Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Синов-имтиҳонлар

2962 марта кўрилган

الابتلاء

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси


Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

«Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 1-3).


Иймон аҳли дуч келадиган фитналар жуда кўп:

•    Ушбу синовлардан бири мўмин киши ботил аҳллари тарафидан озор ва қувғинларга йўлиқиши, шунда унга суянчиқ бўладиган ва озорларни ундан даф қиладиган, туғёнга қарши у билан ёнма-ён турадиган мададкор ва ёрдамчи топилмаслиги фитнасидир. Иймон аҳллари дучор бўладиган фитналарни эслаганда зеҳнга энг биринчи келадиган фитнадир бу.. Аслида, иймон аҳллари бундан кўра ҳам ёмонроқ ва бундан кўра ҳам аччиқроқ фитналарга ҳам дуч келишади.

•    Сиз сабабли аҳли аёл, бола-чақа ва ёр-биродарларга озор етишидан хавф қилиш фитнаси.. Шундай ҳоллар бўладики, улар сиздан мадад кутадилар, ёрдам сўрайдилар, бироқ сиз уларга ҳеч қандай ёрдам бериш имконига эга бўлмайсиз. Бу ҳам жуда оғир имтиҳондир.. Уларга сизнинг кўз олдингизда озорлар етиши, бироқ сиз улардан озорни даф қилишга ва ёмонликни қайтаришга иложсиз бўлиб туришингиз жуда оғир ҳолатдир.

•    Яна бир фитна ва қаттиқ синов бор.. Яъни, гуноҳу маъсиятларга ботиб юрганларга, золим ва туғёнкор кимсаларга дунёнинг иқбол қилиши ва омад кулиб боқиши, одамлар кўзида ғолиб ва мағрур юришлари, ҳамма уларга ҳавас қилиши, улар олдида ҳар қандай тўсиқлар парчаланиши, уларга ҳамма эшиклар очилиши ва барча сабаблар муҳайё қилиниши фитнасидир у фитна.. Мол-дунё уларга оқиб келади, қўллари хоҳлаган жойларига етади. Мўмин киши эса қадрсиз, эътиборсиз ҳолда бўлади.. Ҳеч ким уни назарига илмайди.. Ҳеч ким унинг оҳига қулоқ тутмайди.. Ҳақиқат у билан бирга эканини ўзига ўхшаган озчилик кишилардан бошқа ҳеч ким сезмайди..

•    Яна бир фитна – ушбу динда ғариб бўлиш фитнасидир.. Мўмин киши қачон атрофига қараса, жуда кўпчилик одамларни залолат, шаҳватлар ва шубҳалар гирдобига тортилиб кетаётганини кўради, ўзини ёлғиз, ғариб ҳис қилади..

•    Айниқса, кейинги пайтларда яққол кўзга ташланадиган бўлиб қолган яна бир фитна-синов бор. Мўмин киши кўрадики, баъзи халқлар ва давлатлар разолат ва маъсиятлар гирдобига ғарқ бўлиб ётгани ҳолда, жамиятлари тараққиётнинг юқори даражасига эришган, ҳаётлари гуллаб-яшнаган, шахс унда ўзининг шахсий эркинлик ва ҳақ-ҳуқуқларига эга ҳолда яшамоқда..

•    Ундан ташқари, мўмин кишини нафс ва шаҳватлар фитнаси, ер бойликларининг жозибадорлиги ҳам ўзига қараб тортади, Аллоҳнинг Тўғри Йўлида устувор туришнинг ўта залворли юки елкасини мудом эзиб туради..

Шунга ўхшаган фитна ва имтиҳонлар бизни чулғаб олган.. Вақтлар шу зайлда ўтаверса, Аллоҳнинг нусрати ҳадеганда келавермаса, синовлар юки ҳам кучайиб, оғирлашиб бораверади. Имтиҳонлар қаттиқлашиб бориб, уларда Аллоҳ Ўзи асраган кишилардан бошқа ҳеч ким собит тура олмай қолади.

Золимлар қутуриб ётган, тажовузкорлар ҳаддан ошган бир вақтда Аллоҳ таоло мўминлар бошига соладиган бу каби фитналар, синов ва имтиҳонлар остида қандай ҳикматлар бор?!

Аллоҳ таоло бу фитналар билан мўминларни азоблаш ва қийнашни истамайди, албатта! Асло ундай деб ўйлаш керак эмас! Унда нима ҳикмати бор?

Ҳикмати шуки, мўминлар улкан омонат, буюк масъулият ва олий ақидани кўтаришга ҳақиқий тайёр бўлмоқлари лозим, бу оғир юк эса машаққатларни кўтариш, шаҳватлардан ғолиб келиш, алам-оғриқларга ҳақиқий сабр қилиш, фитна ҳар қанча катта ва синовлар ҳар қанча оғир бўлмасин, охир-оқибат Аллоҳнинг нусрати албатта келишига ва Аллоҳнинг савобига қаттиқ ишониш билан ҳосил бўладиган ўзига хос тайёргарликдан ўтишни талаб қилади.

Олтинни ўтда эритиб, унга ёпишган арзон металлардан ажратиб олинганидек, фитна ва имтиҳонлар воситасида ҳақиқий мўминлар сафи ноқобил ва нолойиқ кимсалардан тозаланади.

Бошларига синов ва имтиҳонлар ёғилган мўминлар Аллоҳнинг ҳаққига ва Аллоҳнинг динига омонатдор бўлиш шарафига танланган бўлишлари, Аллоҳнинг Ўзи уларнинг динларида салобат, ақидаларида қувват борлигига гувоҳлик бергани улар учун кифоя қилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни имтиҳонлар учун танлаб олган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Одамларнинг энг қаттиқ имтиҳон қилинувчилари пайғамбарлардир. Сўнг иймоний мартаба ва фазилатда энг олийлари сўнгра улардан қуйироқлари. Киши динига қараб имтиҳон қилинади. Агар динида салобат бўлса, имтиҳони ҳам қаттиқ бўлади. Агар динида бўшлик бўлса, дини миқдорига қараб имтиҳон қилинади. Бир бандага балолар келишда давом этаверади, ҳатто уни ер юзида бирон гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган қилиб қўяди» (Саҳиҳ, Саҳиҳул-жомиъ: №992, Мишкот: №1562, Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамлар ичида энг қаттиқ имтиҳон қилинувчилар пайғамбарлар, кейин солиҳлардир. Қасамки, улардан баъзи бирлари камбағаллик билан имтиҳон қилинган, ҳатто ўртасидан йиртиб, кийиб оладиган бир мато ҳам тополмай қоларди, гоҳилар бит билан имтиҳон қилинган, ҳатто (битлар) уни ўлдирарди. Қасамки, улардан бири балолар билан сизлардан бирингизнинг (мўл-кўл ризқ) ато этилганида хурсандлигидан кўра кўпроқ хурсанд бўларди» (Саҳиҳ, Саҳиҳул-жомиъ: №995, Ас-саҳиҳа: №144, Байҳақий, Абу Яъло, Ҳоким Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати шуни тақозо қилдики, У нафсларни имтиҳон қилиши ва балоларга дучор қилиши, имтиҳонлар воситасида пок нафслар нопокларидан, Унинг дўстлиги ва эҳтиромига сазовор бўлувчилар бунга нолойиқ бўлганлардан ажралиб кўриниши, (Ўз дўстлигига) яроқли бўлган нафсларни худди тилла ўтда куйиш билан тозаланганидек имтиҳонлар босқони остида тозалаши зарур бўлди. Чунки, нафс аслида, жоҳил ва золимдир, баъзан унга жаҳолати ва зулми туфайли баъзи нопокликлар илашиб қолиб, уларни куйдириш ва тозалаш орқали чиқаришга муҳтож бўлинади. Агар мана шу (дунё) ҳовлисида чиқарилмаса, жаҳаннам ўтида (тозаланишига тўғри келади). Банда қачонки, поклангач ва тозалангач, шундагина жаннатга киришига изн берилади» (Зодул-маъод: 3/18).

Ҳаққа ва ҳақ аҳлига Аллоҳдан кўра куйимлироқ бирон кимса йўқдир. Бироқ, қалбларни имтиҳон қилиш ва сафларни тозалаш учун жорий бўлган Аллоҳнинг суннати-қонунияти шудир.

 «Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 3).

Нима сабабдан Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа пайғамбарлар бошларига шунча кўргуликлар тушди?! Улар Аллоҳнинг энг севикли бандалари, халқлари орасидан танлаб олган элчилари эмасмиди, ахир?! Нима, Аллоҳ уларга жазо ва азоб беришни истадими?!

«Саҳиҳул Бухорий»да келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Каъба девори ёнида намоз ўқиётганларида Уқба ибн Абу Муъийт келиб, эгнидаги кийимини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўйинларига солиб, қаттиқ бўға бошлади. Шу пайт Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб қолиб, уни елкасидан силтаб тортиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан даф қилдилар ва: «Бир кишини Роббим Аллоҳ дегани учун ўлдирасизларми?!», дедилар (Бухорий: 7/203).

Бухорийда яна ривоят қилинишича, ўша фожир Уқба ибн Абу Муъийт сўйилган туянинг ичини олиб келиб, то Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилгунларича қараб турди­да, у зотнинг икки елкалари ўртасига ташлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бошларини кўтармай саждада турардилар. То қизлари Фотима келиб, устларидан олиб ташлагач бошларини кўтардилар, (намозни тамомлаганларидан) сўнг уч марта: «Парвардигор, Қурайшни ҳалок қилгайсан» деб дуойибад қилдилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

У зотни сеҳргарлик, мажнунлик билан айблашганини, обрў ва шарафларига қандай туҳматлар қилишганини, Тоифда қандай хўрликка гирифтор этишганини яхши биласиз. Ҳолбуки, у зот Аллоҳнинг элчиси эдилар, Бану Ҳошим қабиласининг энг эътиборли хонадони вакили эдилар. Ана шундай мўътабар зот ўз оилалари хусусида туҳматга қолдилар. Ким ҳақида денг?! Энг севикли жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо ҳақларида! Покликнинг манбаъи бўлган, бутун дунёга поклик таратиш учун келган зот ўз тўшакларининг поклиги борасида туҳматга учрадилар! Бу фитна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига келган энг қаттиқ имтиҳон эди. Ҳатто, у урушларда бошларига келган синовлардан кўра ҳам оғирроқ синов эди, десам хато қилмаган бўламан.

«Саҳиҳул Бухорий»да Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, у зот Каъбанинг соясида бурдаларини (кийим тури) бошларига қўйиб, ётган эканлар. Биз мушриклардан жуда қаттиқ машаққатларга дучор бўлаётган эдик. У зотга: «Ё Расулуллоҳ, биз учун Аллоҳга дуо қилмайсизми, биз учун ёрдам сўрамайсизми?!», дедим. У зот ётган ерларидан қўзғалиб ўтирдилар, (ғазабдан) юзлари қизариб, дедилар: «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бир кишини ерга қазилган чоҳга туширилар, сўнг аррани олиб келиб, унинг бошига қўйилиб, бошини иккига бўлиб ташланар, бу уни динидан қайтара олмасди. Гўшт ва пайларини суякларига қадар темир тароқ билан таралар, бу уни динидан қайтара олмасди. Аллоҳга қасамки, бу иш албатта камолига етади, ҳатто отлиқ киши Санъодан Хазрамавтгача Аллоҳдан бошқа ва қўйини бўрига олдиришдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаган ҳолда юриб боради. Лекин, сизлар шошилиб кетмоқдасизлар» (Имом Бухорий ривояти: 4/244).

Хос-у омнинг қалбида жуда катта ҳурмат-эътиборга эга бўлган зот бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига шу қадар тажовузлар келган бўлса, энди саҳобаи киромлар, хусусан улар ичидаги заиф-мискин кишилар бошига келган кўргуликлар ҳақида нима дейиш мумкин?! Сизлар ёлғиз айблари «Ла илаҳа иллалоҳ» бўлган Билол, Хаббоб, Ёсир оиласи, Суҳайб, Ибн Масъуд ва бошқа саҳобалар бошига тушган имтиҳонларни яхши биласиз, деб ўйлайман.

Улар биз учун диндаги синовларга бардошли бўлиш ва бу дин учун фидокорликнинг энг гўзал намуналарини қолдириб кетдилар.

Дин улар наздида энг қимматли нарса эди, дин улар учун ҳатто жонларидан, бола-чақаларидан, жуфти ҳалолларидан, молу-мулкларидан ҳам ортиқроқ эди.

Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни Ўз нусрати билан қўллади ва душманларига мағлубият битди. Жиноятчи кофирларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!!

Қавмига қараб: «Мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмайман» деган, «Мен сизларнинг энг олий Парвардигорингизман» деган, «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг мулким эмасми?!» деган Фиръавннинг ҳоли нима бўлди?! Аллоҳ таоло уни ўша остидан оқиб турган дарёга чўктириб ҳалок қилмадими?!

Ҳомон қани?! Қорун қани?! Од қани?! Самуд қани?!

«Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга ютдирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилувчи бўлдилар» (Анкабут: 40).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми? (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес(иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Қозиқлар (яъни Ерга қозиқдек қоқилган баланд аҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди! Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир» (Вал-фажр: 6-14).

Кўзингизни очинг эй золимлар! Мазлумлар ўлиб кетиб, золимлар абадий қолиши асло мумкин эмас. Истаган ишларингизни қилинг, биз ҳам ўз ишимизни қиламиз. Қилаверинг зулмингизни, биз Аллоҳга шикоят қиламиз. «Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар» (Шуъаро: 227).

Эй мазлум, сабр қил, эзмасин ўкинч,

Аллоҳнинг кўзлари уйғоқ, ухламас.

Ухлайвер бемалол, кўнглинг бўлсин тинч,

Жорийдир Аллоҳнинг адли, тўхтамас.

Гар Аллоҳ золимга берса-да муҳлат

Жазо пайти келгач, асло аямас.


Эй золимлар!

«Мазлумнинг дуосидан сақланингиз! Зеро, у билан Аллоҳ ўртасида парда йўқдир. Аллоҳ мазлумнинг дуосини булутлар узра кўтаради ва: «Иззатим ва Улуғлигимга қасамки, бироз кейин бўлса ҳам, албатта сенга ёрдам бераман!», дейди». (Саҳиҳ, Саҳиҳул-жомиъ: №118, Ас-саҳиҳа: №870, Ҳоким Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Эй золим! Мазлумнинг нишонга адашмай тегадиган ўқидан ҳушёр бўл, билгинки унинг дуоси тўсилмайди.

Зулм қилма қудратли бўлсанг-да ҳар чоқ,

Зулмнинг охири бўлар надомат.

Ухларсан, лек мазлум кўзлари уйғоқ,

Дуосин эшитар ухламас Бир Зот.


Барча мусулмонларга тегишли яна бир насиҳат қолди:

Эй мусулмонлар! Агар мўйсафидлар умматнинг фикр юритувчи ақллари бўлса, ёшлар унинг бунёдкор қўлларидир. Қўл-оёқ бўлмаса, ақл бўлишининг ўзи кифоя қиладими?!

Ёшлар умматнинг келажагидир. Уммат ўз тараққиётида уларнинг толмас билакларига суянади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшларга кўп аҳамият қаратар эдилар. У зот Уҳуд жангида ёшларнинг фикрини олганлар.. Ҳали ёши йигирмага ҳам етмаган Усома ибн Зайдни сафларида Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Холид, Амр ибн Ос каби катта саҳобалар бўлган улкан лашкарга қўмондон қилиб тайинлаганлар. Лашкар бўлганда ҳам қандай лашкарга денг?! Румга қарши, ўша замоннинг энг катта империясига қарши жангга отланган лашкарга!!

Ёшлар ана шундоқ муомалага муносибдир. Улар оталарча меҳр билан ёки оғаларча сидқидилдан йўл-йўриқ кўрсатишга муҳтожлар.. Улар суҳбатга муҳтожлар.. Улар ақлларига ва руҳларига таъсир ўтказувчи сўзларга муҳтожлар.. Шу билан бирга улар ақллари ҳурмат қилинишига, одамийликларига риоя қилинишига, фикрлари қадрланишига муҳтожлар. Улар бизнинг фарзандларимиз, иниларимиз, дўстларимиздир.

Ёшларга насиҳатим шуки, динингизни маҳкам тутинг, Исломингиз билан иззат талаб бўлинг, Пайғамбарингизнинг хулқлари билан хулқланинг, одамларни бу динга ҳикмат ва чиройли сўзлар билан чорланг. Чунки, қўполлик вайрон этади, бунёд қилмайди! Қаттиққўллик бузади, тузатмайди! «Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг!» (Оли Имрон: 159).

Азиз ёшлар! Ўртангизни бўлишларига йўл қўйманг, сафларингизни бирлаштиринг, ихтилоф қилмангки, дилларингиз ўзгариб қолади, ҳар хил лақаблар ва шиорларни тарк қилинг, турли-туман номлар билан номланишдан тийилинг, ягона Аллоҳнинг тавҳиди байроғидан бошқа барча байроқларни улоқтиринг! Бирлашинг, зеро бирлашишда иззат ва олийлик бор.

«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади. Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир. (Қиёмат) Кунида (мўминларнинг) юзлари оқ бўлур, (кофирларнинг) юзлари қора бўлур. Энди юзлари қора бўлган кимсаларга: «Иймон келтиргандан кейин яна диндан чиқдингизми? Бас, кофир бўлганингиз касофатига мана бу азобни тотиб кўрингиз», дейилур. Юзлари оқ бўлган зотлар эса Аллоҳнинг раҳмати (жаннати)да бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар» (Оли Имрон: 103-107).

Улуғ Арш соҳиби бўлган Буюк Аллоҳдан Исломга нусрат беришини ва мусулмонларни азиз қилишини, Ўз фазлу марҳамати билан мўминларнинг сафларини бирлаштиришини сўрайман.

Дуо...