асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
ҚУРЪОННИ ЭСДАН ЧИҚАРИШ КАТТА ГУНОҲ5275 марта кўрилган Барча ҳамду сано Aллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Aллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Aллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. Ҳурматли биродарлар, сизларга бугун кўпчилик мусулмонларни ташвишга солувчи катта бир гуноҳ тўғрисида маълумот берамиз, иншааллоҳ. Сарлавҳадан маълум бўлиб турган бу гуноҳ мусулмонларнинг ҳолатларини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам оғирлаштириб қўяди. Бу дунёда иймонларини кучсизлантириб, гуноҳларга журъатли килиб қўйса, охиратда қандай ҳолатга олиб бориши мавзумизда баён қилинади. Aллоҳ таолодан офият сўраймиз! Бухорий Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач бизга юзланиб: “Бу кеча орангизда ким туш кўрди?” деб сўрар, бирор киши кўрган тушини ҳикоя қилса, “Мошооллоҳ”, деб қўяр эдилар. Кунлардан бирида: “Сизлардан бирор киши туш кўрдими?” деб сўрадилар. Биз: “Йўқ”, дедик. Шунда ўзлари бундай дея гап бошладилар: “Мен ўтган кеча тушимда икки кишини кўрдим. Улар келиб, қўлимдан олиб, мени муқаддас ерга олиб чиқишди… "فانطلقنا حتى أتينا على رجل مضطجع على قفاه و رجل قائم على رأسه بفهر أو صخرة فيشدخ به رأسه، فإذا ضربه تدهده الحجر فانطلق إليه ليأخذه فلا يرجع إلى هذا حتى يلتئم رأسه و عاد رأسه كما هو فعاد إليه ضربه قلت: من هذا؟ قالا: انطلق، فانطلقنا... فقلت: طوفتماني الليلة، فأخبراني عما رأيت؟ قالا: نعم،... و الذي رأيته يشدخ رأسه، فرجل علّمه الله القرآن فنام عنه بالليل، و لم يعمل فيه بالنهار، يفعل به إلى يوم القيامة... و أنا جبريل و هذا ميكائيل..." رواه البخاري: 1387) Шунда йўл юриб, чалқанчасига ётган бир кишининг ёнига келдик. Бу киши чалқанчасига ерда ётган бўлса, яна бир киши унинг бош тарафида (кафтни тўлдирадиган) бир тош билан унинг бошини уриб, пачоқлаб турибди. Ҳар қачон уни урганида тош думалаб кетади. Бориб тошни олиб келгунича ётган кимсанинг боши тузалиб, яна ўз ҳолига қайтади. Урувчи тошни келтирганидан сўнг яна уради. “Бу ким?” деб сўрадим. Улар: “Юринг, кетамиз” дейишди… Охирида уларга айтдим: “Бу кечада мени айлантириб сайр қилдирдингиз. Энди кўрган нарсаларимнинг хабарини менга баён қилинг!” Улар: “Хўп”, дейишди. “…Сиз кўрган боши пачоқланаётган киши шундай кимсаки, Aллоҳ унга Қуръонни таълим берган. У эса, кечқурунлари Қуръонни четга суриб ухлаган, кундузи унга амал ҳам қилмаган. У қиёмат кунигача шу ҳолатда азобланади… Мен Жибрил, бу Микоил бўлади…”, дейишди”. (Ҳадис қисқартириб олинди). Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги гапларини нақл қилади: “Қуръонни ёд олиш, кейин уни четга улоқтириш улкан жиноятдир. Чунки бундай қилувчи кимса Қуръонни четга суриб қўйиш жоиз деб ўйлаган бўлади. Энг шарафли нарса бўлмиш Қуръонни тарк этгани учун энг шарафли аъзоси бўлган боши билан азобланади”. Ҳадиснинг зоҳиридан маълум бўладики, кечаси Қуръон қироатини тарк этган киши азобга тортилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтадилар: "وعرضت عليّ ذنوب أمتي فلم أر ذنبا هو أعظم من سورة من القرآن أو آية أوتيها رجل ثم نسيها" (رواه الترمذي و أبو داود وقال ابن حجر في إسناده ضعف لكن له شواهد) Маъноси: “Умматимнинг гуноҳлари менга кўрсатилди. Бир кишига Қуръондан бир сура ёки бир оят ато қилинганидан кейин уни эсидан чиқариб юборишидан кўра каттароқ гуноҳ кўрмадим”. Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуръоннинг ҳаммасини ёки баъзисини ёдлагандан кейин уни унутиш катта гуноҳдир. Ҳофизи Қуръоннинг мартабаси олий бўлади. Мана шу мартабани то ундан Қуръон кўтарилгунича бепарволик билан ташлаб қўйса, азобланишга лойиқ бўлиб қолади. Чунки Қуръонни бардавом ўқиб, ёдда сақлашни тарк этиш жаҳолатга олиб боради. Илмдан сўнг жаҳолатга қайтиш оғир гуноҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида “Қуръон ато қилинганидан кейин” дедилар, “ёдлаганидан кейин” демадилар. Бунинг сабаби шуки, Aллоҳ у қорига Қуръонни улуғ неъмат ўлароқ ато этганини ва у учун Раббисига шукр қилиши лозимлигини эслатишдир. Қори эса бундай улуғ неъматга нонкўрлик қилди. Бу ҳадисдан маълум бўладики, Қуръоннинг гарчи озгинасини бўлса ҳам унутиш катта гуноҳдир. Aллоҳ таолодан тавфиқ сўраймиз! Aзиз биродарлар, бир кун келиб одамлар бу Қуръондан маҳрум бўлиб қоладилар. Қаранг, Aбдуллоҳ бин Масъуд розияллоҳу анҳу нима дейди: عن عبد الله قال: أكثروا تلاوة القرآن قبل أن يرفع. قالوا: هذه المصاحف ترفع، فكيف بما في صدور الرجال؟ قال: يسرى عليه ليلا، فيصبحون منه فقراء وينسون قول لا إله إلا الله ويقعون في قول الجاهلية وأشعارهم وذلك حين يقع عليهم القول. Маъноси: “Қуръон кўтарилишидан олдин уни кўп тиловат қилиб қолинглар”. У кишидан: “Бу мусҳафлар кўтарилса, кишилар қалбларидаги ёдлаган Қуръонларига не бўлади?” деб сўралганида, у киши бундай деди: “Уларга бир тун келади. Тонг оттирганларида Қуръондан маҳрум бўлиб қолишади (яъни Қуръон уларнинг қалбларидан ҳам ўчиб кетади). Улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” (Aллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ) калимасини ҳам унитиб юборишади. Кейин жоҳилият сўзлари ва шеърларига берилиб кетишади. Бу ҳолат одамларга сўз (азоб) келганида содир бўлади” (Имом Қуртубий нақл қилган). كان عبد الرحمن بن أبي ليلى إذا صلى الصبح قرأ المصحف حتى تطلع الشمس قال: وكان ثابت يفعله. سنن الدارمي Aбдураҳмон ибн Aбу Лайло раҳимаҳуллоҳ бомдод намозини ўқиб бўлгач қуёш чиққунга қадар Қуръон ўқир, “Собит разияллоҳу анҳу шундай қилар эди”, деб айтар эди. عن ابن عمر قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: " إن هذه القلوب تصدأ كما يصدأ الحديد قيل فما جلاؤها يا رسول الله؟ قال: " تلاوة القرآن". (رواه القضاعي) Ибн Умар айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Шубҳасиз бу қалблар темир занглагани каби занглайди”. “Ё Расулуллоҳ, уни нима жилвалантиради?” дейилганида, у зот: “Қуръон тиловати”, деб жавоб бердилар. Aллоҳ таоло барчаимизни ҳидоят узра собитқадам қилсин! |