшни кўрган пайт унинг қиздиришидан сиқилиш ўрнига нуридан баҳри дили очиладиган, денгизни кўрганда сувининг шўрлигидан зорланиш ўрнига унинг гўзаллигидан баҳра оладиган, ярим қилиб сув қуйилган косанинг бўш қисмига эмас, сувли қисмига қарайдиган некбин кишиларни яхши кўради..

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло бандаларидан некбинларини яхши кўришини хабар бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига насиҳат қилиб айтганларки: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Мен бандамнинг Мен ҳақидаги гумонидаман. Мен ҳақимда у истаганича гумонда бўлсин», дейди. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирон киши фақат Аллоҳга яхши гумон қилган ҳолда вафот этсин», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна хабар берганларки, бир киши одамларга қарз берар ва хизматкорига: «Агар қийналган одам бўлса, қарзини кечиб юбор. Шояд Аллоҳ бизнинг (гуноҳларимизни) кечиб юборса», дер эди. Ҳалиги банда Аллоҳга рўбарў бўлганида, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиб юборди (Имом Бухорий ривояти).

Бу одам ундан қарз олиб, бермай юрган кишиларга некбинлик билан қараб, яхши гумонда бўлар, Аллоҳ агар улар менинг молимни қайтариб бермасликларини тақдир қилган бўлса, мен улардан кечиб қўяверай, шояд шу ишим сабаб бўлиб, Аллоҳ ҳам менинг гуноҳларимни кечса, деб, Аллоҳ таолога нисбатан яхши гумонда бўларди. Охир-оқибат унинг Парвардигорига бўлган гумони ҳақ бўлиб чиқди..

Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт йўлларини кузатсангиз, у зотнинг ҳамма вақт некбин бўлганларини, ҳар доим некбинлик, умидворлик ва Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлганларини, заррача яхшилик олиб келмайдиган бадбинлик ва ёмон гумондан узоқ бўлганларини топасиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни ҳам шундай бўлишга буюрардилар. Агар бирон кишининг бошига бир мусибат тушганини кўрсалар, унга ўша мусибатининг яхши қирраларини кўрсатиб берар ва шу билан уни некбинлик йўлига йўллаб қўярдилар. «Саҳиҳ Бухорий»да ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор ётган бир аъробийни кўргани кирдилар. (У зотнинг одати шарифалари шу эдики, агар беморни кўргани кирсалар, унга: «Ла баъса, тоҳурун иншааллоҳ» «Ҳечқиси йўқ, (гуноҳлардан) покланиш, иншооллоҳ» дердилар.. Яъни, сенга етган бу касаллик гарчи жисмингга оғриқ бериб, сени ишларингдан тўсган ва дунёингдан узган бўлса-да, лекин сен унинг яхши тарафларига некбинлик билан қарагин. Зеро, у сени гуноҳларингдан поклаб, ажру савобингни зиёда қилади, дилингни юмшатади ва эҳтимолки сени айрим гуноҳлардан юз ўгиришингга сабаб бўлади, деган маънони ифодалардилар).. Шундоқ қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша аъробийни кўргани кириб, унга ҳам: «Ла баъса, тоҳурун иншааллоҳ», дедилар. Лекин, аъробий бадбин кимса эди.. У касалликнинг фойдали ва ёруғ томонларига қарамади, балки фақат қоронғи томонига қаради.. Шу боис у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Сиз тоҳур дейсиз.. Йўқ, куйдирувчи бу иситма охири бу чолни гўрга киритгай», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Майли, унда (сен айтганча бўлақолсин)», дедилар. Яъни, модомики сен бу касаллик ўзинг учун бало ва ўлимга айланиб, сени қабрга киритишини истаркансан, хўп, сен айтганча бўлсин унда, деб, унинг ҳузуридан чиқиб кетдилар. Ҳалиги одам ўша соатда вафот этди. Зеро, у ўзининг зиёнига дуо қилганди...

Бухорийда келган ривоят мазмунига кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Аби Ваққосни кўргани кирдилар. Саъд Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Маккага келганида касал бўлиб қолган эди. Саъд Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни беморлиги сабабли Маккада қолдириб, ўзлари Мадинага қайтиб кетишларини ўйлаб, ғамга чўмганди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргач, ҳаққига дуо қилдилар. Сўнг чиқиш учун қўзғолдилар. Шунда Саъд: «Ё Расулуллоҳ, мен асҳобларимдан қолиб кетаманми?», деди. Яъни, беморлигим чўзилиб, шу ерда вафот этаманми ва қолиб кетаманми, сизлар эса Мадинага қайтиб кетасизларми, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўгирилиб, некбинлик дорисидан бир қултумгина ҳадя қилдилар. Айтдиларки: «Йўқ, шояд сиз Маккада қоласиз ва умрингиз узун бўлади, ҳатто айрим қавмлар сиз сабабли шодмон бўлишади, айримлар эса ғамга ботишади», дедилар.. Дарҳақиқат, Саъд ибн Аби Ваққос тузалиб кетиб, узоқ умр кўради, ҳатто (ҳазрат Умар халифаликлари даврида бўлган) Қодисия жангида ҳам иштирок этади..

Мусулмон биродарлар! Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўрганиб, унда у зот бадбинлик билан кутиб олган биргина ҳодисани-да тополмадим. Балки, у зотнинг сўзлари орасидан бадбинлик, оҳ-воҳ, заифлик ҳиди анқиган биргина калимани-да топишга қодир бўлмадим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари мобайнида ўз шахсиятларига тааллуқли ҳодисаларни олсак ҳам, масалан, жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо ноҳақ туҳматга учраганларида ҳам, ёки ўзларининг муборак бошлари ёрилганда ҳам, ёки Тоиф аҳлидан қувғинга учраб, улар отган тошлардан товонлари қонаб, ўнлаб чақирим масофани яёв босиб, бир дарахт остига келиб ўтирганларида ҳам умидсизликка тушмадилар, некбинликларини йўқотмадилар.. Ўшанда Жибрил алайҳиссалом келиб: «Мана, ёнимда тоғлар фариштаси турибди, Аллоҳ айтмоқда, унга истаган ишингизни буюринг, агар истасангиз мана бу икки тоғни мушриклар устига шундоқ қоплаб қўяқолади», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, мен уларга сабр қиламан – яъни, Абу Жаҳлга сабр қиламан, Абу Лаҳабга сабр қиламан, Умайя ибн Халафга сабр қиламан.. Мен уларнинг озорларига сабр қиламан, улар ҳақида бадбинликка бормайман – Шояд, Аллоҳ таоло уларнинг пуштларидан Аллоҳга ширк келтирмайдиган авлодларни чиқарса», дедилар. Бу сўзлар некбинликнинг чўққиси эмасми?!

Бадр жанги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдони узра турар, қаршиларида кофирларнинг бир неча баробар кўп қўшини саф тортганди.. У зот қўлларини кўтариб, заррача умидсизликка тушмасдан: «Эй Аллоҳим! Сендан Ўзинг менга ваъда қилган нусратингни сўрайман», дедилар. Жанг бошланишидан олдин асҳобларига қараб: «Мана бу Абу Жаҳлнинг ҳалокат ўрни, бу эса Умайя ибн Халафнинг ҳалокат ўрни, бу фалончининг, бу эса фалончининг ҳалокат ўрни», деб кўрсатиб чиқдилар. Номлари саналган мушриклар айни у зот кўрсатиб берган ўринларда ҳалок бўлишди. Некбинликнинг чўққисига қаранг!!

Бу ва бошқа кўплаб воқеалар далолат қиладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари олдида доимо некбинлик руҳида турганлар, асҳобларидан бирон киши ҳам у зотни бадбинлик, умидсизлик ва оҳ-воҳга тушган ҳолда топмаган эди..

Мусулмон биродарлар! Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, бизлар бугун айни хулқ билан безанишга нақадар муҳтожмиз!! «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).

Бизнинг бугунги кундаги воқелигимиз ҳам, хоҳ шахсий ҳаётимизга тааллуқли ишларда бўлсин, хоҳ жамият ҳаётига тааллуқли ҳолатларда бўлсин, хоҳ умматнинг умумий аҳволига тегишли ишларда бўлсин, биздан давомий некбинлик руҳида бўлишни тақозо қилади!..

Таассуфки, жуда кўпчилик одамлар атрофларида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бадбинлик руҳи билан боқиб, ҳамма нарсага фақат қора бўёқ чаплайдиган бўлиб қолишган.. Ҳатто, тушларида кўрган нарсаларидан ҳам фақат ёмонлик қидиришади.. Қўрққан одам ҳамма нарсага фақат қўрқув кўзойнаги орқали қарайдиган, бу менга зиён-заҳмат етказади ёки бу мени ўлдириши мумкин, деган ваҳима билан боқадиган бўлиб қолади.. Жоҳилият даври шеърларидан бирида айтилганидек:

«Қўрқаман, ҳатто бир кабутар учиб ўтса ҳам душманиммикин деб чўчиб кетаман. Агар яхши сўз айтилса, уни алдов деб гумон қиламан, ёмонлик айтилса ҳақиқат деб қабул қиламан»..

Ҳа.. Тинчлик рамзи деб кўриладиган кабутар ҳам қўрққан одамнинг кўзига ёмонлик ва ўлим аломати бўлиб кўринади.. Ҳазин одам ҳамма нарсани маҳзунлик бўёғи билан бўялган кўради.. Умидсиз ва тушкунликка берилган киши ҳамма нарсани тушкун ҳолатда қабул қилади..

Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини кузатган киши у зотнинг қўрқув, хавф-хатар ва машаққат пайтларда ҳам некбинликни қўлдан бермаганларини кўради.. Хандақ жангида Бану Қурайза яҳудлари аҳдни бузишган пайтни эсга олинг.. Мусулмонлар олд томонларидан кофирлар ҳужуми хавфи остида турганларида бирдан орқа тарафларидан Бану Қурайза хавфи пайдо бўлди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки Саъдни (Саъд ибн Муоз билан Саъд ибн Убодани) хабарни аниқлаб келишга юбордилар. Одамлар жуда музтар аҳволга тушиб қолишган, Бану Қурайза аҳдни бузганини ва орқа тарафларидан зарба уриши мумкинлигини эшитишган, бироқ бу ҳали аниқ эмасди.. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккала элчиларини юборарканлар, агар Бану Қурайзанинг хиёнати ҳақидаги гаплар асоссиз бўлса, буни мусулмонлар олдига келиб, ошкор эълон қилишларини тайинлаган, борди-ю бу гап рост бўлиб чиқса, бошқалар тушунмайдиган бирон рамзий ишора билан у зотнинг ўзларигагина етказишларини буюрган эдилар. Икки Саъд Бану Қурайзанинг ҳақиқатда аҳдни бузгани хабарини келтирдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, Риъл ва Заквон», дедилар, яъни Бану Қурайзадан ҳам худди Риъл ва Заквон қабилаларидан содир бўлганидек хиёнат содир бўлибди, деган маънога ишора қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қурайзанинг хиёнати хабари келгач, бошларини ўраб ётиб олдилар ва шу ҳолда анча вақт қолиб кетдилар. Сўнг у зот хушҳол кайфиятда ўринларидан туриб келдилар ва: «Аллоҳу акбар! Эй мусулмонлар, Аллоҳнинг ғалабаси ва нусрати билан хушхабарланинглар!», деб хитоб қилдилар.. У зотнинг сўзларига эътибор беринг.. Қаранг, ўта оғир ва шиддатли аҳволда у зотда заррача ҳам умидсизлик кўрилмади..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оддийгина сўзлардан ҳам бадбинлик маъносини қувиб, унга некбинлик руҳини сингдиришга уринардилар.

Мисол учун, Мадинанинг эски номи Ясриб эди. Ясриб (يثرب) сўзи эса «айб-маломат» (تثريب) маъносидан холи эмасди. Шу боис унинг номини «Тоба» ва «Тоййиба»га (поклик маъносига) ўзгартирдилар.

«Саҳиҳ Муслимда келади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қизнинг исмини сўраган эдилар, Осия ( عاصيةисёнкор, гуноҳкор маъносида) дейишди. «Йўқ, унинг исми Жамила (чиройли) бўлсин», дедилар.

Имом Бухорий ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишидан исмини сўраган эдилар, Ҳазин (оғирлик, машаққат маъносида) деб жавоб берди. «Йўқ, сенинг исминг Саҳл (осон, қулай) бўлсин», дедилар. У киши некбин эмасди. Шу боис: «Отам сиздан кўра исмимни яхшироқ билади» (яъни, отам қўйган исмимни асло ўзгартирмайман), деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамай қўявердилар. Шу одамнинг исми нафақат ўзига, унинг зурриётига ҳам таъсир қилган экан. Унинг набираси Саид ибн Масир ибн Ҳазин айтади: «Бобом исмини ўзгартирмаган экан. Аллоҳга қасамки, шундан бери бизда – яъни унинг зурриётида – оғирлик аримай келади»..

Шу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам некбинлик ва енгилликни яхши кўришларига, машаққат ва бадбинликни ёқтирмасликларига далил бўлади.

Абу Довуд ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмонлик ва машаққатга далолат қилиш маъноларидаги бир неча исмларни ўзгартирган эканлар.. Жумладан, аланга маъносидаги Шиҳобни юмшоқлик маъносидаги Ҳишомга, уруш маъносини англатувчи Ҳарбни тинчлик маъносидаги Салмга ўзгартирган эканлар.

Афира (чанг босган) деб аталувчи бир ердан ўта туриб, унинг номини Хазира (кўкаламзор)га ўзгартирганлар..

Бир маҳалладан ўта туриб, унинг номини сўраганларида «Шаъбуз-залола» (залолат маҳалласи) дейишди. «Йўқ, «шаъбул-ҳуда» (ҳидоят маҳалласи) бўлсин», дедилар..

Бану Маҳвияни (чуқурлик авлоди) Бану Рифъага (юксаклик авлоди) ўзгартирганлар..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар доим ана шундай қилардилар.

Мусулмон биродар! Ерда турган қалб самодаги Парвардигор субҳанаҳу ва таолога боғланиб туриши ҳам жуда катта некбинликдир.. Намоз некбинлик, зикр некбинлик. Чунки, у заиф ва фоний бандани Абадий Барҳаёт ва бутун борлиқнинг Эгаси бўлган Зотга боғлайди, мўмин бандага модда қафасига қамалиб қолган инсон эга бўлмайдиган руҳий қудрат ва истеъдодларни ато этади.. Дуо некбинликдир. Чунки, сиз дуо қиларкансиз, Аллоҳга бўлган гумонингизни чиройли қиласиз. Масалан, фарзандингизга касаллик етган бўлса, «Эй Роббим, фарзандимга шифо ато этгин», дейсиз, бошингизга бирон кулфат тушса, дарҳол қўл кўтариб: «Эй Роббим!», дейсиз.. Бу ҳам некбинликнинг чўққиси саналади, аслида. Чунки, агар қалбингизда Аллоҳ таоло дуоингизни ижобат қилишига ва оғирликни енгилликка, маҳзунликни қувончга, тангликни кенгликка айлантириб қўйишига жуда катта эҳтимол бўлмаганида, дилингизда шу қадар некбинлик ва умидворлик туйғуси жўш урмаганида, асло қўлингизни дуога кўтармаган бўлардингиз. Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлиш, келажакдан яхшилик умид қилиш, Аллоҳнинг қазо ва қадарига ишониш, бошига нима иш келса, уни албатта етмай қолмас эди деб, ўзига келмаган ишни эса ҳеч қачон етмаган бўларди деб билиш ҳам некбинлик чўққисидир.

Аллоҳга қасамки, бугунги кунда кўпчилик одамлар тушиб қолаётган ўзини ўлдириш, наркотикага ружу қўйиш каби кўнгилсиз ҳолатларнинг аксар сабаби – айримларининг касалманд болалари бўлиши ё зиммасида катта қарз бор бўлиб, уни тўлай олмаслиги, доим сиқилиб юраверганидан хотини ҳам ундан малолланиб кетиб қолиши, ёру-дўстлари ва болалари ҳам малолланиб юз ўгиришлари ва ўзи ёлғизланиб қолиши... ва ҳоказо сабаблар бўлади. Бундай одамлар нафсларида некбинлик бўлмаганидан ҳам шундай аянчли ҳолга тушиб қоладилар. Агар у бошқа болалардек юролмайдиган ногирон боласига боқиб, фақат унинг ногирон оёқларига эмас, балки кўзни қувонтирадиган бошқа жиҳатларига ҳам қараса, боласининг ақли-ҳуши жойида ва гапира оладиган бола эканини, ёки ногирон бўлса ҳам фарзанди борлигини, бошқа баъзиларда шу ҳам йўқлигини ўйласа, ёки бефарзанд одам серфарзанд одамларга боқиб, бефарзандликнинг яхши жиҳатларига қараса, яъни, фарзандларим бўлса, балки мен учун анча қийинчиликлар ёки улар сабабли фисқу-фужур ва ҳаттоки куфрга тушиб қолиш хавфи бўлиши ҳам мумкин эди, Аллоҳ таоло мени ана шундай балодан қутқариш учун ва менга енгиллик бериш учун фарзанд бермаган бўлиши, шу сабабли Ўз ҳузурида менинг даражамни юқори қилишни истаган бўлиши мумкин, деса.. Хуллас, инсон ўз бошига келган ҳар қандай кулфат ва мусибатларга некбинлик назари билан боқишга ўрганса, ҳаёти фақат яхшилик томонга ўзгаради.

Яқинда бир киши машойихлардан бирининг суҳбатида иштирок этибди. Суҳбатда шайх некбинлик ҳақида сўз юритади. Шунда ҳалиги одам айтади:

– Эй шайх, қанақа некбинлик?! Сиз ҳамма вақт, ҳамма нарсага некбинлик билан қараш керак, деяпсиз, шундайми?!.

– Ҳа, шундай. Ҳамма нарсанинг яхши томонларини кўра билиш керак. Агар бемор бўлсангиз, иншооллоҳ, гуноҳлардан покланиш ва уларга каффорат бўлади, денг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дердилар. Бошингизга бирон мусибат келса, Парвардигорим шу билан даражамни юксалтиради, денг.

– Шайх! Мана, мен сизга бир муаммоли масалани айтиб бераман. Бизда бир йигит ўз синглиси билан бузуқлик қилиб қўйиб, синглиси ҳомиладор бўлиб қолди. Боласини туққанидан кейин уни масжид олдига ташлаб кетибди. Ҳозир бола етимхонада тарбияланяпти, ота-онаси кимлигини ҳам билмайди. Йигит ҳам шарманда бўлди, синглиси ҳам.. Хўш, айтингчи, бунинг қандай некбинлик тарафи бўлиши мумкин?!

– Хўп.. Ўша чақалоқни ўлдиришмадими?

– Йўқ.

– Алҳамду лиллаҳ.. Шунинг ўзи ҳам бир нави яхшилик. Эҳтимол, шу бола катта бўлиб, Аллоҳ йўлидаги мужоҳидга айланиши ҳам мумкин. Йигит шу воқеадан кейин ўзини ўлдирдими?

– Йўқ.

– Қиз бу иши зино эканини, зино эса динда ҳаром қилинганини билиб, одамларнинг маломатига чидай олмай, шу ишни ҳаром қилган динни ёмон кўрганидан диндан қайтиб, муртад бўлиб кетдими?

– Йўқ, аксинча, тавба ва истиғфорга шошилди.

– Субҳаналлоҳ.. Буларнинг ҳаммаси некбинлик ва яхшилик аломати-ку! Биз шундай эътиқод қиламизки, Аллоҳ таоло бир ишни фақат ёмонликдан иборатгина қилиб қўймайди. Ҳамма ёмон иш ҳам 100 % ёмонлик бўлмасдан, 70 ё 80 фоизи ёмонлик бўлганда ҳам қолган 20-30 фоизида яхшилик бўлади. Биз ўша яхшиликни кўра билишимиз лозим.

Аллоҳ таолодан барчамизни ушбу сўзлардан фойдалантиришини, ҳаётимизда ҳам, вафотимиздан кейин ҳам биз учун яхшиликларни тақдир қилишини сўраймиз.

Мўмин биродарлар! Бадбинлик – яъни ёмонликка йўйиш ва шумланиш кўп халқларда бор бўлган иллатлардандир. Айрим халқлар қора рангдаги мушук ва итлардан шумланади. Баъзилар қайсидир ўсимликлардан шумланишади. Айрим халқлар эса муайян рақамлардан, масалан 13 рақамидан шумланишади. Баъзи давлатларга бориб қолсангиз, кўп қаватли уйларнинг лифтига кирганингизда 1,2,3,4, деб ёзилган қаватлар рақами орасида 12дан кейин 13ни ташлаб, 14 рақамига ўтиб кетганини кўрасиз. Чунки, 13 рақамидан шумланишгани боис гўёки 13-қаватни қурмасдан тўппа-тўғри 14-қаватни қуришга ўтиб кетганлар. Чунки, 13-қаватда яшашни ҳеч ким истамайди..

Шумланувчилар ҳақида ҳар хил кулгили ривоятларни айтиб юришади. Ибн Румий ҳам ана шундай шумланувчи кишилар тоифасидан бўлган экан. Унга бир ғулом сотиб олишибди. Исмини сўрашса, Иқбол экан. Ҳа, яхши исм экан, шояд ёқтириб қолса, деб, ғуломни Ибн Румий ҳузурига келтиришибди. У боладан исмини сўрабди. Иқбол, деб жавоб берибди ғулом. «Нима, Иқбол?! Тезда кўзимдан йўқотинглар буни!», деб қичқирибди Ибн Румий. «Нега? Ахир Иқбол яхши исм-ку!», дейишса, «Ахир билмайсизларми, Иқболни (اقبال) тескарисидан ўқилса «Ло бақо» (لابقا) бўлади. Бу эса боқийлик йўқлигини, яъниким ўлимни англатади», дебди ва ғуломни қувиб солибди..

Айрим одамлар ҳатто кўрган тушларидан ҳам шумланиб, кечгача шунинг асоратида нохуш ҳолатда юришади.

Баъзилар йўлдан чиқиб қолган тўсиқни ёмонлик аломати деб шумланишади..

Агар иши ё ўқиши ё оилавий ҳаётининг бошланишида, ё янги уй-жойга кўчиб ўтишида бирон нохушлик содир бўлса, буни албатта ёмонлика йўйиб, ишнинг аввали ёмонлик билан бошланди, энди буёғида яхшилик келмайди, деб кейинига ишончсизлик билан қарайди.

Яқинда бир никоҳ тўйи маросимида чой берилаётганда чой узатаётган кишининг қўлидан пиёла тушиб, чил-чил бўлибди. Шунда бадбин кишилардан бири ёнидаги ўзига ўхшаш бадбинга қараб: «Ишнинг боши пиёла синиши билан бошланди. Энди буёғи нима бўларкин?!», дебди. Яъни, тўйнинг биринчи кунидан ўртада пиёла синиб турибди, эр-хотин ўртасида қандай иттифоқчилик бўлсин, демоқчи бўлибди. Унинг ўрнида некбин одам бўлса: «Бу эр-хотин ўртасида бўладиган ёмонликнинг синишига аломат бўлса ажабмас», ёки «уларга тегиши мумкин бўлган кўз шу пиёлага теккан бўлса ажабмас» деган бўлмасмиди?! Бадбин кишилар воқеа-ҳодисаларнинг фақат қоронғи томонига қарашади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт йўлларига эргашаман деган киши дунёга фақат некбинлик назари билан боқиб, некбинлик тили билан сўзласин.. Дунё кудуратлардан холи эмас. Бироқ, у фақат кудуратлардан иборат ҳам эмас. Яхшилик назари билан қараган одам унда албатта кўп яхшиликларни кўради.

Аллоҳ таолодан Ўзининг фазлу карами билан бизларни яхшиликларга муяссар этишини, ёмонликлардан узоқ қилишини, яхши ишларни қилишга муваффақ қилиб, ёмон ишлардан сақлашини сўрайман. Эй Парвардигор! Сендан ҳозиру келажагимизда фақат яхшиликлар сўраймиз, ҳозиру келажагимизда барча ёмонликлардан паноҳ тилаймиз.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига ҳамда то қиёматгача уларга яхшилик билан эргашган кишиларга саловоту саломлар йўлласин.

29/10/2009