Душанба 30 Декабрь 2024 | 28 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рамазон – ўзни ўзгартириш учун энг қулай фурсат

3826 марта кўрилган

Ислом Нури таржимаси

Оламлар парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, У бандаларидан Ўзи истаган кишини Ўзининг тоатига муваффақ қилди, Ўзининг тавфиқи билан итоатгўй бандаларини Ўз ибодатига йўллаб қўйди, Ўз дўстларига иймонни суюмли қилиб қўйди, шу боис улар Унинг амрларига ижобат қилдилар ва қайтариқларидан тийилдилар.

Башариятга устоз ва уни Парвардигор изни билан зулматлардан ёруғликка олиб чиқувчи машъала бўлган зотга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин. Аллоҳ у зот сабабли диллардаги ғиллу-ғашликларни кетказди, ақлларни ёритди, муҳрланган қалбларни, кар қулоқларни ва кўр кўзларни очди.

Аммо баъд...

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани яратди ва ўлчовли қилди, Ўзининг етук ҳикмати ва барча нарсани қамраб олувчи комил илми билан айрим замон ва маконларни зиёда фазлу шараф билан хослади. Улардан фойдаланиб қолишимиз ва яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолишимиз учун у фурсатлардан баъзиларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга баён қилиб бердилар.

Мусобақа қилувчилар учун энг қулай фурсат, Роббул оламийн ҳузуридаги олий даражаларга эришишга қизиқувчилар учун ғанимат бўлган бу улуғ ой ва хайрли мавсум ҳам шулар жумласидандир.

Дарҳақиқат, Рамазон ойи энг улуғ ибодатлар мавсумидир, у васфига тил ва қалам ожизлик қиладиган кўп буюк хислат ва хусусиятлар эгаси бўлган ойдир.

Мен бу қисқагина мақолада унинг фазилатлари ва шарафи ҳақида сўз юритмоқчи эмасман. Зотан, унинг фазли маълум, шарафи машҳур. Мен унга доир фиқҳий ҳукмлар, унинг суннатлари ва одоблари ҳақида ҳам тўхталиб ўтирмайман. Балки мен унда бўлган кўплаб ҳикматлардан фақат биригинаси ҳақида сўз юритиш истагидаман ва суҳбатимизни «Рамазон – ўзни ўзгартишига энг қулай фурсат» деб атадим.

Кузатган бўлсангиз, кўпчилик одамлар яхшироқ ва афзалроқ тарафга ўзгариш ҳақида изланишади. Шу мақсад йўлида ташкил қилинадиган «Шахсиятни ўзгартириш фани», «Одамлар билан муомала қилиш санъати» деганга ўхшаш ҳар турли номдаги пуллик ё бепул тарбиявий семинар ва давраларга қатнашадилар, «Ўзгартиришни ҳозирдан бошлаймиз!» ёки «Сиздан қаҳрамон яратамиз» ва ҳоказо шиорларга кўзингиз тушади.

Майли, бизнинг бундай ишларга қаршилигимиз йўқ, марҳамат, истаганларича машғулотларга қатнашаверсинлар, шахсиятга фойда етказадиган ҳар қандай хайрли ишларга мўмин киши энг биринчи ҳақли саналади. Зеро, ҳикмат мўминнинг йўқотиб қўйган топилдиғи бўлиб, қаерда топмасин, унга ҳақлидир.

Ҳар қандай жиддий ва ўзини ҳурмат қиладиган инсон ўз шахсияти ҳақида қайғуради, уни ривожлантириш ва ўзгартириш тўғрисида бош қотиради, бир поғонада тўхталиб қолмайди, балки мудом ҳаётида олға интилиш ва ривожланиш бўлишини, диний ва дунёвий савияси юксалишини истайди.

Бугунги суҳбатимиз ундай инсонлар ҳақида эмас. Чунки, улар йўлларини топиб олган, унинг паст-баландидан яхши хабардор инсонлардир.

Балки, суҳбатимиз зил-замбил гуноҳлар юки остида эзилган, ғафлатга чўмган, нафсининг йўриғига юрган ва шайтоннинг иғвосига учиб, хоҳиш-ҳавосига эргашиб кетган, роҳату маишатга берилиб, тўғриликдан юз ўгирган ва ҳақдан бош тортиб юрган одамлар ҳақида.

Шундай бўлса-да, улар ҳам пешқадамларга етиб олиш ва ижтиҳодли инсонларга тенглашиб олишни орзу қиладилар. Бироқ, орадаги масофанинг узоқлиги уларнинг ялқовланиб, ўтириб қолишларига сабаб бўлади. Ана шундай инсонлар ичидан заковатли ва ўзлигини ўзгартиришга ҳарис кишилар учун ушбу рўза ва тунги намозлар ойида жуда қулай фурсатлар бордир.

Ўзини ўзгартиришни истайдиган кишилар ҳам бир неча турли бўлади.

Айримлари борки, фарзу нафл намозларни муҳофаза қилишни орзу қилади. Бироқ, шайтони кучлилик қилиб, тоатга бўйни ёр бермайди...

Айримлари борки, Қуръони Каримни ёдласам, туну кун уни тиловатида бўлсам, деб орзу қилади. Бироқ, иштиёқнинг камлиги, қасду-қарорнинг заифлиги ва ҳимматнинг кучсизлиги устун келиб, ушбу раббоний неъматга ва пок хислатга етишолмай юради..

Айримлари тавба ва инобат (гуноҳдан қайтиш) учун йўл истайди, ҳаром қарашларни тарк қилиш ва гуноҳларга қўл уришдан тийилиш ҳақида ўзига ўзи сўз беради, қани энди бунга бирон ёрдамчи ва кўмакчи топилса эди, деб ўйлайди..

Айримлари ўзининг хулқи бузуқлигидан, тили аччиқлигидан зорланиб, қанийди тилимни тузатиб олсам, одамлар ичида гап-сўзим ҳам, табиатим ҳам чиройли бўлса, деб орзу қилади..

Айримлари бахиллик ва хасисликка, пул-молга зиқналикка гирифтор бўлган бўлиб, қанийди шу разил сифатдан бутунлай қутулсам, деб йўл истаб юради.

Айримлари қалбининг саломатлиги ва кўнглининг софлигидан кўнгли тўлмай, одамларга нисбатан доим норозилик ҳисси билан қарашидан нолийди, мусулмонларга нисбатан кўнглим соф бўлса эди, деб орзу қилади.

Айримлари дунё топиш билан овора бўлиб, қариндошлари ҳолидан хабар олмай қўйганидан ҳасрат чекади, силаи раҳмдек вожиб ишни тарк қилганига куйинади.

Айримлари ўзининг ахлоқий камчилик ва нуқсонларидан хижолат бўлиб, ҳеч ўзини тийиб ололмаслигидан хафа бўлиб, ёзғиради, қандай қилсам бундан халос бўларкинман, дейди.

Мен у инсонларнинг ҳаммасига айтаманки, юқорида айтилган айбу нуқсонларнинг ҳаммасига даво мана шу ойда, сиз истаган ишни – намоз бўлсин, тунги ибодатлар бўлсин, яхшилигу эҳсон қилиш бўлсин, силаи раҳм бўлсин, зикр бўлсин, тиловати қуръон бўлсин, ҳаромдан кўз юмиш бўлсин, саҳоватпешалик бўлсин, баданни ва тилни асраш бўлсин, ҳамма-ҳаммасини – Аллоҳ таоло айни шу муборак ойда муҳайё қилиб қўйган, яна бу ойда тоатга бел боғлаш истагида бўлган ва Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш умидида бўлган ҳар бир кишига кўпдан-кўп ажру савоблар ҳам муҳайё қилиб қўйилган.

Ким Рамазонга етиб келган бўлса ва унда жиддийлик билан тоат-ибодатларга бел боғлаш ва ундаги фазлу баракотлардан фойдаланиб қолиш нияти бўлса, мана шунинг ўзи ўзни ўзгартиришдир, бу йўлдаги ҳаракатнинг бошланишидир, аслида. Рамазон у учун кўникиш ва чиниқиш тадбири бўлиб қолади, муваффақиятга эришиш калити, ният ва истакларини рўёбга чиқариш гарови, муродга етишиш дебочаси бўлади.

Рамазон намозларни муҳофаза қилишга ундайди, бунинг учун улкан ажрлар борлигини эслатади, зикр ва тиловати қуръонни кўпайтиришга тарғиб қилади, силаи раҳмга қизиқтиради, нафсни тозалайди, уни инфоқ-эҳсон қилишга етаклайди, сабру тоқатли бўлишга одатлантиради, кўнгилга бағрикенглик ва олижаноблилик ҳисларини сингдиради, ҳаром ишлардан тийилишга чорлайди, акс ҳолда кишининг рўзаси бузилиши ва гуноҳкор бўлиши билан огоҳлантиради.

Сўзим охирида яна бир бор таъкидлаб айтаманки, Рамазон ўзни ўзгартириш учун энг қулай фурсат... Сиз бу қимматли фурсатдан ғофил қолмаяпсизми?! Ундан унумли фойдаланиб қолишга азмингиз қатъийми?! Ўтган кунларингизда бошдан кечириб келаётган ўзингиз учун номарғуб ва номақбул феъл-атворларингизни ўзгартириш қарорингиз ўзгариб қолмадими?!

Агар рағбатида жиддий ва истак-иродасида содиқ кишилардан бўлсангиз, марҳамат, қулай фурсатлар ҳали олдингизда, муборак ой яқинлашиб келмоқда!

Акс ҳолда, бу кунлар ҳам зув этиб ўтиб кетади ва сиз қўлдан берилган яхшиликлар, тутиб қолинмаган ажру савоблар, бой берилган неъмат учун надомат бармоғингизни тишлаб қоласиз, афсус чекиб кўз ёш тўкасиз.

Балки, бундай фурсат сиз учун бошқа қайтиб келмас.. Шундай экан, бу кунларни ғанимат билинг, ўзингизни ўзгартиришга шошилинг! Зеро, умр нафаслардан иборат, чиққани яна қайтиб кирмайди...

Аллоҳдан барчаларимизни яхшилик ва саломатликда учраштиришини сўраб қоламан.

Зофир ибн Ҳасан оли Жабъон ал-Қаҳтоний
11.09.1430.
21/08/2009