асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Сеҳр ва унинг давоси (2)3772 марта кўрилган Сеҳрнинг давоси ва ундан сақланиш йўллариСевикли дўстларим! Сеҳр, жин тегиши, эрнинг аёлидан боғлаб-тўсиб қўйилиши кабилардан сақланишнинг энг катта йўли қуйидагилардир: 1) Аллоҳ азза ва жаллага тавҳидни рўёбга чиқариш, бандаликни Унга холис қилиш ва Унгагина таваккул қилиш.Муваҳҳиднинг қалбини тавҳид чироғи ёритган ва иймон нури мунаввар этган бўлади. Шу боис уни Аллоҳдан бошқа бировдан қўрқиш ҳислари қамраб ололмайди. Балки, қўрқув ва муҳаббати ёлғиз Аллоҳга йўналган бўлади. Ибн Таймия айтганларидек, бундай қалб соҳиби дунёда турган ҳолидаёқ жаннатдадир.. Барзахда ётган ҳолида ҳам жаннатдадир.. Охиратда ҳам жаннатда бўлади. Қалбдаги иймон қуввати шайтонни заифлаштиради. Банданинг иймони зиёдалашиб боргани ва ибодатни Аллоҳга холис қилгани сари шайтоннинг унга ҳукмронлик қилиши заифлашиб бораверади. Мисол учун, Умар Форуқ розияллоҳу анҳудан шайтон қочар экан. Бухорий ва Муслим Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир куни Қурайш аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишиб, ўзларига керакли масалаларни сўраб – бир ривоятда: овозлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозини босиб кетган ҳолда гапириб – туришганида Умар розияллоҳу анҳу киришга изн сўради. Умарнинг дарагини эшитган аёллар шоша-пиша ҳижобларига интилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бердилар. Умарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулган ҳолда кутиб олдилар. «Аллоҳ сизни хушнуд қилсин, ё Расулуллоҳ! Ота-онам сизга фидо бўлсин, кулгингизнинг сабаби нима?», деб сўради Умар. «Ҳузуримдаги мана бу аёллардан ажабландим. Сизнинг овозингизни эшитишлари билан ҳижобга интилишди», дедилар. Умар: «Ё Расулуллоҳ, ҳайбатланишларига аслида, сиз лойиқроқсиз», деди, сўнгра аёлларга қараб: «Эй ўзларига душманлар, мендан ҳайбатланасизлар-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайбатланмайсизларми?!», деди. Улар: «Ҳа, сен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараганда анча қаттиққўл ва тошбағир одамсан», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Ибн Хаттоб, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон сизнинг йўлингиздан чиқиб қолса, албатта бошқа йўлга юриб кетади» (Бухорий: 7/37, Муслим: №2396). Ҳа, шайтон Умар розияллоҳу анҳунинг иймони қувватидан қўрқиб, қочиб, у юрган йўлдан бошқа йўлга кириб кетар экан! Ибн Жавзий «Талбису иблис» китобида қизиқ бир қиссани келтиради: Аллоҳга шерик қилиб, сиғиниб юрилган бир дарахт бор эди. Бир куни бир киши Аллоҳ учун ғазаб қилиб, шу дарахтни кесиб ташлашга аҳд қилди. У дарахт ёнига келганида шайтон инсон суратида унинг олдида пайдо бўлиб: «Нима қилмоқчисан?», деб сўради. «Аллоҳга шерик қилиниб, сиғиниладиган шу дарахтни кесиб ташламоқчиман», деб жавоб берди у. «Сен ўзинг унга сиғинмас экансан-ку, сиғинадиганларнинг сенга нима зарари бор?!», деди шайтон. «Йўқ, мен уни албатта кесиб ташлайман!», деди ҳалиги одам. «Мен сенга ундан кўра яхшироқ бир таклиф айтсам, нима дейсан? Сен уни кесмагин, эвазига ҳар куни уйқудан уйғонишингда ёстиғинг олдида икки динор қўйилганини кўрасан». «Ким бунга кафил бўлади?!» «Мен кафилман!». Шундан сўнг ҳалиги одам ортига қайтди. Эрталаб уйқудан турганида ёстиғи олдида икки динор қўйилганини кўрди. Эртасига эрталаб ваъда қилинган икки динорни ёстиғи олдида топмади. Шунда ғазабланиб, болтасини кўтариб, дарахтни кесиш учун жўнади. Дарахт олдида шайтон унга кечаги суратида йўлиқиб: «Нима қилмоқчисан?», деб сўради. «Аллоҳга шерик қилиниб, сиғиниладиган шу дарахтни кесиб ташламоқчиман», деб жавоб берди у. «Бекор айтибсан, бунга ҳаргиз йўл қўймайман!», деди шайтон. Киши дарахтга болта урмоқчи бўлганида шайтон уни кўтариб, ерга урди, бўғиб, ўлдириб қўяёзди. Сўнг: «Биласанми, мен кимман? Мен шайтонман. Сен аввалги сафар Аллоҳ учун ғазаб қилиб келгандинг, шу боис сенга кучим етмас эди. Шунинг учун мен сени икки динор билан алдадим. Аммо, бугун ўша маҳрум бўлганинг икки динор учун ғазаб қилиб келдинг, шунинг учун мен сени мағлуб қилдим», деди. Ўйлаб кўринг, эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир» (Наҳл: 99, 100). Мўминларга шайтон ҳукмрон бўлолмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат —ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)» (Ҳижр: 42). 2) Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш:Аллоҳ зикри шайтонни кучсизлантиради, иймонни кучайтиради ва Раҳмонни рози қилади. Инсон шайтони лаъиндан қўрғонланадиган мустаҳкам қўрғон зикрдир. Ҳорис Ашъарий ривоят қилган узун ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларни Аллоҳни зикр қилишга буюраман. Зеро, бунинг мисоли ортидан душман шитоб қувиб келаётган кишининг мисолига ўхшайди. Ҳатто, у бир мустаҳкам қалъага етиб келиб, шу билан ўзини душмандан сақлади. Худди шунга ўхшаш, банда ҳам ўзини шайтондан фақат Аллоҳ азза ва жалланинг зикри билангина асрай олади» (Термизий (№2767) ривоят қилиб, саҳиҳ, ҳасан ҳадис, деган, «Саҳиҳул-жомиъ: №1724). «Саҳиҳайн»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Парвардигорини зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кимсанинг мисоли гўё тирик билан ўликнинг мисолидадир» (Бухорий: №6407, Муслим: №779). 3) «Бақара» сурасини ўқиш:«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Уйларингизни қабристон қилиб қўйманглар. Албатта, шайтон «Бақара» сураси ўқиладиган уйдан қочади» (Муслим: №780, Термизий: №2880). 4) Уйқуга ётиш олдидан «Оятул-курсий»ни ўқиш:Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Рамазон закотини сақлашга вакил қилдилар. (Тунда) биров келиб дон-дунлардан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни ушлаб олиб: «Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб бораман», дедим. У: «Мен муҳтожман, бола-чақам бор, эҳтиёжларим кўп», деди. Уни қўйиб юбордим. Тонг отганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Ҳурайра, кечаги асирингиз нима қилди?», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, у жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «У сизга ёлғон айтибди, яна қайтиб келади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «яна қайтиб келади» деганларидан унинг яна келишини билдим ва пойлаб турдим. У (келиб,) яна дон-дунлардан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни ушлаб олиб: «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб бораман», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, муҳтожман, бола-чақам бор, энди қайтиб келмайман», деди. Унга раҳмим келиб, яна қўйиб юбордим Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Ҳурайра, кечаги асирингиз нима қилди?» дедилар. «Ё Расулуллоҳ, у жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, яна қўйиб юбордим», дедим. У зот: «У сизга ёлғон айтибди, яна қайтиб келади», дедилар. Учинчи марта пойлаб туриб, яна дон-дунлардан ҳовучлаб олаётганида ушлаб олдим ва: «Энди сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб бораман, уч мартадан буён ҳар сафар қайтиб келмайман, деб яна келаяпсан», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, сенга Аллоҳ улар билан манфаат берадиган сўзларни ўргатиб қўяман», деди. «Улар қандай сўзлар?», дедим. «Жойингга кириб ётганингда «Оятул-курсий»ни охиригача ўқисанг, Аллоҳ тарафидан сени бир қўриқчи қўриқлаб туради ва тонг отгунча сенга шайтон яқинлашолмайди», деди. Мен уни қўйиб юбордим. Тонг отганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кечаги асирингиз нима қилди?» дедилар. «Ё Расулуллоҳ, у менга Аллоҳ улар билан манфаат берадиган сўзларни ўргатишини айтган эди, мен уни қўйиб юбордим», дедим. «Улар қандай сўзлар экан?», дедилар. «У менга: «Жойингга кириб ётганингда «Оятул-курсий»ни охиригача ўқисанг, Аллоҳ тарафидан сени бир қўриқчи қўриқлаб туради ва тонг отгунча сенга шайтон яқинлашолмайди», деди», дедим. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ўзи ўта ёлғончи бўлса ҳам, сизга рост айтибди. Уч кундан бери ким билан гаплашаётганингизни биласизми, эй Абу Ҳурайра?», дедилар. Мен: «Йўқ», дедим. «У шайтон эди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам» (Бухорий: №2311). 5) «Бақара» сурасининг охирги икки оятини ўқиш:«Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким кечқурун Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиса, бу унга (ёмонликлардан ҳимояланишига) кифоя қилади» (Бухорий: 9/50, Муслим: №808). 6) Муъаввизаларни ўқиш:Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар кеча тўшакларига кирганларида икки кафтларини бирлаштирар, сўнг уларга дам солиб, уларга: «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъувзу бироббил-фалақ», «Қул аъувзу бироббин-нас» сураларини ўқирдилар, сўнг кафтларини баданларидан қодир бўлган еригача сурардилар, бошлари, юзлари ва баданларининг олди тарафидан бошлардилар ва буни уч марта такрорлардилар (Бухорий: №5748, Абу Довуд: №5056, Термизий: 5/3402). Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳу айтади: «Қоп-қоронғи, ёмғирли бир кечада чиқдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бизга намоз ўқиб беришлари учун қидирдик, мен у зотни топдим. Менга: «Қул» (яъни, айт!), дедилар, мен ҳеч нарса демадим. Кейин яна: «Қул» (айт!), дедилар, мен яна ҳеч нарса демадим, кейин яна «Қул» (айт!), дедилар. «Нима деб айтай?», деб сўрадим. У зот: «Қул ҳуваллоҳу аҳад ва муаввазатайн (яъни икки қул аъувзу)ни ҳар куни кечқурун ва эрталаб уч мартадан ўқигин, сенга ҳамма нарса (ёмонлиги)дан кифоя қилади», дедилар (Насоий : 8/250, 251, шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№4406) саҳиҳ санаган). Бир ривоятда: «Одамлар бу иккисидан афзалроқ бирон нарса билан паноҳланган эмас». Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен бир ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяларини етаклаб бораётган эдим, у зот: «Эй Уқба, айт!», дедилар. Мен у кишига қулоқ тутдим. Кейин яна: «Эй Уқба, айт!», дедилар. Мен яна у кишига қулоқ тутдим. Учинчи марта ҳам шундай дегач, мен: «Нима деб айтай?», деб сўрадим. «Қул ҳуваллоҳу аҳад» (яъни, айтгин, у Аллоҳ бирдир), дедилар ва сурани охиригача ўқидилар. Сўнг «Қул аъувзу бироббил-фалақ» (Айтгинки, мен тонг Парвардигоридан паноҳ сўрайман) дедилар ва сурани охиригача ўқидилар, мен ҳам бирга ўқидим. Сўнг «Қул аъувзу бироббин-нас» (Айтгинки, мен барча инсонлар Парвардигоридан паноҳ сўрайман) дедилар ва сурани охиригача ўқидилар, мен ҳам бирга ўқидим. Сўнг: «Бирон паноҳланувчи бу иккисига ўхшагани билан паноҳланмаган», дедилар (Муслим: №814, Термизий: №2904, Абу Довуд: №1462 ва бошқалар). 7) Қуйидаги зикрни ўқиш:Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир кунда юз марта: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодиир» (Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ. У ёлғиз, шериксиз Зотдир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир ва У барча нарсага қодирдир) деса, унга ўнта қул озод қилгандек ажр бўлади, юзта ҳасана ёзилади, юзта гуноҳи ўчирилади, ўша куни то кечгача унга шайтондан ҳимоя бўлади, ундан кўра афзалроқ ишни ҳеч ким қилган бўлмайди, фақат ундан ҳам кўпроқ айтган кишигина (қилган бўлиши мумкин). Ким бир кунда юз марта: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ» (Аллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман) деса, хато-гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса-да ўчирилади» (Имом Муслим (№2691) ривояти). 8) Эрталаб етти дона ажва хурмоси тановул қилиш:Имом Бухорий Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким эрталаб етти дона ажва хурмосини тановул қилса, ўша куни унга заҳар ҳам, сеҳр ҳам зарар етказмайди» (Бухорий: №5768, 5769). Бир ривоятда: «Олия хурмосидан», деганлар, Олия Мадинадаги бир мавзедир. Сеҳр қилинган кишининг давоси нима:Биринчидан, юқорида айтиб ўтганимиз зикрларни айтиб юриши лозим. Иккинчидан, сеҳрланган кишидан сеҳрни шаръий руқялар (дам солиш) билан аритиш. Ибнул Қаййим айтади: 1) Сеҳрланган кишидан сеҳрни худди ўшандай сеҳр йўли билан аритиш. Бу шайтоннинг амалидан бўлиб, ношир (сеҳрни аритувчи) ҳам, мунташир (сеҳри аритилаётган киши) ҳам шайтонга у яхши кўрадиган ишлар билан сиғинади, сўнг у сеҳрланган кишидан амалини (жодусини) бекор қилади. 2) Шаръий руқя, мубоҳ зикр ва дуолар билан сеҳрни аритиш. Бундай қилиш жоиздир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан кимингиз биродарига манфаат етказишга қодир бўлса, манфаат етказсин» (Муслим: №2199). Яна айтганлар: «Менга руқяларингизни кўрсатинглар. Руқя, агар унда ширк бўлмаса, зарари йўқдир» (Муслим: №2200). «Саҳиҳул Бухорий»да Қатодадан ривоят қилинади: «Мен Саид ибн Мусаййибдан: «Бир кишида тиб (яъни сеҳр) бўлса, ё аёлидан тўсилаётган (яъни, жинсий яқинлик қилолмаётган) бўлса, ундан бу (сеҳр)ни ечса ё аритса бўладими?», деб сўрадим. У: «Бунинг зарари йўқ, бу билан фақатгина ислоҳни истайдилар. Манфаатли бўладиган ишдан қайтарилмаган», деди (Бухорий «Ат-тиб»да ривоят қилган). Шайх Абдулазиз ибн Боз фатволар тўпламида айтади: «Киши агар аҳлига қўшилишдан тўсилаётган бўлса, ушбу сеҳрнинг фойдали даволаридан бири шуки, сидрнинг еттита яшил япроғидан олиб, уни тош ё шу каби нарса билан эзади, сўнг уни бир идишга солиб, устига ғусл қилишга етарли даражада сув солади, унга «Оятул курсий»ни, «Қул я айюҳал кафирун», «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъувзу бироббил фалақ», «Қул аъувзу бироббин нас»ни ўқийди. Кейин «Аъроф» сурасидаги сеҳрга тааллуқли қуйидаги оятларни ўқийди: «Биз Мусога: «Асойингни ташлагин», деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у (аждарга айланган ҳасса) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади. Бас, ҳақиқат қарор топди, уларнинг қилган, ҳаракатлари эса ботил бўлди. У ерда (Фиръавн ва унинг тарафдорлари) мағлуб бўлишиб, беобрў бўлган ҳолларида (шаҳарга) қайтдилар» (Аъроф: 117-119). «Юнус» сурасидаги қуйидаги оятларни ўқийди: «Фиръавн ўз одамларига: «Барча билимдон сеҳргарларни келтирингиз!» деди. Бас, сеҳргарлар келганлари-да, Мусо уларга: «Ташламоқчи бўлган нарсаларингизни (яъни, асо ва арқонларингизни) ташланглар», деди. Қачонки улар (қўлларидаги нарсаларини) ташлаганларида (ва у арқон, асолар илонларга айланиб қолганида) Мусо деди: «(Мана шу) сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди. Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (яъни амру фармонлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур» (Юнус: 79-82). «Тоҳа» сурасидаги қуйидаги оятларни ўқийди: «(Маслаҳатлари битгач), дедилар: «Эй Мусо, сен (қўлингдаги асоингни аввал) ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?» (Мусо) айтди: «Йўқ, сизлар ташланглар». (Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди. Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди. Биз айтдик: «Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлувчисан. Қўлингдаги нарсани (яъни асоингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас» (Тоҳа: 65-69). Юқоридаги оятларни сувга ўқиганидан сўнг, ундан уч марта ичади, қолгани билан ғусл қилади. Агар зарур бўлса, шу ишни то сеҳри аригунича икки, уч ё кўпроқ марта қилса, зарари йўқ». 2011 йил 11-феврал |